Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Устав фондининг шакллантирилмаганлиги сабабли ҚҚ тугатиш тўғрисидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

УСТАВ ФОНДИНИНГ

ШАКЛЛАНТИРИЛМАГАНЛИГИ

САБАБЛИ ҚК ТУГАТИШ ТЎҒРИСИДАГИ

НИЗО БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ


Ўзбек ва хорижий юридик шахслар таъсис шартномасини тузишди, унга мувофиқ улар республика ҳудудида қўшма корхона (ташкилий-ҳуқуқий шакли  масъулияти чекланган жамият) ташкил этиш, унинг устав фондини шакллантириш ва ҳоказо мажбуриятлар олишди. ҚК қонун билан белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилди ва ишлаб чиқариш фаолиятини амалга оширди. Биринчи молиявий йил тугаганидан кейин давлат солиқ хизматининг ҳудудий органи ҚКни рўйхатдан ўтказган адлия органига корхонанинг устав фонди қонун билан белгиланган муддатда шакллантирилмаганлиги хусусида хат юборди. Шунга асосан рўйхатдан ўтказувчи орган хўжалик судига қўшма корхонани тугатиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилди. Суд даъво талабларини қондирди. Бунга қўшилмаган ҚК ўзбек муассиси билан биргаликда хўжалик судига суд ҳужжатини бекор қилиш тўғрисида кассация шикояти билан мурожаат қилди.



ОРГАННИНГ ПОЗИЦИЯСИ


ҚКнинг ўзбек муассиси (бундан кейин - жамият) устав фондига улуш сифатида қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш фаолияти учун мўлжалланган хоналарда таъмирлаш ва ишга тушириш-созлаш ишларини ўтказиш мажбуриятини олди. Улар таъсис шартномасида баёнот берилган ҳажм ва суммада қилинмаган. Бунинг устига, умумий йиғилиш ҳақиқатда бажарилган ишларнинг пулдаги баҳосини тасдиқламаган.

ҚКнинг хорижий муассиси (бундан кейин - компания) ўз улуши сифатида технологик ускунани киритиш мажбуриятини олган. Ушбу мажбурият ҳам бажарилмаган  ускуна ҚКга қабул қилиш-топшириш далолатномаси бўйича берилмаган.

На ўзбек, на хорижий муассис таъсис шартномасига мувофиқ олинган ўз инвестиция мажбуриятларини бажармаганлиги сабабли устав фондини шакллантириш тўғрисидаги қонун талаби бузилган, бу эса ҚКни тугатиш учун асосдир.



ҚК ВА ЖАМИЯТНИНГ

БИРГАЛИКДАГИ  ПОЗИЦИЯСИ


Жамият томонидан киритиладиган улуш доирасидаги ишлар қисман бажарилган, буни улар натижаларининг тегишли қабул қилиш-топшириш далолатномалари тасдиқлайди. Қолган қисми бевосита пул маблағлари билан киритилган, буни тўлов топшириқномалари тасдиқлайди. Шу тариқа, ўзбек муассиси устав фондига ўз улушини амалда тўлиқ ҳажмда киритган. Қандай усул билан киритгани мазкур вазиятда аҳамиятга эга эмас.

Хорижий компания улуш сифатида божхона ҳудудига технологик ускуна келтирган. Жамият уни олган, божхона расмийлаштирувини амалга оширган ва қўшма корхонага топширган, уни у ўз балансига қабул қилган. Қабул қилиш-топшириш далолатномаси тузилмаган. Бироқ шуни ҳисобга олиш зарурки, айтилган мол-мулк ҚК балансида қайд этилган, бинобарин далолатноманинг йўқлиги компания томонидан ҚК устав капиталига улуш киритиш далилининг ўзига ҳеч ҳам таъсир кўрсатмайди. Хорижий муассис таъсис шартномасида таъкидланган улушни тўлиқ тўлаган.

Амалдаги ҳолатлардан келиб чиқилганда, ҚК устав фондини шаклланмаган деб топиш учун асослар мавжуд эмас.



СУД ҚАРОРИНИНГ МАЗМУНИ ВА ШАРҲЛАРИ


Ишни кассация инстанциясида қайта кўриш чоғида хўжалик суди қуйидаги саволларга жавоб олиши керак эди:

1) амалдаги қонун ҳужжатлари эълон қилинган устав фондларини муассислар қонунда белгиланган муддатда шакллантирмаган юридик шахсларни тугатиш учун қандай важ ва асосларни назарда тутади;

2) ушбу ҳолни умумий йиғилишда дастлабки (ёки кейинги) тасдиқлашсиз ва таъсис шартномасига тегишли ўзгартишлар киритмасдан туриб, муассис томонидан таъсис ҳужжатида назарда тутилган улушни киритиш усулини алмаштириш устав фондини шаклланмаган деб топиш учун асос бўлиб хизмат қилиши мумкинми;

3) мол-мулк ҳақиқатда ҚК балансига қабул қилинганига ва кейинчалик унинг томонидан устав фаолиятида фойдаланилганига, шунингдек молиявий кўрсаткичларни шакллантириш чоғида ҳисобга олинганига қарамай, муассис томонидан киритилган мол-мулкни қабул қилиш-топшириш далолатномасининг йўқлиги далилини улуш киритилмаган деб топиш учун асос деб ҳисобланиши тўғрими.

Иш материалларидан кўринадики, ташкил этилаётган қўшма корхонанинг муассислари бўлиб икки шахс чи??ан. Улар ўртасида таъсис шартномаси тузилган. 2001 йил 6 декабрда 310-II-сон билан қабул қилинган “Масъулияти чекланган ҳамда қўшимча масъулиятли жамиятлар тўғрисида”ги қонуннинг 12-моддасига мувофиқ унда улар ҚК тузиш мажбуриятини олдилар, уни тузиш юзасидан биргаликдаги фаолият тартибини белгиладилар, муассислар таркибини, ҳар бир муассиснинг устав фонди миқдори ва улушларини, унга улушларни қўшиш тартиби, миқдори, усуллари ва муддатларини, уларни қўшиш бўйича мажбуриятларини бузганлик учун муассисларнинг жавобгарлигини, улар ўртасида фойда ва зарарларни тақсимлаш шартлари ва тартибини, жамият органларининг таркиби ва иштирокчиларнинг МЧЖдан чиқиш тартиби ва ҳоказоларни кўрсатдилар.

Кўрсатилган Қонуннинг 15-моддасига мувофиқ пул, қимматли қоғозлар, ўзга ашёлар ёки мулкий ҳуқуқлар ёхуд пул баҳосига эга бўлган бошқа шахсга ўтказиладиган ўзга ҳуқуқлар жамиятнинг устав фондига (устав капиталига) қўшиладиган улушлар бўлиши мумкин. Устав фондига қўшиладиган пулсиз улушларнинг пул баҳоси жамият иштирокчилари умумий йиғилишининг бир овоздан қабул қилинадиган қарори билан тасдиқланади. Пулли улушлар бевосита эълон қилинган маблағлар суммаси билан ёки молиялаш ёрдамида, айтайлик, ихтисослаштирилган ташкилотлар томонидан ўтказиладиган капитал таъмирлаш ва бошқа ишлар ёрдамида билвосита киритилиши мумкин.

Иш материалларидан кўринадики, қуйидагилар таъсис шартномасининг шартларига кўра ўзбек тарафининг улуши сифатида белгиланган:

- ҚК балансига топшириладиган ишлаб чиқариш хоналарининг жорий ва капитал таъмирини амалга ошириш;

- ёнғинга қарши тизим ва ҳавонинг марказлаштирилган кондиционерлаш тизимини ўрнатиш;

- хорижий муассис ўз улуши сифатида етказиб берадиган технологик ускунани ўрнатиш ва монтаж қилиш, шунингдек уни ишга тушириш-созлаш.

Ана шу барча ишлар бўйича муассислар томонидан баҳоланган пул маблағларининг суммалари кўрсатилди. Уларнинг натижалари эса таъсис шартномасининг шартларига кўра қабул қилиш-топшириш далолатномаларига мувофиқ ҚК балансига қабул қилиниши керак эди. Суд кўрилаётган вазиятда бажарилаётган ишларнинг пул баҳоси ва уларнинг муассислар томонидан тасдиқланиши тўғрисида қонун талабларига риоя қилинганлигини кўрсатди.

Иш материалларидан кўринадики, жамият амалда:

- офис хоналарини қисман капитал таъмирлаган ва ишлаб чиқариш биносини реконструкция қилган;

- ҳавони йўналтириш тизимини монтаж қилган;

- хоналарга ёнғинга қарши хавфсизлик анжомларини (ўт ўчиргичлар ва ҳоказо) ўрнатган.

Бу ишлар таъсис шартномасида қайд этилганидан камроқ ҳажмлар ва суммаларда бажарилган. Жамият вужудга келган фарқ сифатида ўз ҳиссасини тўлаш ҳисобига ҚК ҳисоб-китоб рақамига пул маблағларини ўтказган.

Хорижий муассисга таъсис шартномаси билан пулсиз улуш  технологик ускуна киритиш мажбурияти юкланган. Хўжалик судининг аниқлашича, ускуна божхона ҳудудига келиб тушган ва “божхона тозалаши”нинг барча таомиллари ўтказилганидан сўнг қўшма корхонанинг ишлаб чиқариш цехига етказилган. Жамият маблағлари ҳисобига жалб этилган мутахассисслар уни ўрнатганлар, монтаж қилиб, ишга тушириш-созлаш ишларини бажарганлар. Шундан сўнг ҚК ускунани ўз балансига олган. Бунда хорижий муассис билан топшириш далолатномаси тузилмаган.

Қўшма корхона томонидан хўжалик судига тақдим этилган бухгалтерия баланси ва бошқа молиявий ҳисобот ҳужжатларидан келиб чиқадики, технологик ускуна амалда ҚК балансида турган ва у томонидан ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилган. Унга доир амортизация ажратмалари амалга оширилган.

Фуқаролик кодекси 53-моддаси иккинчи қисмининг учинчи хатбошисига мувофиқ юридик шахс, агар унинг устав фонди муассислар томонидан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида таъсис ҳужжатларида назарда тутилган миқдорда шакллантирилмаган бўлса, суднинг ҳал қилув қарори асосида тугатилиши мумкин. Ушбу қоида анча умумлаштирилган кўринишда белгиланган ва кўпинча амалиётда вужудга келадиган бир қатор шароитларни аниқлаштирмайди.

Ҳолбуки муассислар томонидан инвестиция мажбуриятлари тўлиқ ва ўз вақтида бажарилишини баҳолаш чоғида қуйидагилар энг муҳим жиҳатлар ҳисобланади:

- пул маблағларининг келиб тушиш далили (улуш пул эквивалентида киритилганида);

- мол-мулкнинг корхонанинг амалдаги эгалигига келиб тушиши, ундан белгиланган мақсадда фойдаланиш ва фойдали хоссаларни олишнинг реал имконияти;

- таъсис шартномасида назарда тутилган ишларни бажариш учун муассис қилган харажатларнинг ҳужжат билан тасдиқланиши;

- тузилган юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб бир йил мобайнида улушни тўлиқ эълон қилинган ҳажмда тўлаш.

Хўжалик суди низони кўраётганда ҚК ва унинг муассислари амалда содир этган ҳаракатлардан келиб чиқди. Юридик шахсни устав фондини шакллантирмаганлик далили бўйича тугатиш учун қонунда юридик аҳамиятга молик ягона мезон белгиланган: эълон қилинган устав капитали миқдорини тўлиқ тўлашнинг белгиланган муддати тугаши пайтида ушбу мақсадда муассислар томонидан киритиладиган ва юридик шахс балансида турган активларнинг номинал қиймати эълон қилинган устав фондининг миқдоридан кам бўлиши керак.

Хўжалик суди улушни киритиш усулини амалда алмаштириш, шунингдек топшириш ҳужжатининг йўқлиги устав фондини шакллантирмаганлик далилини тан олиш учун асос ҳисобланмаслигини кўрсатди. Узил-кесил қарор қабул қилиш чоғида у муассислар таъсис шартномасини имзолаётганда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш ва даромад олиш учун маҳсулот ишлаб чиқарадиган қўшма корхона барпо этишдек асосий мақсадни кўзлаганликларидан келиб чиқди. У ҚК устав фондини шаклланмаган деб топиш учун асосларнинг йўқлигини ҳам кўрсатди, зеро:

- муассислар томонидан тўланган ҳиссалар якунда эълон қилинганларига тенг бўлди;

- улушларнинг миқдори борасида ҳам, ўзбек муассиси томонидан ўз улушини киритиш усулини ўзгартириш борасида ҳам ҳеч ким  низолашмади.

Кассация инстанцияси қўшма корхонани тугатиш учун асос топмади ва унинг кассация шикоятини қондирди.

Кўрилган низо қуйидаги бир қатор жиҳатларни аниқлади, амалдаги қонун ҳужжатлари уларни тартибга солмаган, бироқ устав фондлари муассислар томонидан қонун билан белгиланган муддатда шакллантирилмаганлиги сабабли юридик шахсларни тугатиш тўғрисидаги низоларни кўриш чоғида муҳим ўрин тутади. Уларни қисқача қилиб қуйидагича белгилаш мумкин.

Биринчи. Муассис томонидан устав фондидаги эълон қилинган ҳиссани тўлаш усули таъсис шартномасига тегишли ўзгартишларни олдиндан (ёки кейин) киритишсиз ўзгартирилиши, агар амалда ҳиссанинг тўланган миқдори эълон қилинган миқдорга тенг бўлса, устав фондини шаклланмаган деб топиш учун асос бўлиб хизмат қила олмайди. Бунда муассис мажбуриятларини, агар улушнинг таъсис шартномасида назарда тутилмаган усул билан киритилиши бошқа муассислар ёки ўзи ташкил этган корхона томонидан низолашилмаса, бажарилмаган деб ҳисоблаш тўғри эмас.

Иккинчи. Хорижий муассис билан имзоланган, киритилаётган мол-мулкка топшириш далолатномасининг йўқлиги ҳам, муассис эълон қилинган устав капиталидаги ўз ҳиссасини тўлаш бўйича мажбуриятини бажарганлигини ишончли тасдиқлайдиган бошқа ҳужжатлар мавжудлигида, устав фондини шаклланмаган деб баҳолаш учун асос бўла олмайди. Хўжалик суди кўрган низода қуйидагилар ана шундай ҳужжатлар бўлди:

- божхона органида ҳисобга қўйилган баённома, унда хорижий муассиснинг ускуна билан қўшган улуши кўрсатилган;

- ускуна олиб ўтилишида тўлдирилган божхона юк декларацияси, унда у ҚК устав фондига киритиш учун олиб ўтилаётгани белгиланган;

- устав фонди тўлиқ эълон этилган миқдорда шакллантирилганлиги; ускуна унда ҳисобот даври мобайнида ҳисобга олинганлиги; унга доир амортизация ажратмалари амалга оширилганлиги ва ундан ҚК ишлаб чиқариш фаолиятида фойдаланилганлиги тўғрисида гувоҳлик берувчи бухгалтерия баланси ва бошқа молиявий ҳисобот ҳужжатларининг маълумотлари.

Кўрсатилган жиҳатларни меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда тартибга солиш мақсадга мувофиқдир.


Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган