Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 30.08.2007 й. Р N 99-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

30.08.2007 й.

Р N 99

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "Каттыагар" ширкат хўжалиги аъзоларининг 2003 йил 20 сентябрдаги умумий йиғилиш қарорини, Нукус туман ҳокимининг 2003 йил 23 октябрдаги 549/10-сонли қарорини ва "Хан-Тўре" фермер хўжалиги билан Нукус туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер ижара шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Суднинг 2006 йил 10 августдаги ажрими билан фуқаро Т.Бекмуратов низонинг предметига мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида жалб қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2006 йил 16 августдаги ажрими билан низо хўжалик судида кўриш учун тегишли эмас деб, иш юритиш тугатилган.

Даъвогар хўжалик судига суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза билан мурожаат қилган.

Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2006 йил 9 октябрдаги ажрими билан даъвогарнинг суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқиш ҳақидаги аризаси қаноатлантирилиб, суднинг 2006 йил 16 августдаги ажрими бекор қилинган ва янгидан кўрилган.

Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг 2006 йил 18 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2007 йил 18 апрелдаги қарори билан ҳал қилув қарори бекор қилиниб, даъво тўлиқ қаноатлантирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2007 йил 12 июндаги қарори билан ишни янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш юзасидан берилган ариза бўйича қабул қилинган барча суд ҳужжатлари бекор қилиниб, биринчи инстанция судининг иш юритишни тугатиш ҳақидаги ажрими ўз кучида қолдирилган.

Протестда мазкур иш бўйича чиқарилган барча суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини текшириб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантиришни лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар хўжалик судига мурожаат қилиб, жавобгар - "Каттыагар" ширкат хўжалиги аъзоларининг 2003 йил 20 сентябрдаги умумий йиғилиш қарорини, Нукус туман ҳокимининг 2003 йил 23 октябрдаги 549/10-сонли қарорини ва "Хан-Тўре" фермер хўжалиги билан Нукус туман ҳокимлиги ўртасида тузилган ер ижара шартномасини ҳақиқий эмас деб топишни сўраган.

Биринчи инстанция суди ишга дахлдор бўлмаган фуқаро Т.Бекмуратовни мустақил талаблар билан арз қилувчи учинчи шахс сифатида ишга жалб қилиб, низо хўжалик судида кўриш учун тегишли бўлмаганлиги учун иш юритишни тугатган. Ваҳоланки, Т.Бекмуратов судга ариза бериб, ушбу иш бўйича ҳеч қандай манфаатдорлиги йўқлиги, аксинча Адлия вазирлигига ариза билан мурожаат қилиб, қонунбузилишининг олдини олишни сўраганлигини маълум қилган.

Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 27 августдаги 370-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга асосан жавобгар - юридик шахсларга нисбатан хўжалик судига мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикаси ХПК 23-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига кўра хўжалик судига иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркор мақомини қонунда белгиланган тарзда олган фуқаролар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар тааллуқлидир.

Кассация инстанцияси суди даъво талабларидан бири - ширкат хўжалиги аъзоларининг умумий йиғилиш қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги талаб хўжалик судига тегишли эмас, бу талабни кўриб чиқишда фуқароларнинг манфаатлари бузилиши мумкин деб, нотўғри хулосага келган. Чунки, биринчидан, умумий йиғилиш қарори юридик шахс юқори органининг қарори ҳисобланади. Иккинчидан, суд ширкат хўжалиги ўз фаолиятини амалга ошираётганлиги ёки тугатилганлиги ҳолатини ўрганмаган.

Нукус туман статистика бўлимининг маълумотномасидан кўринишича, "Каттыагар" ширкат хўжалиги тугатилиб, давлат реестридан чиқарилган. Бундай ҳолда Раёсат протестни қаноатлантириб, иш бўйича чиқарилган суд ҳужжатларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб ҳисоблайди.

Ишни янгидан кўришда суд юқорида қайд этилган камчиликларни бартараф этиб, ширкат хўжалиги тугатилганлиги ҳолатини аниқлаб, низо хусусида асослантирилган ва қонуний қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.