Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Кичик бизнес субъектларига имтиёзли солиқ қонунчилигини татбиқ этилишининг кафолатлари ҳақидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

КИЧИК БИЗНЕС СУБЪЕКТЛАРИГА

ИМТИЁЗЛИ СОЛИҚ ҚОНУНЧИЛИГИНИ

ТАДБИҚ ЭТИЛИШИНИНГ КАФОЛАТЛАРИ

ҲАҚИДАГИ НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

Солиқ инспекцияси юридик шахснинг молия-хўжалик фаолиятини текширди. Унинг томонидан тузилган текшириш далолатномасида қонун бузилиши сифатида даромад (фойда) солиғи ва қўшилган қиймат солиғини тўламаслик кўрсатилган. Кўрсатилган солиқлар қўшимча ҳисоблаб ёзилди, бу суммаларни қўшимча ундириш ва жарима жазосини қўллаш тўғрисида қарор қабул қилинди. Юридик шахс солиқ органининг қарорига қўшилмади ва хўжалик судига уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво билан мурожаат қилди.


ЮРИДИК ШАХСНИНГ ПОЗИЦИЯСИ

Юридик шахс ходимлари сонининг 50 фоиздан ортиғи ногиронлардан иборат. Солиқ кодекси 31-моддаси биринчи қисмининг 3-бандига, 71-моддасининг 35-бандига кўра (2001 йил 7 декабрдаги 320-II-сон Қонунга мувофиқ кодексга ўзгартиришлар киритишга қадар таҳрирда) у даромад (фойда) солиғи ва ҚҚС тўлашдан озод қилинган эди. Ходимлар сонига кўра у кичик корхона ҳисобланган. Юқорида тилга олинган Қонунга кўра киритилган ўзгартиришлар умумий ходимлар сонининг камида 50 фоизи ногиронлардан иборат бўлган, ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси ва “Ўзбекистон чернобилчилари” уюшмасининг мулки бўлган корхоналаргина даромад (фойда) солиғи ва ҚҚС тўлашдан озод қилинганлиги юридик шахс учун анча қулай бўлмаган фаолият шароитларини яратади. Шу тариқа, юридик шахснинг текшириш билан қамраб олинган даврида у бекор қилинган имтиёзлардан фойдалана олар эди, чунки 2000 йил 25 майдаги 69-II-сон “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун 16-моддасининг иккинчи қисми билан (бундан кейин - Қонун) белгиланган имтиёзли қонунни икки йилда қўллаш муддати амал қилади.



ИНСПЕКЦИЯНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, “Нуроний” жамғармаси ва “Ўзбекистон чернобилчилари” уюшмасининг  мулки бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизи ногиронлардан иборат бўлган юридик шахсларгина даромад (фойда) солиғи ва ҚҚС тўламаслик ҳуқуқига эгадир. Текшириш билан қамраб олинган фаолият даврида юридик шахс кўрсатилган шахсларнинг мулкида бўлмаган, шунинг учун у даромад (фойда) солиғи ва ҚҚС тўлашдан озод этилмаган.



ХЎЖАЛИК СУДИНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини кўриб чиқиб, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаб, қуйидаги хулосаларга келди:

- юридик шахсни рўйхатдан ўтказиш пайтида Солиқ кодексининг 2001 йил 7 декабрдаги 320-II-сон “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун билан уларга ўзгартишлар киритилмаган таҳрирда 31 ва 71-модда қоидалари амал қиларди, улар ходимларининг умумий сонида ногиронлар камида 50 фоизни ташкил этган барча корхоналарга даромад (фойда) солиғи ва ҚҚС тўлашдан озод қилиш кўринишида имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқи берилган эди;

- Солиқ кодексида тилга олинган Қонуннинг 9-бўлимига мувофиқ, киритилган ўзгартиришларга кўра юридик шахслар учун имтиёзлар бекор қилинган, чунки у юқорида кўрсатилган нотижорат ташкилотлари мулкида бўлмаган;

- Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ: агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун камроқ қулайлик яратадиган ўзгартиришлар киритилган тақдирда улардан кейинги икки йил мобайнида бундай ўзгартиришлар кучга киргунига қадар амал қилган қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ундирилади;

- юридик шахс тадбиркорлик мезонларига жавоб беради.

Шу тариқа, юридик шахс бекор қилинган уларга доир даромад (фойда) солиғи ва ҚҚСни тўлаш бўйича имтиёзлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эди. Солиқ органининг ушбу солиқлар ва жарима жазолари суммаларини қўшимча ҳисоблаш тўғрисидаги қарори қонуний эмас деб топилди.

Кейинроқ биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори юқори инстанцияларда кўрилди, улар ҳам қарорни бекор қилиш учун асосларни топишмади.



Ш А Р Ҳ


Хўжалик ҳуқуқи муносабатлари амалиётида кичик тадбиркорлик субъектлари учун Қонун 16-моддаси иккинчи қисмига биноан белгиланган кафолатни қўллаш муҳим масала ҳисобланади. Ҳозирда ҳуқуқни қўллаш амалиётида мазкур кафолатдан фойдаланишда бир хиллик мавжуд эмас. Мазкур материал барча мавжуд муаммоларни дарҳол ҳал этиш мақсадини кўзламайди. Бунда эришиш мумкин бўлган мақсадлар - тадбиркорлик фаолияти субъектлари ҳамда давлат органлари томонидан мазкур кафолатнинг ва уни тўлақонли рўёбга чиқариш механизмининг моҳиятини бир хилда тушунишни белгилаш; муаммолар моҳиятини аниқлаш ва уларни ҳал этиш; уларни меъёрий-ҳуқуқий тартибда эҳтимолий бўлган бартараф учун ваколатли давлат органлари эътиборини ушбу муаммоларга жалб этишдир.

Қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида белгиланишича, “агар солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига кичик ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун камроқ қулайлик яратадиган ўзгартиришлар киритилган тақдирда улардан кейинги икки йил мобайнида бундай ўзгартиришлар кучга киргунига қадар амал қилган қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ундирилади”.

Бунда, бизнинг назаримизда дастлабки муаммо бўлиб шу нарса ҳисобланадики, қонунда “камроқ қулай шароитлар” тушунчаси берилмаган, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларига киритиладиган ўзгартиришларни кичик тадбиркорлик субъектлари учун “камроқ қулайлик яратадиган” ўзгартиришлар деб ҳисоблаш керак бўлган аниқ ҳолатлар келтирилмаган.

Бундай мустаҳкамлашнинг йўқлиги ҳаётда мазкур қоида атрофида кўп сонли низоларни келтириб чиқарди, бу эса Конституциявий суд томонидан 2001 йил 9 августда “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмини шарҳлаш ҳақида” қарор қабул қилиши учун асос бўлиб хизмат қилди. Мазкур ҳужжатнинг 1-бандига мувофиқ, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларини:

- янги солиқлар ва маҳаллий йиғимларни жорий этиш;

- солиқлар ва маҳаллий йиғимлар ставкаларини ошириш;

- имтиёзларни бекор қилиш билан боғлиқ ўзгартиришлар кичик тадбиркорлик субъектлари учун камроқ қулайлик яратадиган шартлар деб ҳисобланиши керак.

Бизнингча, иккинчи муаммо шундан иборатки, 1995 йил 30 августдаги 103-I-сон “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги қонуни 9-моддасининг биринчи қисмига кўра Конституциявий суд қабул қиладиган қарорларнинг “давлат ҳокимияти ва барча бошқарув органлари, шунингдек корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва жамоат бирлашмалари, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийлиги” мақомига қарамай, айрим ҳолларда назорат органлари юқорида кўрсатилган 2001 йил 9 августдаги Қарорга амал қилмайдилар ва биринчи бандда “камроқ қулайлик яратадиган шароитлар” сифатида белгиланган ҳолларни худди шундай ҳоллар деб топмайдилар. Шу тариқа, қонун ҳужжатларида Конституциявий суд қарорларини ижро этиш механизмини мустаҳкамлаш зарурати етилди; у, афсуски, ҳозирча қайд этилмаган.

Уларга нисбатан Қонуннинг 16-банди иккинчи қисмида белгиланган кафолат қўлланишини даъво қилаётган тадбиркорлик фаолияти субъектларининг аҳволини Президентнинг 2002 йил 20 майдаги “Савдо ва умумий овқатланиш соҳасида солиқ солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” ПФ-3076-сон Фармонининг 4-бандини бир қадар ўзгартиради. Унга кўра уларни индексациялаш билан боғлиқ солиқ ставкаларини ўзгартиришлар тадбиркорлик, шу жумладан кичик ва хусусий бизнес субъектлари учун фаолиятнинг камроқ қулай шароитларини яратадиган омиллар сифатида қаралмайди (кейинроқ худди шундай қоида “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонуни 16-моддасининг иккинчи қисмига киритилган). Бунда, фикримизча, қонун ҳужжатларида солиқ ставкаларининг оширилиши индексация билан боғлиқлигини аниқ айтиш имконини берадиган механизмнинг акс эттирилмаганлиги муаммо ҳисобланади. Натижада солиқ тўғрисидаги қонунларга киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар (шу жумладан, ставкаларни кўпайтириш билан боғланмаганлари ҳам, масалан, имтиёзларни бекор қилиш) мазкур қоидага мослаштирилади. Шу тариқа, икки йиллик кафолатдан фойдаланишга амалда даъво қиладиган тадбиркорларнинг ҳуқуқлари айрим ҳолларда бузилмоқда.

Яна бир муаммо, фикримизча, ҳуқуқни қўллаш амалиётида қандай пайтдан бошлаб субъект қонунга биноан белгиланган икки йиллик кафолатни қўллаш ҳуқуқини олиши хусусида ягона тушунишнинг йўқлиги ҳисобланади. Бунда бош мезон бўлиб ўзгартиришлар киритилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатнинг кучга кириш пайти ҳисобланишини назарда тутиш зарур. Турли юридик кучга эга бўлган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан улар турлича белгиланади:

- қонунларга биноан киритиладиган ўзгартиришлар, 2000 йил 14 декабрдаги 160-II-сон “Норматив-меъёрий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун 26-моддасининг биринчи қисмига кўра расмий манбаларда эълон қилинган пайтдан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради, агар қонунни амалга киритиш тўғрисидаги қарорда бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса;

- Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан киритиладиган ўзгартиришлар, 2003 йил 29 августдаги 524-II-сон қонун билан тасдиқланган янги таҳрирдаги “Ўзбекистон Республикасининг Вазирлар Маҳкамаси тўғрисида”ги қонун 20-моддасининг олтинчи қисмига кўра улар имзоланган кундан бошлаб кучга киради, агар ҳужжатнинг ўзида бошқа муддат кўрсатилмаган бўлса;

- Идоравий меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун 26-моддасининг учинчи қисмига кўра Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб ўн кун ўтгач кучга киради, агар ҳужжатнинг ўзида бошқа муддат назарда тутилмаган бўлса.

Президент фармонларига биноан киритиладиган ўзгартиришларга келсак, меъёрий жиҳатдан улар Президент томонидан белгиланган тартибда кучга киришигина мустаҳкамланган (“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги қонун 26-моддасининг иккинчи қисми). Амалдаги қонун ҳужжатларида бугунги кунда ягона ана шундай “тартиб” мавжуд эмас. Бироқ, одатда, Президент фармонлари ҳам имзоланган кундан бошлаб кучга киради. Айрим ҳолларда уларда фармоннинг эълон қилинган пайтдан бошлаб кучга кириши тўғрисида қоида бўлиши мумкин ёки бошқа суръатлар кўрсатилади. Шу тариқа, фикримизча, ҳар ҳолда Президент фармонларининг кучга киришига доир умумий қоидани меъёрий-ҳуқуқий тартибда мустаҳкамлаш мақсадга мувофиқдир.

Хуллас, “Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги қонун 16-моддасининг иккинчи қисмида белгиланган кафолатни тўлақонли қўллаш, хусусан, юқорида таъкидланган муаммоларни меъёрий тартибга солишга боғлиқдир. Тадбиркорлар эътиборини улар тугаши билан унга кичик тадбиркорлик субъекти учун камроқ қулай шароитлар яратадиган ўзгартиришлар киритилгунига қадар солиқ тўғрисидаги қонунларни қўллаш кафолатини берган қонун қоидаси амал қиладиган муддатларга ҳам қаратиш муҳимдир.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган