Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.07.2007 й. Р N 37-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.04.2007 й.

Р N 37

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - "Енбек" ширкат хўжалиги тугатиш комиссияси вилоят хўжалик судига жавобгар - "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалигига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб, комиссиянинг 2006 йил 20 мартдаги қарори (баённомаси)нинг Рустамов Жаксибайни 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби деб тасдиқлаш тўғрисидаги ва Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2006 йил 23 мартдаги 96-сонли қарорининг 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби Рустемов Жаксибай деб тасдиқланган қисмини ҳақиқий эмас деб бекор қилишни сўраган.

Даъво аризаси иш юритувга қабул қилингунга қадар "Енбек" ширкат хўжалиги тугатиш комиссияси даъво аризасига қўшимча киритиб, "Енбек" ширкат хўжалигини тугатиш комиссияси билан "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалиги ўртасида 2006 йил 25 мартда тузилган шартномани бекор қилишни сўраган.

Тошкент вилоят хўжалик судининг 2006 йил 8 августдаги ажрими билан даъвони таъминлаш юзасидан "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалигининг чорва моллари низо хўжалик судида кўрилиб, қонуний қарор қабул қилингунга қадар хатланган.

Апелляция инстанциясининг 2006 йил 25 августдаги қарори билан 2006 йил 8 августдаги ажрим бекор қилинган.

Тошкент вилоят хўжалик судининг 2006 йил 30 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Иш апелляция инстанцияси судида кўрилмаган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 15 ноябрдаги қарори билан вилоят хўжалик суди апелляция инстанциясининг 2006 йил 25 августдаги қарори ва 2006 йил 30 августдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Протестда вилоят хўжалик судининг 2006 йил 30 августдаги ҳал қилув қарори ва кассация инстанцияси судининг 2006 йил 15 ноябрдаги қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Даъво аризасида "Енбек" ширкат хўжалигини тугатиш комиссиясининг 2006 йил 20 мартдаги қарори (баённомаси)нинг Рустемов Жаксибайни 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби деб тасдиқлаш тўғрисидаги ва Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2006 йил 23 мартдаги 96-сонли қарорининг "Енбек" ширкат хўжалигини 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби Рустемов Жаксибай деб тасдиқланган қисмини ҳақиқий эмас деб, бекор қилиш сўралган.

Лекин вилоят хўжалик суди ишни кўришда даъво талаби нимадан иборат эканига аниқлик киритмаган.

"Енбек" ширкат хўжалигини тугатиш комиссияси билан "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалиги ўртасида 2006 йил 25 мартда тузилган шартномада "Енбек" ширкат хўжалигининг 387968700 сўмлик кўчмас ва кўчар мулки "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалигига сотилиши қайд этилган.

Ҳал қилув қарори мазмунидан кўринишича, ишни кўришда "Енбек" ширкат хўжалиги тугатиш комиссиясининг 2006 йил 20 мартдаги қарори (баённомаси)нинг Рустемов Жаксибайни 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби деб тасдиқлаш тўғрисидаги ва Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2006 йил 23 мартдаги 96-сонли қарорининг "Енбек" ширкат хўжалигини 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби Рустемов Жаксибай деб тасдиқланган қисмини ҳақиқий эмас деб, бекор қилиш тўғрисидаги даъво талаби муҳокама қилинмаган.

Биринчи инстанция суди томонидан даъвони рад этишда "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалиги билан "Оралбаев Нуржан Аргўнбаевич" де??он хўжалиги ўртасида 2006 йил 30 августда тузилган олди-сотди шартномасига асосан тушган 3500000 сўм пул маблағи "Енбек" ширкат хўжалиги тутатиш комиссиясининг ҳисоб рақамига ўтказилгани, Бўстонлиқ туман давлат статистика бўлимининг 2006 йил 30 августдаги маълумотномасига кўра, 2006 йил 1 июль ҳолатига фермер хўжалиги томонидан берилган ҳисоботи бўйича қўй ва эчкилар 7521 бошни, улардан олинган насл 3185 бошни, отлар 102 бошни, олинган насл 14 бошни ташкил этиши, АТ "Саноатқурилишбанк" Ғазалкент бўлимига чорвачиликни ривожлантириш учун "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалигига 60 млн. сўм миқдорида кредит ажратиш мақсадга мувофиқ деб топилгани ва уни тасдиқлаш вилоят Марказий банки раҳбариятига тақдим этилгани, сотиб олинган мулк учун "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалигига бинолар ва иншоотларга бўлган ҳуқуқнинг давлат рўйхатидан ўтказилганлиги тўғрисида гувоҳномалар берилгани каби ҳолатлар асос қилиб олиниб нотўғри хулоса қилинган. Чунки, "Енбек" ширкат хўжалигини тугатиш комиссияси билан "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалиги ўртасида 2006 йил 25 мартда тузилган шартноманинг 1.2-бандида сотиб олинган кўчмас ва кўчар мол-мулкка мулк ҳуқуқи мол-мулкнинг нархини тўлиқ тўлагандан кейин вужудга келиши, 2.2-бандида эса "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалиги бир ой муддат ичида шартномада кўрсатилган мол-мулк нархини тўлаб бериши белгиланган. Иш ҳужжатларидан қўринишича, "Енбек Жаксибай Бе" фермер хўжалиги шартнома мажбуриятларини бажармаган.

Бундан ташқари, даъво аризаси билан Бўстонлиқ туман ҳокимининг 2006 йил 23 мартдаги 96-сонли қарорининг "Енбек" ширкат хўжалигини 202-лойиҳа бўйича аукцион ғолиби Рустемов Жаксибай деб тасдиқланган қисмини ҳақиқий эмас деб, бекор қилиш сўралган бўлса-да, даъво аризаси иш юритувга қабул қилинаётганда Бўстонлиқ туман ҳокимлиги даъво аризасида жавобгар сифатида қайд этилмаганига эътибор берилмаган. Вилоят хўжалик суди томонидан ишни кўриш жараёнида ҳам Бўстонлиқ туман ҳокимлигини ишга жавобгар сифатида жалб этиш чораси кўрилмай, ҳал қилув қарори қабул қилинган.

Ўз навбатида, кассация инстанцияси суди томонидан ҳам юқорида қайд этилган ҳолатларга аҳамият берилмасдан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига биноан, суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини ва қарорларни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Юқоридагиларга кўра, Раёсат мазкур иш бўйича қабул қилинган биринчи ва кассация инстанцияси суди қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юборишни лозим топади.

Суд ишни янгидан кўришда қайд этилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф этиб, ҳужжатлар ва баёнотлар асосида ҳақиқий ҳолатни аниқлаб, далилларга ҳуқуқий баҳо бериб, тўпланган далиллар йиғиндисига кўра қонуний ва асослантирилган суд ҳужжати қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.