Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 27.07.2005 й. 12-0507/321-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

27.07.2005 й.

N 12-0507/321


(КЎЧИРМА)



Иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, бу ҳолат ҳал қилув қарори ёки қарорнинг бекор қилинишига асос бўлади.


Сирдарё вилоят прокурорининг ўринбосари Сайхунобод туман ҳокимлиги манфаатида хўжалик судига мурожаат қилиб, "Анқабой ота" фермер хўжалиги билан туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилишни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Апелляция инстанциясининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация шикоятида суд томонидан процессуал ва моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги, иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ текширилмаганлиги, иш фермер хўжалиги вакилининг иштирокисиз бир томонлама кўриб чиқилганлиги, давлатга пахта сотиш режаси бажарилмаганлигининг сабаблари ўрганилмаганлиги кўрсатилиб, суд қарорларини бекор қилиш ва даъвони рад қилиш тўғрисида янги қарор қабул қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати ишдаги мавжуд ҳужжатларни, кассация шикоятида келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан шикоятни қисман қаноатлантиришни ва суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 124-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими орқали хабардор қилинади. Ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилади.

Биринчи инстанция суди жавобгарга суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисидаги суднинг ажримини белгиланган тартибда юбормаган. Иш ҳужжатларида суд ажримининг нусхаси жавобгарга топширилганлиги ҳақида тилхат мавжуд бўлиб, унга фермер хўжалигининг раҳбари имзо қўймаган. Бундай ҳолда фермер хўжалиги суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида лозим даражада хабардор қилинмаган ва суд мажлисида унинг вакили иштирок этмаган.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 188-моддаси 3-қисми 2-бандига кўра иш хўжалик суди томонидан ишда иштирок этувчи, мажлис вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган шахслардан биронтасининг йўқлигида кўрилган бўлса, бу ҳолат ҳал қилув қарори ёки қарорни бекор қилиш учун асос ҳисобланади.

Бундан ташқари, биринчи инстанция суди фермер хўжалиги 2003-2004 йилларда давлатга пахта сотиш режасини бажармаган ҳамда ердан оқилона фойдаланмаган деган асосларга кўра даъво талабини қаноатлантирган бўлса-да, аммо фермер хўжалиги томонидан пахта режасининг бажарилмаганлиги сабабларини аниқлаш чораларини кўрмаган.

Бундай ҳолда суд низони ҳал қилишда процессуал ҳуқуқ нормасини бузганлиги ва иш учун аҳамиятли бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, низо хусусида барвақт хулосага келганлиги сабабли қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниши ва иш янгидан кўриш учун юборилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 10-сон