Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 24.11.2009 й. 10-0913/12182-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

24.11.2009 й.

N 10-0913/12182


(КЎЧИРМА)




Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юкланади


Собир Раҳимов туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, якка тартабдаги тадбиркор Б.С.га Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 156800 сўм, 119-моддасига асосан энг кам иш ҳақининг ўттиз бараваридан эллик бараваригача миқдорда молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстация судининг ажрими билан иш юритиш тугатилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация протестида суд ажримини ўзгартириб, қонунга мувофиқлаштириш сўралган.

Судлов ҳайъати протест важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд ажримини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида янги қарор қабул қилишни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Назорат қилувчи органлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи Республика Кенгаши Собир Раҳимов туман ҳудудий комиссиясининг 2009 йил 15 майдаги Г06/10-47-сонли текширишлар рўйхатига ҳамда Собир Раҳимов туман давлат солиқ инспекциясининг 2009 йил 19 майдаги 133-хс-сонли буйруғига асосан якка тартибдаги тадбиркор Б.С.га қарашли савдо шохобчасида солиқ қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан қисқа муддатли текшириш ўтказилган. Текшириш натижаси юзасидан далолатнома расмийлаштирилган.

Текшириш давомида якка тартибдаги тадбиркор харидор Ш.С.га 4900 сўмга харид учун унга назорат-касса машинаси чеки бермаганлиги, 89000 сўм савдо пули назорат-касса машинасига кирим қилинмаганлиги, шунингдек савдо шохобчасида кирим ҳужжатлари бўлмаган 32 дона, умумий қиймати 156800 сўмлик товарлар мавжудлиги аниқланган.

Собир Раҳимов туман давлат солиқ инспекциясининг молиявий жаримани ихтиёрий тўлаш ҳақидаги 2009 йил 8 июндаги қарори жавобгар томонидан бажарилмагач, даъвогар жавобгарга молиявий жарима қўллашни хўжалик судидан сўраган.

Суднинг 2009 йил 30 июлдаги ажрими билан ариза иш юритишга қабул қилинган ва суд муҳокамасида кўриш учун 2009 йил 17 августга тайинланган. Аммо, иш судда кўрилган кунга қадар қўлланилган молиявий жарима жавобгар томонидан ихтиёрий равишда қопланган. Ушбу ҳолат Собир Раҳимов туман давлат солиқ инспекциясининг 2009 йил 3 августдаги 08-9448-сонли хати ва жавобгарнинг 2009 йил 29 июлдаги тўлов топшириқномалари билан исботланган.

Биринчи инстанция суди иш юритишни тугатиш ҳақида нотўғри хулосага келган. Ушбу ҳолатда даъво рад қилиниши лозим эди.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 337-моддасининг ўн бешинчи қисмига мувофиқ, давлат божини тўлашдан озод қилинган даъвогар ўз талабларини даъво берилганидан кейин улар жавобгар томонидан ихтиёрий равишда тўлиқ ёки қисман қаноатлантирилганлиги туфайли қўллаб-қувватламаган ҳолларда давлат божининг суммаси жавобгардан бюджетга ундирилиши лозим.

Хўжалик судига мурожаат этилгандан кейин жавобгар томонидан даъвогарнинг талаби ихтиёрий қаноатлантирилганда, давлат божи жавобгарга юкланади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судлари томонидан давлат божи тўғрисидаги қонун ҳужжатларини қўллашнинг айрим масалалари ҳақида" 2008 йил 18 апрелдаги 180-сон қарорининг 21.4-бандида тушунтириш берилган.

Қайд этилганларга кўра, низо хўжалик судида кўриб чиқилиши, жавобгар молиявий жарима суммасини ихтиёрий равишда қоплаганлиги инобатга олиниб, даъво рад қилиниши ва иш бўйича 280400 сўм давлат божи жавобгардан ундирилиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2010 й., 5-сон