Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 29.03.2007 й. Р N 24-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

29.03.2007 й.

Р N 24

(КЎЧИРМА)

Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси "Ботир" фермер хўжалиги манфаатида вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган 448,7 га ер майдонини "Ҳайит Полвон фарзандлари Ўз" фермер хўжалигидан даъвогарга олиб беришни сўраган.

Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2006 йил 28 августдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Алелляция инстанцияси судининг 2006 йил 4 октябрдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанцияси судининг 2006 йил 27 декабрдаги қарори билан суд қарорлари бекор қилиниб, даъво рад этилган.

Протестда суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши ҳақидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протест важларини ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Қашқадарё вилоят адлия бошқармаси томонидан Миришкор туманидаги "Ботир" фермер хўжалигининг аризаси асосида 2006 йил 18 апрелда туман ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими мутахассислари ҳамда "Ботир" фермер хўжалиги раҳбари иштирокида "Ботир" фермер хўжалигига тегишли ер майдонлари жойида ўрганилган.

Аризани ўрганиш давомида Миришкор туман ҳокимининг қарорларига асосан "Ботир" фермер хўжалигига 221, 297, 299, 330, 352, 353, 354 ва бошқа, жами 25 та контурдан 4128 гектар яйлов ерлари ажратилган бўлиб, шу ер майдонларининг 221 ва 297-контурдаги 448,7 гектар ер майдонлари "Ҳайит полвон фарзандлари Ўз" фермер хўжалиги томонидан ноқонуний эгаллаб олинганлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилган.

Далолатномада "Ҳайит полвон фарзандлари Ўз" фермер хўжалиги томонидан ноқонуний эгаллаб олинган 448,7 гектар ер майдони "Ботир" фермер хўжалигига тегишлилиги, бу айнан 221 ва 297-к-контурлардаги жами 448,7 гектар яйлов ерлари эканлиги кўрсатилган.

Миришкор туман ҳокимлигининг 2004 йил 15 январдаги х-48/1-сонли қарорига асосан "Ботир" фермер хўжалиги билан "Улуғбек ўғли Отабек" фермер хўжалиги бирлаштирилиб, умумий ер майдони 4128,8 гектар қилиб белгиланган ҳамда туман ер ажратиш комиссияси томонидан "Ботир" фермер хўжалигига 329, 330, 331, 332, 333, 352, 353, 354-контурлардаги ер майдони ажратиш тўғрисидаги далолатнома асосида 4128,8 гектар ер майдони ажратилган.

Лекин, туман ҳокимининг 2004 йил 6 декабрдаги х-964/12-сонли қарорига кўра "Ҳайит полвон фарзандлари Ўз" фермер хўжалигига 297-к, 229, 300, 301-контурларидан 412,3 гектар ер майдони далолатнома асосида ажратилиб берилган.

Аммо, Қашқадарё вилоят Баҳористон туман "Ўзбекистон" ширкат хўжалигининг 2000 йил 25 июлдаги 42-сонли қарорига асосан хўжалик ҳудудидаги 221, 297, 299-контурдаги яйлов ер майдонлари "Ботир" фермер хўжалигига берилиши кўрсатилган ҳамда ушбу қарор туман ҳокимининг 2000 йил 1 августдаги х-155а/8-сонли қарори билан тасдиқланиб, бу ҳақда гувоҳнома берилган.

Шунингдек, Миришкор туман ҳокимининг 2004 йил 14 январдаги х-41/1-сонли "Ботир" фермер хўжалигига қўшимча ер майдони ажратиш ва фойдаланишдаги ер майдонига ўзгартириш киритиш ҳақидаги қарорида эса, туман ер ажратиш комиссиясининг тақдим этган ҳужжатлари асосида "Ўзбекистон" ширкат хўжалиги ҳудудидаги 297к, 299, 300, 301, 303, 304, 221 ва бошқа контурлардан жами 4057 гектар яйлов ерлари ажратилган.

Даъвогарнинг важларига қараганда, туман ҳокимининг қарорларига асосан "Ботир" фермер хўжалигига ажратилган ер майдонлари, туман ҳокимининг 2004 йил 6 декабрдаги х-964/12-сонли қарори асосида "Ҳайит полвон фарзандлари Ўз" фермер хўжалигига ҳам ажратиб берилган, туман ҳокимлиги ва туман ҳокимлиги ер ажратиш комиссиясининг эътиборсизлиги туфайли илгари ажратилган ер участкалари иккинчи бор бошқа фермер хўжалиги номига расмийлаштириб берилган.

Суд қарорларида хўжалик иши бўйича низоли ер майдонларининг расмийлаштирилиши, туман ҳокими қарорлари ҳамда мутахассислар далолатномалари асос қилиб олинган бўлса-да, лекин ушбу ҳар хил мазмундаги далолатномалар юзасидан мутахассис хулосалари олиниши ҳамда туман ҳокими қарорлари турли тарзда бўлганлигига аниқлик киритиш мақсадида туман ҳокимлиги, туман ер ресурслари хизмати ва бошқа мутахассисларни ишга жалб қилиш масаласи муҳокама қилинмаган.

Натижада ишнинг ҳақиқий ҳолатига ҳуқуқий баҳо берилиши таъминланмаган.

Суд қарорларида иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаган ҳамда исботланмаган ва қабул қилинган қарорларда баён қилинган хулосалар иш ҳолатларига мувофиқ келмайди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 200-моддасининг биринчи қисмига асосан суд ҳужжатининг ноқонуний ёки асоссизлиги суд қарорини назорат тартибида бекор қилиш ва ўзгартириш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда Раёсат Қашқадарё вилоят хўжалик судининг 2006 йил 28 августдаги ҳал қилув қарори, 2006 йил 4 октябрдаги қарори, кассация инстанцияси судининг 2006 йил 27 декабрдаги қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанция судига юборишни лозим деб топади.

Ишни янгидан кўришда суд ишга тақдим этилган далолатномалар юзасидан мутахассис хулосаларини олиши ҳамда ишга туман ҳокимлиги, туман ер ресурслари хизмати ва бошқа мутахассисларни жалб қилиб, иш ҳужжатларига ҳуқуқий баҳо бериб, йиғилган далиллар асосида қонуний тўхтамга келиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 10-сон.