Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.04.2006 й. Р N 35-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

27.04.2006 й.

N Р 35



(Кўчирма)



Самарқанд вилоят прокурори "Жомбой дон маҳсулотлари" акциядорлик жамияти манфаатида Самарқанд вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Муллатўби" фермер хўжалигидан 379000 сўм асосий қарз, 707200 сўм жарима, жами 1086200 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2004 йил 4 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияларида кўрилмаган.

Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари томонидан келтирилган протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат, судья маърузасини, жавобгар вакилининг тушунтиришини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, биринчи инстанция суди томонидан процессуал ҳуқуқ нормаларининг бузилишига йўл қўйилган.

Даъво аризаси суднинг 2004 йил 29 сентябрдаги ажрими билан иш юритишга қабул қилинган ва ишни кўриш 2004 йил 4 октябрга тайинланган. Аммо суд ажрими Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 124-моддасида белгиланган тартибда ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи далиллар ишда мавжуд эмас. Натижада суд мажлисига жавобгар вакилининг иштироки таъминланмаган ва бу билан унинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган.

Суд томонидан иш ҳужжатлари етарлича ўрганилмаган ва уларга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Даъво аризасида шартномага кўра фермер хўжалиги 37,8 тонна дон маҳсулотларини етиштиришни режалаштирганлиги, бироқ 4,1 тонна ғалла топшириб, қолган дон маҳсулотларини топширишдан асоссиз равишда бош тортиб келаётганлиги кўрсатилган.

Тарафлар ўртасида тузилган 2003 йил 26 ноябрдаги 807-сонли контрактация шартномасида фермер хўжалиги 4,8 тонна буғдой ва 3,5 тонна арпа етказиб бериши белгиланган. Мазкур шартномада дон маҳсулотларининг ҳар бир тоннаси учун нарх белгиланмаган бўлса-да, қандай ҳисоб-китоблар асосида 1086,2 минг сўм ундириш тўғрисида даъво аризаси берилганлиги суд томонидан муҳокама қилинмаган.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 200-моддасига мувофиқ суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилиши лозим.

Ишни янгидан кўришда йўл қўйилган процессуал қонунбузилиши ҳолатлари бартараф қилиниб, ишда иштирок этувчи шахслар белгиланган тартибда суд мажлиси вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилиниши, ҳар иккала тарафнинг барча важлари муҳокама қилиниб, ишдаги мавжуд ҳужжатларга ҳуқуқий баҳо берилиб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиниши лозим.

Юқоридагиларга кўра, Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2004 йил 4 октябрдаги ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон