Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 04.08.2006 й. Р N 99-сонли Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.08.2006 й.

Р N 99

(КЎЧИРМА)

Самарқанд вилоят прокуратураси "Метан пахта тозалаш заводи" ОАЖ манфаатида хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар - "Олма" фермер хўжалигидан контрактация шартномаси бўйича мажбуриятни лозим даражада бажармаганлиги учун 382000 сўм миқдорда жарима ундириш ва ер участкасини узоқ муддатга ижарага бериш шартномасини бекор қилишни сўраган.

Самарқанд вилоят хўжалик судининг 2004 йил 18 ноябрдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган.

Иш апелляция ва кассация инстанцияси судларида кўрилмаган.

Протестда ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун биринчи инстанцияга юбориш масаласи қўйилган.

Раёсат иш бўйича судья маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, иш ҳужжатларини ва протестда келтирилган важларни ўрганиб чиқиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантириш лозим деб ҳисоблайди.

Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 124-моддасига асосан ишда иштирок этувчи шахслар суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида суднинг ажрими орқали хабардор қилинади. Ажрим топширилганлиги маълум қилинадиган буюртма хат билан юборилади.

Аммо, мазкур иш бўйича қонуннинг ушбу талабига риоя қилинмаган. Суднинг даъво аризасини қабул қилиш ва иш кўришни 2004 йил 18 ноябрда "Метан пахта заводи" биносида ўтказиш тўғрисидаги 16 ноябрдаги ажрими тарафларга юборилмаган.

Суд мажлиси ишни кўриш вақти ва жойи тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган жавобгар - "Олма" фермер хўжалигининг вакилисиз ўтказилиб, процессуал ҳуқуқ нормасининг бузилишига йўл қўйилган.

Суд ишни мажлис жойи ва вақти тўғрисида тегишли равишда хабардор қилинмаган ишда иштирок этувчи шахслардан бирортасининг йўқлигида кўрган бўлса, бу ҳолат Хўжалик процессуал кодексининг 170, 188-моддаларига биноан ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун асос бўлади.

Бундан ташқари, даъво аризасида қўйилган талаблардан бири ер участкасини узоқ муддатли ижарага бериш шартномасини бекор қилишдан иборат бўлса-да, аммо суд томонидан ушбу шартнома бўйича тараф ҳисобланган Иштихон туман ҳокимлиги ишга жалб қилинмасдан, даъво талабининг бу қисми бўйича ҳам қарор қабул қилинган.

ХПКнинг 115-моддасига кўра даъвогар ўзаро боғлиқ бўлган бир неча талабни битта даъво аризасида бирлаштиришга ҳақли. Лекин мазкур ишда ўзаро боғлиқ бўлмаган бир нечта талаб битта даъво аризасида бирлаштирилган бўлса-да, суд бунга эътиборини қаратмаган.

Ўзбекистон Республикаси ХПК 200-моддасининг биринчи қисмига асосан суд ҳужжатининг ноқонуний ёки асоссизлиги суд қарорини назорат тартибида бекор қилиш ва ўзгартириш учун асос бўлади.

Бундай ҳолда Раёсат иш бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим деб топади.

Ишни янгидан кўришда туман ҳокимлиги ишга жалб қилиниши, ишни кўриш жойи ва вақти тўғрисида тарафлар қонунда ўрнатилган тартибда хабардор қилинишлари, иш бўйича тақдим қилинган барча ҳужжатлар ўрганилиб, муҳокама қилиниши, бирлаштирилган даъво талабларини ажратиш масаласини ҳал қилиб, тўпланган далиллар йиғиндиси асосида низо юзасидан қонуний қарор қабул қилиниши лозим.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2008 йил, 4-сон.