Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.07.2007 й. Р N 75-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.07.2007 й.

Р N 75

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - "219-сонли" шўъба корхонаси вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Қашқадарёқурилиш" МЧЖдан 46100000 сўм асосий қарз, 5000000 сўм пеня, жами 51100000 ундиришни сўраган.

Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2006 йил 7 февралдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Қашқадарёқурилиш" МЧЖдан даъвогар фойдасига 46100000 сўм асосий қарз ундирилган. Даъвонинг қолган қисми рад этилган.

Иш апелляция тартибида кўрилмаган.

Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2006 йил 1 майдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Протестда суд қарорларини бекор қилиб, ишни биринчи инстанция судида янгидан кўриш учун Самарқанд вилоят хўжалик судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини текшириб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "219-МКК" шўъба корхонаси билан "Қашқадарёқурилиш" МЧЖ ўртасида "Шўртангазкимё" мажмуасида қурилиш ишлари юзасидан 1999 йил 9 февралдаги 11/1-сонли, 2000 йил 2 февралдаги 21/1-сонли контрактлар, Қарши шаҳридаги 750-ўринли педагогика коллежини қуриш юзасидан 2003 йил 31 мартдаги 3-сонли шартнома тузилган.

Даъвогар - "219-МКК" шўъба корхонаси ўз даъво аризасида "ёрдамчи пудратчи" сифатида бажарган ишларига тўланмай қолаётган асосий қарз 46127474 сўмни ташкил этади деб кўрсатиб, юқорида қайд этилган шартнома ва контрактларни, иш бўйича тарафлар ўртасида 2003 йил 5 декабрда тузилган ҳисоб-китобни солиштириш далолатномасини даъвони исботловчи ҳужжат сифатида даъво аризасига илова қилиб, асосий қарз ва тўлов кечиктирилган ҳар бир кунга ҳисобланган неустойкани ундиришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддасига мувофиқ ишда иштирок этувчи ҳар бир шахс ўз талаб ва эътирозларига асос қилиб келтираётган ҳолатларни исботлаши керак.

Контрактлар ва шартнома бўйича бажарилган қурилиш пудрати ишлари ҳажми, ишлар учун тўланиши лозим бўлган ҳақ миқдори шартноманинг 1-бандида белгиланган, "ёрдамчи пудратчи" томонидан тузилган 2 ва 3-шаклдаги далолатномалар асосида "бош пудратчи" тўлаб бериши келишилган.

Лекин иш ҳужжатларида 2 ва 3-шаклдаги далолатномалар мавжуд бўлмаса-да, суд томонидан даъвонинг асосий қарз қисмини қаноатлантириш ҳақида барвақт ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Суд қарорларидан кўринишича, даъвогарнинг даъво талабларини қисман қаноатлантириш учун "Sarmoliya" ва "Ойна" МЧЖнинг аудиторлик хулосалари олинган. Аммо суд томонидан "Sarmoliya" ва "Ойна" МЧЖнинг аудиторлик хулосалари ва уларга илова қилинган ҳужжатлар чуқур таҳлил қилинмаган.

Даъво қилинаётган асосий қарз низоли бўлганлиги ҳамда бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари билан ўз исботини топмаётганлиги сабабли суд томонидан аудиторлик хулосаси нафақат даъвогарнинг, балки "Қашқадарёқурилиш" МЧЖнинг 2003-2005 йиллардаги хўжалик-молиявий фаолиятини ўрганиш натижаси юзасидан олиниши лозим эди.

Солиштирма далолатнома хўжалик юритувчи субъектларнинг дебиторлик ва кредиторлик қарзлари юзасидан тузилган ҳужжат ҳисобланиб, қонун ҳужжатлари талабларига биноан расмийлаштирилса ҳамда тарафлар ўртасида ушбу солиштирма далолатнома бўйича низо бўлмаса, судлар томонидан қарздорликни ундириш учун далил сифатида қабул қилиниши мумкин. Аксинча, низо солиштирма далолатнома асосида эмас, қарздорликни тасдиқловчи бирламчи бухгалтерия ҳужжатлари асосида ҳал этилиши керак.

"Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига мувофиқ пул, товар-моддий ва бошқа бойликларни қабул қилиш ва бериш учун асос бўлиб хизмат қиладиган ҳужжатлар, агар имзолаш ҳукуқига эга бўлган шахсларнинг имзоси бўлмаса, ҳақиқий ҳисобланмайди.

Иш ҳужжатларига қараганда, 2003 йил 5 декабрь ҳолатига расмийлаштирилган солиштирма далолатнома ксеронусхаси иш бўйича "Қашқадарёқурилиш" МЧЖ номидан бош ҳисобчи, "219-МКК" шўъба корхонаси номидан эса шўъба корхона раҳбари томонидан имзоланиб, ҳисоб-китобнинг солиштириш далолатномаси юқорида қайд этилган "Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 8-моддасига зид равишда расмийлаштирилган. Биринчи инстанция суди ҳал қилув қарорини қабул қилишда 219-сонли шўъба корхонаси юридик шахс мақомига эга деган хулосага келган бўлса-да, ишдаги мавжуд "Қашқадарёқурилиш" МЧЖ Низомининг 1.3-бандида белгиланган "Қашқадарёқурилиш" МЧЖ юридик шахс ҳисобланиб, қолган барча қуйи турувчи ташкилотлар 2001 йил 11 октябрдан бошлаб шўъба корхонаси деб номланишига эътибор бермаган.

Биринчи ва кассация инстанцияси судлари томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган ва исботланмаган, қабул қилинган қарорларда баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Юқоридагиларга кўра, мазкур иш юзасидан қабул қилинган суд қарорлари бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборилиши лозим.

Суд ишни янгидан кўришда мавжуд ҳужжатлар асосида ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаб, далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, 2003 йил 31 мартдаги 3-сонли шартнома бўйича учинчи томон бўлиб 6-сонли шўъба корхонаси пудратчи сифатида қайд этилганини инобатга олиб, 6-сонли шўъба корхонани ишга тараф сифатида жалб қилиб, "Қашқадарёқурилиш" МЧЖнинг 2003-2005 йиллардаги молиявий фаолияти натижаси бўйича мутахассис хулосасини олиб, тўпланган ҳужжатлар йиғиндисига кўра қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.