Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 09.11.2009 й. 18-0906/4254-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

09.11.2009 й.

N 18-0906/4254


(КЎЧИРМА)




Моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади


"Дашт сув теххизмат" хусусий корхонаси даъво аризаси билан хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "Аму-Қашқадарё" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги насос станцияси энергетика ва алоқа бошқармасидан 29316349 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Аму-Қашқадарё" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги насос станцияси энергетика ва алоқа бошқармасидан "Дашт сув теххизмат" хусусий корхонаси фойдасига 15231774 сўм асосий қарз, 742640 сўм пеня ундирилган.

Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

"Аму-Қашқадарё" ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси қошидаги насос станцияси энергетика ва алоқа бошқармаси кассация шикояти билан мурожаат қилиб, апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилишни ва даъвони рад этиш тўғрисида янги қарор қабул қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан биргаликда муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, суд қарорларини бекор қилишни ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Низони ҳал қилишда суд инстанциялари томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар аниқланмаган, суд аниқланган деб ҳисоблаган ҳолатлар исботланмаган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, томонлар ўртасида 2008 йил 5 февралда 2-сонли, 2008 йил 14 мартда 5-сонли ва 2008 йил 8 майда 11-сонли шартномалар имзоланган бўлиб, уларга кўра даъвогар жавобгарга қурилиш ва электродвигателларни таъмирлаш, насос агрегатларини капитал ва жорий таъмирлаш, уларни ўрнатиш, тўлиқ ишга тушириш ишлар (хизматлар)ини бажариш мажбуриятини, жавобгар эса уни қабул қилиб олиш ва пулини тўлаб бериш мажбуриятини олган.

Даъво аризасида даъвогар жавобгарга жами 90346874 сўмлик қурилиш ва электродвигателларни таъмирлаш, насос агрегатларини капитал ва жорий таъмирлаш, уларни ўрнатиш, тўлиқ ишга тушириш ишлар (хизматлар)ини бажариб берганлиги баён қилинган.

Даъвогар бажарилган ишларни топшириш-қабул қилиш далолатномаларига асосан жавобгарнинг ҳудуд бошлиғига топширган.

Бироқ, суд инстанциялари томонидан ҳудуд бошлиғининг бажарилган ишларни қабул қилиб олишга ваколати борлиги текширилмаган.

Бундан ташқари, даъвогар томонидан ўрнатилган механизмлар кимга тегишлилиги суд инстанциялари томонидан текширилмаган.

Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан ушбу низо юзасидан тайинланган экспертиза жавобгарнинг иштирокисиз ўтказилган.

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2007 йил 15 июндаги "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 161-сонли қарорининг 1-бандига кўра суд томонидан қабул қилинган қарор моддий ва процессуал қонунчилик нормалари билан тўлиқ мос келиши, иш ҳужжатлари ва суд аниқлаган ҳолатларга мувофиқ бўлиши керак. Қайд этилган талабларга риоя этмаслик қарорнинг бекор қилиниши ёки ўзгартирилиши учун асос бўлиши мумкинлиги, судлар томонидан барча масалаларни ҳал этмайдиган, юзаки, асослантирилмаган қарорларнинг қабул қилиниши мумкин эмаслиги ҳақида тушунтириш берилган бўлиб, суд томонидан мазкур Пленум қарори талабларига риоя этилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 188-моддасига кўра, моддий ёки процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилиши ёки нотўғри қўлланилиши хўжалик судининг ҳал қилув қарорини ёки қарорини ўзгартириш ёхуд бекор қилиш учун асос бўлади.

Бу ҳолда, судлов ҳайъати кассация шикоятини қисман қаноатлантириб, суд қарорларини бекор қилишни ҳамда ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди юқорида қайд этилган ҳолатларни муҳокама қилиб, суд мажлисида тарафларнинг иштирокини таъминлаган ҳолда, бажарилган ишларни жойига чиқиб текшириб, даъво талабларини асословчи ҳужжатларнинг асл нусхаларини талаб қилиб олиб ишга қўшиб ўрганиб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган қарор қабул қилиши ва ишни судда кўриш билан боғлиқ бўлган суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаб, ундириши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2010 й., 8-сон