Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 26.10.2005 й. 10-0514/6649-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

26.10.2005 й.

N 10-0514/6649


(КЎЧИРМА)




Хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасида фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.


Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш маркази хўжалик судига мурожаат қилиб, "Зангори экран" МЧЖ акциядорларининг 2003 йил 29 декабрдаги умумий йиғилиш қарорини (баённомасини) ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

"Зангори экран" МЧЖ Олий хўжалик судига кассация шикояти билан мурожаат қилган.

Судлов ҳайъати ишдаги мавжуд ҳужжатларини ҳамда кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан кассация шикоятини қисман қаноатлантиришни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Зангори экран" МЧЖнинг бир гуруҳ жисмоний шахс ҳисобланган акциядорлари Қимматли қоғозлар фаолиятини мувофиқлаштириш маркази номига мурожаат қилиб, ўзларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни сўрашган.

Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази аризада келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, акциядорлик жамияти томонидан Ўзбекистон Республикасининг "Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонуни талаблари қўпол равишда бузилганлигини аниқлаб, акциядорларнинг манфаатида уларнинг бузилган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш мақсадида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди акциядорларнинг умумий йиғилиши юқорида қайд этилган Қонун талаблари бузилган ҳолда ўтказилганлиги туфайли акциядорларнинг ҳуқуқлари бузилган деган хулосага келган ва даъво талабларини қаноатлантирган.

Бироқ, суд Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази хўжалик судига кимнинг манфаатини ҳимоя қилиб мурожаат қилганлигини текшириб кўрмаган.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 44-моддасига мувофиқ давлат органлари ва бошқа органлар қонунларда назарда тутилган ҳолларда давлат ва жамиятнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида даъво тақдим этишлари мумкин.

Бунда давлат органлари ва бошқа органлар низоли моддий ҳуқуқий муносабат субъекти бўлмаганликлари учун хўжалик судида иш қўзғатишда даъвогар бўлиб ҳисобланмайдилар.

Ўзбекистон Республикаси "Қимматли қоғозлар бозорида инвесторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида"ги Қонунининг 9-моддасига асосан, қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиш бўйича ваколатли давлат органининг ҳуқуқларидан бири инвесторларнинг, шунингдек давлатнинг манфаатларини ҳимоя қилиб даъво аризалари билан судга мурожаат этишдир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 йил 30 мартдаги қарори билан тасдиқланган "Ўзбекистон Республикаси Давлат мулки қўмитаси ҳузуридаги қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази тўғрисидаги Низом"нинг 1-бандига кўра, марказ давлат бошқарув органи бўлиб, ушбу Низомнинг 5-бандига мувофиқ қимматли қоғозлар бозорини тартибга солиб туриш борасида давлат сиёсатини олиб борувчи ваколатли давлат органи ҳисобланади ҳамда қимматли қоғозлар билан операциялар ўтказиш бўйича юридик ва жисмоний шахс ҳисобланган инвесторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиб судларга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 23-моддаси 1-қисмига биноан, хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасида фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.

Мазкур ҳолатда Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш маркази хўжалик судига "Зангори экран" МЧЖнинг жисмоний шахс ҳисобланган акциядорлари манфаатида мурожаат қилган. Ушбу акциядорлар тадбиркор мақомига эга эмас. Шунинг учун мазкур низо хўжалик судига тааллуқли эмасдир.

Биринчи инстанция суди низонинг тааллуқлилиги масаласини ўрганмасдан, Қимматли қоғозлар бозори фаолиятини мувофиқлаштириш маркази "Зангори экран" МЧЖ акциядорларининг манфаатини кўзлаб хўжалик судига мурожаат қилганлигига эътибор бермасдан қарор қабул қилган.

Бундай ҳолда судлов ҳайъати кассация шикоятида келтирилган важларни қисман асосли деб ҳисоблаб, суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилишни, низо хўжалик судига тегишли бўлмаганлиги сабабли, иш юритишни тугатишни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2006 й., 3-сон