Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 24.06.2009 й. 22-0804/7691-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

24.06.2009 й.

N 22-0804/7691


(КЎЧИРМА)




Хўжалик суди аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқариши лозим


Даъвогар - якка тартибдаги тадбиркор Логачёв Игорь Александрович жавобгарлар - Ўзбекистон Шоличилик илмий-тадқиқот институти ва Ўзбекистон Шоличилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиалига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, илмий-тадқиқот институтининг Хоразм филиалини мустасно бўлмаган лицензия шартномасини тузишга мажбурлаш ҳамда зарар ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари билан бирга муҳокама қилиб, кассация шикоятини қаноатлантиришни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан "Аланга" ва "Нукус-2" шоли навларига унинг муаллифлари П.Пулина, С.Рихсиева, Т.Исаков, Г.Беркиновага патент берилган.

Даъвогарнинг даъво аризасида Ўзбекистон Шоличилик илмий-тадқиқот институти Хоразм филиали томонидан "Аланга" ва "Нукус-2" шоли навларидан патент эгасининг рухсатисиз фойдаланилаётганлиги кўрсатилиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 1034-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ институтнинг Хоразм филиалини мустасно бўлмаган лицензия шартномасини тузишга мажбурлаш ҳамда зарар ундириш сўралган.

Даъвогарнинг даъво аризасида "Аланга" ва "Нукус-2" шоли навларига берилган патент ҳуқуқини бошқа шахсга ўтказиш тўғрисидаги шартнома асосида ЯТТ Логачёв Игорь Александровичга ҳуқуқ ўтказилганлиги, шартнома Ўзбекистон Республикаси Давлат патент идораси томонидан 2007 йил 21 феврадца 8МР 1/2007-сон рақам билан рўйхатга олинганлиги қайд этилган. Бироқ, даъвогарнинг ушбу важлари суд томонидан текширилмаган, қайд этилаётган шартнома талаб қилиб олинмаган ва унга суд томонидан ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 124-моддасининг биринчи қисмига кўра, ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими орқали хабардор қилинади.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарорида даъвогар вакили иштирок этганлиги кўрсатилган бўлса-да, ишни кўришни бошқа кунга қолдириш ҳақидаги 2008 йил 26 сентябрдаги ажрим иш бўйича тарафларга юборилмаган. Иш ҳужжатларида 2008 йил 9 октябрга қолдирилган суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида даъвогар хабардор қилинганлигини исботловчи далиллар мавжуд эмас.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 188-моддаси учинчи қисмининг 2-бандида иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, бу ҳолат ҳал қилув қарорини ёки қарорни бекор қилиш учун асос бўлиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 129-моддасининг иккинчи қисмида хўжалик суди аризалар ва илтимосномаларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқариши белгиланган.

Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан даъвогарнинг даъвосида даъвони таъминлаш чорасини кўриш, зарар миқдорини аниқлаш юзасидан экспертиза тайинлаш каби илтимосномалари муҳокама қилинмаган, уларни кўриш натижалари бўйича ажрим чиқарилмаган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъвони рад этиш ҳақида етарлича асослантирилмаган ҳал қилув қарори қабул қилинганлиги юқорида қайд этилганлар билан тасдиқланмоқда.

Бундай вазиятда кассация инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилишни, ишни янгидан қўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда суд иш бўйича тарафларни суд муҳокамасининг вақти ва жойи ҳақида тегишли тартибда хабардор қилиб, иш ҳолатларини далиллар асосида текшириб, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормалари билан асослантирилган қарор қабул қилиши ҳамда иш натижаларига қараб, суд харажатларини тарафлар ўртасида тақсимлаб, ундириш масаласини ҳал этиши лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2010 й., 3-сон