Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Биржа брокери ҳуқуқининг бузилиши тўғрисидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

БИРЖА БРОКЕРИ ҲУҚУҚИНИНГ

БУЗИЛИШИ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

     

Брокерлик фирмаси маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхона (сотувчи) номидан ва унинг манфаатларини кўзлаб ишлаб чиқарувчи кооператив билан 20 миллион сўмлик хом ашё ва ёрдамчи материаллар етказиб беришга биржа контрактини тузди. Сотувчи уларнинг бир қисмини етказиб берди. 5 миллион сўмлик қолган маҳсулот харидорга белгиланган муддатда топширилмади. Брокерлик фирмаси контракт мажбуриятларига бундай риоя қилмаслик билан унинг ҳуқуқлари бузилган, шунингдек унинг ишдаги обрў-нуфузига зарар етказилиши мумкин деб ҳисоблаб, хўжалик судига ишлаб чиқарувчини товарни қўшимча етказиб беришга мажбур этиш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.



БРОКЕРЛИК ФИРМАСИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ишлаб чиқарувчи корхона брокерлик фирмаси билан топшириқ шартномасини тузган. Унга мувофиқ брокер унинг вакили сифатида чиқиш ва унинг номидан ҳамда унинг ҳисобидан ишлаб чиқариш кооперативига хом ашё ва ёрдамчи материаллар етказиб беришга биржа контрактини тузиш мажбуриятини олган. Топшириқ тўлиқ бажарилган, харидор билан биржа савдосида шартномада кўрсатилган товарни етказиб беришга контракт тузилган. Бироқ сотувчи унинг шартларини бузган ва уни контрактдаги тўлиқ ҳажмда амалга оширмаган. Брокерлик фирмаси топшириқ берувчига хат билан мурожаат қилиб, шартнома шартларига кўра қўшимча етказиб беришни амалга оширишни сўраган. Хат қониқтирилмасдан қолдирилган. Биржа контракти брокер томонидан тузилганлиги ва унга харидорнинг барча ҳуқуқлари ҳамда мажбуриятлари берилганлиги сабабли хом ашё ва ёрдамчи материалларни охиригача етказиб бермай, сотувчи аслида ўз вакилининг манфаатларини бузмоқда. Унинг ишончли ҳамкор сифатидаги амалий обрў-нуфузига жиддий равишда путур етиши мумкин. Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, брокерлик фирмаси манфаатдор шахс ҳисобланади ва хўжалик судига келишилган ҳажмда қўшимча етказиб беришни амалга оширишга сотувчини мажбур қилиш тўғрисида даъво билан мурожаат қилишга ҳақлидир.



ИШЛАБ ЧИҚАРУВЧИ КОРХОНАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Брокерлик фирмаси биржа контрактининг тарафи сифатида иштирок этмайди, чунки у ишлаб чиқарувчи корхона номидан ва ҳисобидан тузилган. Фирма фақат вакил ҳисобланади ва унга тузилган топшириқ шартномаси асосида берилган топшириқни бажаради. Хом ашё ва ёрдамчи материалларни етказиб бериш, шунингдек уларга ҳақ тўлаш бўйича барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар, тегишлича, сотувчи (ишлаб чиқарувчи корхона) ва харидор (ишлаб чиқариш кооперативи)да юзага келган. Контрактни тузиш пайтида брокер топшириқ берувчининг кўрсатмаларини эътиборга олмаган ва топшириқ шартномасида кўрсатилганидан кўп миқдорда маҳсулот етказиб беришга контракт тузган. Брокерлик фирмаси мазкур иш бўйича даъвогар сифатида чиқа олмайди, чунки у сотувчи ҳисобланмайди. Уни бажармаслик ёки лозим даражада бажармаслик ҳолатида фирма биржа контракти бўйича ҳеч қандай жавобгар бўлмайди. Харидор судга қўшимча етказиб беришни амалга ошириш талаби билан мурожаат қилмаган. Шу сабабли брокернинг даъвоси рад этилиши керак.



СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ

ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР


Низони кўраётганда хўжалик суди қуйидагиларни белгилаши зарур эди.

Биринчидан, вакил томонидан ўз топшириқ берувчисига улар контрагент ҳисобланмаган контракт шартларига кўра даъво тақдим этиши қанчалик қонуний ва асосли бўлган.

Иккинчидан, брокерлик фирмаси хўжалик судига харидор томонидан тегишли талаблар, шунингдек унинг манфаатларини тақдим этиш тўғрисида лозим даражада расмийлаштирилган ваколатлар мавжуд бўлмаган ҳолда товарни қўшимча етказиб беришга сотувчини мажбур қилиш аризаси билан мурожаат қилишга ҳақли эдими.

Суд брокернинг ишлаб чиқарувчи корхона билан ишлаб чиқариш кооперативи битимидаги иштироки фақат воситачилик тусида бўлганлиги ва товарларни етказиб беришнинг ҳуқуқий муносабатлари моҳиятини белгиламаганлигидан келиб чиқди. Ишлаб чиқарувчи корхона билан брокерлик фирмаси ўртасида биргаликдаги ҳуқуқ ва мажбуриятларнинг юзага келиши учун асос бўлиб топшириқ шартномаси ҳисобланади. Фуқаролик кодекси 817-моддасининг биринчи қисмидан келиб чиқишича, топшириқ шартномаси бўйича бир тараф (вакил) иккинчи тараф (топшириқ берувчи)нинг номидан ва унинг ҳисобидан муайян юридик ҳаракатларни содир этиш мажбуриятини олади.

Унинг шартларига мувофиқ вакил - брокер-товар-хом ашё биржасидаги савдоларда иштирок этиши, корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотга харидор топиши ва у билан маҳсулот етказиб беришга биржа контракти тузиши шарт эди. Топшириқ тузилмасининг ҳуқуқий табиати шундан иборатки, гарчи вакил харидор билан битимга киришсада, бироқ буни ўз топшириқ берувчисининг номи ва ҳисобидан қилади. Айтилганларга асосланиб, хўжалик суди мазкур вазиятда брокерни ишлаб чиқариш кооперативи билан биржа битимининг мустақил иштирокчиси деб ҳисоблаб бўлмаслигини белгилади. Хом ашё ва ёрдамчи материалларни етказиб беришга контрактнинг иккинчи тарафи (яъни сотувчи) бўлиб топшириқ берувчи, яъни ишлаб чиқарувчи корхона ҳисобланади.

ФК 817-моддасининг биринчи қисмига кўра, вакил тузган битим бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлар бевосита топшириқ берувчида вужудга келади. Унинг 821-моддасининг учинчи хатбошисига мувофиқ эса топшириқ берувчига вакил топшириқ шартномасига мувофиқ бажарган барча ишни кечиктирмасдан вакилдан қабул қилиб олиш мажбурияти юкланади.

Фуқаролик кодекси 819-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ вакил ўзига берилган топшириқни топшириқ берувчининг кўрсатмаларига мувофиқ бажариши шарт, улар аниқ, йўл қўйиладиган ва бажариладиган бўлмоғи керак. Суднинг аниқлашича, брокерлик фирмаси ўз топшириқ берувчисининг барча кўрсатмаларини биржа контрактини тузиш қисмида бажарган, бироқ берилган топшири??а асосан унга тақдим этилган ҳуқуқлар доирасидан четга чи??ан.

Унинг белгилашича, ишлаб чиқарувчи корхона топшириқ шартномасини тузиб ва унда вакил амалга ошириши керак бўлган битимни белгилаб, тузилган биржа контрактида таъкидланган шартларда етказиб беришни амалга ошириш мажбуриятини амалда ўз зиммасига олган. Бунинг маъноси шуки, у вакил биржа контрактини тузаётганда унга сотиш топширилганидан кўп миқдорда маҳсулотни кўрсатганигагина асосланиб, етказиб беришдан қисман воз кечишга ҳақли эмас эди.

Топшириқ шартномасидан келиб чиқадики, ишлаб чиқарувчи корхона ўз вакилига биржа контрактидан келиб чиқадиган ҳеч қандай ҳуқуқ ва мажбуриятларни бермаган. Бунга асосланиб, суд брокерлик фирмасининг тегишли важини ҳам нотўғри деб топди. Бундай топшириш ҳолатида қонун талабни бошқа шахсга бериш ва (ёки) қарзни ўтказиш тўғрисида келишувни расмийлаштириш имкониятини назарда тутади, уларни амалга ошириш тартиби Фуқаролик кодексининг 313-322-моддалари билан тартибга солинади. Бироқ суд топшириқ шартномасининг тарафлари бундай келишувларни тузмаганлигини аниқлади.

Хўжалик процессуал кодексининг 1-моддасига мувофиқ, ҳар қандай манфаатдор шахс ўзининг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқлари ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни сўраб хўжалик судига мурожаат қилишга ҳақли. Брокер, биржа контрактининг мустақил тарафи эмаслиги ва унга етказиб беришга доир ҳуқуқ ва мажбуриятлар ўтмаганлиги сабабли, суд унинг ҳуқуқлари ишлаб чиқариш кооперативига маҳсулот охиригача етказиб берилмаслиги билан бузилиши мумкин эмаслигини белгилади. Фирма харидор ҳам ҳисобланмайди, етказиб берилаётган хом ашё ва ёрдамчи материаллар ҳам унга мўлжалланмаган.

Суд шунингдек биржа контрактини тузаётганда брокер у вакил сифатида чиқаётганлигини, у амалга оширган битимдан келиб чиқадиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар сотувчининг зиммасида эканлигини кўрсатиши кераклигидан келиб чиқди. Брокер, агар у ўз зиммасига сотувчи томонидан битим бажарилиши учун жавоб бериш мажбуриятини олган, масалан, биржа контракти бўйича кафил бўлган тақдирдагина харидор томонидан сотувчи ўз мажбуриятларини лозим даражада бажармаганлиги хусусида даъво билдирилишидан хавфсираши мумкин. Фуқаролик кодекси 292-моддасининг биринчи қисмига, шунингдек 293-моддасининг биринчи қисмига кўра, кафил бошқа шахс ўз мажбуриятини тўла ёки қисман бажариши учун унинг кредитори олдида жавоб бериш мажбуриятини олади, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдирда - кафил ва қарздор кредитор олдида солидар жавоб берадилар. Иш материалларида белгиланишича, брокер сотувчи контракт бўйича ўз мажбуриятларини бажариши учун харидор олдида кафил бўлмаган.

Суд брокерга харидордан тегишли ваколатлар тақдим этилишини брокернинг маҳсулотни қўшимча етказиб бериш хусусидаги талаблар билан судга мурожаат қилиши учун бошқа эҳтимол бўлган асос деб топди. Бунинг учун улар ўзаро топшириқ шартномасини тузишлари, унда брокер томонидан хўжалик судида ишлар юритилиши, шу жумладан харидор номидан даъво аризасига имзо чекиши белгиланиши керак эди (Фуқаролик кодекси 817-моддасининг иккинчи қисми). Фуқаролик кодекси 129-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ ваколатлар ишончнома, қонун, суднинг ҳал қилув қарори ёки ваколатли давлат органининг далолатномасига асосланиши керак. Суднинг аниқлашича, брокерлик фирмаси ва харидор бундай шартнома тузмаган, иш материалларида брокернинг харидор манфаатларини кўзлаб судга мурожаат қилиш ваколатини тасдиқлайдиган ҳужжат мавжуд бўлмаган.

Агар брокер товарни охиригача етказиб бермаслик унинг ишга доир обрў-нуфузига путур етказган ва зарар келтирган деб ҳисобласа, Фуқаролик кодексининг 14-моддасига мувофиқ у сотувчига унга етказилган маънавий зарар ва (ёки) бой берилган фойдани қоплаш хусусида даъво билан мурожаат қилишга ҳақли эди. Бироқ вакил судга бундай талаблар билан мурожаат қилмаган.

Баён этилганларга асосланиб, суд белгиладики, биржа контракти бўйича хом ашё ва ёрдамчи материалларни охиригача етказиб бермаслик брокерлик фирмасининг ҳуқуқларини бузмаган. Кўрилган ҳолатда даъвогар сифатида чиқиш ҳуқуқига эга бўлган субъект ишлаб чиқарувчи корхона эди. Бироқ у сотувчини ўз мажбуриятини натура билан бажаришга мажбур этиш талаби билан даъво аризасини бермаган.

Суд белгиладики, улар ўртасида низо предмети мавжуд бўлмаганлиги сабабли брокерда маҳсулотни қўшимча етказиб беришга мажбур этиш хусусида даъво тақдим этиш учун ҳуқуқий асослар мавжуд бўлмаган. У мазкур вазиятда ишга дахлдор бўлмаган даъвогар сифатида чи??ан, Хўжалик процессуал кодексининг 38-моддасига мувофиқ у бундай талабни қўя оладиган шахсга, яъни харидорга алмаштирилиши керак.

Баён этилганлар асосида суд брокерлик фирмасининг даъво талабларини қондиришни рад этди.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган