Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 19.02.2007 й. 18-0606/373-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

19.02.2007 й.

N 18-0606/373


(КЎЧИРМА)




Белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи тўланганлигини ва бошқа суд ҳужжатлари қопланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар тақдим этилмаган бўлса, давлат божи тўлашни кечиктириш, бўлиб-бўлиб тўлаш мумкинлиги қонунда назарда тутилган ҳолларда бу ҳақда илтимоснома берилмаган ёхуд илтимоснома рад этилган бўлса, даъво аризаси қайтарилади.


"Диёр" адвокатлик бюроси хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Қишлоқичимликсувтаъминот-Агроводоканал" бошқармасидан 18554398 сўм асосий қарз ва 6679583 сўм пеня ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ажрими билан даъво аризаси қайтарилган.

Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ажрим ўзгаришсиз қолдирилган.

"Диёр" адвокатлик бюроси Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилиб, суд ажрими ва қарорини бекор қилиб, даъво аризасини мазмунан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни сўраган.

Кассация инстанцияси суди кассация шикоятида келтирилган важларни иш ҳужжатлари асосида ўрганиб, қуйидагиларга кўра суд ҳужжатларини ўзгаришсиз, кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топади.

Кассация шикоятида судлар даъвогар томонидан давлат божининг қисман тўланганлиги, унинг қолган қисми юзасидан киритилган илтимоснома ҳамда хизмат кўрсатувчи банкнинг берган маълумотномасига Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 91-моддасига асосланиб тегишли баҳо бермаганлиги, бунинг натижасида даъво ариза юзасидан қонуний тўхтамга келмаганлиги ҳақида важлар келтирилган.

Аниқланишича, даъвогарнинг илтимосномасида даъво аризаси бўйича давлат божи тўлашни кечиктириб қабул қилиш, кейинчалик давлат божини жавобгар ҳисобидан ундириш сўралган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 91-моддаси тўртинчи қисмига кўра алоҳида ҳолларда суд даъвогарнинг аризасига кўра унинг мулкий аҳволига қараб, давлат божи тўлашни кечиктиришга ёки бўлиб-бўлиб тўлаш учун рухсат беришга ҳақли эканлиги белгиланган.

Даъвогар давлат божини тўлашни кечиктириш тўғрисида илтимоснома берган бўлса-да, давлат божини суд мажлисига қадар тўлаши ҳақида мажбурият олишини кўрсатмасдан, ишни кўргандан сўнг уни жавобгардан ундиришни сўраган.

Илтимоснома шарт қўйишга қаратилганлиги сабабли ҳам биринчи инстанция суди уни асосли равишда эътиборга олмаган ва даъвогарнинг давлат божи тўлашдан озод этилмаганлигини кўрсатган ҳолда даъво аризасини қайтарган.

Бундай ҳолатларда биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилмаган.

Шуларга асосан судлов ҳайъати хўжалик судининг ажрими ва апелляция инстанцияси судининг қарорини ўзгаришсиз, "Диёр" адвокатлик бюросининг кассация шикоятини эса қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 й., 4-сон