Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 23.02.2007 й. 10-0610/2629-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

23.02.2007 й.

N 10-0610/2629


(КЎЧИРМА)




Агар даъвогарнинг даъводан воз кечиши, жавобгарнинг даъвони тан олиши ва тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, хўжалик суди даъводан воз кечишни, даъво талаблари миқдорини камайтиришни, даъвони тан олишни қабул қилмайди, келишув битимини тасдиқламайди.


Даъвогар - "Тош ИЭС қурилиш" шўъба корхонаси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - Тошкент вилоят Капитал қурилиш бўйича ягона буюртмачи инжиниринг компаниясидан 2524432602 сўм асосий қарз, 1262216301 сўм жарима, 29895323 сўм зарар ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, Тошкент вилоят Капитал қурилиш бўйича ягона буюртмачи инжиниринг компаниясидан 2524432602 сўм асосий қарз, 631108150 сўм жарима ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Суд қарорининг ижроси жараёнида тарафлар ўртасида 2006 йил 12 июнда тузилган келишув битими хўжалик судининг ажрими билан тасдиқланган.

Келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримдан норози бўлган Тошкент шаҳар прокуратураси кассация протести келтириб, ажримни бекор қилишни ва аризани янгидан кўриш учун юборишни сўраган.

Даъвогар вакиллари кассация протестини қисман қувватлаб, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримни бекор қилишни сўраган.

Жавобгар вакиллари ҳам кассация протестини қувватлаб, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримни бекор қилишни сўраган.

Кассация инстанцияси суди иш бўйича тарафлар вакилларининг тушунтиришларини, кассация протести важларини иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидагиларга кўра суд ажримини бекор қилиб, келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги аризани рад этишни лозим топади.

Хўжалик процессуал кодексининг 40-моддасига кўра, агар тарафларнинг келишув битими қонун ҳужжатларига хилоф бўлса ёки бошқа шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузса, келишув битими тасдиқланмайди.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2000 йил 28 январдаги "Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг суднинг биринчи инстанциясида қўлланилиш амалиёти ҳақида"ги 82-сонли қарорининг 16-бандида хўжалик судининг келишув битимини тасдиқлаш ҳақидаги ажрими хўжалик судлари ҳужжатлари ижросини тартибга соладиган умумий қоидалар ва ХПКнинг 146-моддаси бешинчи қисмидаги қоидаларни ҳисобга олиб ижро қилиниши белгиланган.

Хўжалик процессуал кодексининг 146-моддаси бешинчи қисмида келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримлар дарҳол ижро этилиши белгиланган. Кодекснинг 212-моддаси биринчи қисми 5-бандида ижро варақасида суд ҳужжатининг хулоса қисми кўрсатилиши белгиланган.

Келишув битимига кўра 2524432602 сўм асосий қарздан 76476000 сўм кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, бажарилган ишлар бўйича 116653000 сўмлик қисми камайтирилиши, бунинг натижасида жавобгар тан олган 2331308602 сўмни беш ой мобайнида қисмларга бўлиб тўлаб бериши тўғрисида келишилган. Лекин, келишув битими шартлари ва ундирилиши белгиланган суммалар тўғрисида суд ажримининг хулоса қисмида кўрсатилмаган.

Келишув битимининг 6-бандида қарздор битимда келишилган шартларни унда белгиланган муддатларда бажармаган тақдирда, ундирувчи ижро иши бўйича иш юритишни тиклаш тўғрисида судга мурожаат этиши мумкинлиги кўрсатилган.

Лекин, ушбу банд шартли характерда бўлиб, келишув битимининг тасдиқланиши "Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 37-моддаси 1-бандига асосан ижро иши бўйича иш юритилишининг тугатилишини назарда тутади.

Баён этилганларга кўра кассация инстанцияси суди келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримни бекор қилишни, "Тош ИЭС қурилиш" шўъба корхонасининг келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги аризасини қаноатлантиришни рад этишни лозим топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 4-сон