Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 28.12.2006 й. Р N 167-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

28.12.2006 й.

Р N 167

(КЎЧИРМА)

Даъвогар - Сайхунобод тумани ҳокимлиги жавобгар - "Серғози" фермер хўжалигига нисбатан Сирдарё вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Пахтакор" ширкат хўжалиги билан "Серғози" фермер хўжалиги ўртасида тузилган 2000 йил 15 мартдаги ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш тўғрисидаги 47-сонли шартномани бекор қилишни ва фермер хўжалиги фаолиятини тугатишни сўраган.

Сирдарё вилоят хўжалик судининг 2006 йил 12 майдаги ҳал қилув қарори билан даъво талаблари рад этилган.

Иш апелляция ва кассация тартибида кўрилмаган.

Протестда ушбу иш юзасидан қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриб чиқиш учун юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат судья маърузасини тинглаб, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаш тўғрисидаги фикрини эшитиб, протестда келтирилган важларни муҳокама қилиб, иш материалларини ўрганиб чиқиб, қуйдагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, "Серғози" фермер хўжалиги Сайхунобод туман ҳокимининг 2000 йил 1 мартдаги қарори билан ташкил этилган ва унга "Пахтакор" ширкатлар уюшмаси ҳудудидан 51,3 га ер майдони ажратилган. "Пахтакор" ширкат хўжалиги билан "Серғози" фермер хўжалиги ўртасида 2000 йил 15 мартда ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш тўғрисида 47-сонли шартнома тузилган. Мазкур шартномага асосан фермер хўжалигига де??ончилик фаолиятини амалга ошириш учун 51,3 га ер майдони 20 йил муддатга ижарага берилган.

Сайхунобод туман ҳокимлиги "Пахтакор" ширкат хўжалигининг ер муносабатларидаги ҳуқуқий вориси сифатида фермер хўжалигига нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Даъво аризасида фермер хўжалиги давлатга пахта ва ғалла топшириш шартномавий режасини мунтазам равишда бажармай келгани, 2002 йилда давлатга пахта топшириш шартномавий режасини 70 фоизга, 2003 йилда 83 фоизга, 2004 йилда эса 68 фоизга бажаргани, давлатга ғалла топшириш бўйича 2002 йилда шартномавий режани 85 фоизга, 2004 йилда 96 фоизга бажаргани қайд этилган.

Биринчи инстанция суди даъвогар томонидан бекор қилиш сўралган ер ижара шартномасининг асл нусхаси тақдим қилинмаганлигини, судга тақдим қилинган шартнома нусхасини ўқишнинг имконияти йўқлигини, фермер хўжалиги пахта ва ғалладан ер майдонининг ўртача балл бонитетидан юқори ҳосил олганлигини асос қилиб, даъво талабларини рад қилган.

Ҳал қилув қарорида фермер хўжалигига ажратилган ер майдонининг ўртача бонитет бали 47 баллни ташкил қилиши, олинган ҳосил эса кадастр баҳосидан юқори эканлиги қайд этилган. Ер майдонини ажратиш тўғрисидаги 2000 йил 15 мартдаги 47-сонли далолатномада фермер хўжалигига ажратилган 30,7 га ер майдонининг бонитет бали 54 баллни, 20,6 га ер майдонининг бонитет бали 36 баллни ташкил этиши қайд этилган. Суд томонидан ҳосилдорлик даражаси ажратилган ер майдонининг ўртача балл бонитетида ҳисобланиши асослантириб берилмаган.

Бундан ташқари, ҳал қилув қарорида даъвогарнинг фермер хўжалиги томонидан уч йил мобайнида пахта топшириш шартномавий режаси бажарилмаганлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 12 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда хўжалик судларининг ролини ошириш тўғрисида"ги 115-сонли қарорининг 7-бандига асосан давлат буюртмасига оид мажбуриятларни бажармаслик ер ижараси шартномасини қўпол равишда бузиш деб баҳоланиши ва Ер кодексининг 36-моддасига кўра ер ижараси шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиши ҳақидаги важига баҳо берилмаган.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси 138-моддасининг бешинчи қисмига кўра ҳал қилув қарорининг асослантирувчи қисмида ишда иштирок этувчи шахслар асос қилиб келтирган қонун ҳужжатларини қўлламаслигига сабаб бўлган важ, шунингдек суд ҳал қилув қарорини қабул қилишда таянган қонун ҳужжатлари кўрсатилиши лозим.

Шунингдек, биринчи инстанция суди томонидан фермер хўжалиги контрактация шартномаларини қандай сабабларга кўра бажармаганлиги чуқур ўрганилмаган. Ваҳоланки, Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 12 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда хўжалик судларининг ролини ошириш тўғрисида"ги 115-сонли қарорининг 7-банди иккинчи хатбошисида фермер хўжалиги томонидан контрактация шартномалари бажарилмаганлиги, ернинг экологик ва мелиоратив ҳолати ёмонлаштирилганлиги, ер участкасидан оқилона фойдаланилмасдан ҳосилдорлик нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлганлиги сабабли ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида киритилган даъво аризаларини кўришда хўжалик судлари бу талаблар қандай сабабларга кўра фермер хўжалиги томонидан бажарилмаганлиги ҳолатларини чуқур ўрганиб чиқишлари, контрактация шартномаларини бажармаганлик ёки лозим даражада бажармаганлик учун жавобгарликка тортишда тегишли мутахассисларни жалб этиб, давлат буюртмаси ернинг ҳосилдорлигига мос равишда белгиланганлигига, тайёрловчи ва хизмат кўрсатувчи ташкилотлар ўз шартнома мажбуриятларини қай даражада бажарганлигига, табиий шароитлар ёки бошқа форс-мажор ҳолатларга эътибор қаратишлари лозимлиги қайд этилган.

Бундай ҳолда иш учун аҳамиятли ҳолатлар тўлиқ аниқланмаганлиги ҳамда моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги сабабли иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарори бекор қилиниб, иш янгидан кўриш учун юборилиши лозим.

ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига асосан суд ҳужжатларининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги ҳал қилув қарорини, қарорни назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлиши кўрсатилган.

Суд ишни янгидан кўришда йўл қўйилган қонунбузилиш ҳолатларини бартараф қилиб, ишнинг объектив ҳолатини аниқлаши ва тўпланган далиллар асосида низо хусусида қонуний ва асослантирилган қарор қабул қилиши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.