Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 10.11.2004 й. 10-206/304-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ

КАССАЦИЯ ИНСТАНЦИЯСИ

ҚАРОРИ

10.11.2004 й.

N 10-206/304


(КЎЧИРМА)



Юридик аҳамиятга эга бўлган фактни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чи??ан бўлса, даъво кўрмасдан қолдирилади.


Аризачи "YOFAS" хусусий корхонаси хўжалик судига мурожаат қилиб, қиймати 300000 сўм бўлган дурадгорлик устахонасига эгалик ҳуқуқини эътироф этишни сўраган.

Бунга асос қилиб, Ўзбекистон Республикаси Карлар жамиятига қарашли ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси билан 1999 йил 20 сентябрда тузилган олди-сотди шартномасига асосан цех биноси "Қадимги Хуросон" хусусий фирмаси томонидан сотиб олинганлигини, сўнгра ушбу хусусий фирма "YOFAS" хусусий фирмасига айлантирилганлигини, аммо кўчмас мулкнинг олди-сотди шартномасини рўйхатга олиш Тошкент шаҳар Бино ва иншоотлар кадастри томонидан рад этилаётганлигини, бунга асос сифатида бу мулк Карлар жамиятига Ижтимоий таъминот вазирлиги томонидан 1988 йилда бепул берилганлиги билдирилганлигини кўрсатган.

Хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан ариза қаноатлантирилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Манфаатдор тараф - Ногиронларни тиббий-ижтимоий ва касб бўйича соғломлаштириш миллий маркази томонидан келтирилган кассация шикоятида биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилишда моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини нотўғри қўллаганлиги, яъни низоли устахона давлат мулки эканлиги, Ўзбекистон Республикаси Карлар жамияти Марказий бошқаруви ўзининг фойдаланишидаги устахонани тасарруф этиш ҳуқуқига эга эмаслиги кўрсатилиб, ҳал қилув қарорини бекор қилиш сўралган.

Судлов ҳайъати аризачи тараф вакилининг баёнотини, прокурорнинг иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдириш лозимлиги тўғрисидаги фикрини тинглаб, кассация шикоятида келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра кассация шикоятини қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳолатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Карлар жамияти Марказий бошқарувининг 1996 йил 16 декабрдаги 121-сонли қарорига мувофиқ 1999 йил 20 сентябрдаги олди-сотди шартномасига кўра Тошкент шаҳар Карлар ўқув-ишлаб чиқариш корхонаси "Қадимги Хуросон" хусусий корхонасига ишлаб чиқариш корхонасининг балансида бўлган дурадгорлик цехининг эски биносини сотган. Дурадгорлик цехи учун хусусий корхона ўқув-ишлаб чиқариш корхонасига 300000 сўм пул маблағини ўтказган. Шундан сўнг 1999 йил 12 ноябрда далолатнома асосида ўқув ишлаб чиқариш корхонаси дурадгорлик цехи эски биносини ҳисобдан чиқарган ва мулк "Қадимги Хуросон" хусусий фирмасига топширилган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 88-моддаси 8-бандига кўра юридик аҳамиятга эга бўлган фактларни аниқлаш тўғрисидаги ариза кўрилаётганда ҳуқуқ тўғрисида низо келиб чи??ан бўлса, даъво кўрмасдан қолдирилади. Биринчи инстанция судида иш кўрилаётганда мулк хусусида низо мавжудлиги маълум бўлиб, Тошкент шаҳар Бино ва иншоотлар кадастри томонидан мулк рўйхатга олинмаслигининг сабаби ушбу мулк давлат томонидан берилганлиги кўрсатилган бўлса-да, суд томонидан кадастр хизмати ва мулкни сотган шахс ишга жалб қилинмасдан асоссиз равишда эгалик ҳуқуқи эътироф этилган.

Юқоридагиларга биноан, судлов ҳайъати биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори процессуал қонун талабларига мувофиқ келмаслиги сабабли, уни бекор қилиб, даъвони кўрмасдан қолдиришни лозим деб топади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 2-3-сон