Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 27.12.2007 й. Р N 130-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

27.12.2007 й.

Р N 130

(КЎЧИРМА)

"Пўлатжон" фермер хўжалиги Тошкент вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалигидан 4920,0 минг сўм бой берилган даромад, 167,7 минг сўм ягона ер солиғи, жами 5087,7 минг сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция судининг 2007 йил 8 январдаги ҳал қилув қарори билан даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2007 йил 16 мартдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгартирилиб, ягона ер солиғининг миқдори 167700 сўмдан 125775 сўмгача камайтирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2007 йил 6 июндаги қарори билан суд қарорларининг 4920000 сўм бой берилган даромадни ундириш қисми бекор қилинган ва ушбу талаб рад этилган.

Протестда барча суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ишдаги ҳужжатларга кўра, "Пўлатжон" фермер хўжалиги Янгийўл туман ҳокимининг 2000 йил 30 июндаги 667-сонли қарорига асосан ем-хашак етиштириш учун ижарага ажратилган 12 га ер майдонидан фойдаланиб келган. "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалиги эса 2006 йил февраль-сентябрь ойларида "Пўлатжон" фермер хўжалигига ажратилган ер майдонининг 3 гектаридан ўзбошимчалик билан фойдаланган.

Бундан норози бўлган "Пўлатжон" фермер хўжалиги "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалигидан 3 га ер майдонини олиб беришни ва 1,3 млн. сўм етказилган зарарни ундиришни сўраб 2006 йил 6 сентябрда хўжалик судига даъво аризаси берган.

Тошкент вилоят хўжалик судида қўзғатилган 11-0622/9350-сонли иш бўйича биринчи инстанция судининг 2006 йил 27 сентябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қисман қаноатлантирилиб, "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалигидан "Пўлатжон" фермер хўжалигига 3 га ер майдони олиб берилган ва 100,0 минг сўм миқдорида зарар ундирилган.

Мазкур иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

"Пўлатжон" фермер хўжалиги 2006 йил 28 ноябрда хўжалик судига берган янги даъво аризасида 3 га ер майдонидан олиниши мумкин бўлган 24 тонна макка ва силос учун 4920,0 минг сўм даромад бой берилганлигини ҳамда 167,7 минг сўм ягона ер солиғи тўланганлигини важ қилиб кўрсатиб, "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалигидан 5087,7 минг сўм ундиришни сўраган.

Биринчи инстанция суди даъвони тўлиқ қаноатлантирган. Апелляция инстанцияси суди ягона ер солиғининг миқдорини ўзгартирган. Кассация инстанцияси суди бой берилган даромадни ундириш тўғрисидаги даъво талабини рад этган. Аммо биринчи инстанция суди иш ҳолатларини тўлиқ ўрганмасдан, даъво талабларини тўлиқ қаноатлантириш тўғрисида барвақт хулосага келган. Суд томонидан даъвонинг бой берилган даромад қисмини қаноатлантириш тўғрисидаги хулосага келишда, даъвогар томонидан тақдим этилган маълумотномаларгина эътиборга олинган, холос. Ушбу хатоликлар апелляция ва кассация инстанцияси судлари томонидан бартараф этилмасдан, суд қарорлари фақат ўзгартирилган.

"Пўлатжон" фермер хўжалиги Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 55-моддаси талабларидан келиб чиқиб, ўзининг даъво талабларини судга тақдим этилган статистик ҳисоботлар, Янгийўл шаҳар де??он бозори ва Янгийўл туман давлат солиқ инспекциясининг маълумотномалари билан исботлашга ҳаракат қилган.

Суд эса "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалиги томонидан 2006 йил февраль-сентябрь ойларида ўзбошимчалик билан эгалланган 3 гектар ерга қандай турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлигини, уларни етиштириш ва ўриб олишда қилинган ҳақиқий харажатларни, маҳсулотларни сотишдан олинган даромад (фойда) миқдорини аниқламаган. Шунингдек, ушбу ерда қанча миқдорда маккажўхори етиштириш мумкинлигини, макка ва силос тайёрлаш учун қанча миқдорда харажатлар қилиниши лозимлигини ўрганмаган.

Бундан ташқари, "Пўлатжон" фермер хўжалигидан ўзида қолган 9 гектар ер майдонига қандай турдаги қишлоқ хўжалиги экинлари экилганлигини, қанча миқдорда ҳосил ва даромад олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар талаб қилиб олинмаган ҳамда уларга ҳуқуқий баҳо берилмаган. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 14-моддасининг учинчи қисмига мувофиқ, агар ҳуқуқни бузган шахс бунинг натижасида даромад олган бўлса, ҳуқуқи бузилган шахс бошқа зарар билан бир қаторда бой берилган фойда бундай даромаддан кам бўлмаган миқдорда тўланишини талаб қилишга ҳақли.

Янгийўл туман давлат солиқ инспекциясининг 2006 йил 10 октябрдаги 07-1286-сонли маълумотномасида 2006 йил учун "Пўлатжон" фермер хўжалигига 167,7 минг сўм ягона ер солиғи ҳисобланганлиги кўрсатилган. Ягона ер солиғининг ҳисоб-китоби тўғрисидаги маълумотномада солиқ миқдори 13,8 га ер майдонига қараб ҳисобланганлиги қайд этилган.

Шу солиқ инспекциясининг 2006 йил 27 декабрдаги 09/1-3586-сонли маълумотномасига кўра 2006 йилдаги фаолияти учун "Пўлатжон" фермер хўжалигига 163547 сўм ягона ер солиғи ҳисобланган. Ушбу маълумотномалардаги рақамлар турли хил бўлса-да, суд томонидан "Пўлатжон" фермер хўжалигига 12 га ер майдони учун ҳақиқатда қанча миқдорда ягона ер солиғи ҳисобланганлиги ва тўланганлиги аниқланмаган.

Бундай ҳолда Раёсат суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Ишни янгидан кўришда суд "Жаббор Ал-Рашид" фермер хўжалиги 2006 йил февраль-сентябрь ойларида ўзбошимчалик билан эгаллаган 3 гектар ерга қанақа турдаги экинлар экканлигини, уларни етиштириш ва ўриб олишда қилинган харажатларни, маҳсулотларни сотишдан олинган даромад (фойда) миқдорини аниқлаб, ушбу ерда қанча миқдорда маккажўхори етиштириш мумкинлигини, макка ва силос тайёрлаш учун кетадиган сарф-харажатларни тарафлар вакиллари, мутахассислар иштирокида аниқлаб, "Пўлатжон" фермер хўжалигидан ўзида қолган 9 гектар ер майдонига қандай экинлар экилганлиги ва қанча даромад олинганлигини тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилиб олиб, уларга ҳуқуқий баҳо бериб, "Пўлатжон" фермер хўжалигига 12 га ер майдони учун қанча миқдорда ягона ер солиғи ҳисобланганлиги ва тўланганлигини аниқлаб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида қонуний ва асослантирилган ҳал қилув қарори қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.