Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 28.02.2005 й. 11-0409/4323-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

28.02.2005 й.

N 11-0409/4323


(КЎЧИРМА)



Иш учун аҳамиятли ҳолатларнинг тўлиқ аниқланмаганлиги ҳал қилув қарорини бекор қилишга асос бўлади.


Даъвогар - "Камалак тонг" уй-жой мулкдорлари ширкати хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, жавобгар - "Иссиқлик манбаи" ишлаб чиқариш корхонасидан 5109816 сўм моддий зарар, 2585567 сўм банк фоизи ундиришни сўраган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, жавобгардан 5109816 сўм моддий зарар, 1868151 сўм банк фоизи ундирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

"Иссиқлик манбаи" ИЧК кассация шикояти билан мурожаат этиб, ҳал қилув қарорини бекор қилишни сўраган.

Судлов ҳайъати кассация шикояти важларини муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга кўра ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Биринчи инстанция суди даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келган.

Даъвогар 5109816 сўм моддий зарар ва 2585567 сўм банк фоизи ундириш ҳақидаги даъво талабларини исботловчи ҳужжатларни тақдим этмаган, суд ҳам бу ҳужжатларни талаб қилиб олмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига биноан, ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак. Хўжалик суди, агар ишни кўриб чиқиш учун мавжуд материаллар етарли эмас деб ҳисобласа, ишда иштирок этувчи шахсларга қўшимча далиллар тақдим этишни таклиф қилишга ҳақлидир. Шунга қарамай, биринчи инстанция суди процессуал қонуннинг ана шу талабларига риоя этмаган ҳолда қарор қабул қилган.

Шунингдек суд томонидан 5109816 сўм қайси шартнома асосида келиб чи??анлиги, бу суммалар ҳисоб-китоби, унинг келиб чиқиши асослари ўрганилмаган ва уларга баҳо берилмаган.

Ваҳоланки, 11-0211/708-сонли иш бўйича тарафлар ўртасида 2001 йил 30 декабрда тузилган 92-сонли шартнома хўжалик судининг 2002 йил 13 августдаги ҳал қилув қарори билан ҳақиқий эмас, деб топилган ва қонуний кучга кирган ушбу қарор бекор қилинмаган.

Юқоридагиларни инобатга олиб, судлов ҳайъати биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар ва далиллар аниқланмасдан, юқорида қайд этилган ҳолатлар текширилмасдан ва уларга ҳуқуқий баҳо берилмасдан, ишдаги далиллар билан етарлича асослантирилмаган қарор қабул қилинган, деб ҳисоблайди. Шу сабабли ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда баён этилган ҳолатларни текшириш, зарур бўлса, ҳисобот экспертизаси тайинлаш, ишдаги далилларга ҳуқуқий баҳо бериш, тарафлардан далилларни талаб қилиб олиш ва тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиш лозим бўлади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 5-сон