Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг 26.08.2004 й. Р N 64-сонли Қарори "Ер ижараси шартномаси тўғрисида"

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

РАЁСАТИНИНГ

ҚАРОРИ

26.08.2004 й.

Р N 64




ЕР ИЖАРАСИ ШАРТНОМАСИ ТЎҒРИСИДА


(КЎЧИРМА)



Хатирчи туман ҳокимлиги хўжалик судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, "Р.Эрназаров" фермер хўжалиги билан 2003 йил 23 декабрда тузилган ер ижараси шартномасини бекор қилишни ва ижарага берилган 120,3 гектар ер майдонини қайтариб олишни сўраган.

Биринчи истанция судининг ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилган. Апелляция инстанцияси судининг қарори билан ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Кассация инстанциясининг қарори билан вилоят хўжалик судининг қарорлари бекор қилиниб, янги қарор қабул қилинган ва даъво рад этилган.

Протестда Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг қарорини бекор қилиб, вилоят хўжалик судининг қарорларини ўзгаришсиз қолдириш сўралган.

Раёсат қуйидаги асосларга кўра протестни қаноатлантиришни лозим деб топди:

ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, "Р.Эрназаров" фермер хўжалиги 1995 йил 14 декабрда Хатирчи туман ҳокимининг қарорига асосан ташкил этилган бўлиб, унга ер майдони ажратиб берилган.

Ер ижараси шартномаси дастлаб ер муносабатларини тартибга солувчи қонун ҳужжатларига асосан Алишер Навоий номидаги ширкат хўжалиги билан тузилган бўлиб, кейинчалик Вазирлар Маҳкамасининг 2003 йил 5 ноябрдаги 383-сонли қарорига асосан (4-иловасининг 13-банди) тугатилган мазкур ширкат хўжалиги ўрнига Хатирчи туман ҳокимлиги билан тузилган.

Ўзбекистон Республикаси "Фермер хўжалиги тўғрисида"ги Қонунининг 12 ва 32-моддаларида фермер хўжалигига берилган ер участкаларидан қатъий белгиланган мақсадда фойдаланиш кўзда тутилган бўлса-да, "Р.Эрназаров" фермер хўжалиги томонидан ижарага берилган ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилган ва шартнома мажбуриятлари бажарилмаган.

Жумладан, 2000-2003 йиллар мобайнида ажратилган ер майдонидан мақсадсиз фойдаланилганлиги ва сурункали равишда ҳосилдорлик пасайиб кетганлиги ишдаги ҳужжатлар билан тасдиқланган. Бундай ҳолатда эса Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддаси 1-қисми 6 ва 7-бандларида, Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 12 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда хўжалик судларининг ролини ошириш тўғрисида"ги 115-сонли қарорида кўрсатилганидек, ер участкасидан белгиланганидан бошқа мақсадларда фойдаланилганда ва ер участкасидан оқилона фойдаланилмаганда, бу қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар учун ҳосилдорлик даражаси 3 йил мобайнида нормативдан (кадастр баҳосига кўра) паст бўлишида ифодаланганда ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар бекор қилинади.

Биринчи инстанция суди қарор қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Президентининг "2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш концепцияси тўғрисида"ги 2003 йил 27 октябрдаги Фармони талабларини бажариш мақсадида Хатирчи туман ҳокимлиги томонидан фермер хўжалигидан ер участкасини қайтариб олиш ва ер ижараси шартномасини бекор қилиш тўғрисида 2004 йил 23 февралда талабнома юборилганлигини инобатга олган.

Кассация инстанция судининг тарафлар ўртасида 2003 йил 23 декабрда тузилган ижара шартномаси асосида жавобгарнинг ердан мақсадсиз фойдаланганлик ҳолатлари ишдаги ҳужжатларда мавжуд эмас деган хулосаси асоссиздир, чунки биринчи инстанция суди томонидан шартнома тузилган йилгача бўлган муддат, яъни 2001-2003 йиллар мобайнида жавобгар томонидан сурункали равишда давлатга ғалла, пахта топшириш режалари бажарилмаганлиги, ердан мақсадсиз фойдаланганлик ҳолатлари далилларга биноан асос қилиб олинган.

Шунингдек, кассация инстанция суди "Р.Эрназаров" фермер хўжалигига 2003 йил 23 декабрдан бошлаб ер майдони ажратилган ва шу муддатдан бошлаб ҳуқуқ ва мажбуриятлар юзага келади, деган хулосага келган. Лекин суд томонлар ўртасида тузилган ижара шартномасининг қонунийлиги ҳолатига тегишли ҳуқуқий баҳо бермаган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 107-моддасида ёзма шаклда тузилган битимни, агар иш муомаласи одатларидан бошқача тартиб келиб чиқмаса, тарафлар ёки уларнинг вакиллари имзолаши кераклиги кўрсатилган бўлса-да, низолашилаётган ижара шартномаси фақат ижарачи томонидан имзоланган.

Бундай ҳолатда Фуқаролик кодексининг 116-моддаси талабига биноан, қонун ҳужжатларининг талабларига мувофиқ келмайдиган мазмундаги битим ҳақиқий эмаслигини инобатга олиб, суд ўз ваколати доирасида ижара шартномасини ҳақиқий эмас деб топиши лозим эди.

Олий хўжалик суди Пленумининг 2004 йил 12 мартдаги "Қишлоқ хўжалигида қонунийликни таъминлаш ва ердан фойдаланишдаги суиистеъмолчиликларнинг олдини олишда хўжалик судларининг ролини ошириш тўғрисида"ги 115-сонли қарорига мувофиқ, фермер хўжаликлари ўзига олган мажбуриятларига кўра пахта ва дон экинига мўлжалланган экин ерларига бошқа экинларни экиши ҳамда қишлоқ хўжалигига мўлжалланган экин майдонларидан бошқа мақсадларда фойдаланиши, яъни бу ерлардан ўзбошимчалик билан шахсий томорқа сифатида фойдаланиш каби ҳолатлар ер ижараси шартномасини қўпол равишда бузиш деб баҳоланиши, бу эса ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига кўра, фермер хўжалигининг ер участкасига бўлган ҳуқуқи ва ер ижараси шартномасини бекор қилиш учун асос бўлиши тушунтирилган бўлса-да, бу ҳолатларга суд етарли эътибор бермаган.

Шу асосларга кўра, Раёсат биринчи ва апелляция инстанцияси судлари томонидан даъво талабини қаноатлантириш ҳақида тўғри ва асослантирилган хулосага келинган деб ҳисоблади.



“Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ахборотномаси”,

2005 йил, 1-сон.