Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.04.2006 й. Р N 38-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

27.04.2006 й.

N Р 38



(Кўчирма)



Тошкент вилоят прокурори "Далварзин пахта тозалаш заводи" акциядорлик жамияти манфаатида Тошкент вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Абдурауф Полвон" фермер хўжалигидан 2158000 сўм қопланмаган бўнак маблағи, 3571425 сўм жарима, жами 5729425 сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2004 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция инстанциясида кўрилмаган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 8 февралдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Олий хўжалик суди раисининг ўринбосари томонидан келтирилган протестда суд қарорларини ўзгартириб, жарима миқдорини 357142 сўмгача камайтириш масаласи қўйилган.

Раёсат, судья маърузасини, жавобгар вакилининг тушунтиришини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини тинглаб, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан аниқланишича, тарафлар ўртасида пахта хом ашёси ва уруғлик пахта харид қилиш бўйича 2004 йил 4 январда тузилган контрактация шартномасига асосан фермер хўжалиги 101 тонна пахта хом ашёси ўрнига, 37,5 тонна пахта хом ашёси топширган.

Шартноманинг 5.2-бандида белгиланган миқдорда пахта хом ашёси топширилмаса "Хўжалик" "Тайёрловгача" топширилмаган маҳсулот қийматининг 25 фоизи миқдорида жарима тўлаши белгиланган.

Биринчи инстанция суди иш ҳолатларидан келиб чиқиб, жавобгар мажбуриятини лозим даражада бажармаган деб ҳисоблаб, қопланмаган бўнак маблағи ва пеняни ундириш ҳақида тўғри хулосага келган, аммо мажбуриятни тўлиқ бажармаслик сабабларини инобатга олмаган.

Кассация инстанцияси суди ҳам фермер хўжалигининг важларини инобатга олмасдан, ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз қолдирган.

"Абдурауф Полвон" фермер ҳўжалиги тумандаги ночор аҳволга тушиб қолган, бир неча йиллар санацияда бўлган А.Мавлонов номли ширкат хўжалигининг тугатилиши негизида ташкил этилган. Бекобод туман ҳокимининг 2004 йил 3 февралдаги қарори билан фермер хўжалиги давлат рўйхатидан ўтказилган.

Ширкат хўжалигининг 2004 йил 1 июль ҳолатига мавжуд бўлган кредитор қарзларини янги ташкил этилган фермер хўжаликларига тақсимоти ҳақидаги маълумотномада "Абдурауф Полвон" фермер хўжалиги 5244,0 минг сўм қарзни тўлаши кўрсатилган.

Бундан ташқари, фермер хўжалигининг давлат рўйхатидан ўтгандан кейин ер майдони берилиб, шудгор қилинганлиги натижасида ҳосилдорлик 10-20 фоизга камайган, берилган уруғлик чигитнинг сифатсизлиги натижасида униб чи??ан ғўза кўчатларидаги кўсаклар сонининг камлиги, кўсаклар 3-4 чаноқли бўлиб етилганлиги сабабли, ҳосилдорлик 30-40 фоизга пасайди, деб келтирган важларига ҳуқуқий баҳо берилмаган.

Раёсат тўланиши лозим бўлган жарима фермер хўжалигининг мажбуриятини бузиш оқибатларига номутаносиблигини, унинг мулкий аҳволини ҳамда тарафларнинг манфаатларини ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 326-моддасини қўллаб, жарима миқдорини 357142 сўмгача камайтиришни лозим топади.

Юқоридагиларга кўра, Раёсат ушбу иш бўйича қабул қилинган Тошкент вилоят хўжалик судининг 2004 йил 19 ноябрдаги ҳал қилув қарори ва Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 2006 йил 8 февралдаги қарорининг "Абдурауф Полвон" фермер хўжалигидан "Далварзин пахта тозалаш заводи" акциядорлик жамиятига 3571425 сўм жарима ундириш қисмини ўзгартириб, жавобгардан 357142 сўм миқдорида жарима ундириш, суд қарорларининг қолган қисмини ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон