Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Субъектни ер солиғини тўловчи деб топиш тўғрисидаги низо бўйича низо

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

СУБЪЕКТНИ ЕР СОЛИҒИНИ ТЎЛОВЧИ

ДЕБ ТОПИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА НИЗО


ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Солиқ ва валюта жиноятларига қарши курашиш бўлими солиқ органи билан ҳамкорликда табиий ресурслардан фойдаланганлик учун Юридик шахс томонидан солиқ тўловларининг тўғри ҳисоблаб чиқарилиши ва тўланишини текширди. Далолатномада кўрсатилишича, юридик шахс томонидан 6 ой ичида бюджетга ер участкасидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи тўланмаган. Далолатномага асосан қарз суммаси ва шунча миқдорда жарима ундириш тўғрисида қарор чиқарилди. Юридик шахс мазкур қарорга рози бўлмади ва хўжалик судига уни бекор қилиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди.


ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ер участкасини ижарага олиш шартномаси тугаган ва узайтирилмаган, шунингдек янги шартнома тузилмади. Кейинроқ юридик шахс ягона солиқ тўлашга ўтди. Ер учун ижара ҳақи мазкур фирма унинг тўловчиси бўлмаган ер солиғи билан бирга тўланиши сабабли, тегишинча, у ижара ҳақини ҳам тўламаслиги керак.



ОРГАННИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ягона солиқ тўловчилари уни умумдавлат ва маҳаллий солиқлар ҳамда йиғимлар ўрнига тўлайди. Ижара ҳақи бу ҳисобга кирмайди. Ижара ҳақи ер солиғининг ўрнига тўланиши ҳали уни ягона солиқ ўрнига тўланадиган солиқлар ҳамда йиғимлар рўйхатига киритиш қонуний бўлишини англатмайди.




СУД ҲУЖЖАТЛАРИ ВА УЛАРГА ШАРҲЛАР


Кўрсатиб ўтилган низони ҳал қилиш чоғида аввал-бошдан юридик шахс ер солиғи тўловчиси ҳисобланишини ёки у ер участкасини ижарага олганлиги ва ижара ҳақини тўлаш мажбуриятини бажараётганлигини аниқлаш муҳимдир. Биринчи инстанция суди мазкур низони кўриб чиқиш чоғида юридик шахс ер участкасининг ижара шартномасини тузиб, ижара ҳақи тўловчиси ҳисобланишига асосланган.

Ер кодекси 28-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларига кўра ердан фойдаланиш пулликдир. Бироқ, ер солиғини тўлаш билан бир қаторда унинг муқобили сифатида ижара тўловлари кўринишида ердан фойдаланиш учун ҳақ назарда тутилган. Шу тариқа, ер солиғи ва ер учун ижара ҳақи - ердан фойдаланиш учун тўлов шаклларидир. Ижара ҳақи ер солиғининг ўрнига жорий этилган.

Миқдор мезонларига кўра юридик шахс кичик корхоналар тоифасига киритилган ва, тегишинча, ягона солиқ тўлашга ўтиш ҳуқуқига эга эди.

Микрофирмалар ва кичик корхоналар учун солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимини қўллаш тартиби (Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 15 апрелдаги “Солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтган микрофирмалар ва кичик корхоналарга солиқ солиш тартиби тўғрисида” 159-сон қарорига илова) биринчи бўлимининг 3-бандига кўра солиқ солишнинг соддалаштирилган тизими умумдавлат солиқлари, шунингдек давлат ҳокимияти маҳаллий органлари томонидан жорий этиладиган маҳаллий солиқлар ва йиғимлар жами ўрнида ягона солиқ тўлашни назарда тутади, бундан савдо қилиш учун йиғим (шу жумладан айрим товар турлари билан савдо қилиш ҳуқуқи учун лицензия йиғимлари), юридик шахс-ни рўхатдан ўтказганлик учун йиғим, атроф муҳитни ифлослантирганлик ва чиқиндиларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида жойлаштирганлик учун компенсация тўловлари мустасно.

Шу сабабли юридик шахс ер солиғи тўловчиси ҳисобланмайди ва, тегишинча, солиқ солишнинг соддалаштирилган тизимига ўтганидан кейин ундан ижара ҳақини ундириш асосли эмас.

Шу тариқа, суд юридик шахснинг талабини қондирди ва солиқ органининг ижара ҳақи ва жарима суммаларини ундириш тўғрисидаги қарорини ҳақиқий эмас деб топди.

Солиқ органи қарорга рози бўлмади ва апелляция шикоятини берди. Апелляция инстанцияси суди бир қатор бошқа мезонлардан келиб чиқди. У қабул қилган ҳужжат асосига юридик шахс ер участкасидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи тўловчиси ҳисобланиб, ижара тўловларини амалга ошириши кераклиги хусусида далил қўйилди. Бунда ижара ҳақини ер солиғига тенглаштириш тўғри эмас, чунки ижара ҳақини тўлашга доир мажбуриятлар фуқаролик ҳуқуқи, ер солиғини тўлашда - маъмурий ҳуқуқ муносабатларидан келиб чиқади.

Солиқ кодексининг 97-моддасига мувофиқ, юридик шахслар учун ер солиғи солиш объекти бўлиб қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда мулк қилиб олинган ер участкалари; ...корхоналар, бинолар ёки иншоотларга бўлган мулк ҳуқуқи ўтиши билан бирга эгалик қилиш ва фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтган ер участкалари ҳисобланади. Шу тариқа, шундай хулоса чиқариш мумкин:

1) ижарага берилган ер участкалари ер солиғи солиш объекти ҳисобланмайди, балки Солиқ кодексининг 100-моддасига кўра ер участкасини ижарага олган юридик шахслар ер солиғи ўрнига бюджетга ижара ҳақи тўлайдилар;

2) ижара ҳақи на умумдавлат, на маҳаллий солиқ ҳисобланади.

Мазкур фирма ягона солиқни тўлашга ўтаётганда амалда ер солиғи тўловчиси ҳисобланмаган, ижара ҳақи эса ягона солиқ тўловчилари тўлашдан озод этиладиган солиқ ва йиғимлар сирасига кирмайди.

Апелляция инстанцияси суди ана шу асосларда биринчи инстанция судининг қарорини бекор қилди ва тўламаганлиги учун юридик шахсни ижара тўловлари ва тўламаганлик учун жарималардан озод қилиш тўғри эмас деб топди, бунда у ер солиғининг тўловчиси ҳисобланмаслигини қайд этди.

Ўз навбатида мазкур қарордан норози бўлган юридик шахс Олий хўжалик судига мурожаат қилди. ОХС кассация ҳайъати юридик шахсни ижара ҳақининг эмас, балки айни ер солиғининг тўловчиси сифатида қараш кераклигини кўрсатди. Гап шундаки, юридик шахс ана шу ер участкасида жойлашган бинолар ва иншоотларни ҳуқуқий ворислик тартибида харид қилиш билан биргаликда ер участкасига эгалик қилиш ва ундан фойдаланиш ҳуқуқини олган. Шу сабабли, мазкур вазиятда Ер кодексининг 22-моддасини қўллаш қонуний ҳисобланади, унга кўра корхона, бино, иншоот ёки бошқа кўчмас мулкка мулк ҳуқуқи, хўжалик юритиш ҳуқуқи ёки тезкор бошқариш ҳуқуқи ўтиши чоғида шу объектлар билан биргаликда кўрсатилган объектлар банд этган ва улардан фойдаланиш учун зарур бўлган ер участкасига эгалик қилиш ҳамда ундан доимий фойдаланиш ҳуқуқи ҳам ўтади. Шу тариқа, юридик шахс Солиқ кодексининг 96-моддасига кўра ер солиғи тўловчиси ҳисобланади, бироқ ерга доир ҳуқуқни белгилайдиган ҳужжатлар (ердан доимий фойдаланиш ҳуқуқига доир давлат далолатномаси ва ҳоказо) белгиланган тартибда ўз вақтида расмийлаштирилмаганлиги сабабли шу вақтгача субъект билан ижара шартномаси тузилмаган. Бу нарса аввалги инстанция суди томонидан ҳисобга олинмаган.

Юридик шахс ягона солиқ тўлашга ўтганлиги ва ер солиғи тўловчиси ҳисобланмаганлиги сабабли ундан айни ижара ҳақини ундириш ноқонунийдир, чунки ер солиғи ҳам, ижара ҳақи ҳам умуман ер учун ҳақнинг турли кўринишлари ҳисобланади.

Шу тариқа, кассация инстанциясининг суд ҳайъати апелляция инстанцияси судининг қарорини бекор қилиш ва биринчи инстанция судининг қарорини кучда қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Келтирилган низо эгалик қилиш ва фойдаланиш титулини, шунингдек тўловчи сифатида субъектнинг юридик мақомини тўғри белгилаш масаласи ҳуқуқни қўллаш амалиётида қанчалик муҳим эканлигини яна бир маротаба кўрсатди. Шу жумладан, қонун ҳужжатларида белгиланган жавобгарликка тортиш чораларини қўллаш имконияти тўғрисидаги масалани ҳал этиш ҳам шунга боғлиқдир. Шунингдек, яна бир маротаба эътиборни қаратишни хоҳлайдиган муҳим омил қонун ҳужжатларида шаклланган ҳуқуқни тартибга солишнинг ноаниқлиги, бунинг оқибати сифатида - ер солиғи ва ер участкаларидан фойдаланганлик учун ижара тўловлари ҳуқуқий табиатининг моҳиятини турлича тушуниш ҳисобланади. Натижада, бу ҳол кўп сонли низоларга олиб келади ва турлича шарҳларнинг олдини олиш мақсадида ушбу масалани бир тарзда тартибга солиш мақбулдир.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган