Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 01.04.2009 й. 1079-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

01.04.2009 й.

N 1079


(КЎЧИРМА)




Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади


Даъвогар - АТ "Савдогарбанк" Сирдарё вилоят бўлими "Тап-Таъминот" очиқ акциядорлик жамиятига нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, 2001 йил 23 февралдаги 74-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2001 йил 15 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

Молия бошқармаси хўжалик судига мурожаат қилиб, 1079-сонли иш бўйича 2001 йил 15 августда қабул қилинган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича бекор қилиб, ишни қайта кўриб чиқишни сўраган.

Қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори биринчи инстанция судининг 2008 йил 1 декабрдаги ажрими билан янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиб, бекор қилинган ва 2008 йил 3 декабрдаги ажрим билан даъво бўйича иш юриташ тугатилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2009 йил 28 январдаги қарори билан 2008 йил 1 ва 3 декабрдаги ажримлар ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида суд ажримлари ва қарорини бекор қилиб, аризани рад этиб, 2001 йил 15 августдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд ажримларини ва қарорини бекор қилиб, ариза бўйича иш юритишни тугатишни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатлардан аниқланишича, АТ "Савдогарбанк" Сирдарё вилоят бўлими "Тап-Таъминот" очиқ акциядорлик жамиятига нисбатан хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, 2001 йил 23 февралдаги 74-сонли шартномани ҳақиқий эмас деб топишни сўраган. Ушбу даъво талаби биринчи инстанция судининг 2001 йил 15 августдаги ҳал қилув қарори билан қаноатлантирилиб, 74-сонли шартнома ҳақиқий эмас деб топилган.

Сирдарё вилоят молия бошқармаси хўжалик судига мурожаат қилиб, қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 205-моддасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилиши мумкинлиги белгиланган.

Ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар уларнинг қонуний ҳуқуқ ва мажбуриятларига дахлдор суд ҳужжатлари қабул қилинган тақдирда, шу асосда янги очилган ҳолатлар бўйича ариза билан чиқишга ҳақли эмас.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Хўжалик судининг қонуний кучга кирган ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши ҳақида"ги 2003 йил 25 июлдаги 11-сонли қарорининг 1-бандида тушунтириш берилган.

Молия бошқармаси ишда иштирок этишга жалб қилинмаган бўлса-да, суднинг 2008 йил 1 декабрдаги ажрими билан унинг ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилиб, хатоликка йўл қўйилган. Суд 2008 йил 3 декабрдаги ажрими билан иш юритишни тугатган.

Бу билан биринчи инстанция суди процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган.

Апелляция инстанцияси суди эса ушбу ҳолатга эътибор бермасдан, суд ажримларини ўзгаришсиз қолдирган.

Ўзбекистон Республикакси Хўжалик процессуал кодексининг 86-моддаси 1-бандига кўра, низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаса, иш юритиш тугатилади.

Шунинг учун суднинг 2008 йил 1 ва 3 декабрдаги ажримларини ва 2009 йил 28 январдаги қарорини бекор қилиб, молия бошқармасининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорини янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриш ҳақидаги аризаси бўйича иш юритиш юқорида қайд этилган ҳуқуқ нормасига мос равишда тугатилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2010 й., 1-сон