Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Суғурта тўғрисида (кўчирма) "ЎзР Олий хўжалик суди 07.05.1998 й. 404/1-сонли қарори"

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ

ҚАРОРИ

404/1-сонли иш

7 май 1998 йил




Суғурта тўғрисида

(кўчирма)



8-сонли ихтирочилар ва рационализаторлар жамиятининг бошланғич ташкилоти Бухоро вилоят хўжалик судига "Камолот" АЖдан 500.000 сўм ундириш ҳақидаги даъво билан мурожаат қилган, бундан 100.000 сўм - бажарилган ишлар, яъни "Камолот" АЖ ғишт заводининг айланма печкасини қоплашни реконструкциялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш қийматини ва 400.000 сўм - тўловни кечиктирганлик учун пеняни ташкил қилади.

Бухоро вилоят хўжалик судининг 17.06.97 йилдаги ҳал қилув қарори билан, шартномага мувофиқ ишлар бажарилганлиги ва топшириш-қабул қилиш далолатномасига кўра қабул қилинганлиги, лекин бажарилган ишлар учун тўлов амалга оширилмаганлиги ва шунинг учун шартноманинг 5.2-банди бўйича пеня қўлланилганлиги далил қилиб келтирилиб, даъво талаблари тўлиқ қаноатлантирилган.

Вилоят хўжалик судининг бу ҳал қилув қарорига Бухоро вилоят прокурори 06.10.97 йилда протест келтирган. Вилоят хўжалик суди протестни кўриб, 26.11.97 йилдаги қарори билан ҳал қилув қарорини бекор қилган.

Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 28.11.98 йилдаги қарори билан Бухоро вилоят хўжалик судининг 16.11.97 йилдаги қарори бекор қилинган ва биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори кучида қолдирилган.

Протестда Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 28.01.98 йилдаги қарорини бекор қилиш ва Бухоро вилоят хўжалик судининг 26.11.97 йилдаги ҳал қилув қарорини кучда қолдириш сўралган.

Раёсат, қуйидаги асосларга кўра протестни асосли деб қаноатлантирди.

Иш материалларидан маълум бўлишича кассация инстанцияси қуйидагилардан келиб чиқиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида қарор қилган, яъни ЎзР. ФКнинг 315-моддасига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси ихтирочилар ва рационализаторлар жамиятининг Бухоро вилояти Кенгаши 24.04.97 йилдаги 1-сонли келишув билан 25.04.96 йилдаги 4-сонли шартнома бўйича 8-сонли ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти бошланғич ташкилотига бажарилган ишларнинг қийматини талаб қилиш ҳуқуқини берган ва даъвогар 28.08.96 йилда "Камолот" АЖ бош инженерига ғишт заводининг айланма печкасини реконструкциялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича бажарилган ишларни топширган, аммо жавобгар томонидан иш учун тўлов амалга оширилмаган.

Кассация инстанция суди қуйидагиларни ҳисобга олмаган.

Айланма печкани коплашни реконструкциялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш бўйича ишларни бажариш ҳақидаги 24.04.96 йилдаги 4-сонли шартнома Ўзбекистон Республикаси ихтирочилар ва рационализаторлар жамияти Бухоро вилоят Кенгаши билан "Камолот" АЖ ўртасида тузилган.

Тузилган шартномага кўра ЎзР. ИРЖ БВК - бажарувчи ғишт ишлаб чиқиш бўйича айланма печкани реконструкциялаш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқиш ва буюртмачига топшириш-олиш далолатномасига кўра тавсияларни бериш мажбуриятини олган. (Гарчи ФКнинг 698-моддасига мувофиқ ишни топшириш муддатининг белгиланиши техник ишлар учун шартноманинг муҳим шартларидан бўлиб ҳисобланса ҳам, шартномада топшириш муддати кўрсатилмаган). "Камолот" АЖ - буюртмачи бажарилган ишлар қийматининг 50% олдиндан тўлаш ва қолган қисмини иш топширилгандан сўнг 5 кун муддат ичида тўлаш мажбуриятини олган.

ЎзР. ИРЖ БВКнинг тавсиялари нусхаси "Камолот" АЖнинг бош мухандиси Шукуровга 28.08.96 йилда топширилган, бироқ топшириш қабул қилиш далолатномаси улар томонидан имзоланмаган.

Дастлабки кредиторнинг талаб қилиш ҳуқуқини, янги кредиторга ҳуқуқнинг бошқага ўтиш вақтида мавжуд бўлган ўша ҳажмда ва шу шартлар асосида бериши ҳақидаги даъвогарнинг важларини асосли деб ҳисоблаб бўлмайди, чунки 4-сонли шартноманинг 6-бандига мувофиқ тарафлар шартномага барча ўзгартиришларни қўшимча битим тузиш йўли орқали киритишлари керак эди. Шу билан бирга 4-сонли шартномада шахсларнинг ўзгариши ЎзР. ИРЖ БВК ва "Камолот" АЖнинг икки тарафлама келишуви асосида амалга оширилиши керак эди. Бундай келишув бўлмаганлиги туфайли ЎзР. ИРЖ БВК даъвогарга ўзининг "Камолот" АЖдан бажарилган ишнинг қийматини талаб қилиш ҳуқуқини ўтказишга ҳақли эмас эди. ЎзР. ИРЖ БВК 25.04.96 йилдаги 4-сонли шартнома бўйича даъвогарга ижрочининг мажбуриятларини "Камолот" АЖнинг розилигисиз бериб, ўзининг ҳаракатлари билан ЎзР. ФКнинг 319, 694-моддалари талабларини бузган, чунки шартнома шартлари бўйича бунга йўл қўйилмасди.

Бундан ташқари Олий хўжалик судининг кассация инстанцияси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 1996 йил 9 августдаги "Бюджет билан ҳисоб-китоблар учун хўжалик юритувчи субъектларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги бажарилган ишнинг қийматини учинчи шахсларга тўлашни такиқловчи Фармонида кўзда тутилган талабларни ҳисобга олмасдан тузилган 1-сонли келишувга тегишлича ҳуқуқий баҳо бермаган.

Бундай ҳолатларда ЎзР. ФКнинг 319, 694-моддалари ва 24.04.96 йилдаги 4-сонли шартноманинг шартлари бузилганлиги оқибатида, 8-сонли ИРЖ бошланғич ташкилотини "Камолот" АЖга нисбатан даъво талабларини тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлган тараф деб ҳисобламаслик керак.

Бундай ҳолатларда кассация инстанцияси судининг Бухоро вилоят хўжалик суди қарорини бекор қилиш учун асослари йўқ эди.

Олий хўжалик судининг Раёсати, иш бўйича Олий хўжалик суди кассация инстанциясининг 28.01.98 йилдаги қарорини бекор қилиб Бухоро вилоят хўжалик судининг 26.11.97 йилдаги қарорини кучда қолдирди.