Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг 2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги Маърузаси (2012 йил 19 январь)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

2012 ЙИЛ ВАТАНИМИЗ ТАРА??ИЁТИНИ ЯНГИ

БОСҚИЧГА КЎТАРАДИГАН ЙИЛ БЎЛАДИ



Рус тилидаги матнига қаранг



Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримовнинг

2011 йилнинг асосий якунлари ва 2012 йилда Ўзбекистонни

ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор

йўналишларига бағишланган Вазирлар

Маҳкамасининг мажлисидаги

МАЪРУЗАСИ


(2012 йил 19 январь)



Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Вазирлар Маҳкамасининг бугунги кенгайтирилган мажлисининг кун тартиби ўтган 2011 йилда мамлакатимизни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунларини баҳолаш ва 2012 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларини белгилаб олиш масалаларига бағишланган.

2011 йилда иқтисодиётимизни ривожлантиришнинг амалий якунлари таҳлилига ўтишдан олдин кейинги йилларда жаҳон иқтисодиётида кузатилаётган ўзгаришлар ва авваламбор турли салбий тенденциялар ҳақида қисқача тўхталиб ўтишни ўринли деб биламан.

Шулар ҳақида гапирганда, дунёдаги таниқли иқтисодчилар, нуфузли эксперт ва мутахассисларнинг баҳолари ва чиқараётган хулосалари принципиал жиҳатдан ягона бир фикрга келмоқда.

Жаҳон иқтисодиётига, биринчи навбатда, ривожланган йирик мамлакатлар иқтисодиётига 2008 йилда бошланган глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳали-бери салбий таъсир кўрсатмоқда.

Ўтган давр мобайнида аҳволни яхшилаш мақсадида кўрилаётган барча чора-тадбирларга қарамасдан, аксарият давлатларда ўсиш суръатлари ва ишлаб чиқаришнинг амалда пасайиши кузатилмоқда ва бундай жараён давом этадиган бўлса, у глобал миқёсда рецессия ҳолатига, яъни иқтисодиётнинг ўсиш ўрнига давомли равишда пасайиб боришига олиб келиши мумкинлиги башорат қилинмоқда.

Кўпгина тара??ий топган мамлакатларда вазият қандай тус олишини олдиндан айтиб бўлмайдиган ва турли хавф-хатарлар сақланиб қолаётган бир шароитда давлат қарзлари ва давлат бюджети тақчиллиги тобора ортиб бормоқда.

Шу билан бирга, жаҳон захира валюталарининг беқарорлиги, молия-банк тизими кредит қобилиятининг кескин пасайиши ва инвестициявий фаолликнинг сусайиши билан боғлиқ мураккаб муаммолар кўплаб давлатлар иқтисодиётининг тикланиш ва ўсиш суръатларига салбий таъсир кўрсатмоқда.

"Саккизлик" ва "йигирмалик" деб аталган мамлакатлар гуруҳлари доирасида қабул қилинаётган қарорларга қарамасдан, энг аввало, жаҳон молия-валюта тизимида инқироз келтириб чиқараётган муаммоларни ҳал этиш ва керакли назорат ўрнатиш бўйича ягона иқтисодий модель ҳанузгача ишлаб чиқилмаган. Бу эса жаҳон иқтисодиётида ҳал қилувчи ўрин тутадиган йирик давлатларни ўз манфаатларини ўйлаб, ўз билганича ҳаракат қилишга мажбур этмоқда.

Шуни тан олиш керакки, сўнгги йилларда жаҳон иқтисодиётида юзага келаётган муаммолар асосан қўшимча пул босиб чиқариш ва молия бозорини шундай пуллар билан тўлдириш ҳисобидан ҳал этилиши кўзга ташланмоқда.Бу эса, ўз навбатида, келгусида жиловлаб бўлмайдиган инфляцияга, яъни қимматчиликка, захира ва миллий валюталарнинг қадрсизланишига ва шу билан боғлиқ оғир оқибатларга олиб келиши мумкин.

Ўз-ўзидан аёнки, жаҳон бозорида кечаётган инқироз жараёнлари ўтган давр мобайнида мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожланиш кўрсаткичларига таъсир кўрсатмасдан қолмади ва Ўзбекистон иқтисодиётининг 2012 йилга мўлжалланган ўсиш суръатлари ва самарадорлигини таъминлашда катта қийинчиликлар туғдириши мумкин.

Биринчи навбатда, дунё бозорида хомашё ва тайёр маҳсулотга эҳтиёжнинг тобора пасайиб боришини ҳисобга оладиган бўлсак, бундай ҳолат мамлакатимизнинг экспорт салоҳияти ва валюта тушумига салбий таъсир кўрсатмасдан қолмайди, албатта.


Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Шундай муаммоларга, шунингдек, ўзимиздаги мавжуд айрим мураккаблик ва қийинчиликларга қарамасдан, халқимизнинг фидокорона меҳнати эвазига эришилган 2011 йилнинг якунлари билан ҳақли равишда фахрланишимиз учун бугун барча асосларимиз бор.

Охирги йилларда ва ўтган йили мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш борасида қўлга киритилган натижалар Халқаро валюта жамғармаси, Жаҳон банки, Осиё тара??иёт банки ва бошқа нуфузли халқаро молия ташкилотлари томонидан юксак баҳоланмоқда.

Халқаро валюта жамғармасининг кейинги баҳолаш миссияси баёнотида жумладан бундай дейилади:

“Ўзбекистон жадал ўсишга эришди ва глобал молиявий инқирозга қарши самарали чоралар кўрди. Кейинги беш йилда Ўзбекистонда ўсиш суръатлари ўртача 8,5 фоизни ташкил этди ва бу Марказий Осиёдаги ўртача ўсиш кўрсаткичидан юқоридир.

Қатор йиллар давомида кузатилган бюджет профицити, расмий захиралар даражасининг юқорилиги, давлат қарзининг камлиги, барқарор банк тизими ва халқаро молия бозорларидан қарз олишга эҳтиёткорлик билан ёндашиш мамлакатни глобал инқирознинг бевосита оқибатларидан ҳимоя қилди... Миссия 2011 йилда ялпи ички маҳсулот 8,3 фоиз кўпайишини кутмоқда ва ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётнинг юқори ўсиш суръатлари сақланиб қолишини башорат қилмоқда".

Таъкидлаш жоизки, ўтган йили мамлакатимизда ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръати, кутилганидек, амалда 8,3 фоизни ташкил этди, 2000-2011 йиллар мобайнида ялпи ички маҳсулот ҳажми 2,1 баробар ошди. Мазкур кўрсаткич бўйича Ўзбекистон дунёнинг иқтисодиёти жадал ривожланаётган мамлакатлари қаторидан жой олди.

Ўтган йили саноат ишлаб чиқариши 6,3 фоиз, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш 6,6 фоиз, чакана савдо айланмаси 16,4 фоиз ва аҳолига пуллик хизматлар кўрсатиш 16,1 фоизга барқарор юқори суръатлар билан ўсди.

Иқтисодиётимизда юз бераётган жиддий таркибий ва сифат ўзгаришларини биргина мисолда, яъни 2000 йилда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотини шакллантиришда саноат ишлаб чиқаришининг улуши бор-йўғи 14,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич 24,1 фоизга етганида я??ол кўриш мумкин.

Саноат маҳсулоти умумий ўсишининг қарийб 70 фоизини юқори қўшимча қийматга эга бўлган тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришга йўналтирилган соҳалар ташкил этди. Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг локомотивига айланган машинасозлик ва автомобилсозлик (12,2 фоиз), кимё ва нефть-кимё саноати (9,4 фоиз), озиқ-овқат саноати (13,1 фоиз), қурилиш материаллари саноати (11,9 фоиз), фармацевтика ва мебелсозлик (18 фоиз) 2011 йилда жадал суръатлар билан ривожланди.

Истеъмол товарлари ишлаб чиқариш ҳажми 2011 йилда 11,2 фоизга ўсди, 2000 йилга нисбатан эса бу кўрсаткич 4 баробардан зиёд ошди.

Таъкидлаш керакки, иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва бу соҳаларни диверсификация қилишга қаратилаётган улкан эътибор экспорт ҳажми, унинг таркиби ва сифатига ижобий таъсир кўрсатди.

2011 йилда экспорт маҳсулотлари ҳажми 2010 йилга нисбатан қарийб 15,4 фоизга кўпайди ва 15 миллиард доллардан кўпроқни ташкил этди. Бу 2000 йилга нисбатан 4,6 баробар зиёддир. Ташқи савдо айланмасининг ижобий сальдоси 4 миллиард 500 миллион доллардан ошди. Экспорт таркибида тайёр маҳсулотлар улуши 60 фоизни ташкил этди, ҳолбуки, 2000 йилда бу кўрсаткич қарийб 46 фоизни ташкил этган эди.

Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ва мутаносиб ривожланиб бораётганини 2005 йилдан бошлаб Давлат бюджети профицит билан бажарилаётгани ҳам я??ол тасдиқлаб турибди.

2011 йилда Давлат бюджетининг харажатлар қисми 2010 йилга нисбатан 25,4 фоизга, 2000 йилга нисбатан эса қарийб 17,8 баробар ўсди. Қайд этиш жоизки, давлат бюджети харажатларининг 58,7 фоизи ижтимоий соҳани молиялаш ва аҳолининг кам таъминланган қатламларини қўллаб-қувватлашга йўналтирилди.

Мана бу рақамларга алоҳида эътиборингизни жалб этмоқчиман. 2012 йилнинг 1 январь ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг умумий ташқи қарзи ялпи ички маҳсулотнинг 17,5 фоизидан, экспорт ҳажмига нисбатан эса 53,7 фоиздан ошмайди. Бу халқаро мезонлар бўйича “Ҳар жиҳатдан мақбул ҳолат” деб ҳисобланади.

Буларнинг барчаси мустақиллигимизнинг илк йилларидан бошлаб ҳам давлат, ҳам тижорат банклари, компания ва корхоналар миқёсида ҳар томонлама пухта ўйланган четдан қарз олиш сиёсатини амалга ошириб келаётганимиз билан боғлиқ эканини, ўйлайманки, тушуниш, англаш қийин эмас.

Шу ўринда мамлакатимиз молия-банк тизимида содир бўлаётган ижобий ўзгаришларни мамнуният билан қайд этмоқчиман.

2011 йилда банкларнинг капиталлашуви, уларнинг барқарорлиги ва ликвидлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган изчил ва аниқ мақсадли чора-тадбирлар амалга оширилди. 

Охирги беш йил давомида мамлакатимиз банк сектори капиталининг етарлилик даражаси банк назорати бўйича Базель қўмитаси томонидан 8 фоиз этиб белгиланган халқаро меъёрдан уч баробар кўп бўлган даражани ташкил этмоқда.

Шуни мамнуният билан таъкидлаш керакки, “Стандарт энд Пурс”, “Мудис” ва “Фитч Рейтингс” каби нуфузли халқаро рейтинг агентликлари икки йилдан буён Ўзбекистон банк тизимига муттасил равишда “барқарор” рейтинг даражасини бермоқда, айни пайтда мамлакатимизнинг шундай баҳога сазовор бўлган банклари сони йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Агар 2010 йилда мамлакатимизнинг 15 та тижорат банки “барқарор” рейтингини олган бўлса, ҳозирги кунда уларнинг сони 23 тага етди, бу банкларнинг активлари юртимиз банк тизими умумий активларининг 98 фоизини ташкил этмоқда.

Маълумки, аҳолининг банк тизимига ишончи ортиб бораётгани банклар фаолияти самарадорлигининг муҳим кўрсаткичи ҳисобланади.

Шу маънода, 2011 йилда депозитларга 18 триллион сўмдан ортиқ, ўтган йилга нисбатан 36,3 фоиз кўп маблағ жалб қилингани, жумладан, аҳоли депозитлари 38,8 фоизга ошгани айниқса эътиборлидир.

Банкларнинг кредит портфели таркиби сифат жиҳатидан тубдан ўзгармоқда. Агар 2000 йилда кредит портфелининг 54 фоизи ташқи қарзлар ҳисобидан шакллантирилган бўлса, 2011 йилда унинг 85,3 фоизи ички манбалар - юридик ва жисмоний шахслар депозитлари ҳисобидан шакллантирилди. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётимиз тармоқларига инвестиция киритиш ва шунинг ҳисобидан тара??иётимизни таъминлашда ички имкониятларимиз тобора ортиб бораётганининг далилидир.

Тижорат банкларининг инвестициявий фаоллиги ортмоқда. Тижорат банклари қўйилмаларининг 75 фоиздан ортиғини уч йилдан зиёд бўлган узоқ муддатли инвестиция кредитлари ташкил этмоқда. Умуман, сўнгги ўн йилда банкларимиз томонидан иқтисодиётнинг реал секторини кредитлаш 7 баробар ошганини алоҳида қайд этиш лозим, деб ўйлайман.

Бизнинг иқтисодий ночор корхоналарни банклар балансига ўтказиб, уларни соғломлаштириш борасида қўллаган ноанъанавий ёндашувимиз ўзини оқлади ва самарадорлигини кўрсатди, деб бугун тўла асос билан айтишимиз мумкин.

Ҳозирги пайтда банкларга берилган 164 та банкрот корхонадан 156 тасида ишлаб чиқариш фаолияти тўлиқ тикланди, 110 та корхона янги инвесторларга сотилди. Бундай корхоналарни техник қайта жиҳозлаш ва модернизация қилиш ишларига тижорат банклари томонидан 275 миллиард сўм миқдорида инвестиция киритилди, натижада 22 мингдан зиёд иш ўрни яратилди.

Фурсатдан фойдаланиб, бу вазифаларни бажаришга ўз ҳиссасини қўшган барча банк раҳбарлари, мутахассис ва хизматчиларга ўз миннатдорлигимни билдирмоқчиман.

Энди, рухсатингиз билан, қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ишларимизнинг натижалари ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Бу ҳақда гапирганда, аввало, мураккаб об-ҳаво ва иқлим шароити туфайли вужудга келган муаммо ва қийинчиликларга қарамасдан, қишлоқ меҳнаткашларининг фидокорона меҳнати ҳисобидан 2011 йили энг муҳим қишлоқ хўжалик маҳсулотлари давлат хариди бўйича шартнома мажбуриятлари нафақат бажарилгани, балки ортиғи билан бажарилганини таъкидлаш ўринлидир.

Мамлакатимизда ўтган йили 6 миллион 800 минг тонна ғалла, 3 миллион 500 минг тоннага яқин пахта, 8 миллион 200 минг тоннадан ортиқ сабзавот ва полиз, қарийб 3 миллион тонна боғдорчилик маҳсулотлари етиштирилди. Шу билан бирга, 6 миллион 600 минг тонна сут, 1 миллион 500 минг тоннадан ортиқ гўшт, 3 миллиард 500 миллион донадан зиёд тухум тайёрланди.

Бугун мана шу юксак минбардан туриб, кунни - кун, тунни - тун демасдан, қилган фидокорона меҳнатлари учун фермер ва де??онларимизга яна бир бор миннатдорлик билдириб, ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишни ҳам қарз, ҳам фарз, деб биламан.

Айни пайтда биз қишлоқ хўжалиги соҳасида биринчи навбатда тупроқ унумдорлигини ошириш чораларини кўриш, барча агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш, замонавий агротехнологияларни жорий қилиш, селекция ва уруғчиликни янада ривожлантириш, меҳнатни ташкил этиш ва рағбатлантириш билан боғлиқ, ҳали-бери ишга солинмаган катта имкониятлар мавжудлигини ҳам эътироф этишимиз зарур. 

Шуни очиқ тан олиш керакки, фермер хўжаликларини ташкил этиш ва уларнинг масъулиятини янада ошириш борасида ҳали кўп иш қилишимиз лозим.

Ўтган йили 3 минг 800 дан ортиқ фермер хўжалиги пахта етиштириш бўйича шартнома мажбуриятини бажара олмади. Натижада 120 миллиард сўмликдан ортиқ ёки 160 минг тоннадан зиёд пахта хомашёси кам етказиб берилди. Агар бу кўрсаткични экспорт қилиш мумкин бўлган пахта толасига айлантирадиган бўлсак, бой берилган фойда ҳажми, пахтани қайта ишлашдан олинадиган мой, шрот, кунжара ва бошқа маҳсулотларни ҳисобга олмаганда ҳам, йўқотиш қарийб 100 миллион долларни ташкил этади.

Ўтган йили 1 минг 500 та фермер хўжалиги давлат захирасига ғалла сотиш бўйича 18 миллиард сўмлик ёки 62 минг тонна ҳажмидаги шартнома мажбуриятини бажармади.

Ана шу масалалар юзасидан ҳар бир вилоят ва туман бўйича тегишли хулосалар чиқарилиши керак. Бунда, энг аввало, фермер хўжаликларига ер майдонларини узоқ муддатга ижарага бериш бўйича белгиланган тартибга риоя қилинишини, шу борада қонун бузилишларига йўл қўймасликни таъминлаш зарур.

Мамлакатимизда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаси 2011 йилда жадал суръатлар билан ривожланиб, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 2000 йилдаги 37 фоиз ўрнига 50,5 фоизни ташкил этди.

Йил давомида алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари ҳажмининг 41,6 фоизга ўсганини бугунги кун талабларига жавоб берадиган ижобий тенденция сифатида баҳолаш лозим.

Бу кўрсаткич, аввало, мобиль алоқа ва Интернет тармоғи хизматларидан фойдаланадиган абонентлар сонининг ўсиши ҳисобидан таъминланди. Бунда ҳисобот йилида аҳоли учун Интернет хизматларидан фойдаланиш тарифларини 22 фоизга камайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳим аҳамият касб этди. Ҳозирги кунда мамлакатимиз аҳолисининг 8 миллионга яқини Интернет тармоғидан фаол фойдаланмоқда.

Изчиллик билан амалга оширилаётган, биринчи навбатда солиқ юкини камайтиришга қаратилган оқилона солиқ сиёсати иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришларга, хўжалик юритувчи субъектларнинг ишбилармонлик фаоллиги ва молиявий барқарорлигини юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Хусусан, 2011 йилда солиқ юки, 1991 йил билан солиштирганда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан қарийб 2 баробар камайиб, 41,2 фоиздан 22 фоизга тушганини қайд этиш зарур.

2011 йилда микрофирма ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкасининг 7 фоиздан 6 фоизга камайтирилиши хўжалик юритувчи субъектлар инвестиция фаолиятининг кенгайишига хизмат қилди. Бунинг натижасида бўшаб қолган қарийб 80 миллиард 300 миллион сўм маблағни биринчи навбатда ишлаб чиқаришни технологик янгилаш ва замонавий техникани жорий этишга йўналтириш имкони пайдо бўлди.

Ўтган йили фаолият кўрсатаётган корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ҳамда замонавий, юксак технологияларга асосланган янги ишлаб чиқаришни ташкил этишни тезлаштириш борасида фаол инвестиция сиёсати юритишга алоҳида эътибор қаратилди.

2011 йилда молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан қиймати 10 миллиард 800 миллион доллардан ортиқ капитал қўйилмалар ўзлаштирилди, бу 2010 йилга нисбатан 11,2 фоиз кўп демакдир. Инвестицияларнинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 23,9 фоизни ташкил этгани мамлакатимизда инвестиция жараёнларининг жадал фаоллашиб бораётганидан далолат беради.

Иқтисодиётимизнинг реал секторига қарийб 2 миллиард 900 миллион доллар ҳажмида хорижий инвестициялар жалб қилинди, уларнинг 78,8 фоизи тўғридан-тўғри хорижий инвестициялардир.

Капитал қўйилмаларни молиялаштириш манбалари ва улардан фойдаланиш борасида ижобий сифат ўзгаришлари рўй бермоқда.

Жами инвестицияларнинг 73 фоиздан ортиғи мамлакатимизнинг ички манбалари ҳисобидан - корхоналар ва аҳоли маблағлари, инвестиция жараёнларида тобора фаол иштирок этаётган тижорат банклари кредитлари, шунингдек, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар маблағлари ҳисобидан шакллантирилмоқда.

Жами инвестицияларнинг 73,5 фоизидан ортиғи ишлаб чиқариш қувватларини барпо этишга йўналтирилмоқда. Инвестицияларнинг қарийб 45,3 фоизи замонавий, юксак самарали асбоб-ускуналар харид қилишга йўналтирилгани айниқса муҳимдир.

Мамлакатимизда фаол инвестиция сиёсати олиб борилиши натижасида ҳисобот даврида ўнлаб замонавий корхоналар ишга туширилди. Жумладан, “Женерал Моторс Павертрэйн Ўзбекистон” қўшма корхонасида юқори технологиялар асосида автомобиль двигателлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, автомобиль генератори ва компрессорлари ишлаб чиқариш бўйича қувватлар барпо этилди, энергияни тежайдиган лампалар ишлаб чиқариш бўйича учта лойиҳа амалга оширилди.

Шулар қаторида “Зенит электроникс” қўшма корхонасида “Самсунг” кир ювиш машиналари ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Айни пайтда маиший газ плиталари, кондиционерлар, электр пилесослар ва бир қанча бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

“Муборак газни қайта ишлаш заводи” унитар шўъба корхонасида суюлтирилган газ ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш мақсадида пропан-бутан аралашмаси қурилмасининг биринчи навбатини, Самарқанд вилоятида “MAN” юк ташиш машиналари ишлаб чиқариш бўйича янги мажмуанинг дилерлик марказини бунёд этиш ишлари якунига етказилди.

Навоий иссиқлик электр станциясида буғ-газ қурилмасини барпо этиш, Ўзбекистон-Хитой газ қувурининг учинчи йўналиши каби йирик лойиҳаларни амалга оширишда қурилиш-монтаж ишлари қизғин паллага кирди.

Навоий шаҳридаги эркин индустриал-иқтисодий зона муваффақиятли фаолият юрита бошлади, унинг ҳудудида янги ташкил этилган корхоналарда спидометрлар, автомобиллар учун ўтказгичлар, компрессорлар, рақамли телевизион тюнерлар, энергияни тежайдиган лампалар, ёритиш ускуналари, диодли лампалар, модемлар, полиэтилен ва полипропилен қувурлар, косметика воситалари ҳамда тиббиёт маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Ўзбекистон миллий автомобиль магистралини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича лойиҳалар доирасида 302,5 километр узунликдаги йўлга замонавий қоплама ётқизилиб, реконструкция қилинди. Тошкент ва Бухоро шаҳарлари аэропортларининг маҳаллий йўналишларда хизмат кўрсатадиган йўловчи терминаллари фойдаланишга топширилди.

Тошкент - Самарқанд йўналишида мазкур икки шаҳар ўртасидаги 344 километр масофани атиги 2 соатда босиб ўтадиган, юқори тезликда ҳаракат қиладиган “Талго-250” йўловчи электр поездлари қатнови йўлга қўйилди.

Бу поездлардан фойдаланиш мақсадида темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш ва такомиллаштириш бўйича кенг кўламдаги ишлар амалга оширилди. Жумладан, 600 километр узунликдаги йўллар қайтадан тикланди, 68 километрдан иборат янги темир йўллар ётқизилди, Тошкент ва Самарқанд шаҳарлари темирйўл вокзаллари реконструкция қилинди ва қайтадан жиҳозланди.

Ўтган йил мобайнида телекоммуникация тизимини ривожлантиришга қаратилган бир қатор лойиҳаларни амалга ошириш ишлари давом эттирилди. Хусусан, Жиззах - Булунғур йўналиши бўйлаб 73 километр узунликдаги оптик толали алоқа линияси ўтказилди, мобиль алоқа ва Интернет тармоғи кўлами тобора фаол кенгайиб бормоқда. Юртимизда аҳолига рақамли телевидение хизмати кўрсатиш ҳажми 38 фоизга етгани ҳам шу борадаги улкан ишларимизнинг амалий натижасидир.

2011 йилда логистика марказлари фаолияти жадаллашди. Хусусан, “Навоий халқаро интермодаль логистика маркази” орқали 50 минг тонна юк ташилди. “Ангрен логистика маркази” ёпиқ акциядорлик жамияти томонидан Қамчиқ довони орқали 4 миллион 200 минг тонна, яъни 2010 йилга нисбатан 1,3 баробар кўп юк ташилди.

Ўтган йили ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, мамлакатимиз аҳолисининг даромадлари ва турмуш даражасини муттасил ошириб бориш масалалари доимий эътиборимиз марказида бўлди.

2011 йилда республикамизда иш ҳақи 20,2 фоизга, бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақи, пенсиялар, нафақа ва стипендиялар миқдори эса 26,5 фоизга ўсди. Аҳолининг реал даромадлари йил мобайнида 23,1 фоизга ортди. Айни пайтда - шунга эътибор беришингизни сўрайман - аҳоли жами даромадларининг 47 фоизи тадбиркорлик фаолиятидан олинмоқда.

Сир эмаски, биз мустақил тара??иётимизнинг дастлабки йилларидан бошлаб ижтимоий адолат тамойилларини мустаҳкамлаш, аҳолининг даромадлари ва турмуш шароитида кескин тафовут бўлишига йўл қўймасликка катта эътибор қаратмоқдамиз.

Кейинги ўн йилда юртимизда аҳоли даромадлари ҳажми 8,1 баробар ортган бир пайтда, иш ҳақи, ижтимоий кўмакка муҳтож тоифаларнинг даромадлари миқдорини жадал ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш ва солиқ имтиёзлари бериш ҳисобидан аҳолининг энг паст ва энг юқори даромадга эга бўлган гуруҳлари ўртасидаги тафовут, бошқача айтганда, даромадлардаги фарқ коэффициенти 21,1 баробардан 8,3 баробарга қисқарди. Айтиш керакки, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ва бир қатор иқтисодий ривожланган давлатлар ўртасида бу коэффициент энг паст кўрсаткичлардан бири ҳисобланади.

Юртимизда ўтган йиллар давомида иш ҳақи ва пенсияларнинг харид қобилияти изчил ва барқарор ўсгани аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифати ортиб бораётганининг я??ол тасдиғидир.

Бунинг исботи тариқасида қуйидаги мисол ва рақамларни келтирмоқчиман.

Агар 1991 йилда энг кам иш ҳақига Халқаро меҳнат ташкилоти ва Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияларига қатъий мувофиқ тарзда ҳисоблаб чиқилган истеъмол корзинкаси қийматининг фақат 8 фоизини ташкил этадиган товар ва хизматларни харид қилиш мумкин бўлган бўлса, 2011 йилда бу кўрсаткич истеъмол корзинкасининг 120 фоизини ташкил этди ёки 15 баробар ўсди, энг кам пенсиянинг харид қобилияти эса 9 карра ошди.

Айни шу кўрсаткичлар 2000 йилда мос равишда 11,0 ва 3,6 баробарни ташкил этди.

Ҳисобот йилида таълим соҳасини ривожлантириш бўйича амалга оширган ишларимиз ҳақида гапирар эканмиз, умумий ўрта таълимдан бошлаб ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълимгача бўлган бўғинларда чуқур билим ва пухта касб-ҳунар тайёргарлигига эга бўлган ёш авлодни тарбиялаш жараёнини ўз ичига олган яхлит узлуксиз таълим тизимини шакллантириш ишлари изчил давом эттирилганини таъкидламоқчиман.

Олис ва чекка ҳудудларда касб-ҳунар коллежларининг 24 та филиалини ташкил этиш, фаолият юритаётган коллежлар қошида 18 та талабалар турар-жойларини қуриш орқали умумтаълим мактаблари 9-синф битирувчиларини касб-ҳунар таълими билан тўлиқ қамраб олиш бўйича қўшимча чора-тадбирларнинг қабул қилингани мазкур йўналишдаги муҳим қадам бўлди.

Умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасида катта ишлар амалга оширилди. Энг замонавий ўқув ва лаборатория жиҳозлари билан таъминланган, 46 минг 300 дан ортиқ ўқувчига мўлжалланган 166 та янги мактаб қурилди ва реконструкция қилинди, 151 та мактаб капитал таъмирланди. Мамлакатимиздаги 852 та мактабда замонавий ўқув компьютер синфлари ташкил этилди.

Ҳозирги вақтда 9 минг 400 дан зиёд умумтаълим мактаби ёки жами мактабларнинг 96 фоизи ZiyoNet электрон ахборот тармоғига уланганини қайд этиш лозим.

Касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини иш билан таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Коллежлар ва корхоналар ўртасида битирувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташи ва келажакда мазкур корхоналарда ишга жойлашиши бўйича шартнома тузиш йўлга қўйилди. Мазкур келишувлар асосида 390 мингдан ортиқ битирувчи иш билан таъминланди.

Ҳукумат қарорига мувофиқ олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини модернизация қилиш ва мутахассислар тайёрлаш сифатини тубдан яхшилаш бўйича 2011-2016 йилларга мўлжалланган дастурни амалга ошириш учун 277 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтириш кўзда тутилган.

Маблағларни жамлаш ва дастурда белгиланган чора-тадбирларнинг молиялаштирилишини таъминлаш мақсадида ўтган йили махсус жамғарма ташкил этилди ва унинг маблағлари ҳисобидан 2011 йилда бир йилга мўлжалланган 39 миллиард сўмдан ортиқ тадбирлар молиялаштирилди.

Ўтган йили илғор ахборот-компьютер технологиялари билан жиҳозланган, аввало ёшларимизга миллий ва хорижий ахборот-кутубхона фондларидан кенг фойдаланиш имконини берадиган Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси - замонавий ахборот-ресурс маркази ва Симпозиумлар саройини ўзига қамраб олган Маърифат марказининг қуриб битказилгани ва ишга туширилгани мамлакатимиз ҳаётида том маънода улкан воқеа бўлди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

2011 йилда соғлиқни сақлаш тизимини янада ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасидаги ишлар изчил ва тизимли асосда давом эттирилди.

Даволаш-профилактика муассасаларини реконструкция қилиш, уларни замонавий лаборатория, диагностика ва даволаш жиҳозлари билан таъминлаш учун қиймати қарийб 137 миллиард сўмлик бюджет маблағлари ҳамда 136 миллион долларлик хорижий имтиёзли кредит ва грантлар йўналтирилди.

Умуман олганда, кейинги ўн йил мобайнида соғлиқни сақлаш соҳасини ривожлантиришга йўналтирилган бюджет маблағлари ҳамда имтиёзли кредит ва грантлар 750 миллион АҚШ долларидан зиёдни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш борасида қабул қилинаётган изчил чора-тадбирлар кейинги ўн йилда аҳолининг умумий касалланиш кўрсаткичларини сезиларли даражада қисқартириш имконини берди. Ҳар юз минг кишига ҳисоблаганда, ижтимоий хавфи катта бўлган касалликларга чалиниш ҳолатлари, жумладан, туғма нуқсонлар билан туғилиш - 32,4 фоизга, юқумли касалликлар - 40 фоизга, юқори нафас органларининг ўткир инфекциялари билан оғриш - 4,2 баробар камайди. Дифтерия, паратиф, полиомиелит, безгак касалликларига чалиниш ҳолатларига бутунлай барҳам берилди.

2011 йилда 5,9 миллион нафар хотин-қиз ҳар йили ўтказиладиган тиббий кўрикдан, қарийб 150 минг ҳомиладор аёл скрининг текширувидан ўтказилди. Қишлоқ жойларда истиқомат қилаётган 243 мингдан ортиқ ҳомиладор аёл поливитаминлар билан бепул таъминланди. Болаларни юқумли касалликларга қарши эмлаш даражаси қарийб 100 фоизни ташкил этди.

Юртимиз таълим ва тиббиёт муассасаларини замонавий талаблар ва халқаро андозалар асосида ривожлантириш, уларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш борасидаги ишларни тизимли амалга ошириш мақсадида 2011 йилда бюджетдан ташқари Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармаси ташкил этилди ва у 2012 йилнинг биринчи кунларидан иш бошлади.

Аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш соҳасида биз эришган бундай катта ютуқлар ўтган йили Тошкентда бўлиб ўтган “Ўзбекистонда она ва бола саломатлигини муҳофаза қилишнинг миллий модели: “Соғлом она - соғлом бола” мавзуидаги халқаро симпозиумда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСЕФ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан юксак баҳоланди.

“Болаларни асрайлик” халқаро ташкилоти томонидан тузилган жаҳон рейтингида Ўзбекистон болалар саломатлигини мустаҳкамлаш борасида катта ғамхўрлик кўрсатаётган энг илғор етакчи ўнта мамлакат қаторига киритилгани, албатта барчамизга юксак ғурур ва ифтихор бағишлайди.

Ҳисобот йилида янги иш ўринлари ташкил этиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш масаласини ҳал қилиш ҳам эътиборимиз марказида бўлди. Ҳудудий бандлик дастурларининг амалга оширилиши натижасида яратилган 1 миллионга яқин иш ўрнининг 68 фоизидан кўпроғи қишлоқ жойларда ташкил этилди.

Таъкидлаш жоизки, янги иш ўринларининг 64 фоизидан ортиғи кичик бизнес, хусусий тадбиркорлик ва фермерлик ривожини рағбатлантиришни янада кучайтириш, хусусан, уларга янги имтиёз ва преференциялар бериш, 28 фоизидан зиёди эса янги корхоналар ташкил этиш, касаначиликнинг турли шаклларини кенгайтириш ҳисобидан яратилди.

Ўтган йил якунлари ҳақида хулоса чиқарар эканмиз, 2011 йил Иқтисодиётимизни ислоҳ қилиш дастурининг мантиқий давоми бўлди, Ўзбекистоннинг 20 йиллик мустақил тара??иёти тарихида, жамиятимизни изчил демократик янгилаш ва либераллаштириш жараёнида алоҳида ўрин эгаллаган йил бўлди, деб тўла ишонч билан таъкидлашимиз мумкин.


Ҳурматли йиғилиш иштирокчилари!

2012 йилнинг асосий йўналишлари ҳақида гапирганда, жорий йилда Ўзбекистон иқтисодиёти ва унинг етакчи тармоқларини ривожлантиришнинг кўрсаткичлари аввало юқори ва изчил ўсиш суръатларини сақлаш, макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлаш лозим.

Ялпи ички маҳсулотнинг 8,2 фоизга, саноат ишлаб чиқаришининг 8,6 фоизга, қишлоқ хўжалигининг 5,8 фоизга ўсиш суръатлари белгиланмоқда. Шунингдек, истеъмол нархларининг ўсиш даражаси 7-9 фоиз доирасида бўлиши мўлжалланмоқда, Марказий банкнинг қайта молиялаш ставкасини 12 фоиз даражасида сақлаш назарда тутилмоқда.

Мамлакатимизнинг 2012 йил учун тасдиқланган Давлат бюджети жами харажатларининг 60 фоиздан ортиғини социал соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Солиқ юкини, биринчи навбатда, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларидан олинадиган солиқ юкини сезиларли даражада камайтириш белгиланмоқда. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга туширилиши режалаштирилмоқда.

Шу билан бирга, жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғининг энг паст ставкаси 10 фоиздан 9 фоизга пасайтирилганини қайд этиш лозим. Бу, аввало, кам иш ҳақи тўланадиган ишловчилар тоифаси даромадларининг кўпайишига сезиларли равишда ижобий таъсир кўрсатиши табиийдир.

Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришга йўналтирилаётган капитал қўйилмалар ҳажми анча ошиб, ўтган йилга нисбатан уларнинг ўсиш суръатлари 109,3 фоизни, ялпи ички маҳсулот таркибидаги улуши эса 24,5 фоизни ташкил этиши кутилмоқда.

Шунингдек, хорижий инвестициялар ва жалб қилинадиган кредитлар ҳажми 16 фоизга кўпайиб, 3 миллиард 300 миллион доллардан ошади. Мазкур маблағнинг 2 миллиард 300 миллион доллардан ортиғи ёки қарийб 70 фоизини тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ташкил этиши айниқса эътиборлидир.

Бу хорижий инвесторларнинг иқтисодиётимизнинг мустаҳкамлиги ва барқарорлигига, энг муҳими, Ўзбекистон тара??иётининг истиқболига бўлган қизиқиши ва ишончи тобора ортиб бораётганидан я??ол далолат беради.

Жаҳон иқтисодиётида вужудга келаётган тенденциялардан, шунингдек, мамлакатимизни келажакда иқтисодий ва ижтимоий ривожлантириш стратегиясидан келиб чи??ан ҳолда, 2012 йилда ва ундан кейинги йилларда қуйидаги устувор вазифаларнинг амалга оширилиши муҳим аҳамият касб этади.

Биринчи даражали эътибор мамлакатимиз иқтисодиётининг рақобатдошлигини ошириш бўйича дастур тайёрлаш ва уни амалга оширишга қаратилиши зарур.

Бу мақсаднинг долзарблиги ва аҳамияти аввало шу билан белгиланадики, биз ўрта муддатли истиқболда иқтисодиётимизни ривожланган демократик давлатлар даражасига олиб чиқишни ҳозирги босқичдаги бош стратегик вазифа сифатида ўз олдимизга қўйганмиз.

Ўз-ўзидан аёнки, рақобатдош иқтисодиётни шакллантирмасдан, пировард натижада эса рақобатдош мамлакатни барпо этмасдан туриб, биз қабул қилган Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепциясида кўзда тутилган мақсадли вазифаларни амалга оширмасдан туриб, бу ҳақда жиддий сўз юритиш мумкин эмас.

Бу вазифанинг ўртага қўйилиши, шунингдек, инқироз жараёнларининг чуқурлашуви, дунё миқёсида харид талабининг пасайиши ва шунга мувофиқ тарзда жаҳон бозорида хомашё, материаллар, айниқса, тайёр маҳсулотлар бўйича рақобатнинг йилдан-йилга кучайиб бораётгани билан ҳам боғлиқ, албатта.

Бугунги кунда кўплаб ривожланган ва жаҳон иқтисодиётида етакчи ўрин тутадиган мамлакатлар тажрибаси шуни сўзсиз исботлаб бермоқдаки, рақобатдошликка эришиш ва дунё бозорларига чиқиш, биринчи навбатда иқтисодиётни изчил ислоҳ этиш, таркибий жиҳатдан ўзгартириш ва диверсификация қилишни чуқурлаштириш, юқори технологияларга асосланган янги корхона ва ишлаб чиқариш тармоқларининг жадал ривожланишини таъминлаш, фаолият кўрсатаётган қувватларни модернизация қилиш ва техник янгилаш жараёнларини тезлаштириш ҳисобидан амалга оширилиши мумкин.

Ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва рақобатдош маҳсулотларнинг янги турларини ўзлаштириш бўйича қабул қилинган биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурига мувофиқ, 2012-2016 йилларда ҳисоб-китоблар бўйича қиймати 6 миллиард 200 миллион доллар бўлган 270 дан зиёд инвестиция лойиҳасини, шунингдек, ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича тармоқ дастурларини амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Жорий 2012 йилда иқтисодиётимизни диверсификация қилишни давом эттиришда ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш мўлжалланмоқда. Жумладан, Сурғил кони базасида Устюрт газ-кимё комплекси, Де??онобод калийли ўғитлар ва Қўнғирот сода заводларининг иккинчи навбатини, синтетик суюқ ёқилғи ишлаб чиқариш заводини қуриш ишлари бошланади.

Шунингдек, Толлимаржон иссиқлик электр станциясида иккита буғ-газ қурилмаси, Ангрен иссиқлик электр станциясида янги энергоблок қуриш, автомобиль шиналари ва транспортёр тасмаси ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш, тўқимачилик корхоналари қувватларини янада кенгайтириш ва бутун технологик жараённи такомиллаштириш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш кўзда тутилмоқда.

Корхоналарни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш ишларини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Тикланиш ва тара??иёт жамғармасининг роли тобора ортиб бораётганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Айтиш керакки, ҳозирги вақтда ушбу Жамғарма капитали 9 миллиард доллардан ошиб кетди. 2012 йилда Жамғарма маблағлари ҳисобидан саноат ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг етакчи тармоқларида 758 миллион доллардан зиёд ҳажмдаги 29 та стратегик инвестиция лойиҳасини биргаликда молиялаш мўлжалланмоқда, бу ўтган йилга нисбатан 38,2 фоизга кўп демакдир.

Вазирлар Маҳкамаси стратегик аҳамиятга молик лойиҳаларнинг амалга оширилишини алоҳида назоратга олиши, лойиҳа-смета ҳужжатларининг пухта ишланишини, танлов савдоларининг ўз вақтида ўтказилишини, зарур асбоб-ускуналарнинг етказиб берилиши бўйича шартномалар тузилиши ҳамда қурилиш-монтаж ишларининг белгиланган муддатларда бажарилишини таъминлаши зарур.

Ҳукуматнинг чорак якунларига бағишланган йиғилишларида қабул қилинган Биринчи навбатдаги чора-тадбирлар дастурини ва модернизациялаш бўйича тармоқ дастурлари ҳамда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича тасдиқланган тармоқ жадваллари ижроси таъминланишини кўриб чиқиш ва уларнинг бажарилиши учун ўз вақтида тегишли чоралар кўриш тартибини жорий этиш даркор.

Ўтган йили протокол билан белгиланган топшири??а биноан мамлакатимизнинг барча йирик корхоналари ва ишлаб чиқариш тармоқларида ўтказилган техник аудит натижасида 37 мингга яқин асбоб-ускуна ва технологияларнинг жаҳон миқёсида синовдан ўтган, замонавий турларига алмаштирилиши лозимлиги аниқланди.

Вазирлар Маҳкамаси ушбу аудит натижалари асосида бир ой муддатда моддий ва маънавий жиҳатдан эскирган асбоб-ускуналарни янгилаш бўйича лойиҳаларнинг амалга оширилиши юзасидан, уларни молиялашнинг аниқ манбаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда, тармоқ жадвалларини тасдиқлаши зарур.

Бугунги кунда иқтисодиётимизнинг самараси ҳақида сўз юритар эканмиз, шуни тан олишимиз керакки, бу йўналишда эскидан қолган ва ҳали-бери рўй бериб келаётган оқсоқлик ҳолатлари борлиги, биринчи навбатда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг материал ва энергия сарфи юқори даражада сақланиб қолаётгани аён бўлади.

Аввало, биз табиат томонидан берилган ноёб, қайта тикланмайдиган захиралар бўлмиш нефть, газ конденсати, табиий газ ва бошқа ёқилғи-энергетика ресурсларидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланишни ҳамон ўрганганимиз йўқ. Бу ресурсларнинг катта қисмидан кўпроқ ёқилғи сифатида фойдаланяпмиз, холос.

Муқобил энергия ресурсларини излаш ва жорий этиш ишлари талаб даражасида эмас. Умуман, ушбу соҳада зудлик билан ҳал қилиниши лозим бўлган кўплаб муаммолар тўпланиб қолганини афсус билан қайд этиш керак.

Ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини бошқариш тизимларини жорий этиш, маҳсулотларнинг халқаро стандартларга мослигини таъминлаш масаласи барча корхоналарда ҳам ҳал этилган, деб бўлмайди. Бу камчилик, айниқса, биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган енгил саноат, фармацевтика ва қурилиш материаллари саноати каби истеъмол товарлари ишлаб чиқариладиган тармоқларга тегишлидир.

Мамлакатимизда яратилган ишлаб чиқариш салоҳиятидан фойдаланиш борасида ҳам ишга солинмаган улкан имкониятлар мавжуд. Биз ишлаб чиқаришни янгилаш ва модернизация қилиш учун катта маблағ сарфлаймиз, кўп миқдордаги хорижий инвестицияларни жалб этамиз.

Лекин қатор тармоқларда ишлаб чиқариш қувватларидан, асосий фондлардан тўлиқ фойдаланишда, меҳнат самарадорлигини оширишда йўл қўйилаётган камчиликлар маҳсулотлар таннархининг асоссиз равишда ўсиб кетишига олиб келмоқда.

Бундай вазиятларни танқидий баҳолаб, Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда қуйидаги масалаларни ҳал этиши зарур:

Биринчидан. Манфаатдор вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари, компания ва корхоналар иштирокида саноатда маҳсулот таннархини 10-15 фоизга пасайтириш юзасидан ҳар бир саноат корхонаси бўйича комплекс чора-тадбирларни кўзда тутадиган дастур ишлаб чиқиш лозим.

Иккинчидан. Мамлакатимиз корхоналарида қишлоқ хўжалиги хомашёсини қайта ишлаш даражасини танқидий таҳлил қилиш ва уни ривожлантириш бўйича мавжуд ресурс ва имкониятларни аниқлаш ҳамда саноатнинг қайта ишлаш тармоқларини жадал ривожлантириш, ишлаб чиқарилаётган истеъмол товарлари турларини кўпайтириш ва сифатини яхшилаш, бунинг учун қўшимча имтиёзларни кўзда тутадиган махсус қарор қабул қилиш керак.

Бу борада, биринчи навбатда, маҳаллий хомашё ва материаллар асосида саноат кооперацияси ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш тизимини янада ривожлантиришга оид ишларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратиш даркор.

Учинчидан. Бугунги кескин рақобат шароитида маҳсулотларимизнинг жаҳон ва минтақавий бозорларда харидоргир бўлиши ва мустаҳкам ўрин эгаллаши учун бу борадаги ишларни яна бир бор танқидий кўриб чиқиш лозим. Бунда ташқи бозорда харидорбоп, юқори ликвидли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун экспортга маҳсулот чиқарадиган корхоналарни рағбатлантиришни янада кучайтириш, уларга янги имтиёз ва преференциялар бериш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тайёрлаш зарур.

Тўртинчидан. Мамлакатимиздаги рақобатдош маҳсулотлар ишлаб чиқарадиган саноат корхоналари ва бошқа тармоқларнинг экспорт ярмаркалари ўтказишини кенгайтириш, шунингдек, маҳсулот сотишнинг замонавий усулларидан кенг фойдаланиш, асосий ишлаб чиқарувчиларимизни ўз маҳсулотлари тақдимотини ўтказиш ва янги экспорт шартномалари тузиши учун нуфузли халқаро ярмаркаларга жалб этиш бўйича алоҳида Ҳукумат қарорини қабул қилиш лозим.

Таркибий янгиланишдаги алоҳида эътиборни талаб этадиган навбатдаги муҳим масала - бу хизматлар соҳасининг жадал ривожланишини таъминлашдан иборат.

Хизматлар ва сервис соҳасининг жорий йилда кескин ўсиши, аввало қурилиш, транспорт, молия-банк ва ахборот-коммуникация соҳаларида, аҳолига тиббий ва коммунал-маиший хизматлар кўрсатишда, айниқса, қишлоқ жойларда бу соҳани янада кенгайтириш учун ҳали-бери фойдаланилмаётган катта имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Хизматлар соҳасининг ривожланиши, кўрсатилаётган хизматлар ҳажми ва сифати бўйича биз иқтисодий ривожланган мамлакатлардан ҳамон жиддий орқада қолмоқдамиз.

Энг муҳими, шуни унутмаслик керакки, катта капитал қўйилмалар талаб қилмайдиган бу соҳа иқтисодиётнинг юксалишига, аҳоли бандлиги ва даромадларининг ортишига сезиларли даражада ижобий таъсир кўрсатади.

Вазирлар Маҳкамаси бир ой муддатда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳаларини ривожлантириш бўйича 2012-2016 йилларга мўлжалланган дастур лойиҳасини тасдиқлаш учун киритиши, бунда мамлакатимиз ялпи ички маҳсулоти таркибида бу соҳанинг улуши 54-56 фоизга етказилишини назарда тутиш даркор.

2012 йилда энг муҳим устувор вазифалардан бири транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини жадал ривожлантиришни таъминлашдан иборат бўлиб қолади.

Транспорт-коммуникация тармоқларининг инсон танасини қон билан таъминлайдиган ҳаётбахш томирларга ўхшатилиши бежиз эмас, албатта.

Бугунги кунда юксак тара??ий топган замонавий мамлакатни иқтисодиёт ривожини, шаҳарлар ва аҳоли пунктларининг ҳаётий фаолиятини таъминлайдиган магистрал коммуникацияларнинг кенг тармоғисиз тасаввур этиб бўлмайди.

Барчамиз, аввало, вилоят ва ҳудудий тузилмалар раҳбарлари транспорт ва коммуникация, биринчи навбатда йўл қурилиши соҳаси, шунингдек, ижтимоий ва ободонлаштириш ишлари кўп меҳнат талаб этадиган ва айни вақтда яхши ҳақ тўланадиган, аҳолини иш билан таъминлаш имконини берадиган тармоқлар эканини доимо ёдимизда тутишимиз зарур. Шу нуқтаи назардан қараганда, мамлакатимизнинг барча ҳудудларини ишончли равишда боғлайдиган, минтақавий ва жаҳон бозорларига чиқишни таъминлайдиган Ўзбек миллий автомагистрали таркибига кирадиган йўлларни қуриш ва реконструкция қилиш лойиҳаларини жадал амалга ошириш биз учун ғоят муҳим аҳамиятга эга.

Шу мақсадда 2012 йилда 517 километрлик автомобиль йўллари, иккита йирик транспорт боғламаси, 544 погон-метр кўприк ва йўл ўтказгичларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш мўлжалланмоқда. Бунинг учун Республика йўл жамғармасидан 360 миллион АҚШ долларидан ортиқ қийматдаги, ўтган йилга нисбатан 12,5 фоиз кўп маблағ йўналтириш режалаштирилмоқда.

Ўзбек миллий автомагистралини модернизация қилиш нафақат мамлакатимиз, балки бутун Марказий Осиё минтақаси учун улкан стратегик аҳамиятга эга эканини инобатга олган ҳолда, ушбу лойиҳани амалга оширишда Осиё тара??иёт банки, Ислом тара??иёт банки, Араб Мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари сингари халқаро молия тузилмалари фаол иштирок этмоқда.

Мазкур ташкилотлар томонидан 742 километрлик автомобиль йўлларини қуриш ва реконструкция қилиш, йўл қурилиши бўйича замонавий техника сотиб олиш учун 1 миллиард 400 миллион долларга яқин имтиёзли кредитлар ажратилди.

Фақат 2012 йилнинг ўзида ушбу мақсадлар учун 109 миллион доллар миқдоридаги маблағни ўзлаштириш, 165 километр цемент-бетон қопламали йўлларни фойдаланишга топшириш, жумладан, Қамчиқ довони орқали ўтадиган йўлни реконструкция қилиш мўлжалланмоқда.

“Ўзавтойўл” давлат акциядорлик компанияси, Республика йўл жамғармаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига ажратилаётган маблағларни самарали ўзлаштириш ҳамда автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш юзасидан белгиланган кўрсаткичларни сўзсиз бажариш бўйича амалий чоралар кўриш вазифаси топширилади.

Темир йўллар коммуникацияларини янада ривожлантириш, Мароқанд - Қарши ва Қарши - Термиз темир йўл участкаларини электрлаштириш бўйича лойиҳалар амалга оширилишини жадаллаштириш зарур. Шу билан бирга, Тошкент - Самарқанд темир йўл линияси участкасида ободонлаштириш ишларини давом эттириш ҳамда юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездларнинг ишончли ва хавфсиз қатновини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш даркор. “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда мазкур ишларни амалга ошириш бўйича тармоқ жадвалларини ишлаб чиқиши ва тасдиқлатиши, уларнинг ўз вақтида бажарилишини таъминлаши лозим.

Вазирлар Маҳкамаси “Навоий халқаро интермодал логистика маркази”ни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилишини, халқаро юклар транзит ҳажмини кўпайтириш, парвозлар географиясини янада кенгайтириш, аэропорт инфратузилмасини такомиллаштириш, шунингдек, “Ангрен логистика маркази”ни модернизация қилиш, ривожлантириш ва жиҳозлаш ишларини қатъий назоратга олиши зарур.

Телекоммуникация тармоғи кўламини кенгайтириш, уни ривожлантириш ва модернизация қилиш учун қўшимча ресурсларни жалб этиш лозим. Жорий йилда узунлиги 172 километрдан ортиқ бўлган Ургут - Шаҳрисабз ва Бойсун - Денов оптик толали алоқа линияси қурилишини амалга ошириш мўлжалланмоқда. Айни вақтда 89 та янги база станцияларини барпо этиш ҳисобидан симсиз алоқа зонасини кенгайтириш, Фарғона, Навоий, Сирдарё ва Сурхондарё вилоятларида телеузатгичлар ўрнатиш орқали рақамли телевидениега босқичма-босқич ўтиш ва бошқа ишларни бажариш шу борадаги вазифаларимиз қаторига киради.

Телекоммуникация тармоғини ривожлантириш ва модернизация қилиш бўйича мўлжалланган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ишларига 2012 йилда 176 миллион доллардан ортиқ ҳажмдаги инвестицияларни йўналтириш режалаштирилмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳар ойда тегишли вазирликлар, идоралар, хўжалик бирлашмалари ва ҳудудий бошқарув органлари раҳбарлари иштирокида 2011-2015 йилларда инфратузилмани, транспорт ва коммуникация қурилиши ривожланишини жадаллаштириш тўғрисидаги дастурга мувофиқ кўзда тутилган лойиҳаларнинг ижросини кўриб чиқиши лозим. Бунда ушбу лойиҳаларнинг амалга оширилишини жадаллаштиришга тўсқинлик қилаётган муаммоларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар қабул қилинишини таъминлаш даркор.

2012 йилда ва ундан кейинги йилларда ди??атимиз марказида туриши лозим бўлган устувор вазифалар ҳақида сўз борар экан, Қишлоқ жойларда намунавий лойиҳалар асосида хусусий уй-жойларни қуриш бўйича дастурни амалга ошириш масалаларига алоҳида тўхталмоқчиман.

Қишлоқ жойларда хусусий уй-жойларни қуриш бўйича кенг кўламли дастур амалга оширила бошлаганидан буён, яъни сўнгги икки йил давомида 15 мингдан зиёд оила ҳар томонлама қулай янги уй-жойларга эга бўлди.

Фақат ўтган йилнинг ўзида намунавий лойиҳалар асосида умумий майдони 1 миллион 100 минг квадрат метрга тенг бўлган 7 минг 400 та хусусий уй-жой қуриб битказилди. Бу мақсад учун 576 миллиард сўмликдан ортиқ инвестициялар йўналтирилди, уларнинг 63 фоизидан зиёдини марказлаштирилган манбалар ва "Қишлоқ қурилиш банк" маблағлари ташкил этади.

Жорий йилда умумий турар-жой майдони 1 миллион 200 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган 8 минг 510 та якка тартибдаги уй-жой қурилиши режалаштирилган, бу эса ўтган йилга нисбатан 15 фоиз кўпдир.

Шу билан бирга, давлат маблағлари, такрор айтаман - бюджет маблағлари ҳисобидан турар-жой посёлкаларини қуриш бўйича олдиндан тасдиқланган комплекс режаларга мувофиқ 425 километрдан зиёд водопровод тармоғи, қарийб 260 километр электр линиялари, 375 километр газ тармоқлари ва 306 километр ички йўллар қурилиши режалаштирилган.

Ижтимоий инфратузилма объектларини барпо этиш ҳисобидан комплекс қурилиш жойларида 26 та қишлоқ врачлик пункти, 10 та умумтаълим мактаби ва 680 тадан зиёд хизмат кўрсатиш ва сервис объекти фойдаланишга топширилади.

Ушбу мақсадларда йил давомида қарийб 810 миллиард сўмлик капитал қўйилмаларни ўзлаштириш режалаштирилмоқда. Умуман айтганда, Қишлоқ жойларда уй-жой қурилишини ривожлантиришнинг 2015 йилгача мўлжалланган тасдиқланган дастурини амалга ошириш ишларига 2 миллиард 200 миллион АҚШ доллари қийматидаги маблағ йўналтириш кўзда тутилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, бу Дастурнинг амалга оширилишида Осиё тара??иёт банки фаол иштирок этмоқда. Мазкур банк қишлоқда якка тартибдаги уй-жойлар қурилишига 500 миллион доллар миқдорида, жумладан, 2012 йилда 160 миллион доллар инвестиция киритишни режалаштирмоқда.

Шу борада масаланинг яна бир жиҳатига эътиборингизни қаратмоқчиман. “Қишлоқ қурилиш банк” томонидан унинг ўз маблағлари ва Осиё тара??иёт банкининг заём маблағлари ҳисобидан намунавий лойиҳалар асосида якка тартибдаги уй-жойларни қуриш учун кредитлар қишлоқ аҳолисига имтиёзли шартларда, 15 йил муддатга йиллик 7 фоизли ставка бўйича берилмоқда. Бу эса тижорат банкларининг ипотека кредитлари ставкасидан қарийб икки баробар паст бўлиб, моҳият эътибори билан қишлоқда яшаётган оилаларга катта имтиёз ва имконият яратиб беришга қаратилгандир.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари, “Қишлоқ қурилиш инвест” компанияси, Давлат архитектура ва қурилиш қўмитаси, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги, “Қишлоқ қурилиш банк” шу йил февраль ойининг охиригача қишлоқ жойлардаги якка тартибдаги турар-жой массивларида уй-жойлар, ташқи муҳандислик ва транспорт коммуникациялари, ижтимоий ва бозор инфратузилмаси объектларини молиялашни ва уларнинг қурилиши бошланишини таъминласин.

Ҳеч кимга сир эмас, мамлакатимизнинг ўзига хос хусусиятлари, аввало, демографик жиҳатларига кўра, аҳоли бандлиги масалалари ўзининг долзарблиги ва ўткирлигини сақлаб қолмоқда, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан маъқулланган 2012 йилда иш ўринлари яратиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури барчамизнинг, аввало, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг ди??ат марказида туриши зарур. Ушбу дастурга биноан 967 мингдан ортиқ иш ўрни яратиш, уларнинг қарийб 600 мингини қишлоқ жойларда ташкил этиш кўзда тутилмоқда. Бунда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш ҳисобидан 480 мингдан зиёд кишини ишга жойлаштириш, биринчи навбатда, корхоналар билан ҳамкорликда меҳнат шартномалари асосида касаначиликнинг турли шаклларини, шунингдек, оилавий тадбиркорликни ривожлантириш орқали 210 мингдан ортиқ кишининг бандлигини таъминлаш режалаштирилган.

Ишлаб чиқариш ва ижтимоий инфратузилмани, транспорт ва коммуникациялар қурилишини жадал ривожлантириш, аҳоли пунктларини ободонлаштириш ишларининг кўламини кенгайтириш ҳисобидан 2012 йилда қарийб 75 мингта янги иш ўрни ташкил этиш кўзда тутилмоқда.

Шу борада биз учун ўта муҳим, айтиш мумкинки, ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлган яна бир масалага тўхталиб ўтишни жоиз деб биламан. Касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар битирувчиларини ишга жойлаштириш масаласи барчамизнинг жиддий ва доимий эътиборимиз марказида туриши зарур.

Бу йил юртимизда 516 минг нафардан зиёд йигит-қиз коллеж ва лицейларни тамомлайди. Уларнинг қаерга ишга жойлашишини ҳозирданоқ аниқ белгилаб олиш, корхоналар билан ишлаб чиқариш амалиётини ўташ ва ундан сўнг ишга қабул қилиш бўйича шартномаларнинг ўз вақтида тузилишини таъминлаш - бундай масалаларни алоҳида назоратга олиш лозим.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази, Иқтисодиёт вазирлиги, Меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари манфаатдор корхоналар ва идоралар билан биргаликда касб-ҳунар коллежлари битирувчиларини мутахассислиги бўйича ишга жойлаштириш юзасидан чора-тадбирлар мажмуини бир ой муддатда ишлаб чиқсин ва уни шу йилнинг 1 июнигача амалга оширсин.

Фурсатдан фойдаланиб, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарларини, айниқса, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашини, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларини бу борадаги ишлар қандай йўлга қўйилгани ва қандай бажарилаётганига қараб уларнинг фаолиятига баҳо берилиши ҳақида алоҳида огоҳлантириб қўймоқчиман.


Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Биз 2012 йилни юртимизда “Мустаҳкам оила йили” деб эълон қилдик.

Жамиятимизнинг асосий бўғини бўлган оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, бугунги кунда ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш, бу борада маҳалланинг роли ва аҳамиятини кучайтириш, хотин-қизлар, опа-сингилларимиз учун янада кенг имкониятлар яратиш, жисмонан соғлом, маънан етук ва баркамол авлодни тарбиялаш каби ўз олдимизга қўйган бошқа муҳим мақсадлар барчамизга яхши маълум.

Бу ўринда гап айнан шулар ҳисобидан пировард натижада оила фаровонлигини ва шу асосда бутун халқимиз фаровонлигини янада ошириш ҳақида бормоқда.

Шу кунларда ушбу йўналишда белгиланган вазифаларни амалга ошириш ва ҳаётга жорий этиш бўйича Давлат дастурини ишлаб чиқиш ишлари ниҳоясига етказилмоқда.

Дастлабки маълумотларга кўра, мазкур дастурни амалга ошириш учун 2012 йилда молиялашнинг барча манбалари ҳисобидан қарийб 4 триллион 400 миллиард сўм ва 370 миллион доллардан ортиқ маблағ йўналтирилиши режалаштирилмоқда.

Бу маблағнинг 60 фоизга яқинини давлат маблағлари, 25 фоизини тижорат банклари кредитлари, қарийб 15 фоизини масъул ижрочиларнинг ўз маблағлари ҳамда 360 миллион доллардан ортиғини халқаро институтлар ва донор мамлакатлар маблағлари ташкил этади.

Ҳеч шубҳасиз, бундай кенг кўламда ажратилаётган маблағлар аввало шу саховатли Ўзбекистон заминида яшаётган ҳар қайси оилага кўрсатилаётган катта эътибор ва ғамхўрлик, кўмак ва ёрдам белгиси ва тимсоли, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.


Азиз дўстлар!

Ўтган 2011 йилнинг асосий якунлари ва мамлакатимизнинг 2012 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурининг муҳим аҳамиятга эга бўлган устувор йўналишлари ана шулардан иборат.

Ушбу дастурда белгиланган улкан вазифаларни амалга ошириш энг аввало барчамиздан бутун салоҳиятимиз, билим ва тажрибамизни, бор куч ва имкониятларимизни сафарбар этишни, ҳар биримиздан зиммамиздаги масъулиятни чуқур ҳис этган ҳолда, самарали меҳнат қилишни талаб этади.

Олдимизда турган ана шундай юксак ва эзгу мақсадларга эришишда барчангизга чин қалбимдан соғлик-саломатлик, янги омадлар тилайман.



“Халқ сўзи”, 2012 йил 20 январь