Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 14.06.2007 й. Р N 53-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

14.06.2007 й.

Р N 53

(КЎЧИРМА)

Самарқавд вилоят прокуратураси Пастдарғом тумани "Улуғбек пахта заводи" акциядорлик жамияти манфаатини кўзлаб, Самарқанд вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "ESHPULAT-XOSILOT KAZAK K.O.E." фермер хўжалигидан акциядорлик жамияти билан тузилган контрактация шартномасига асосан етказиб берилмаган пахта хом ашёсининг 25 фоизи миқдорида - 2088450 сўм жаримани ундиришни сўраган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2006 йил 13 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Суд томонидан процессуал ҳуқуқ нормалари бузилган ҳолда ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 61-моддасининг биринчи қисмида хўжалик суди ишдаги мавжуд далилларни ҳар томонлама, тўлиқ ва холис текширишга асосланган ўз ички ишончи бўйича баҳолаши лозимлиги белгиланган.

Шунингдек, ХПК 136-моддаси биринчи қисмининг 1, 2-бандларида хўжалик суди ҳал қилув қарорини қабул қилишда далилларга баҳо бериши, иш учун аҳамиятли бўлган қайси ҳолатлар аниқланганлигини ва қайсилари аниқланмаганлигини белгилаши лозимлиги кўрсатилган.

Бироқ, биринчи инстанция суди томонидан иш ҳолатлари тўлиқ аниқланмаган, ишда мавжуд далиллар ҳар томонлама ва тўлиқ текширилмаган ҳамда уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Иш ҳужжатларида "Улуғбек пахта заводи" акциядорлик жамияти билан "ESHPULAT-XOSILOT KAZAK K.O.E." фермер хўжалиги ўртасида тузилган 2006 йил 9 февралдаги 514-сонли контрактация шартномаси мавжуд бўлиб, бу шартномада фермер хўжалиги 17,4 га ер майдонидан 34,8 тн. пахта хом ашёси етказиб бериши кўрсатилган. Бироқ, протестга илова қилинган "ESHPULAT-XOSILOT KAZAK K.O.E." фермер хўжалигида мавжуд бўлган 2006 йил 9 февралдаги 514-сонли контрактация шартномасининг нусхасида фермер хўжалиги 7,1 га ер майдонидан 17 тн. пахта хом ашёсини етказиб бериши белгиланган.

Иш ҳужжатларига илова қилинган 2006 йил 9 февралдаги 514-сонли контрактация шартномасидан ер майдони ва пахта хом ашёси топширилиш тоннасидаги сонлар ўзгартирилганлиги кўриниб турибди, аммо биринчи инстанция суди томонидан ушбу бир-бирига қарама-қарши шартномалар ўрганилмаган ва уларга тегишли ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Бундан ташқари, Пастдарғом туман ҳокимининг 2006 йил 27 февралдаги қарори билан С.Маллаев номли ширкат хўжалиги негизида пахта ва ғаллачилик йўналиши бўйича "ESHPULAT-XOSILOT KAZAK K.O.E." фермер хўжалиги ташкил қилинган ҳамда ушбу юридик шахсни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисидаги 2006 йил 6 март кунидаги 389-сонли гувоҳнома берилган. Туман ҳокимлиги билан "ESHPULAT-XOSILOT KAZAK K.O.E." фермер хўжалиги ўртасида ер участкасини ижарага бериш шартномаси 2006 йил 6 март куни тузилган бўлса-да, бироқ фермер хўжалиги билан "Улуғбек пахта заводи" акциядорлик жамияти ўртасида пахта хом ашёси харид қилиш тўғрисидаги 514-сонли контрактация шартномаси фермер хўжалиги ташкил қилинмасдан олдин, яъни, 2006 йил 9 февралда расмийлаштирилган.

Биринчи инстанция суди томонидаи контрактация шартномасининг ер ижара шартномасидан олдин тузилганлиги сабаби аниқланмаган ва ушбу ҳолатга ҳам баҳо берилмаган.

ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига асосан суд ҳужжатининг ноқонуний ёки асоссизлиги суд қарорини назорат тартибида бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда Раёсат биринчи инстанция суди томонидан иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги, суд қарорларида баён қилинган хулосаларнинг иш ҳолатларига мувофиқ келмаслиги сабабли, ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судида кўриш учун юборишни лозим топади.

Ишни янгидан кўришда суд қайд этилган ҳолатларни бартараф этиб, ишнинг ҳақиқий ҳолатини аниқлаб, далилларга тўғри ҳуқуқий баҳо бериб, қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.