Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 25.05.2006 й. Р N 54-сон Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ РАЁСАТИ

ҚАРОРИ

25.05.2006 й.

N Р 54



(Кўчирма)



"Отахон ҳожи" фермер хўжалиги вилоят хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат этиб, Шаҳрихон туманидаги "Г. Жўраев" ширкат хўжалиги тугатиш комиссияси ўтказган тендернинг 14-лойиҳаси бўйича Р. Алиасқаровни ғолиб деб топиш қисмини бекор қилишни сўраган.

Андижон вилоят хўжалик судининг 2005 йил 16 апрелдаги ҳал қилув қарори билан даъво рад этилган.

Апелляция инстанцияси судининг 2005 йил 12 июлдаги қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанциясининг 2005 йил 26 октябрдаги қарори билан суд қарорлари ўзгаришсиз қолдирилган.

Бош прокурор ўринбосари томонидан келтирилган протестда иш бўйича қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юбориш сўралган.

Раёсат иш бўйича судьянинг маърузасини, Бош прокурор ўринбосарининг протестни қувватлаши тўғрисидаги фикрини эшитиб, протест важларини иш ҳужжатлари асосида муҳокама қилиб, қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни ҳамда суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўриш учун юборишни лозим топади.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2004 йил 24 декабрдаги "2005-2007 йилларда фермер хўжаликларини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги 607-сонли қарорига асосан Шаҳрихон тумани "Г. Жўраев" ширкат хўжалигини тугатиш ва унинг негизида фермер хўжаликларини ташкил этиш комиссияси томонидан тендер ўтказилган. Ушбу тендерда 14-лойиҳа бўйича талабгор сифатида иштирок этган Р. Алиасқаров 86 балл тўплаб, тендер комиссиясининг 2005 йил 30 январдаги қарори билан ғолиб деб топилган.

Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2005 йил 4 январда 1439-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги ташкил этишда танлов ғолибларини аниқлаш тўғрисида"ги Низомнинг 3-бандида комиссия раиси ва котиби тегишли танловда талабгор сифатида иштирок этишлари мумкин эмаслиги белгиланган.

Аммо ширкат хўжалигида бош ҳисобчи вазифасида ишлаган Р. Алиасқаров "Г. Жўраев" ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш комиссиясининг котиби этиб сайланганлигига қарамасдан, 14-лойиҳа бўйича шахсан талабгор сифатида иштирок этган.

Андижон вилоят прокуратураси ушбу ҳолатларни, шунингдек Р. Алиасқаровнинг танловда ўз манфаатларини кўзлаб, 14-лойиҳа бўйича талабгор X. Баҳромовнинг балларини 11 баллга пасайтиргани, танлов 2005 йил 25 январда ўтказилган бўлишига қарамасдан, тендер ҳужжатларига 2005 йил 26-27 январда нотариал идораси орқали тасдиқланган Р. Алиасқаровнинг "Дилшода" фермер хўжалиги бошлиғи этиб тайинланганлиги ҳамда унинг қариндошлари ва танишларига тегишли бўлган техника воситаларидан фойдаланишга розилик берилгани ҳақидаги хатлар кейин қўшиб қўйилгани, бунинг оқибатида Р. Алиасқаровга 36 балл кўп ҳисоблангани ҳолатларини аниқлаб, Шаҳрихон туман ҳокимининг 2005 йил 31 январдаги 18-к-сонли қарорининг 14-лойиҳа бўйича қисмига протест киритган. Протест туман ҳокимининг 2005 йил 15 февралдаги 32-к-сонли қарори билан қаноатлантирилган ва қайта тендер ўтказиш белгиланган.

Шу билан биргаликда қайд этилган ҳолатлар бўйича 2005 йил 14 февралда Р. Алиасқаров ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 205-моддаси 2-қисми ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ушбу ҳолатларга қарамасдан, 2005 йил 23 февралда 14-лойиҳа бўйича ўтказилган иккинчи тендерда Р. Алиасқаров яна талабгор сифатида иштирок этган. Танловда унинг пул маблағи ва мол-мулки 1461000 сўмни ташкил этганлиги боис, Низом талабига кўра, 6 балл билан баҳоланиши лозим бўлса-да, 8 балл билан баҳоланган, 2001-2003 йилларда шартнома мажбурияти бажарилган бўлса-да, 2004 йил учун маълумот олинмаганлигига қарамай, асоссиз равишда 10 балл берилган. Ушбу ҳолатлар юзасидан Шаҳрихон туман прокурори 2005 йил 24 мартда протест келтирганлиги натижасида Шаҳрихон туман ҳокимининг 26 мартдаги 86-К-сонли қарори билан туман ҳокимининг 2005 йил 25 февралдаги 61-К-сонли қарорининг 14-лойиҳага тегишли қисми бекор қилинган.

Шундан сўнг 2005 йил 2 апрелда 14-лойиҳа бўйича учинчи марта ўтказилган тендерда ҳам Р. Алиасқаров талабгор сифатида иштирок этиб, 86 балл тўплаганлиги сабабли танлов комиссияси йиғилишининг 12-сонли баённомаси билан Р. Алиасқаров ғолиб деб топилган.

Ушбу учинчи танловга Р. Алиасқаровнинг 3000 туп тераги борлиги ҳақида "Найман" маҳалла фуқаролар йиғини котиби томонидан маълумотнома берилган. Мазкур маълумотнома асосида тераклар 4500000 сўмга баҳоланиб, Р. Алиасқаровга 8 балл қўшиб берилган.

Ваҳоланки, ишни апелляция инстанциясида кўришда 2005 йил 7 июлда Х.Баҳромов ва Р.Алиасқаровларнинг вакиллари ва "Найман" маҳалла фуқоролар йиғини котиби И.Турғуновлар саноқ ўтказганида тераклар 3000 туп эмас, балки 1824 туплиги, шундан 163 тупи 1 ёшли, 396 тупи 2 ёшли ва 945 тупи 3 ёшли кўчат бўлиб, 68 тупи яроқлилиги аниқланиб, бу ҳақда далолатнома тузилган.

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2005 йил 12 майдаги 01/16-8-36-сонли хатида 1-3 ёшли терак кўчатларини мол-мулк сифатида танловга қўйиш мумкин эмаслиги кўрсатилган.

Лекин тераклар бўйича Р. Алиасқаровга учинчи тендер комиссияси томонидан асоссиз равишда 8 балл қўшиб берилган. Ушбу ҳолатларга судлар баҳо бермасдан, қайта танлов ўтказилгунига қадар камчиликлар бартараф этилган деб топиб, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2005 йил 4 январда 1439-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги ташкил этишда танлов ғолибларини аниқлаш тўғрисида"ги Низомда қайтадан тендер ўтказишни тартибга солувчи қоидалар мавжуд эмас, деб асоссиз хулосага келган.

Мазкур ҳолатда қайтадан ўтказиладиган танловлар ҳам айнан ушбу Низомнинг талаблари асосида ўтказилиши кераклигини судлар эътиборга олмаган. Чунки дастлабки ўтказилган тендер натижалари бекор қилингандан сўнг талабгорларнинг 14-лойиҳага нисбатан даъвогарлик ҳуқуқлари тенглашган ҳисобланади. Бундан ташқари, бошқа янги талабгорлар ҳам Низом талаби асосида талабгор сифатида рўйхатга олиниши мумкин.

Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигидан 2005 йил 4 январда 1439-сон билан рўйхатдан ўтказилган "Қайта ташкил этилаётган қишлоқ хўжалиги корхонаси негизида фермер хўжалиги ташкил этишда танлов ғолибларини аникдаш тўғрисида"ги Низомнинг 14-бандида танловда иштирок этиш учун ёлғон маълумотлар ва сохта ҳужжатлар тақдим этган шахслар танловда иштирок этишга қўйилмайди деб белгиланган.

Р.Алиасқаровнинг тендерга сохта маълумотларни тақдим этгани жиноят ишлари бўйича суднинг 2005 йил 2 сентябрдаги ажрими билан тасдиқланган, лекин Р. Алиасқаров қилмишидан пушаймонлиги, жиноятни биринчи марта содир этганлиги каби ҳолатларга кўра, у Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига асосан жазодан озод этилган.

Шунингдек юқоридаги Низомнинг 9-бандида техника воситалари талабгорнинг ўзига мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлиши лозим. Таклиф этилаётган техника воситалари талабгорнинг оила аъзоларига тегишли бўлиши мумкин ва бу ҳолда талабгорга эгалик қилиш ва фойдаланишга бериш тўғрисида тегишли оила аъзосининг нотариал тасдиқланган розилиги бўлиши лозимлиги белгиланган.

Ушбу Низом талабларига зид равишда Р. Алиасқаров оила аъзоси бўлмаган укаси О. Алиасқаров номида бўлган "ВАЗ-2106" русумли автомашинани танловга қўйганлиги оқибатида комиссия унга асоссиз равишда 4 балл қўшиб берган. Иш ҳужжатларидан кўринишича, юқоридаги автомашинанинг техник паспорти Р. Алиасқаров номига тендер ўтказилганидан 8 кун ўтгач, яъни 2005 йил 10 апрель куни расмийлаштириб берилган. Судлар эса бу ҳолатга баҳо бермаган.

Бундан ташқари, 2005 йил 2 апрелда ўтказилган учинчи тендер танлов комиссияси варақаларидан А. Расуловнинг комиссия раиси ва Р. Алиасқаровнинг котиблик қилганлиги кўринади. Лекин, тендер комиссияси йиғилишининг 12-сонли баённомасида Н. Турдалиев раислик қилганлиги ва А. Ваҳобовнинг котиблик қилганлиги кўрсатилган. Иш ҳужжатларида эса Н. Турдалиевнинг комиссия раиси ва А. Ваҳобовнинг котиб этиб тайинланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар мавжуд эмас. Туман ҳокимининг 2004 йил 22 декабрдаги 618-к-сонли қарори билан қайта ташкил этиш туман комиссияси тасдиқланган бўлиб, унга кўра А. Расулов комиссия раиси, Р. Алиасқаров эса котиб этиб тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси ХПКнинг 200-моддаси 1-қисмига кўра, суд ҳужжатининг ноқонунийлиги ёки асоссизлиги қуйи суд қарорларини назорат тартибида ўзгартириш ёки бекор қилиш учун асос бўлади.

Юқоридагиларни инобатга олиб, Раёсат иш юзасидан қабул қилинган суд қарорларини бекор қилиб, ишни янгидан кўришга юбориш тўғрисида қарор қабул қилди.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2007 йил, 6-сон