Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини киритиш туфайли ҚҚ инвестицияланиш шарт-шароитларининг ёмонлашуви тўғрисидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ИЖТИМОИЙ ИНФРАТУЗИЛМАНИ

РИВОЖЛАНТИРИШ СОЛИҒИНИ КИРИТИШ

ТУФАЙЛИ ҚК ИНВЕСТИЦИЯЛАНИШ

ШАРТ-ШАРОИТЛАРИНИНГ ЁМОНЛАШУВИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Давлат солиқ хизмати органи қўшма корхонанинг молия-хўжалик фаолиятини 2001-2003 йилларда солиқлар ва мажбурий тўловларнинг тўғри ҳисоблаб чиқарилгани ҳамда тўлангани борасида режали текширишдан ўтказди. Маълум бўлишича, ҚК бюджетга ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўламаган. Солиқ органи буни қонунбузарлик деб баҳолади ва текшириш натижалари бўйича бюджетга тўланадиган солиқ суммасини қўшимча ҳисоблаб ёзди, соли??а доир ҳисоб-китобни тақдим этмаганлик учун жарима ва солиқ тўловини ўтказиб юборганлик учун пеня ҳисоблади. Қўшма корхонанинг ҳисобварағига инкассо топшириқномаси қўйилган ва мазкур суммалар сўзсиз тартибда ҳисобдан чиқарилган. Корхона бунга қўшилмади ва хўжалик судига уни ҳақиқий эмас деб топиш ҳамда ноқонуний ҳисобдан чиқарилган пул маблағларини қайтариб бериш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.

Суд низони 2004 йилда кўриб чиқди.



ҚЎШМА КОРХОНАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


ҚК хорижий инвестициялар иштирокидаги ишлаб чиқариш корхонаси ҳисобланади. Чет эллик инвесторнинг улуши устав фонди умумий миқдорининг 50 фоизидан ортиғини ташкил этади.

Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи 1998 йилда жорий этилган. Илгари ҚК уни тўламаган. Ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини ҳисоблаб чиқариш ва бюджетга тўлаш тартиби 3.1-бандига мувофиқ солиқ солиш объекти бўлиб ҚКнинг барча солиқларни тўлаганидан кейин қоладиган фойдаси (соф фойда) ҳисобланади. Президентнинг ПФ-1652-сон Фармони билан қўшма корхонага уни солиқ солишдан озод қилиш кўринишида имтиёз берилган. Шунга асосан корхона ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўламаслиги керак.

Бундан ташқари, янги солиқнинг жорий этилиши ҚКни инвестициялаш шарт-шароитини ёмонлаштириш ҳисобланади, демак, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмига кўра у инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида ушбу солиқни умуман тўламаслиги мумкин.

Солиқ органининг ҳаракатлари нотўғридир.



СОЛИҚ ОРГАНИНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Қўшма корхона Қонун билан белгиланган кафолатдан фойдаланишга ҳақли эмас, чунки у чет эллик инвестор ҳисобланмайди. Президентнинг ПФ-1652-сон Фармони билан ҚКга берилган имтиёз ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини қамраб олмайди, чунки мазкур меъёрий-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинган пайтда қонунчиликда бундай солиқ назарда тутилмаган эди.

Қўшма корхона солиқ органига уни инвестициялаш шарт-шароитининг ёмонлашганини тасдиқлайдиган ҳужжатларни (ҳисоб-китоблар ва ҳоказо) тақдим этмади. Янги солиқнинг жорий этилиши инвестициялаш шарт-шароити ёмонлашганлиги далилини қайд этиш учун етарли эмас, чунки ҚК учун илгари амал қилган баъзи солиқлар бекор қилинган, баъзилари бўйича эса ставкалар пасайтирилган. Шунга асосан қўшма корхона бюджетга ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлаши керак эди. Солиқни тўламаслик солиқ қонунчилигини бузиш ҳисобланади, бунинг учун молиявий жазо чораси асосли равишда қўлланилган.




СУД ҲУЖЖАТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ

ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР


Кўрилган ишнинг ва суд чиқарган хулосаларнинг моҳиятини англаш учун низонинг юзага келиши учун асос бўлиб хизмат қилган юридик далил 1998 йилда пайдо бўлишига эътибор қаратиш зарур. Солиқ кодексининг кучга киритилиши муносабати билан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи жорий этилди, илгари қонун ҳужжатларида у назарда тутилмаган эди.

Иш материалларидан кўриниб турибдики, қўшма корхона 1997 йилда рўйхатдан ўтказилган.

Тартибнинг 2.1-бандига мувофиқ ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи тўловчилари бўлиб “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлашган ва тадбиркорлик фаолиятини амалга оширадиган хорижий инвестицияли юридик шахслар” ҳисобланади. Кўрилаётган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг 3.1-бандига кўра солиқ солиш объекти сифатида барча солиқлар тўланганидан кейин корхоналарнинг тасарруфида қоладиган фойда (даромад) - соф фойда (даромад) белгиланган.

Суд шуни эътиборга олдики, қўшма корхона ўша пайтда амал қилган меъёрий қоидаларга асосан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи тўловчиси ҳисобланган. Бироқ 2001 йилдан бошлаб уни бюджетга тўламаган, бунда Қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмида белгиланган кафолатдан фойдаланган. Унда назарда тутилишича, “агар Ўзбекистон Республикасининг кейинги қонун ҳужжатлари инвестициялаш шарт-шароитларини ёмонлаштирса, унда чет эл инвестицияларига нисбатан инвестициялаш санасида амал қилган қонун ҳужжатлари инвестициялаш пайтидан бошлаб ўн йил мобайнида қўлланилади”.

Қўшма корхона томонидан ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи тўланмаганлигининг тўғрилиги ҳақида хулоса чиқариш учун хўжалик суди қуйидаги ҳолатларни равшанлаштириб олиши лозим эди:

1) ҚК Қонун билан белгиланган кафолатни қўллаш ҳуқуқига эга бўлган субъектларга кирардими ва, тегишлича, ҚКнинг ундан фойдаланиши асосланганми;

2) янги солиқнинг жорий этилишини инвестициялаш шарт-шароити ёмонлашганини баҳолаш учун тан олишга кифоя қиладими.

1998 йил 30 апрелдаги 609-I-сон “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонун 5-моддасининг иккинчи хатбошисига мувофиқ чет эллик инвесторлар Ўзбекистон Республикасининг юридик ва (ёки) жисмоний шахслари билан ҳамкорликда барпо этилган хўжалик жамиятлари ва ширкатларнинг устав фондлари ҳамда бошқа хил мол-мулкида улушли иштирок этиш йўли билан республика ҳудудида инвестицияларни амалга оширишлари мумкин. Хўжалик суди шуни кўрсатдики, модомики “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми ўн йиллик кафолат чет эл инвестицияларига нисбатан қўлланиши кераклигини таъкидларкан, қўшма корхона ундан фойдаланишга ҳақли, лекин башарти уни инвестициялаш ёмонлашгани далилини исботласа.

Ўша пайтда амал қилган қонун ҳужжатлари инвестициялашни ёмонлаштирадиган деб ҳисоблаш мумкин бўлган ўзгартириш турларини назарда тутмаган ва уларнинг мезонларини белгиламаган. Унда янги солиқнинг жорий этилишигина инвестициялаш шарт-шароити ёмонлашган деб топиш учун кифоя қилиши тўғрисида хулоса чиқариш имконини берадиган қоидалар ҳам мавжуд эмас. Шунингдек солиқ солишнинг ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи жорий этилган пайтда ўзгартирилган бошқа шарт-шароитларини ҳам ҳисобга олиш зарурлиги кўрсатилмаган.

Хўжалик суди янги солиқнинг жорий этилиши ўз ҳолича инвестициялашни ёмонлаштирадиган шарт-шароит деб топилиши мумкин эмаслигидан ва суд бошқа солиқларга доир ставкаларни пасайтириш, имтиёзларни белгилаш ва бошқа ҳолатларни киритган омиллар мажмуини ҳисобга олиш кераклигидан келиб чиқди.

Суднинг фикрича, ҚК Қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланган кафолатдан фойдаланишининг тўғрилигини белгилаш чоғида корхона барпо этилган пайтдан бошлаб у кафолатдан фойдалана бошлаган пайтга қадар бўлган давр ичида солиқ қонунчилигининг динамикасини кўриб чиқиш зарур эди. ҚК учун ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи жорий этилганидан кейин қонунчиликда бошқа муҳим ўзгартиришлар ҳам юз бердики, қўшма корхона уларни ҳисобга олмаган.

Юқорида айтилганларга қўшимча равишда хўжалик суди Солиқ кодекси 12-моддаси биринчи қисмининг 5-бандига мурожаат қилди, унга кўра “солиқ тўловчилар солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш, тўлаш билан боғлиқ ҳужжатлар ва маълумотларни, шунингдек солиқлар ва йиғимлар юзасидан имтиёзлар ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни солиқ органларига тақдим этишлари шарт”. Шу тариқа, суд “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида” қонун 3-моддасининг тўртинчи қисми билан белгиланган кафолатнинг ҚК томонидан қўлланиши тўғрилиги солиқ тўловчи сифатида ҳисобга қўйиш жойидаги солиқ органларига инвестициялаш шарт-шароитининг ёмонлашганидан далолат берувчи ҳужжатлар тақдим этилиши билан ҳам белгиланишини тан олди. Масалан, улар солиқ қонунчилиги ўзгариши муносабати билан корхона даромад ва харажатлари нисбатининг ҳисоб-китоблари бўлиши мумкин, бундай ҳисоб-китоблардан бошқа ўзгармас шарт-шароитлар (талаб ва таклиф, сотувлар ҳажми ва ҳоказо) чоғида ҚК соф фойдаси камайганлиги ёки камаймаганлигини аниқлаш мумкин бўлар эди. Иш материалларидан кўринадики, корхона унинг имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни солиқ инспекциясига тақдим этмаган. Бундан ташқари, ҚК бевосита суд муҳокамаси босқичида инвестициялаш шарт-шароитининг ёмонлашганини исботламади. Хўжалик процессуал кодекси 55-моддасининг биринчи қисмига кўра эса “ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак”.

Шуни ҳисобга олиб хўжалик суди ҚК ўн йиллик кафолатдан фойдаланишга ҳақли эмаслиги ва текшириш билан қамраб олинган давр учун бюджетга ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини тўлаши шартлигини тан олди.

Солиқ суммаларини қўшимча ҳисоблаб ёзиш ва молиявий жазо чораларини қўллашнинг қонунийлиги ҳамда асослилиги масаласини кўриб чиқаркан, хўжалик суди қуйидаги меъёрий-ҳуқуқий қоидалардан келиб чиқди.

1995 йил 22 декабрда қабул қилинган “Муддатида тўланмаган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириб олиш тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига мувофиқ “тегишли тўловларнинг белгиланган тўлов муддатлари тугагач, тўланмаган сумма боқиманда ҳисобланади ва у, башарти қонун ҳужжатларида ўзгача ҳол назарда тутилмаган бўлса, пенясини қўшиб ҳисоблаган ҳолда ундириб олинади”.

Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 4-бандига кўра “солиқлар ва йиғимларни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш учун зарур бўлган декларациялар, ҳисоб-китоблар ва ҳисоботларни тақдим этмаганлик, ўз вақтида тақдим этмаганлик ёки белгиланмаган шаклда тақдим этганлик учун солиқ тўловчидан тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун тегишли сумманинг бир фоизи миқдорида, бироқ тегишли ҳисобот даври учун илгари ҳисоблаб чиқарилган тўловлар чегириб ташланган ҳолда белгиланган тўлов муддатига тегишли тўлов суммасининг ўн фоизидан кўп бўлмаган миқдорда жарима ундирилади”.

Солиқ кодекси 135-моддаси биринчи қисмининг 8-бандига мувофиқ “солиқлар ва йиғимлар бўйича тўлов муддати ўтказиб юборилган ҳар бир кун учун 0,07 фоиз миқдорида пеня ундирилади, тўлов куни ҳам шунга киради. Пеня ундириш солиқ мажбуриятларини бажаришдан озод қилмайди”.

Шу тариқа, хўжалик суди ҚКдан белгиланган муддатларда тўланмаган ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи суммалари ундирилишини, шунингдек жарима ва пеня солинишини қонунга мувофиқ деб топди ҳамда қўшма корхонанинг баён этилган даъво талабларини қондиришни рад этди. Юқори инстанциялар қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос топмадилар.



СЎНГ СЎЗ


Низо моҳиятига кўра қабул қилинган хўжалик судининг ҳал қилув қарори билан қамраб олинган давр билан қиёслаганда амалдаги қонунчиликка киритилган баъзи бир ўзгартиришларга эътибор қаратиш керак.

Бугунги кунда ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғининг ўрнига ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи мавжуд, уни ҳисоблаб чиқариш ва тўлаш Ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғини ҳисоблаб чиқариш ҳамда бюджетга тўлаш тартиби тўғрисида йўриқнома билан тартибга солинади.

Қонунчиликдаги “инвестициялашни ёмонлаштирувчи шарт-шароитлар” тоифасига тааллуқли ўзгартиришлар рўйхатининг меъёрий жиҳатдан белгиланиши жуда муҳим янгилик бўлди. Президентнинг 2005 йил 11 апрелдаги “Тўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ПФ-3594-сон Фармонининг 7-бандида белгиланишича, Қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмида назарда тутилган кафолат қуйидаги ҳолларда қўлланиши керак:

- чет эллик инвесторга тўланадиган дивидендлар кўринишида олинадиган даромадга солинадиган солиқнинг миқдори (ставкаси) ортиши;

- чет эллик инвесторнинг хорижга ўтказилаётган даромади (фойдаси)ни репатриация қилиш таомилини мураккаблаштирадиган ёки унинг миқдорини камайтирадиган қўшимча талабларнинг жорий этилиши (чет эл инвестициялари иштирокидаги корхонанинг тўловга қобил эмаслиги ва банкротлиги ёки кредиторларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, чет эллик инвестор - жисмоний шахс томонидан жиноий қилмиш ёки маъмурий ҳуқуқбузарликлар содир этилган ҳолларда ёхуд бундай репатриацияни суд ёки арбитраж қарорига мувофиқ тўхтатиб қўйишнинг бошқа зарурати бўлганида қонун ҳужжатларини та??ирламасдан қўллаш шартларида чет эллик инвестор маблағлари репатриацияси давлат томонидан тўхтатиб қўйилиши ҳолларидан ташқари);

- инвестициялашни амалга ошириш ҳажмларига миқдорий чеклашларни ҳамда, шу жумладан чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарда чет эл инвестицияларининг энг кам миқдорини кўпайтириш кўринишида, инвестициялар миқдори бўйича бошқа хил қўшимча талабларни жорий этиш;

- республика корхоналарининг устав фондларида чет эллик инвесторнинг улушли иштироки бўйича чеклашларни жорий этиш;

- чет эллик инвесторлар визаларини расмийлаштириш ва узайтириш қўшимча таомилларини, шунингдек чет эл инвестицияларини амалга ошириш бўйича бошқа қўшимча талабларни жорий этиш.

Чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар учун янги солиқнинг жорий этилиши айтиб ўтилган рўйхатга кирмаган, шу сабабли кўриб чиқилаётган кафолатдан фойдаланишнинг тўғрилигини баҳолаётганда энди Президентнинг ПФ-3594-сон Фармони билан белгиланган рўйхатдан келиб чиқиш керак. Инвестициялашнинг ёмонлашгани далилини исботлаш шарт-шароитига, шунингдек солиқ органларига солиқ тўловчиларнинг имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқини тасдиқлайдиган ҳужжатларни тақдим этишга келсак, бу борада хўжалик судининг хулосалари бугунги кунда ҳам долзарбдир. Агар “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқларининг кафолатлари ва уларни ҳимоя қилиш чоралари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг тўртинчи қисмига билан белгиланган кафолатни қўллаш ҳуқуқини ҳимоя қилиш талаб қилинса, чет эллик инвесторларнинг уларга эътибор бериши тавсия қилинади.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган