Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Товар белгиларидан фойдаланиш қоидаларининг бузилиши тўғрисидаги низо бўйича

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ТОВАР БЕЛГИЛАРИДАН ФОЙДАЛАНИШ

ҚОИДАЛАРИНИНГ БУЗИЛИШИ

ТЎҒРИСИДАГИ НИЗО

БЎЙИЧА



ИШНИНГ МОҲИЯТИ

        

Давлат патент идораси юридик шахс (бундан кейин - корхона) ишлаб чиқараётган маҳсулотга товар белгиси сифатида ифодани рўйхатдан ўтказди ва тегишли гувоҳнома берди. Хўжалик судига бошқа юридик шахс (бундан кейин - фирма) кўрсатилган гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ва ҳуқуқ бузилгунига қадар мавжуд бўлган ҳолатни тиклаш тўғрисида даъво аризаси билан мурожаат қилди.

   


ФИРМАНИНГ ПОЗИЦИЯСИ


Товар белгисининг ифодаси корхона патент идорасига товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилишига қадар юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган фирманинг номида фойдаланиладиган сўзлар ва уларнинг бирикмасини ўз ичига олган. Корхона ўз маҳсулотида товар белгисининг сўздаги ифодасида фирма номида мавжуд бўлган сўзлар ва уларнинг айнан бир хил бирикмасини ишлата олмайди. Корхона маҳсулотида товар белгиси сифатида бундай ифоданинг рўйхатдан ўтказилиши мазкур ҳолда қонун талабларига мувофиқ эмас.



КОРХОНА ВА ПАТЕНТ ИДОРАСИНИНГ

БИРГАЛИКДАГИ ПОЗИЦИЯСИ


Корхона ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни тарқатиш чоғида фойдаланиладиган, товар белгиси сифатидаги сўздаги ифодани рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилди. Шу тариқа, у рўйхатдан ўтказилган товар белгисини қўллашда мутлақ ҳуқу??а эгадир.

Юридик шахснинг номи ва товар белгиси - маҳсулот фуқаролик муомаласининг иштирокчиларини индивидуаллаштириш воситаларининг тамомила турли тоифалари эканлиги ва ўз мақомида уларни тенглаштириб бўлмаслиги сабабли, тегишлича, фирма номида ва товар белгисининг сўздаги ифодасида мавжуд бўлган бир хилдаги сўзлар ва уларнинг бирикмаси ифодани товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини ҳақиқий эмас деб топиш учун асос бўла олмайди.



СУДНИНГ ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ


Суд иш материалларини ўрганиб, низо тарафларининг тушунтиришларини тинглаб, қуйидагиларни аниқлади:

- фирма 1998 йилда рўйхатдан ўтказилган, унга юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси берилган;

- корхона 2004 йилда патент идорасига ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотга товар белгиси сифатида сўздаги ифодани рўйхатдан ўтказиш тўғрисида буюртманома берди ва у ўша йилиёқ рўйхатдан ўтказилди;

- товар белгисининг сўздаги ифодасида ва фирманинг номида бир хил сўзлар ва уларнинг бирикмаси бўлган;

- корхона ва фирма бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқарган.

Қонун қоидаларини таҳлил қилиб, суд қуйидагиларни белгилади:

- Фуқаролик кодекси 1098-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, юридик шахснинг фирма номи унинг устави тасдиқланаётганда белгиланади ва юридик шахсларнинг давлат реестрига киритиш йўли билан рўйхатдан ўтказилиши керак;

- “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида”ги қонуннинг 3-моддасига кўра, корхонанинг товар белгиси у ишлаб чиқарадиган маҳсулотни бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг, шу жумладан фирманинг бир турдаги худди шундай маҳсулотидан фарқлаш мақсадида рўйхатдан ўтказилган;

- кўрсатилган Қонун 10-моддаси биринчи қисми 14-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ, корхона маҳсулотига товар белгиси патент идораси томонидан рўйхатдан ўтказилмаслиги керак эди, чунки унинг сўздаги ифодаси бир турдаги маҳсулот ишлаб чиқарадиган фирма номини аниқ ва тўла ҳажмда қайтадан такрорлаган.

Баён этилганлар асосида суд фирманинг талабини қаноатлантирди ва товар белгиси сифатида ифодани рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини ҳақиқий эмас деб топди. Хўжалик судининг юқори инстанциялари унинг хулосаларини қонунга мувофиқ деб топди ва у қабул қилган ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос топмади.




Ш А Р Ҳ


Қабул қилинган ҳал қилув қарори ва унда баён этилган хулосаларнинг моҳиятини тушуниш учун қонун қоидалари ва низоли вазиятни қуйидаги масалалар бўйича таҳлил қилиш керак бўлади:


1) Давлат патент идораси томонидан товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказилган ифодада фойдаланилган сўзлар ва улар бирикмасининг корхона маҳсулотига ҳамда фирма номида келтирилган сўзларга айнан ўхшашлиги ёки қоришиш даражасида ўхшашлигини* эътироф этиш шартлари;


2) фирмани юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтказиш ва корхонанинг ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотга товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун мурожаат қилиши муддатларининг нисбати ва мазкур эпизоднинг суд томонидан ҳал қилув қарори қабул қилинишига таъсири;


3) корхонанинг маҳсулотига сўздаги ифодаси қоришиш даражасида фирма номига ўхшаш товар белгисини рўйхатдан ўтказишнинг оқибатлари.

Фуқаролик кодекси 1098-моддасининг иккинчи қисмига мувофиқ, “юридик шахснинг фирма номи унинг уставини тасдиқлаш вақтида белгиланади ва у юридик шахслар давлат реестрига киритиш йўли билан рўйхатдан ўтказилиши керак”. Иш материалларидан кўринадики, фирма юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтказилган, давлат рўйхатидан ўтказиш гувоҳномасини олган ва юридик шахслар давлат реестрига киритилган ўз номига эга.

Кўрсатилган модданинг биринчи қисмига кўра, “юридик шахс товарларда, уларнинг идиши ва ўровида, рекламада, пешлавҳаларда, босма маълумотномаларда, ҳисобварақларда, босма нашрларда, расмий бланкаларда ва ўзининг фаолияти билан боғлиқ бошқа ҳужжатларда, шунингдек маҳсулотларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ўтказилаётган кўргазма ва ярмаркаларда намойиш этиш вақтида фирма номидан фойдаланишда алоҳида ҳуқу??а эга”. Шу тариқа, фирма ўз мақоми туфайли давлат рўйхатидан ўтказилган пайтидан бошлаб ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотнинг фирма номидан уни тарқатиш, реклама қилиш ва бошқа ҳолларда фойдаланишга мутлақ ҳуқуқ олдики, бунга хўжалик суди ҳам эътибор берди.

2001 йил 30 августдаги 267-II-сон “Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида”ги қонун 3-моддасининг биринчи қисмига кўра, товар белгиси - белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилган, бир юридик ва жисмоний шахсларнинг товарларини бошқа юридик ва жисмоний шахсларнинг бир турдаги товарларидан фарқлаш учун хизмат қиладиган ифодадир. Кўрсатилган Қонун 4-моддасининг биринчи қисмига, шунингдек Фуқаролик кодексининг 1102-моддасига кўра, товар белгисининг ҳуқуқий муҳофазаси уни рўйхатдан ўтказиш асосида амалга оширилади, ундан фойдаланиш ҳуқуқи товар белгисини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномаси билан тасдиқланади.

Иш материалларидан кўринадики, корхона патент идорасига сўздаги ифодани ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотга товар белгиси сифатида рўйхатдан ўтказиш тўғрисида ариза билан мурожаат қилган, патент идораси Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабномани тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари (Давлат патент идораси директорининг Адлия вазирлиги томонидан 2002 йил 1 ноябрда 1184-сон билан рўйхатдан ўтказилган буйруғи билан тасдиқланган)нинг 3-бандига кўра, сўздаги ифодани рўйхатдан ўтказган ва товар белгисини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини берган.

“Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чи??ан жой номлари тўғрисида”ги қонун 10-моддаси биринчи қисми 14-бандининг иккинчи хатбошисига мувофиқ, бир турдаги товарларга нисбатан товар белгисига талабнома келиб тушиш санасидан олдин ушбу номларга доир ҳуқу??а эга бўлган бошқа шахсларга тегишли бўлган, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида машҳур бўлган фирма номларини (ёки уларнинг бир қисмини) такрорлайдиган ифодалар товар белгилари сифатида рўйхатдан ўтказилмайди. Корхона патент идорасига мурожаат қилиб, ўз маҳсулотига товар белгисини рўйхатдан ўтказишидан олти йил аввал фирма рўйхатдан ўтказилган эди. Тегишлича, фирма ўзининг фаолиятида ўз номининг сўздаги ифодасидан фойдаланишга мутлақ ҳуқуқ, шу жумладан корхона рўйхатдан ўтказилган товар белгисидан фойдаланиш ҳуқуқини олишидан аввал ўзи ишлаб чиқараётган маҳсулотда ундан фойдаланиш ҳуқуқини (шунингдек уни ишлаб чиқарувчи сифатида тан олишлари ҳуқуқини) олди.

Фирма ва корхона ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг бир турдалигини белгилашда суд Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабномани тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидаларининг 114-бандида белгиланган қоидалардан келиб чиқди, уларга кўра, ушбу товарларнинг бир ишлаб чиқарувчига мансублиги тўғрисида истеъмолчида тасаввур пайдо бўлишининг амалда мумкинлигини, шунингдек улар тайёрланган материалнинг тури (хили), вазифаси, сотиш шартлари, истеъмолчилар доираси ва бошқа аломатларни белгилаш талаб қилинади. Белгиларни рўйхатдан ўтказиш учун товар ва хизматларнинг халқаро таснифига мувофиқ, иккала юридик шахс ишлаб чиқараётган маҳсулот бир турда бўлиб, бир хилдаги вазифани кўзлаган. Бундан ташқари, фирма ишлаб чиқараётган маҳсулот бозорда етарлича узоқ вақтдан бери мавжуд бўлган, у муайян талабга эга бўлган истеъмолчилар доираси шаклланган. Ҳал қилув қарорини қабул қилаётганда суд мазкур жиҳатларни юридик жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга бўлган, ўзининг номида сўздаги ифодадан фойдаланишга бўлган фирманинг мутлақ ҳуқуқи бузилганидан гувоҳлик берувчи далиллар сифатида ҳисобга олди.

Товар белгиси ва хизмат кўрсатиш белгисини рўйхатдан ўтказиш учун талабномани тузиш, топшириш ва кўриб чиқиш қоидалари 104-бандининг иккинчи хатбошисига кўра, “агар ифода, уларнинг айрим фарқларига қарамай, у билан бир яхлитликда намоён бўлса, ифода қоришиш даражасида ўхшаш* деб ҳисобланади”. Фирма номида ва корхонанинг рўйхатдан ўтказилган товар белгисида сўздаги ифодаларнинг ўхшашлигини аниқлашда суд кўрсатилган Қоидаларнинг 106-109-бандларидаги қоидаларга асосланди ва корхонанинг рўйхатдан ўтказилган товар белгисининг сўздаги ифодаси фирманинг номини айнан такрорлашини қайд этди (бир хилдаги сўзлар ва уларнинг бирикмаси ишлатилган).

Суд корхона маҳсулотига товар белгисини рўйхатдан ўтказишнинг нотўғрилиги тўғрисида қарор қабул қилиш учун қонун билан белгиланган барча аломатлар ва асосларни аниқлади, чунки унинг сўздаги ифодаси ва фирманинг номи қоришиш даражасида ўхшаш эди. Бу ҳол фирманинг ҳуқуқлари бузилганлиги далилини белгилаш ва берилган товар белгисини рўйхатдан ўтказиш гувоҳномасини ҳақиқий эмас деб топиш, шунингдек корхонанинг фирманинг ўз номининг сўздаги ифодасидан фойдаланишга доир мутлақ ҳуқуқини бузадиган бундан кейинги ҳаракатларига йўл қўймаслик тўғрисида қарор қабул қилиш учун асос бўлиб хизмат қилди.

Тадбиркорлик фаолияти субъектларига мазкур материалда ҳикоя қилинганга ўхшаш нохуш оқибатлар юз беришининг олдини олиш мақсадида товар белгисини рўйхатдан ўтказиш учун ариза бериш чоғида корхона содир этган хатоларни ҳисобга олиш тавсия қилинади.


-----------------------

*) таҳр. - “қоришиш даражасида ўхшашлик” - бир хилдалик, айнан ўхшашлик маъносида.



Мазкур материал Германия техник ҳамкорлик жамияти

кўрсатаётган техник мадад туфайли амалга оширилган