Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 26.07.2010 й. 22-0903/18834-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

26.07.2010 й.

N 22-0903/18834


(КЎЧИРМА)




Низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, хўжалик суди иш юритишни тугатади


Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилоят бирлашмаси "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" унитар корхонаси манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Урганчнефтбаза" унитар корхонасидан 271627000 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2010 йил 28 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" унитар корхонаси фойдасига "Урганчнефтбаза" унитар корхонасидан 3228506 сўм пеня ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад қилинган.

Апелляция инстанцияси судининг 2010 йил 12 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво аризаси кўрмасдан қолдирилган.

Кассация шикоятида апелляция инстанцияси суди қарорининг давлат божи ундириш қисмини бекор қилиб, давлат божини "Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи" унитар корхонасидан ундириш сўралган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, низо юзасидан иш юритишни тугатишни лозим топади.

Биринчи инстанция суди Ўзбекистон Республикаси Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилоят бирлашмасининг даъво аризасини иш юритишга кдбул қилиб ҳамда низо юзасидан ҳал қилув қарори қабул қилиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари бузилишига йўл қўйган.

"Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 1-моддасига кўра, истеъмолчи фойда чиқариб олиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда шахсий истеъмол ёки бошқа мақсадларда товар сотиб олувчи, иш, хизматга буюртма берувчи ёхуд шу ниятда бўлган фуқаро (жисмоний шахс)дир.

Биринчи инстанция суди Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари юридик шахсларнинг манфаатлари юзасидан хўжалик судига даъво аризаси бериш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳамда мазкур жамият берган даъво аризаси хўжалик судига тааллуқли эмаслигига баҳо бермаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг биринчи қисмига кўра, низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, хўжалик суди иш юритишни тугатади.

Апелляция инстанцияси суди ҳам даъво аризасини кўрмасдан қолдириб ва давлат божини Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Бухоро вилоят бирлашмасидан ундириб, нотўғри хулосага келган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилиб, низо юзасидан иш юритишни тугатишни, кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2011 й., 8-сон