Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 13.01.2009 й. 17-0806-6349-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

13.01.2009 й.

N 17-0806-6349


(КЎЧИРМА)




Хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт


"Асакадонмаҳсулотлари" очиқ акциядорлик жамияти Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти Андижон вилоят ҳудудий бошқармаси суд ижрочилари Асака туман бўлимига (бундан буён матнда суд ижрочилари туман бўлими деб юритилади) нисбатан хўжалик судига мурожаат қилиб, 2007 йил 31 январда, 2007 йил 24 августда ва 2007 йил 15 декабрда хатланган мол-мулклардан айримларини, яъни ишлаб чиқаришга зарур бўлган эҳтиёт қисмларни ва компьютерларни рўйхатдан чиқаришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори билан 2007 йил 24 августда ва 2007 йил 15 декабрда хатланган мол-мулклардан 209 турдаги ишлаб чиқаришга зарур бўлган эҳтиёт қисмлар ва компьютерлар рўйхатдан чиқарилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво рад этилган.

Кассация шикоятида суд қарорини бекор қилиб, даъвони қаноатлантириш ёки ишни янгидан кўришга юбориш сўралган.

Судлов ҳайъати шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Биринчи инстанция суди процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда ишни кўриб чи??ан.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 47-моддасининг учинчи қисмига биноан ваколатхона ва филиаллар юридик шахс ҳисобланмайди. Улар ўзларини ташкил этган юридик шахс томонидан мол-мулк билан таъминланадилар ҳамда у тасдиқлаган низомлар асосида иш олиб борадилар. Ваколатхона ва филиалларнинг раҳбарлари юридик шахс томонидан тайинланади ҳамда унинг ишончномаси асосида иш олиб боради.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2006 йил 31 августдаги ПҚ-458-сон Қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаменти тўғрисида"ги Низомнинг 15-бандига кўра, суд департаментининг ҳудудий бошқармалари юридик шахс ҳисобланади, аммо суд ижрочилари туман бўлимлари юридик шахс хисобланмайди.

Шу сабабли, суд низони ҳал қилишда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддасига биноан Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг Андижон вилоят ҳудудий бошқармасини жавобгар сифатида ишга жалб қилиб, ишни кўриши зарур эди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Биринчи инстанция судида иишарни кўришда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг қўлланилиши тўғрисида" 2007 йил 15 июндага 162-сон қарорининг 9-бандида тушунтириш берилган.

Бундан ташқари, даъвогар даъво аризасида хатланган мол-мулкларнинг айримларини хатловдан чиқариш талабини қўйган. Аммо суд низони ҳал этишда даъво талабини аниқламаган. Суд ижро иши ҳужжатларини суд ижрочилари туман бўлимидан талаб қилиб олиб ўрганмаган. Суд ижрочилари туман бўлими томонидан 2007 йил 31 январда, 2007 йил 24 августда ва 2007 йил 15 декабрда хатланган мол-мулклар "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 60-моддасида белгиланган мол-мулкларни хатлаш навбати бузилган ёки бузилмаганлигини аниқламаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 11-моддасига кўра, хўжалик суди ишни кўришда иш бўйича барча далилларни бевосита текшириши шарт.

Суднинг ҳал қилув қарори иш учун аҳамиятли барча ҳолатлар баён этилган, тарафларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳақидаги хулосаларни тасдиқловчи далиллар келтирилган бўлсагина, асослантирилган ҳисобланади. Ҳал қилув қарори иш ҳолатлари ҳақидаги тахминларга асосланган бўлиши мумкин эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг "Суднинг ҳал қилув қарори ҳақида"ги 2007 йил 15 июндаги 161-сон қарорининг 3-бандида таъкидланган.

Апелляция инстанцияси суди ҳам ушбу камчиликларга ҳуқуқий баҳо бермасдан, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад этиш ҳақида барвақт хулосага келган.

Қайд этилганларга кўра, судлов ҳайъати суд қарорларини бекор қилишни, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда биринчи инстанция суди Адлия вазирлиги ҳузуридаги Суд қарорларини ижро этиш, судлар фаолиятини моддий-техника жиҳатидан ва молиявий таъминлаш департаментининг Андижон вилоят ҳудудий бошқармасини ишга жавобгар сифатида жалб қилиш масаласини ҳал этиб, ижро иши ҳужжатларини суд ижрочилари туман бўлимидан талаб қилиб олиб, даъво талабини ҳамда хатланган мол-мулкларни хатлаш навбати бузилган ёки бузилмаганлигини аниқлаб, тарафларнинг важларига ва ишдаги далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, почта харажатларини тақсимлаш масаласини ҳал этиб, қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2010 й., 2-сон