Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Пудрат шартномаси (кўчирма) "ЎзР Олий хўжалик суди 13.07.1999 й. 645/4-сонли қарори"

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ҚАРОРИ

645/4-сонли иш

13 июл 1999 й.




Пудрат шартномаси

(кўчирма)



Даъвогар - "Автоматика" очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти Бухоро вилоят хўжалик судига даъво ариза бериб Бухоро нефтни қайта ишлаш заводидан 12057300 сўм (8150000 сўм асосий қарз ва 3907140 сўм бажарилган ишларни ҳақини вақтида тўламаганлиги ва пул маблағлардан фойдаланганлиги учун пеня) ундиришни сўраган.

Бухоро вилоят хўжалик судининг 1998 йил 15 октябрдаги ҳал қилув қарори билан даъвони қисман, яъни асосий қарзни 7301957 сўм миқдорида қаноатлантирган, пеня ундириш қисмини эса рад қилган.

Томонлар бу ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти бермаганлар.

"Автоматика" очиқ турдаги ҳиссадорлик жамияти Олий хўжалик судига кассация шикояти бериб, вилоят хўжалик судининг ҳал қилув қарорини қисман ўзгартириб, бажарилган ишлар учун ҳақини ўз вақтида тўламаганлиги учун 3907140 сўм пеня ундиришни сўраган.

Олий хўжалик суди кассация судлов ҳайъатининг 1999 йил 14 январдаги қарори билан жавобгардан -3778664 сўм пеня ундирилган.

Ғарордан норози бўлган Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Олий хўжалик суди Раиси номига назорат тартибда ариза бериб иш юзасидан протест киритиб, қарорни бекор қилишни сўраган.

Протестда, кассация судлов ҳайъатининг қарорини ўзгартириб ундириладиган пеня миқдорини Ўзбекистон Республикасини ФК-326-моддасига кўра камайтириб 684312 сўм қилиб белгилаб, қолган қисмини рад этишни сўралган.

Раёсат, протест важларини муҳокама қилиб, қуйидагиларга асосан протестни қаноатлантиришни лозим топди.

Ишдаги ҳужжатлардан кўринишича, тарафлар ўрталарида қурилиш-монтаж ишларини, жиҳозларни ишга тушириш бўйича 1997 йил 30 апрелда 5/2-сонли (15 млн. сўмга) шартнома тузилган.

Шартнома бўйича даъвогар 1997 йил июн ойидан то 1998 йил феврал ойигача 19141790 сўмлик қурилиш- монтаж ишларини, жиҳозларни ишга тушириш топшири?ларини бажарган. Жавобгар бажарилган ишлар учун - 1997 йил 8 октябрдан - то 1998 йил 24 августгача бўлган даврда - 10900000 сўм пул маблағларини тўлаган бўлсада, 8241790 сўм асосий қарзи мавжуд бўлган.

Даъвогар бажарилган қурилиш ишлари учун Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил 21 июлдаги 369-сонли қарорини 13-бандига асосан буюртмачи бажарилган ишлар ҳақини ҳар ойда тўлаши лозимлигини қайд қилиб тўловни кечиктирганлиги учун 1998 йил 14 сентябргача ойига 3% жами бўлиб -3907140 сўм пеня ҳисоблаган.

Кассация судлов ҳайъатининг қарори қуйидаги асосларга кўра қисман ўзгартирилиши лозим:

Судлов ҳайъати 1999 йил 14 январдаги қарорида жавобгардан бажарилган қурилиш ишларини ҳақини қисқа вақтда тўламаганлиги учун Республика Марказий банки томонидан ўрнатилган 3% миқдорида ҳар ойига -жами бўлиб 3778664 сўм пеня ундирган.

Капитал қурилиш бўйича муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1993 йил, 21 июлдаги 369-сонли қарорига асосан "Капитал қурилишни контракт асосида ташкил этиш тўғрисида"ги Низом билан тартибга солиниши лозим, шу Низомнинг "Шартнома бўйича келишмовчиликларни ҳал қилиш ва мулкий жавобгарлик" ҳақидаги 6-бўлимини 7-бандига асосан тўловни ҳар бир кечиктирилган кунига 0,04 % пеня ундирилиши қайд этилган.

Бу қарор 1998 йил, 3 сентябрда кучини йўқотган ва шу куни унинг ўрнига Вазирлар Маҳкамаси 975-сонли қарор қабул қилган ва бу қарорни 52-бандида бажарилган ишлар учун тўловлар кечиктирилган тақдирда ҳар бир кунига 0,15% пеня ундирилиши кўрсатилган. Шу келтирилган асосларга биноан, даъвогарнинг талабини Вазирлар Маҳкамасининг 369, 975-сонли қарорлари бўйича ҳисоб-китоб қилинганда жавобгардан - 1306261 сўм пеня ундирилиши лозимдир.

Раёсат, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 16 мартдаги 112-сонли ва 1998 йил 21 августдаги 360-сонли қарорларига асосланган ҳолда қишлоқ хўжалиги корхоналарига экиш даврида ва йиғим-терим даврида нефть маҳсулотларини 15% тўловларни олмасдан етказиб берганлигини, даъвогарнинг пул маблағларидан фойдаланмаганлигини, жавобгарни қийин молиявий аҳволини, пеня миқдорини ишнинг ҳолатига номуттаносиб деб ҳисобга олиб, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 326-моддасини қўллаб ундириладиган 1306261 сўм пеняни 50% камайтиришни, яъни 653130 сўм ундиришни, даъвони қолган қисмини эса рад этишни лозим топди.

(асосий)