Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Бошқарувчи ваколатига эга бўлмаган шахс томонидан банкка гаров тариқасида завод цехини топшириш тўғрисидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

БОШҚАРУВЧИ ВАКОЛАТИГА

ЭГА БЎЛМАГАН ШАХС ТОМОНИДАН

БАНКГА  ГАРОВ ТАРИҚАСИДА  ЗАВОД

ЦЕХИНИ ТОПШИРИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА


ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Акциядорлик жамияти (АЖ) банк билан қурилиш материалларини ишлаб чиқаришни ривожлантириш учун унга кредит берилиши тўғрисида кредит шартномаси тузди. Қарз олувчи гаровга кўчмас мулкни (қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи завод цехини) тақдим этди. Банк АЖ билан ипотека шартномасини тузди. Кейинроқ хўжалик судига масъулияти чекланган жамият (МЧЖ) кўчмас мулк гарови тўғрисида тузилган шартномани ҳақиқий эмас деб топиш ва цехни бошқаларнинг ноқонуний эгалигидан чиқариб олиш хусусидаги даъво аризаси билан мурожаат қилди.



МЧЖнинг ПОЗИЦИЯСИ


АЖ гаровга завод цехини топшира олмас эди, чунки унинг мулкдори ҳисобланмайди. МЧЖ у билан қурилиш материаллари ишлаб чиқариш бўйича биргаликдаги фаолият тўғрисида шартнома тузган. Умумий ишга улуш сифатида у ўзига мулк ҳуқуқи билан тегишли бўлган, таркибий қисми цех бўлган заводни киритган. Ана шу барча мол-мулк акциядорлик жамиятининг балансига фақат қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш бўйича биргаликдаги лойиҳани амалга ошириш мақсадида топширилган. АЖ ўзининг шартномавий мажбуриятларини тўлиқ ҳажмда бажармаган ва МЧЖ судга иккинчи иштирокчи томонидан қабул қилинган мажбуриятлар жиддий равишда бузилганлиги муносабати билан биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномани бекор қилиш талаби билан мурожаат қилди. Хўжалик судининг қарори билан у бекор қилинди ва завод қайтадан МЧЖ балансига топширилиши керак.

Ипотека шартномаси ҳақиқий эмас, чунки қонун билан белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилмаган.



АЖнинг ПОЗИЦИЯСИ


Биргаликдаги фаолият тўғрисида тузилган шартномада АЖнинг биргаликда қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун банк ташкилотларининг кредит ресурсларини жалб этишни таъминлаш мажбурияти белгиланган. Мазкур шартни бажариш учун у банк билан кредит шартномасини тузган ва маблағлар қайтарилишини таъминлаш сифатида АЖ балансида бўлган, қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи цехни гаровга топширган. Жамият цех гаров предмети сифатида қўйилиши тўғрисида хабардор қилинган. Шу тариқа, ипотека шартномаси тўғри тузилган, уни ҳақиқий эмас деб топиш учун асослар мавжуд эмас.



СУД ҚАРОРИНИНГ МАЗМУНИ

ВА УНГА ШАРҲЛАР


Мазкур низо бўйича суд муҳокамасининг предмети бўлиб қуйидаги масалалар ҳисобланади:

1) унинг шартларини бажариш мақсадида биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома доирасида кўчмас мулкнинг бир ташкилот балансидан бошқа ташкилот балансига топширилиши чоғида унга бўлган мулк ҳуқуқи ўтадими;

2) бошқа иштирокчи унинг шартларини бажариш учун мол-мулкни тақдим этган биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартноманинг тарафи (объектнинг мулкдори эмас) биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномани амалга ошириш учун уни банкдан олинган кредит қайтарилишини таъминлашга гаров сифатида беришга ҳақлими; юридик шахс балансида кўчмас мулкнинг мавжудлиги баланс сақловчи унинг гаров қўювчиси сифатида чиқиши учун етарли ҳуқуқий асос ҳисобланадими;

3) мулкдор учинчи шахсда гаровда бўлган, бунга ваколати бўлмаган субъект томонидан тақдим этилган ўз мол-мулкини талаб қилиб олишга ҳақлими.

Фуқаролик кодекси 962-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, оддий ширкат шартномаси (биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома) бўйича шериклар (иштирокчилар) деб аталувчи икки ёки ундан ортиқ шахс фойда олиш ёки қонунга зид бўлмаган бошқа мақсадга эришиш учун ўз ҳиссаларини қўшиш ва юридик шахс тузмасдан биргаликда иш қилиш мажбуриятини оладилар. Иш материалларидан кўринадики, МЧЖ ва АЖ биргаликдаги фаолият предмети сифатида қурилиш материаллари ишлаб чиқаришни белгилаганлар.

ФК 963-моддасининг биринчи қисмига кўра шерик умумий ишга қўшадиган ҳамма нарса, жумладан пул, бошқа мол-мулк, касбий ва бошқа билимлар, малака ва маҳорат, шунингдек ишбилармонлик обрў-эътибори шерикнинг қўшган ҳиссаси ҳисобланади. Оддий ширкат шартномасида тарафлар МЧЖ умумий ишни юритиш учун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи заводни топшириши, АЖ  эса уни зарур ускуналар билан жиҳозлаш учун кредитларни жалб этиш, ходимларни танлаш ва ўқитиш мажбуриятини олишини белгилаганлар. Заводни мулкий мажмуа сифатида қабул қилиш-топширишни тарафлар топшириш далолатномаси бўйича амалга оширганлар, кўчмас мулкнинг ўзи эса АЖ томонидан балансга қабул қилинган.

Фуқаролик кодексининг 182-моддасида мулк ҳуқуқини олиш асослари белгиланган. Булар: меҳнат фаолияти; мол-мулкдан фойдаланиш соҳасидаги тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти, шу жумладан мол-мулкни яратиш, кўпайтириш, битимлар асосида қўлга киритиш; давлат мол-мулкини хусусийлаштириш; мерос қилиб олиш; эгалик қилиш ҳуқуқини вужудга келтирувчи муддат; қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа асослар.

Битим бўйича мол-мулкни олиш  амалиётда энг кўп тарқалган кўчмас мулкни мулк қилиб олиш шаклларининг бири. ФК 184-моддасига кўра мол-мулк олди-сотди, айирбошлаш, ҳадя қилиш шартномалари ҳамда қонун билан тақиқланмаган бошқа битимлар асосида мулк қилиб олиниши мумкин.

Битим - ҳуқуқ ва мажбуриятларни белгилаш, ўзгартириш ёки тугатишга йўналтирилган ҳаракатдир. Битим тузиш муайян йўналишга эга ва унинг иштирокчилари учун маълум юридик оқибатлар бошланишига олиб келади. Шу сабабли битимнинг тури ва унинг оқибатлари хусусиятини идентификациялаш учун унинг мазмунидан тарафлар хоҳиши нимага йўналтирилганлигини аниқ-равшан билиш зарурдир. Кўрилган ҳолда мулк ҳуқуқининг МЧЖдан АЖга ўтишини баҳолаш учун қуйидаги ҳолатлар мажмуи талаб қилинади:

- бунга йўналган битимнинг амалга оширилиши. Бунда мол-мулк мулк сифатида топширилаётганлигини бевосита кўрсатиш муҳимдир;

- тузилаётган битимни ҳужжатли расмийлаштириш (унинг шаклига риоя қилиш);

- кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи ўтишининг давлат томонидан тасдиқланиши маъмурий таомилларига риоя этиш. Сўз битимларнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши ва мулк ҳуқуқининг кўрсатилган объектларга ўтиши тўғрисида бормоқда. Фуқаролик кодекси 111-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ер участкалари ва бошқа кўчмас мол-мулк билан боғлиқ битимлар (бошқа шахсга бериш, ипотека, узоқ муддатли ижара ва бошқалар) давлат рўйхатидан ўтказилиши керак. ФК 84-моддасининг биринчи қисмига кўра, кўчмас мулкка эгалик ҳуқуқи ва бошқа ашёвий ҳуқуқлар, бу ҳуқуқларнинг вужудга келиши, бошқа шахсларга ўтиши, чекланиши ва бекор бўлиши давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Иш материалларидан кўринадики, умумун қурилиш материаллари ишлаб чиқарувчи заводга ва хусусан цехга эгалик ҳуқуқи масъулияти чекланган жамиятга берилган эди. Фуқаролик кодекси 964-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, шериклар мулк ҳуқуқи асосида эга бўлган, улар томонидан қўшилган мол-мулк, шунингдек биргаликдаги фаолият натижасида ишлаб чиқарилган маҳсулот ва бундай фаолият туфайли олинган ҳосил ҳамда даромадлар, қонунда ёки шартномада бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса ёхуд мажбуриятнинг моҳиятидан бошқача ҳол келиб чиқмаса, уларнинг умумий улушли мулки ҳисобланади.

Тўлиқ мулк ҳуқуқининг ўтиши учун шартномада буни бевосита кўрсатиш зарур эди. Агар тарафлар шартномада бошқа шартларни қайд этмаганларида эди, улуш сифатида киритилган заводга мулкнинг улушли режимини белгилаш мумкин бўларди. Иш материалларидан кўринадики, биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартнома матнида топширилаётган заводнинг МЧЖ тўлиқ мулкида қолаётганлиги ва бошқа иштирокчининг улушли мулкига ўтмаётганлиги очиқ кўрсатилган. Мазкур битим билан тарафлар кўчмас мулкка эгалик ваколатининг биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномани бажариш учун бир субъектдан бошқасига ўтиши далилинигина қайд этдилар. У мулк ҳуқуқининг ўтишига йўналтирилмаган, шу сабабли акциядорлик жамиятини цех мулкдори сифатида баҳолаш учун асослар мавжуд эмас эди. Ҳар қандай ҳолда мулк ҳуқуқининг ўтишини (тўлиқ ёки қисман) мазкур далилни кўчмас мулкнинг давлат кадастри органларида давлат рўйхатидан ўтказиш воситасида қайд этиш керак.

Хўжалик суди биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномада АЖ банк билан кредит шартномасини тузиши шартлиги ҳақида қоидалар мавжудлигини аниқлади, бироқ унда МЧЖ АЖга топширилган цехни тасарруф қилиш ва ундан, хусусан, кредит қайтарилишини гаров билан таъминлаш предмети сифатида фойдаланиш ҳуқуқини бериши кўрсатилмаган. Шартнома акциядорлик жамияти унга доир ўз мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли илгари хўжалик суди қабул қилган қарорга асосан бекор қилинган. Ушбу қарорга биноан АЖ зиммасига ишлаб чиқариш цехи биносини жамиятга қайтариш мажбурияти юкланган. Хўжалик процессуал кодекси 60-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, хўжалик судининг илгари кўрилган иш бўйича қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори билан аниқланган ҳолатлар, худди шу шахслар иштирокчиси бўлган бошқа ишни суд кўраётганда янгидан исбот қилинмайди. “Гаров тўғрисида”ги қонун (1998 йил 1 майдаги 614-I-сон Қонун билан тасдиқланган янги таҳрирда) 8-моддасининг учинчи қисмига кўра ашёни гаровга қўювчи унинг мулкдори бўлиши мумкин.

Санаб ўтилган ҳолатлар хўжалик судига цехни балансдан балансга топшириш, буни биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномада тўғридан-тўғри кўрсатмасдан мулк ҳуқуқининг бир вақтда иккинчи иштирокчига ўтишига олиб келмаганлигини кўрсатиш имконини берди. Қисман ўтиш ҳам мумкин эмас эди, чунки шартномада қайтар кўрсатма мавжуд. Шу тариқа, АЖ банк билан гаровга доир ҳуқуқий муносабатларда  ҳуқу??а эга субъект ҳисобланмаган ва, тегишинча, кредит шартномасининг бажарилишини таъминлаш учун ипотека шартномасини тузишга ваколат олмаган.

Фуқаролик кодекси 85-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, бутун корхона ёки унинг қисми олди-сотди, гаровга қўйиш, ижара ҳамда ашёвий ҳуқуқларни белгилаш, ўзгартириш ва бекор қилиш билан боғлиқ бошқа битимларнинг объекти бўлиши мумкин.

Хўжалик суди томонидан кўрилган низода қурилиш материалларини ишлаб чиқарувчи завод, шу жумладан гаровга топширилган цех биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномага кўра улуш сифатида чи??ан. Жамиятга АЖнинг цех биносини гаров сифатида тақдим этиш нияти маълумлиги, демак гўё АЖ қонуний гаровга қўювчи ҳисобланиши тўғрисидаги важни суд қуйидаги асосларга кўра эътиборга олмади.

Биринчидан, қонунда мулкдор олдиндан бундай ният хусусида хабардор қилингани асосида, мол-мулк мулкдори бўлмаган шахс учун унинг гаров қўювчиси ҳисобланиши имконияти назарда тутилмаган.

Иккинчидан, биргаликдаги фаолият тўғрисидаги шартномада МЧЖ АЖга ипотека шартномасининг тарафи сифатида унинг номидан чиқиш махсус ваколати берилганлиги шарти қайд этилмаган, шунингдек акциядорлик жамиятига ана шундай ҳуқуқ берилганлигидан гувоҳлик берувчи бошқа ҳужжатлар тақдим этилмаган.

“Гаров тўғрисида”ги қонун 11-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, ипотека шартномаси тегишли мол-мулк билан битимларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши керак. Гаров тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида вақтинчалик низом (Вазирлар Маҳкамасининг 1994 йил 1 февралдаги 50-сон қарори билан тасдиқланган)нинг 4-бандига, шунингдек Бино ва иншоотларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартиби тўғрисида йўриқнома (Адлия вазирлиги томонидан 1998 йил 7 январда 387-сон билан рўйхатдан ўтказилган) 3-бандининг тўртинчи хатбошисига кўра, юридик шахслар ўртасида тузилган гаров тўғрисидаги шартномалар, суммасидан қатъи назар, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликларининг адлия бошқармаларида  гаров тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказиш шуъбалари томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши керак.

Иш материалларидан кўринадики, ишлаб чиқариш цехи биносининг ипотека шартномаси ҳудудий адлия органларида давлат рўйхатидан ўтмаган. “Гаров тўғрисида”ги қонун 11-моддасининг тўртинчи қисмига кўра, ипотека шартномасини рўйхатдан ўтказиш қоидаларига риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади. Фуқаролик кодекси 112-моддасининг биринчи қисмига кўра, бундай битим ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, бу эса унинг суд томонидан ана шундай деб топилишидан қатъи назар ҳақиқий бўлмаслигини тақозо этади (ФК 113-моддасининг биринчи қисми). Фуқаролик кодекси 114-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, ҳақиқий бўлмаган битим унинг ҳақиқий эмаслиги билан боғлиқ бўлган оқибатлардан ташқари бошқа юридик оқибатларга олиб келмайди ва у тузилган пайтидан бошлаб ҳақиқий эмасдир. Фуқаролик кодексининг 228-моддасига мувофиқ, мулкдор ўз мол-мулкини бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳақли (виндикация).

Хўжалик судининг кучга кирган ҳал қилув қарори билан ишлаб чиқариш цехига эгалик қилиш ҳуқуқи тугатилганини ҳисобга олиб, суд қуйидагиларни кўрсатди:

- унинг АЖ амалда эгалик қилишида ноқонуний бўлганлиги;

- АЖнинг кўрсатилган мол-мулкни натурада қайтариш мажбурияти;

- банк гаров ҳуқуқининг ва АЖнинг ипотека шартномасини ҳақиқий деб топиш тўғрисида талабининг асоссизлиги.

Суд МЧЖнинг даъво талабларини қондириб, цехнинг ипотека шартномасини ҳақиқий эмас деб топди, жамиятга мулк ҳуқуқида тегишли бўлган заводни қайтариш тўғрисида қарор қилди. Хўжалик судининг юқори инстанциялари қарорни ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос топмай, уни ўз кучида қолдирди.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган