Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 27.01.2009 й. 14-0603/7319-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

27.01.2009 й.

N 14-0603/7319


(КЎЧИРМА)




Апелляция инстанцияси судининг Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 168-моддасида санаб ўтилган ваколатлари рўйхати қатъий бўлиб, уларни кенгайтирилган тарзда талқин этишга йўл қўйилмайди


Жомбой туман давлат солиқ инспекцияси хўжалик судига мурожаат қилиб, "Чавандоз" фермер хўжалигига 119517,0 минг сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2007 йил 10 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2007 йил 28 сентябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

2008 йил 3 апрелдаги суд ажрими билан янги очилган ҳолатлар бўйича ҳал ҳилув қарори бекор қилинган.

Биринчи инстанция судининг 2008 йил 3 апрелдаги ҳал қилув қарори билан жавобгарга 21654747 сўм молиявий жарима қўлланилган.

Кассация инстанцияси судининг 2008 йил 3 июндага қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган.

Ҳал қилув қарори қабул қилингунга қадар даъвогар даъво миқдорини камайтириб, "Чавандоз" фермер хўжалигига Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексининг 114-моддасига асосан 48331500 сўм, 117-моддасига асосан 24845700 сўм, жами 73 177 200 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2008 йил 1 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2008 йил 13 ноябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилган.

2008 йил 22 декабрдаги суд ажрими билан иш юритиш тўхтатилган.

Кассация шикоятида суд қарорларини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорини бекор қилиб, ҳал қилув қарорини кучда қолдиришни лозим топади.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти Самарқанд вилоят Жомбой туман бўлимининг 2006 йил 3 апрелдаги қарори, Жомбой туман давлат солиқ инспекциясининг 2006 йил 21 апрелдаги 66-хс-сон буйруғи асосида солиқ инспекцияси ходимлари "Чавандоз" фермер хўжалигининг солиқ қонунларига риоя қилиши юзасидан текшириш ўтказган.

Текширишда фермер хўжалигининг 2003-2005 йилларда товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган 48331500 сўмни кирим қилмаганлиги, тегишли рухсатнома олмасдан автотранспорт хизматлари кўрсатиб, лицензиясиз фаолиятдан 24845700 сўм даромад олганлиги аниқланган.

Шу сабабли даъвогар "Чавандоз" фермер хўжалигига жами 73177200 сўм молиявий жарима қўллашни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони тўғри қаноатлантирган.

Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига кўра кирим қилинмаган товарларни сақлаш, бундан уларнинг қонуний келиб чиқиши тасдиқланган ҳоллар мустасно, ёхуд товарларни (ишларни, хизматларни) реализация қилишдан тушган тушумларни яшириш (камайтириб кўрсатиш) кирим қилинмаган товар қиймати ёки яширилган (камайтириб кўрсатилган) тушум суммасига тенг миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу Кодекснинг 117-моддасига асосан фаолият турлари билан лицензиясиз ва бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз шуғулланганлик учун фаолиятнинг ушбу турларини лицензиясиз ёки бошқа рухсат берувчи ҳужжатларсиз амалга ошириш даврида олинган соф фойда миқдорида жарима солинади.

Апелляция инстанцияси суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 168-моддасининг 5-бандига асосан апелляция инстанцияси суди ҳал қилув қарорини бекор қилишга ва ушбу Кодекс 170-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда ишни янгидан кўриш учун юборишга ҳақли.

Аммо апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди қарши даъво аризасини нотўғри қайтарган деб ҳисоблаб, ҳал қилув қарорини бекор қилган ва ишни янгидан кўриш учун юборган.

Ваҳоланки, апелляция инстанцияси суди Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 168-моддасида санаб ўтилган ваколатларнинг рўйхати қатъий бўлиб, унинг кенгайтирилган тарзда талқин қилинишига йўл қўйилмаслигини ҳисобга олиши керак. Агар апелляция инстанцияси суди биринчи инстанция суди томонидан ишни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 170-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига ёки нотўғри қўлланилишига йўл қўйилган деб топса, ҳал қилув қарорини бекор қилади ва ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Апелляция инстанцияси судида ишларни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексини қўллаш ҳақида" 2007 йил 28 декабрдаги 173-сон қарорининг 17-бандида тушунтириш берилган.

Кассация шикоятида билдирилган "Чавандоз" фермер хўжалигининг ягона давлат реестридан чиқарилганлиги ҳақидаги важи билан келишиб бўлмайди. Чунки, фермер хўжалигини ягона давлат реестридан чиқаришга асос бўлган Жомбой туман ҳокимининг 2007 йил 5 февралдаги 48-қ-сон қарори шу туман ҳокимининг 2007 йил 23 ноябрдаги 680-қ-сон қарори билан бекор қилинган.

Шу сабабли суд қарори бекор қилиниб, ҳал қилув қарори кучда қолдирилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2010 й., 2-сон