Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси 17.10.2007 й. 11-0723/2969-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

17.10.2007 й.

N 11-0723/2969


(КЎЧИРМА)




Тарафларнинг келишув битимига эришиши улар томонидан ёзма тарзда расмийлаштирилади ҳамда келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланса, иш юритиш тугатилади


Тошкент вилоят прокуратураси Пскент туман ҳокимлиги манфаатини кўзлаб, хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Эркин" фермер хўжалигининг 5 гектар пиёз экинини мажбурий бузишни сўраган.

Даъвогар томонидан қўшимча даъво аризаси берилиб, унда даъво предмети ўзгартирилган. "Эркин" фермер хўжалиги ва Пскент туман ҳокимлиги ўртасида тузилган 2006 йил 23 январдаги 22-сонли узоқ муддатли ер ижараси шартномасини бекор қилиш ҳамда 73 гектар ер майдонини туман ҳокимлиги ихтиёрига қайтариш сўралган.

Биринчи инстанция судининг 2007 йил 14 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Кассация шикоятида ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони рад қилиш сўралган.

Суд мажлисида туман ҳокимлиги вакили тарафлар ўртасида тузилган 2007 йил 12 июндаги келишув битимини тасдиқлаб бериш ҳақида илтимоснома билан мурожаат қилади.

"Эркин" фермер хўжалиги вакили тарафлар ўртасида келишув битими тузилганлиги учун судлов ҳайъатидан келишув битимини тасдиқлаб беришни сўрайди.

Судлов ҳайъати тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, шикоят важларини муҳокама қилиб, ишдаги ҳужжатларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатишни лозим топади.

Иш ҳужжатларига қараганда, тумандаги "Туркистон" фермерлар уюшмаси ҳудудида туман ҳокимининг қарори билан "Эркин" фермер хўжалиги ташкил қилиниб, фермер хўжалигига пахта ва ғаллачилик йўналишида фаолият кўрсатиш учун 73 гектар ер майдони ижарага берилган.

Даъво аризасида кўрсатилишича, "Эркин" фермер хўжалиги томонидан ижара шартномаси асосида ажратилган ер майдонидан оқилона ва мақсадли фойдаланилмасдан, ўзбошимчалик билан пиёз экилган. Бу билан пахта экилиши лозим бўлган ер майдонининг камайишига йўл қўйилган.

Туман ер ресурслари ва давлат кадастри хизмати томонидан 2007 йилнинг февраль ойида ўтказилган мониторинг натижаларига кўра, "Эркин" фермер хўжалигига ер ижараси шартномаси асосида бириктирилган ер участкасининг 40 гектарига ғалла экилган, 28 гектарига шартнома асосида пахта экилиши лозим бўлгани ҳолда, пахтачилик-ғаллачилик йўналишидаги ушбу фермер хўжалиги томонидан 2006 йил октябрь ойида ер майдонининг 5 гектарига пиёз экилганлиги ҳақида хулоса ҳамда далолатнома берилган.

Ишга тақдим этилган туман ҳокимининг "2007 йилда узум ва полиз, картошка, мева-сабзавот маҳсулотлари истеъмоли ҳамда ишлаб чиқариш истиқбол кўрсаткичлари тўғрисида"ги 2007 йил 4 январдаги 1-сонли, "2007 йилда пахта етиштиришнинг прогноз ҳажмлари ва ғўзани навлари бўйича жойлаштириш тўғрисида"ги 2007 йил 25 январдаги 33-сонли қарори билан "Эркин" фермер хўжалигига ер ижараси шартномаси асосида бириктирилган ер участкасининг 40 гектарига ғалла, 28 гектарига шартнома асосида пахта, 5 гектарига пиёз экишга рухсат берилган.

Аммо, туман статистика бўлими бошлиғи томонидан 2007 йил 7 майда берилган маълумотномага асосан "Эркин" фермер хўжалигининг йўналиши ХХТУТ-21150 - пахтачилик, пахта ва ғалла экиш этиб белгиланганлиги сабабли, туман прокуратурасининг 2007 йил 16 февралдаги протести билан туман ҳокимининг 2007 йил 4 январдаги 1-сонли, 2007 йил 25 январдаги 33-сонли қарорларига протест келтирилган.

Туман ҳокимининг 2007 йил 17 февралдаги 63-сонли қарори билан туман ҳокимининг 2007 йил 4 январдаги 1-сонли, 2007 йил 25 январдаги 33-сонли қарорлари бекор қилинган.

Тарафлар ўртасида тузилган 2007 йил 12 июндаги келишув битимида фермер хўжалиги томонидан 5 гектар ер майдонига экилган пиёз бузиб ташланганлиги ва ўрнига пахта экилиб, ундириб олинганлиги, ғўзага бир марта ишлов берилганлиги ҳамда фермер хўжалиги томонидан мунтазам равишда пахта ва ғалла етиштириш шартномавий режаси ортиғи билан бажариб келинаётганлигини инобатга олган ҳолда ҳозирда тарафлар ўртасида низо мавжуд эмаслиги кўрсатилган.

Туман статистика бўлими бошлиғининг 2007 йил 9 октябрдаги 226-сонли маълумотномасига қараганда, "Эркин" фермер хўжалиги томонидан 2007 йил учун белгиланган ғалла етиштириш шартномавий режаси 103,5 фоизга, пахта етиштириш шартномавий режаси эса 104,3 фоизга бажарилганлиги маълум қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 86-моддасининг 1-бандига кўра, келишув битими тузилиб, у хўжалик суди томонидан тасдиқланган бўлса, иш юритиш тугатилади.

ХПКнинг 132-моддасига мувофиқ тарафларнинг келишув битимига эришиши улар томонидан ёзма тарзда расмийлаштирилади ҳамда келишув битими хўжалик суди томонидан тасдиқланса, иш юритиш тугатилади.

Судлов ҳайъати баён қилинганларга кўра, тарафлар ўртасида тузилган келишув битимини тасдиқлашни, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, иш юритишни тугатишни ҳамда жавобгарнинг кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни, суд харажатларини жавобгар зиммасига юклашни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 й., 8-сон