Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Маърузаси

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ВАТАНИМИЗНИНГ БОСҚИЧМА-БОСҚИЧ

ВА БАРҚАРОР РИВОЖЛАНИШИНИ

ТАЪМИНЛАШ - БИЗНИНГ ОЛИЙ

МАҚСАДИМИЗ



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси

қабул   қилинганининг   16   йиллигига

бағишланган тантанали маросимдаги

МАЪРУЗАСИ


(2008 йил 5 декабрь)



Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Хонимлар ва жаноблар!

Авваламбор, сиз, азизларни ва сизлар орқали бутун халқимизни қутлуғ байрам - Конституция куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга ўзимнинг юксак ҳурмат ва эҳтиромимни билдиришга ижозат бергайсиз.

Шу кунларда биз мамлакатимизнинг Асосий қонуни бўлмиш Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 16 йиллигини кенг нишонламоқдамиз.

Конституциямиз юртимизда демократик давлат қуриш, эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш, инсон, унинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият ҳисобланадиган фуқаролик жамиятини барпо этиш бўйича энг муҳим тамойиллар, қоида ва меъёрларни ўзида мужассамлаштириб, жамиятимиз ҳаётининг асосий ҳуқуқий пойдевори бўлиб хизмат қилмоқда. 

Шуни таъкидлаш зарурки, биз Конституциямизни қабул қилиш билан ўз умрини ўтаб бўлган, мафкуралашган, мустабид маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бутунлай воз кечдик, мамлакатимизни ҳуқуқий-демократик ривожлантиришга қаратилган, халқимизнинг туб манфаатларига жавоб берадиган янги стратегияни аниқ белгилаб олдик.

Асосий қонунимизнинг негизини ташкил этадиган қоида ва талаблар асосида мамлакатимизни тубдан ислоҳ этиш ва модернизация қилишнинг ўзбек модели қабул қилинди. Бу моделнинг мазмун-моҳиятини ифода этадиган бешта асосий тамойил ҳозир ҳам ўз долзарблиги ва аҳамиятини йўқотмай келмоқда.

Бугун, вақт ўтиши билан, ҳаётнинг ўзи, мамлакатимиз эришаётган юксак марралар Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган, халқимизнинг орзу-умидлари, бугунги ва келажак манфаатларига жавоб берадиган қоида ва принципларнинг нақадар тўғри эканини исботламоқда, десам, ўйлайманки, бу фикрга сизлар ҳам қўшиласиз.

Ўтган давр мобайнида халқимизнинг азму шижоати, фидокорона меҳнати билан кўлами ва чуқурлигига кўра ғоят улкан ютуқлар қўлга киритилди.

Бунинг тасдиғини авваламбор мамлакатимиз иқтисодий-ижтимоий тара??иётининг барқарор суръатларида, аҳоли фаровонлигининг изчил ва мунтазам ошиб бораётганида, қишлоқ ва шаҳарларимиз янада обод бўлиб, янгича қиёфа касб этаётганида, энг муҳими, юртимизда рўй бераётган демократик янгиланиш жараёнларида я??ол кўриш мумкин.

Энг асосийси - одамларимизнинг руҳияти ва дунёқараши, ҳаётга, ўз меҳнатининг натижасига муносабати, жаҳонда ва ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга дахлдорлик туйғуси тубдан ўзгармоқда. Уларнинг сиёсий фаоллиги, ўз фуқаролик бурчи ва масъулиятини англаш туйғуси кучайиб бормоқда.

Халқимизнинг айнан ана шундай ўсиб бораётган ижтимоий фаоллиги,  унинг сиёсий ва ҳуқуқий тафаккурида юз бераётган чуқур ўзгаришлар юксалиб бориши билан мамлакатни ислоҳ қилиш бўйича биз танлаган моделнинг мантиқий давоми юртимизни демократик янгилаш учун янги вазифаларни, фуқароларимизнинг давлат бошқарувидаги ролини оширишни тақозо этмоқда.

Хусусан, бу мақсад-вазифаларни амалга ошириш йўлида давлатнинг ролини изчил равишда камайтириб бориш ва айни пайтда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳалланинг фаолият кўлами ҳамда ваколатларини кенгайтириш, аҳоли турли қатлам ва гуруҳларининг туб манфаатларини ифодалайдиган ва ҳимоя қиладиган сиёсий ва ижтимоий институтлар, нодавлат, ноҳукумат тузилмалар ролини кучайтириш масалалари алоҳида аҳамият касб этади.

Ҳақиқатан ҳам, ана шундай олижаноб мақсадларга эришиш йўлида ҳеч шубҳасиз, маҳалланинг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини тушуниш, англаш қийин эмас, деб ўйлайман.

Бир вақтлар "Отанг - маҳалла, онанг - маҳалла", деган ибора бежиз пайдо бўлмаган ўзи. 

Ўзингиз ўйланг, чуқурроқ қараганда, бугун сиёсий партиялар, нодавлат ва турли ижтимоий ҳаракат ва тузилмалар ҳақида гапирганда - айтинг, уларнинг илдиз-томирлари маҳалла заминида ўсмайдими ўзи?

Одам шулар ҳақида ўйлар экан, узоқ тарихимизда маҳалла, деган идоранинг ўзбек заминида пайдо бўлишида ташаббускор, сабабчи бўлган аждод-авлодларимизга ҳар қанча таъзим қилса арзийди, албатта.

Олдимизда турган мақсадларга эришишда, марказда ва жойларда давлат органларини шакллантиришда ана шундай тузилмаларнинг иштирокини янада кенгайтириш ва улар томонидан давлат бошқарув идоралари фаолияти устидан назоратнинг амалга оширилиши ўта муҳим ўрин тутади.

Лўнда қилиб айтганда, фуқаролик жамиятининг шакл-шамойилини жамиятимизнинг ранг-баранглигини тўлиқ ифода этадиган, ижтимоий-сиёсий, социал, маданий-маърифий ва профессионал ташкилот ва муассасаларни қамраб олган ҳамжамиятни ўзимизга тасаввур қиламиз.

Унинг асосий мақсад-муддаоси, миллати, дини, ирқи ва жинси, эътиқоди ва қарашларидан қатъи назар шу давлатда яшаётган ҳар қайси инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш ва ҳаётда уларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун барча имконият ва шароитларни яратиб беришдан иборатдир.

Давлат органлари ва сиёсий, ижтимоий, фуқаролик институтларининг ўзаро ҳамжиҳатлигига эришиш кўп жиҳатдан жамиятдаги турли ижтимоий келишмовчиликларнинг олдини олиш ҳамда мамлакатнинг изчил ва барқарор ривожланиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб беради. Ўйлайманки, буни исботлаб ўтиришга ҳожат йўқ.

Бошқарувнинг том маънодаги демократик тизимига ўтиш кўп жиҳатдан ана шундай омилларга боғлиқдир. Ҳокимиятнинг бюрократизм ва коррупция иллатларига берилиши ва одамларни сансоларликка ташлашни олдини олишнинг асосий чораси ҳам айнан мана шунда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Фуқаролик жамиятини шакллантириш - албатта, бу узоқ давом этадиган, узлуксиз ва мураккаб жараён бўлиб, бу мақсадга эришиш мамлакат ва жамиятни ислоҳ қилиш мақсадлари ва йўлининг тўғри танланганига, биринчи навбатда, одамларнинг онгу тафаккурида демократик ва либерал қадриятларнинг нақадар мустаҳкам ўрин олаётганига боғлиқ эканини барчамиз яхши англаймиз, деб ўйлайман.

Энг муҳими, ислоҳотларнинг асосий субъекти бўлмиш инсон мамлакатда амалга оширилаётган ўзгариш ва янгиланишларнинг зарурлигига, улардан аниқ манфаат топишига ўз ҳаётий тажрибаси мисолида ишонч ҳосил қилиши зарур.

Юртимизда замонавий демократик давлат ва жамият қуриш бўйича Конституциямизда белгилаб берилган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш борасида эришилган муҳим натижаларни муносиб баҳолар эканмиз, бир фикрни алоҳида таъкидламоқчиман.

Бугунги кунда демократик ислоҳотлар ва жамиятни либераллаштиришни изчил ва босқичма-босқич давом эттириш ҳамда чуқурлаштириш жараёни ўзининг аниқ ва равшан марраларига эга бўлиб, ҳаётимизда бошланган туб ўзгаришлар албатта ўз мантиқий якунига етказилади, деб айтиш учун барча асосларимиз бор.

Бу - бизнинг келажагимиз, келажагимиздан эса биз ҳеч қачон қайтмаймиз.


Азиз юртдошлар!

Бугунги имкониятдан фойдаланиб, ҳозирги пайтда энг муҳим ва долзарб бўлиб турган масала - жаҳон миқёсидаги молиявий инқироз ва унинг мамлакатимизга таъсири хусусида қисқача тўхталиб ўтиш зарур, деб ҳисоблайман.

Аввало, жаҳон молиявий инқирози ҳақида.

Бу инқироз Америка Қўшма Штатларида ипотекали кредитлаш тизимида рўй берган танглик ҳолатидан бошланди. Сўнгра бу жараённинг миқёси кенгайиб, йирик банклар ва молиявий тузилмаларнинг ликвидлик, яъни тўлов қобилияти заифлашиб, молиявий инқирозга айланиб кетди.

Дунёнинг етакчи фонд бозорларида энг йирик компаниялар индекслари ва акцияларнинг бозор қиймати ҳалокатли даражада тушиб кетишига олиб келди.

Буларнинг барчаси, ўз навбатида, кўплаб мамлакатларда ишлаб чиқариш ва иқтисодий ўсиш суръатларининг кескин пасайиб кетиши билан боғлиқ ишсизлик ва бошқа салбий оқибатларни келтириб чиқарди. 

Ҳозирги вақтда бир қатор етакчи таҳлил ва экспертлик марказлари глобал молиявий инқироз ҳолатини ва унинг юз бериши мумкин бўлган оқибатларига доир материалларни ўрганиш ва умумлаштириш натижасида қуйидаги хулосаларга келмоқда.

Биринчидан, молия-банк тизимидаги инқироз жараёнлари деярли бутун дунёни қамраб олаётгани, рецессия ва иқтисодий пасайишнинг муқаррарлиги, инвестициявий фаоллик кўламининг чекланиши, талаб ва халқаро савдо ҳажмининг камайиши, шунингдек, жаҳоннинг кўплаб мамлакатларига таъсир кўрсатадиган жиддий ижтимоий талафотлар содир бўлиши мумкинлиги ўз тасдиғини топмоқда.

Иккинчидан, авж олиб бораётган глобал молиявий инқироз жаҳон молия-банк тизимида жиддий нуқсонлар мавжудлиги ва ушбу тизимни тубдан ислоҳ қилиш зарурлигини кўрсатди.

Айни вақтда бу инқироз асосан ўз корпоратив манфаатларини кўзлаб иш юритиб келган, кредит ва қимматбаҳо қоғозлар бозорларида турли спекулятив амалиётларга берилиб кетган банклар фаолияти устидан етарли даражада назорат йўқлигини ҳам тасдиқлади.  

Учинчидан, молиявий-иқтисодий инқирознинг ҳар қайси давлатдаги  миқёси, кўлами ва оқибатлари қандай бўлиши кўп жиҳатдан бир қанча омиллардан келиб чиқади.

Яъни, бу аввало, ана шу давлатнинг молия-валюта тизими нечоғлиқ мустаҳкам эканига, миллий кредит институтларининг қай даражада капиталлашуви ва ликвидлиги (тўлов имконига), уларнинг чет эл ва корпоратив банк тузилмаларига қанчалик қарам эканига, шунингдек, олтин-валюта захирасининг ҳажми, хорижий кредитларни қайтариш қобилияти ва пировард натижада - мамлакат иқтисодиётининг барқарорлик, диверсификация ва рақобатга бардошлик даражасига боғлиқ

Тўртинчидан, жаҳон молиявий инқирозидан имкон қадар тез чиқиш, унинг оқибатларини енгиллаштириш кўп жиҳатдан ҳар қайси давлат доирасида ва умуман, дунё ҳамжамияти миқёсида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг қанчалик самарадорлигига, уларнинг бир-бири билан уйғунлигига боғлиқ.

Шу йил ноябрь ойида Вашингтонда, жаҳон ялпи маҳсулотининг 85 фоизини ишлаб чиқарадиган 20 та йирик давлат иштирокида бўлиб ўтган саммит глобал молиявий инқирознинг кўлами тобора кенгайиб бораётганини тасдиқлади.

Ушбу саммитда бўлиб ўтган муҳокамалар шуни кўрсатдики, бугун жаҳон молиявий инқирозининг олдини олиш ҳақида сўз бораётгани йўқ, балки ундан қандай қилиб чиқиш йўллари изланмоқда, холос. Яъни, бу масалада вазият шу даражага етдики, энди аввалги марраларга қайтиш ҳақида сўз юритишга асос йўқ

Муҳокамаларда инқирозни келтириб чиқарган сабаблар таҳлили бўйича саммит иштирокчиларининг ягона ёндашувга эга эмаслиги, шу боис ушбу глобал молиявий инқирознинг жиддий ва узоқ давом этадиган оқибатларини бартараф этиш юзасидан умумий ва самарали дастур ишлаб чиқиш ҳақида гапиришга ҳали эрта экани аён бўлди. 

Шу билан бирга, мазкур саммитнинг бўлиб ўтгани, унда жаҳон молия инқирози билан боғлиқ муаммолар ва вужудга келган вазият муҳокама қилинганининг ўзи умид уйғотадиган ижобий ҳол экани шубҳасиз.


Ҳурматли дўстлар!

Жаҳон молиявий инқирозининг ҳар бир мамлакатга таъсири, ундан кўриладиган зарарнинг даражаси ва кўлами биринчи навбатда шу давлатнинг молиявий-иқтисодий ва банк тизимларининг нечоғлиқ барқарор ва ишончли эканига, уларнинг ҳимоя механизмлари қанчалик кучли эканига боғлиқлигини исботлашга ҳожат йўқ, деб ўйлайман.

Ўзбекистонда қабул қилинган ва амалда ўзини тўлиқ оқлаган ислоҳотлар ва модернизациялашнинг ўзига хос моделидан келиб чиқадиган принциплар ва мақсадли вазифалар ҳақида сўз борганда, бир фикрни алоҳида таъкидлашни истардим.

Биз иқтисодий ислоҳотларни ўтказишда узоқ ва давомли миллий манфаатларимизни кўзда тутган ҳолда, "шок терапияси" деб аталган усулларни бизга четдан туриб киритишга қаратилган уринишлар ва бозор иқтисодиёти ўзини ўзи тартибга солади, деган ўта жўн ва алдамчи тасаввурлардан ўз вақтида воз кеча олдик.

Маъмурий-буйруқбозлик тизимидан бошқарувнинг бозор тизимига ўтиш жараёнида тадрижий ёндашувни, "Янги уй қурмасдан туриб, эскисини бузманг" деган ҳаётий тамойилга таянган ҳолда, ислоҳотларни изчил ва босқичма-босқич амалга ошириш йўлини танладик. 

Энг муҳими, парокандалик ва бошбошдоқлик таъсирига тушиб қолмаслик учун ўтиш даврида айнан давлат бош ислоҳотчи сифатида масъулиятни ўз зиммасига олиши зарурлигини биз ўзимизга аниқ белгилаб олдик.

Мамлакатимизнинг узоқ ва давомли манфаатлари тақозо этган ҳолатларда ва кескин вазиятлардан чиқиш, улар туғдирадиган муаммоларни ҳал этиш зарур бўлганда иқтисодиётда давлат томонидан бошқарув усуллари қўлланди ва бундай ёндашув охир-оқибатда ўзини тўла оқлади.

Биз танлаган тара??иёт модели, мамлакатни ислоҳ этиш, модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш, иқтисодиётни диверсификация қилиш бўйича амалга оширилаётган  пухта  ўйланган  сиёсат бугунги кунда ўз самарасини бермоқда, деб айтишга барча асосларимиз бор. Ва бу сиёсат юртимизни турли салбий жараёнлар ва инқирозлар таъсиридан сақлайдиган мустаҳкам ва ишончли ҳимоя воситаси бўлиб хизмат қилмоқда. 

Шу ўринда, Ўзбекистонда молиявий-иқтисодий, бюджет, банк-кредит тизими, шунингдек, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналари ва тармоқларининг барқарор ҳамда узлуксиз ишлашини таъминлаш учун етарли даражада мустаҳкам захиралар яратилганини ва зарур ресурслар базаси мавжуд эканини таъкидлаш жоиз.


Айрим мисолларга тўхталиб ўтсам.

Ҳеч кимга сир эмаски, бугун кенг кўламда тарқалиб бораётган жаҳон молиявий инқирозининг асосий сабабларидан бири - бу банклар ликвидлиги, яъни тўлов қобилиятининг заифлиги билан боғлиқ муаммонинг кескинлашуви, кредит бозоридаги танглик, содда қилиб айтганда, пул маблағларининг етишмаслиги билан изоҳланади.

Кейинги йилларда республикамизда банкларнинг капиталлашув даражасини ошириш борасида бир қатор тизимли ишлар амалга оширилди.

Бу эса мамлакатимиз банк тизимининг асосини ташкил этадиган Миллий банк, Халқ банки, Саноатқурилишбанк ва Микрокредит банкларининг, шунингдек, Асакабанк, Пахтабанк, Ғаллабанк каби тижорат банкларининг капитал базасини ва ликвидлигини, яъни тўлов ва кредит бериш салоҳиятини тубдан ошириш имконини берди.

Кўрилаётган чора-тадбирлар натижасида фақат 2008 йил давомида республика тижорат банклари жами капиталининг тўртдан уч қисмини ўзида бирлаштирган саккизта етакчи тижорат банкининг умумий капитали ҳажми 42 фоизга ошди ва бу кўрсаткич 2010 йилгача икки баробар ортади.

Тижорат банкларининг активлари миқдори, "Фуқароларнинг банклардаги омонатларини ҳимоялаш кафолатлари тўғрисида"ги қонунга мувофиқ шаклланган захираларни ҳисобга олган ҳолда, 13 триллион 360 миллиард сўмдан ошади.

Бу аҳоли ва хўжалик юритувчи субъектларнинг жалб қилинган  депозитлари  ҳажмидан тахминан 2,4 баробар кўп демакдир.

Банк активлари ҳажмининг сезиларли даражада ошганини ҳисобга олиб, бугунги кунда республикамизда аҳолининг банклардаги барча депозитларини давлат томонидан юз фоиз кафолатлаш таъминланмоқда.

Шу борада 2006 йилда ташкил этилган Микрокредитбанкнинг фаолияти хусусида алоҳида тўхталмоқчиман.

Мамлакатимиз ҳудудларида 78 та филиали ва 270 дан зиёд минибанки фаолият кўрсатаётган мазкур банк кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик тармоғини кредитлар билан таъминлашга хизмат қилмоқда.

Ўтган икки йил давомида ушбу банк активлари миқдори 3,5 баробар, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни кредитлаш ҳажми 4 баробарга ошди ва бу мақсадларга 150 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.

Яқинда Президент фармони асосида Микрокредитбанк устав жамғармасини 72 миллиард сўмга ошириш ва унинг ҳажмини 150 миллиард сўмга етказиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Мен тўхталмоқчи бўлган яна бир масала - ташқи қарз ва уни узиш муаммолари билан боғлиқ.

Шуни айтиш керакки, кўплаб давлатларнинг ташқи қарз масаласидаги пухта ўйланмаган сиёсати уларнинг иқтисодиётини заиф, ташқи омилларга қарам, хатарли вазиятлар олдида ҳимоясиз ва ночор аҳволга солиб қўйганини кўриш, кузатиш қийин эмас. 

Ўзбекистон ўзининг мустақил тара??иёти даврида қисқа муддатли спекулятив кредитлардан воз кечиб, чет эл инвестицияларини узоқ муддатли ва имтиёзли фоиз ставкалари бўйича жалб этиш тамойилига доимо амал қилиб келмоқда.

Шуни ҳам қайд этишни истардимки, қарзни ўз вақтида қайтара олишга қатъий ишончимиз ва кафолатимиз бўлмаган пайтларда муайян лойиҳаларни кредитлаш бўйича айрим таклифлардан воз кечган ҳолатларимиз ҳам бўлди.

Бугунги кунда Ўзбекистоннинг умумий ташқи қарзи ялпи ички маҳсулот ҳажмининг 13,3 фоизини ташкил этади ва экспорт ҳажмининг 31 фоизидан ошмайди. Бу халқаро мезонларга кўра, ҳар жиҳатдан мақбул ҳолат, деб баҳоланади.

Тижорат банкларимизнинг ташқи мажбуриятлар бўйича тўловларининг ҳолати ва ҳажми масаласи бўйича сўз юритганда ҳеч қандай хавотирга ўрин йўқ. Бу ҳам республикамиз банк тизими жаҳон молиявий инқирозининг салбий таъсири ва оқибатларидан ишончли тарзда ҳимояланганини кўрсатади.

Ўзбекистон ўзининг ишончли ва тўлов қобилиятига эга ҳамкор эканини, мамлакатимизда чет эл сармоясини жалб этиш бўйича ҳар томонлама қулай шарт-шароитлар яратилганини амалда исботламоқда.

Сўнгги икки йил давомида ўзлаштирилган чет эл инвестициялари ҳажми 2,5 баробардан кўпроқ ошганининг ўзи ҳам буни тасдиқлаб турибди.

Жорий йил охиригача 1,5 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар ўзлаштирилади, шу жумладан, уларнинг 70 фоизини тўғридан-тўғри жалб қилинадиган инвестициялар ташкил этади.

2009 йилда Инвестиция дастурини амалга ошириш доирасида 1,8 миллиард АҚШ долларидан ортиқ хорижий инвестицияларни ўзлаштириш кўзда тутилмоқда. Уларнинг тахминан тўртдан уч қисми тўғридан-тўғри жалб этиладиган инвестициялардир.

Умуман, 2009 йилда мамлакат иқтисодиётига киритиладиган хорижий ва ички инвестицияларни ҳисобга олганда, капитал қўйилмаларнинг умумий ҳажми мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотининг камида 25 фоизини ташкил этади.

Энди аҳолининг иш ҳақи ва даромадларини изчил ва олдиндан ошириб бориш ҳамда истеъмол бозорида нархлар индексининг асоссиз тарзда ўсишининг олдини олишга доир чора-тадбирлар хусусида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Жорий йилнинг 11 ойи давомида мамлакатимизда инфляция даражаси 6,6 фоизни ташкил этди, умуман, йил давомида бу кўрсаткич 8 фоиздан ёки 2008 йил прогноз кўрсаткичларидан ошмайди.    

Бюджет соҳаси ходимларининг ўртача иш ҳақи 2008 йилда 51 фоизга, хўжалик субъектларини ҳисобга олган ҳолда эса, 47 фоизга ортади.

Шу тариқа кейинги икки йил давомида, яъни 2007-2008 йилларда мамлакатимизда ўртача иш ҳақининг 2 баробардан зиёдроқ ўсишига эришамиз.

Бу эса эл-юртимизнинг фаровонлигини юксалтириш, аҳолининг харид қобилиятини оширишни кўзда тутадиган энг муҳим устувор мақсадларимизга тўла мос келади.


Муҳтарам ватандошлар!

Табиийки, юқорида келтирилган мисол ва рақамлардан тобора чуқурлашиб бораётган жаҳон молиявий инқирози мамлакатимизга таъсир кўрсатмайди, бизни четлаб ўтади, деган хулоса чиқармаслик керак. Масалани бундай тушуниш ўта соддалик, айтиш мумкинки, кечириб бўлмас хато бўлур эди.

Барчамиз бир ҳақиқатни англаб етишимиз лозим - Ўзбекистон бугун халқаро ҳамжамиятнинг ва глобал молиявий-иқтисодий бозорнинг ажралмас таркибий қисми ҳисобланади.

Бунинг тасдиғини ташқи дунё билан алоқаларимиз тобора кенгайиб бораётганида, тара??ий топган етакчи давлатлар кўмагида иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш, модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш бўйича дастурларнинг амалга оширилаётганида, Ўзбекистоннинг халқаро савдо тизимига интеграциялашувида, маҳсулот ва товарлар импорти ва экспортининг ўсиб боришида ва бошқа мисолларда я??ол кўришимиз мумкин. 

Шу боис глобал молиявий инқироз ва биринчи навбатда унинг оқибатлари иқтисодиётимизнинг ривожланиши ва самарадорлик ҳолатларига таъсир этаётганидан кўз юмиб бўлмайди.

Жаҳон бозорида талабнинг пасайиб бориши оқибатида Ўзбекистон экспорт қиладиган қимматбаҳо ва рангли металлар, пахта, уран, нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар ва бошқа маҳсулотларнинг нархи тушиб бормоқда.

Бу эса, ўз навбатида, хўжалик юритувчи субъектлар ва инвесторларнинг экспортдан оладиган тушумлари камайишига олиб келади.

Уларнинг фойда кўришига ва ишлаб чиқариш рентабеллигига, охир-оқибатда эса макроиқтисодий кўрсаткичларимизнинг ўсиш суръатлари ва иқтисодиётимизнинг бошқа томонларига салбий таъсир этади.

Шубҳа йўқ, жаҳон молиявий инқирозининг таъсирини камайтириш ва унинг оқибатларини бартараф этиш учун бизда барча зарур шарт-шароитлар мавжуд.

Авваламбор бунинг кафолати - кейинги давр мобайнида мамлакатимизнинг иқтисодий ва молиявий салоҳиятининг пухта пойдеворини, молия-банк тизимининг ишончли бошқарув механизмларини ўз вақтида шакллантириб ва мустаҳкамлаб олганимиз бунга асос бўлиб хизмат қилиши муқаррар.

Республика Президентининг яқинда қабул қилинган фармони билан жаҳон молия инқирозининг оқибатларига қарши кураш йўлида банк ва молия тузилмаларига қўшимча ёрдам бериш, иқтисодиётнинг реал сектори корхона ва компанияларининг фаоллигини кучайтириш ва рағбатлантиришга қаратилган чора-тадбирларни ишга солиш кўзда тутилган.

Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда глобал инқирознинг оқибатларини, бугунги ва эртанги кутиладиган таъсирини ҳисобга олган ҳолда, қатъий, ҳар томонлама ўйланган кенг кўламли лойиҳалар бугун амалга оширилмоқда.

Албатта, мамлакатимизда бундай чора-тадбирлар татбиқ қилиниши билан бир қаторда бу жиддий синовни енгиш, ҳеч шубҳасиз, кўп жиҳатдан ҳаммамиздан аввало масъулиятимизни теран ҳис қилишни, барча имконият ва ресурсларимизни ишга солишни талаб қилади.

Буни ҳаммамиз чуқур англаб олишимизни истардим.  


Ҳурматли юртдошлар!

Бундан бир йил муқаддам мана шу муҳташам залда сизлар билан бамаслаҳат 2008 йилни юртимизда "Ёшлар йили" деб эълон қилган эдик.

Бу қароримизнинг маъно-мазмуни ва асосий мақсадлари ҳақида гапирганда, авваламбор униб-ўсиб келаётган фарзандларимизга янада кенг йўл очиб бериш, уларнинг соғлом ва баркамол бўлиб вояга етиши, замонавий билим ва тара??иёт чў??иларини эгаллаши, ўз қобилият ва имкониятларини, куч-қувватини намоён этиши учун давлатимиз, жамиятимиз томонидан шароит туғдириш, ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини тўлиқ таъминлаш, бир сўз билан айтганда, навқирон авлодни биз қураётган янги жамиятнинг ҳал қилувчи кучига айлантириш вазифаси қўйилгани барчамизга яхши маълум.

"Ёшлар йили"га бағишлаб ишлаб чиқилган махсус давлат дастури ва шу асосда бажараётган амалий ишларимиз истиқлолимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб Ўзбекистонда олиб борилаётган давлат ва ижтимоий сиёсатимизда ёшларга берилаётган эътиборни янада кенгайтириш ва кучайтириш учун янги имкониятларни сафарбар қилишга қаратилди.

Шу масалага доир кенг кўламли чора-тадбирларни амалга ошириш учун биринчи навбатда моддий ва молиявий манбалар, масъул идора ва ташкилотлар, тегишли ижрочилар аниқ белгилаб олинди.

Дастурнинг бажарилишини назорат қилиш вазифаси марказда республика комиссиясига, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар бўйича эса махсус ҳудудий комиссиялар зиммасига юклатилди.

2008 йилни мамлакатимизда "Ёшлар йили" деб эълон қилганимиз халқимиз, жамоатчилигимиз, авваламбор ёшларимизнинг ўзи томонидан қизғин кутиб олинди ва кенг қўллаб-қувватланди.

Юртимиздаги кўплаб корхоналар, фермерлар, ташкилот ва муассасалар, ўқув юртлари, сиёсий партиялар, ижтимоий жамғармалар дастур ижросини таъминлашга масъулият билан ёндашганини таъкидлаш зарур.

Айтиш мумкинки, ҳақиқатан ҳам, "Ёшлар йили" дастурининг бажарилиши бутун мамлакатимизни қамраб олган том маънодаги умуммиллий ҳаракатга айланди.

Шу борада қабул қилинган ва амалга оширилган қонун, қарор, чора-тадбирлар ва лойиҳаларни баҳолар эканмиз, қуйидаги ишларимизга алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Аввало, ёшларнинг манфаатларини янада тўлиқ таъминлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалаларига алоҳида эътибор берилганини қайд этиш лозим.

Ўтган давр мобайнида бу йўналиш бўйича Президент ва ҳукумат томонидан 13 та қарор, 1 та фармойиш қабул қилинди ва 2 та қонун лойиҳаси қабул қилиниш арафасида турибди.

Ана шу қонун ҳужжатларида болаларни туғилганидан то вояга етгунча бўлган даврда саломатлигини ҳимоя қилиш, Меҳрибонлик уйлари ва махсус мактаб-интернатларнинг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва шу даргоҳларда ишлаётган ходимларни моддий қўллаб-қувватлаш масалалари ҳар томонлама ўрин олди.

Ушбу қарорлар қаторида 2009-2014 йилларда болалар мусиқа ва санъат мактабларининг моддий базасини мустаҳкамлаш ва янги муассасаларни  қуриш  бўйича  давлат  дастури ҳамда иқтидорли ёшларни тақдирлаш  ва моддий рағбатлантиришга оид ҳукумат қарорининг қабул қилинганини алоҳида таъкидлаш лозим. Айни пайтда яна бир муҳим ҳужжат - олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга доир давлат дастурининг лойиҳаси тайёрланмоқда.

Ўтган давр мобайнида эътибор марказимизда турган масала - таълим соҳасида қабул қилинган умуммиллий давлат дастурларининг кўрсатмаларини ва кўзда тутилган ислоҳотларини охирига етказиш вазифаси бўлди, десам, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Бу йўналишда бошлаган ижобий ишларимизнинг мантиқий давоми сифатида умумтаълим мактаблари битирувчиларини академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига тўлиқ жалб этиш тизими шакллантирилди.

Яъни, бошқача қилиб айтганда, мамлакатимизда совет давридан қолган ўрта таълим олиш жараёнидан умумтаълим босқичи, ўрта махсус ва касб-ҳунар таълимини ўз ичига олган 12 йиллик таълим тизимига ўтиш ишларини якунига етказдик.

1997 йилда бошлаган, ҳақиқатан ҳам оламшумул ишларимизнинг бундай муҳим натижасига эришишда биргина шу йилнинг ўзида 370 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланиб, 184 та замонавий лицей ва коллеж барпо этилгани ҳам салмоқли ҳисса бўлиб қўшилди.

Йил давомида умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини  мустаҳкамлаш бўйича 364 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 1 минг 875 та мактабда янги қурилиш, реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилгани ҳам, ҳеч шубҳасиз, биз учун, бизнинг келажагимиз учун амалга оширилаётган ишларимизнинг яна бир намоёни бўлди.

Ёш авлодни тарбиялаш ва маънавий юксалтиришдек масъулиятли ишга ўзини бағишлаган устоз ва мураббийларнинг меҳнатини қадрлаш, уларни моддий ва маънавий рағбатлантириш доимий эътиборимизда тургани барчамизга маълум.

2006 йилдан бошлаб умумтаълим мактаблари ўқитувчиларининг меҳнатига ҳақ тўлаш бўйича такомиллаштирилган янги тизим татбиқ этилгани, уларнинг ойлик маошлари шунинг ҳисобидан йил бўйича ўртача 1,6 баробар ошгани бунинг исботидир.

Жорий йилда қабул қилинган махсус қарорга биноан, олий ўқув юртларида ишлаётган профессор ва ўқитувчиларнинг маошлари 25 фоизга кўпайтирилди. Агарки 2008 йилда юртимизда умумий иш ҳақи миқдорининг оширилганини инобатга оладиган бўлсак, уларнинг ойлик маошлари фақат шу йилнинг ўзида ҳаммаси бўлиб икки карра ошганини қайд этиш керак.

Ўз навбатида лицей ва коллежларнинг раҳбарлари, педагог ва мураббийларининг иш ҳақи ҳам ана шундай ҳисоб-китоб бўйича 2008 йилда    тахминан 1,8 баробар ўсгани қувонарли ҳол, албатта.

Бундай эътибор ва ғамхўрлик туфайли юртимиз ёшлари замонавий илм-фан асосларини пухта ўзлаштиришда юқори натижаларга эришмоқда.

Жумладан, кимё фани бўйича шу йил Тошкентда ўтказилган Халқаро Менделеев олимпиадасида ўқувчиларимиз 13 та медални қўлга киритиб, биринчи ўрин соҳиби бўлгани ёки Испанияда 97 та мамлакат вакиллари ўртасида бўлиб ўтган математика олимпиадасида 4 та совринли ўринни олишга эришгани барчамизни мамнун этади.

Таълим соҳасини янги босқичга кўтариш ҳақида гапирганда, фарзандларимизнинг қалби ва онгига Ватанга муҳаббат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат туйғусини сингдириш, уларни барча бало-қазолардан, бизга бегона бўлган таъсирлардан огоҳ этиш ва ҳимоялаш, болаларимизни шу руҳда тарбиялашга алоҳида эътибор бериб келаётганимиз жамиятимизнинг бугунги ва эртанги куни учун нақадар муҳим эканини, ўйлайманки, ҳаммамиз яхши англаймиз.

Жорий йил давомида ҳаётимиздаги яна бир ўткир масалани ечишга катта аҳамият берилди. Бугунги кунда олий ва ўрта махсус таълим муассасаларини битирган ёшларни иш билан таъминлаш ўта долзарб ва жиддий масала эканидан барчамиз хабардормиз.

Бу муаммони ҳал қилиш мақсадида ўқув юртларини, авваламбор, коллежларни битириб, замонавий касб-ҳунарга эга бўлган ёшларимизни корхона ва ташкилотларга жойлаштириш, уларни қониқтирадиган иш билан таъминлаш бўйича анча ишлар қилинди. Энг муҳими, шу йилдан бошлаб бу борада янги статистик ҳисоботлар ва назорат тизими амалиётга жорий этилмоқда.

Тўпланган маълумотлар шуни кўрсатмоқдаки, бу масалада ўрнатилган тартиб ва интизом, яъни ҳар қайси лицей ва коллеж битирувчисининг ишга жойлаштирилиши юзасидан кузатув ишларининг олиб борилиши, бу вазифанинг ўқув юртлари раҳбарияти ва маҳаллий ҳокимликлар зиммасига юклатилиши ўз самарасини бермоқда.

Яна бир эътиборли томони шундан иборатки, лицей-коллежлар ва олий ўқув юртларида мавжуд бўлган ихтисосликлар сони ва турлари танқидий кўз билан қайтадан кўриб чиқилди.

Яъни, ўқув юртларида ўқувчи ва студентларни иқтисодиётнинг реал тармоқларида талаб қилинаётган мутахассисликларни ҳисобга олган ҳолда тайёрлаш масаласи қаттиқ назоратга олинди.

Мисол тариқасида айтиш керакки, шу йилнинг ўзида касб-ҳунар коллежлари тизимида 80 та ихтисослик бўйича мутахассислар тайёрлаш тўхтатилди, олий таълим тизимида эса 90 та янги ихтисослик жорий этилди.

Бундай амалга оширилаётган тадбирларимизнинг маъно-мақсадлари шунга қаратилганки, эртага лицей ва коллежларни битириб чиқадиган болаларимизнинг эгаллаган касб-ҳунари ва ихтисослари иқтисодиётимиз ва бошқа турли соҳалардаги талабларга жавоб беришини таъминлашимиз зарур. Токи ҳар қайси битирувчи амалий ҳаётда ўз билим ва имкониятини намойиш қилишга қодир бўлсин.

Албатта, барчамиз яхши тушунамизки, бундай орзу-ниятларимиз ва интилишларимизни амалга оширишнинг асосий мезони - жойларда янги иш ўринларини ташкил қилишдан иборат.

2008 йилда республикамиз бўйича 660 минг янги иш ўрни ташкил этилгани ва бу рақам ўтган йилга нисбатан 105 фоизга ўсгани, энг муҳими, бу иш жойлари асосан ҳаётга кириб келаётган ёшлар учун яратилгани барчамизни сўзсиз қувонтиради ва бундай ишларимизни ҳеч сусайтирмасдан, янада тез суръатлар билан давом эттирамиз.

Барчангизга яхши аёнки, болаларимизнинг қалбида гўзаллик ва эзгуликка интилишни кучайтириш ва шу асосда жамиятимизнинг маданий савиясини ошириш биз учун устувор вазифалардан бири ҳисобланади.

Шу мақсадда пойтахтимизда энг замонавий талабларга жавоб берадиган муҳташам "Ёшлар ижод саройи"нинг барпо этилгани ёш авлодимиз учун муносиб сов-ға бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз. Шунингдек, Андижон ва Жиззах шаҳарларида ёшлар марказлари қурилиб иш бошлагани минг-минглаб фарзандларимиз учун янги имкониятлар эшигини очиб бериши шубҳасиз, албатта.

2008 йил давомида соғлом авлодни вояга етказиш, жисмоний тарбия ва спорт соҳасида амалга оширилаётган улкан ўзгаришларга алоҳида тўхталишни жоиз деб биламан.

Бу борада "Аёллар ва болалар саломатлигини мустаҳкамлаш", "Саломатлик-2" лойиҳалари доирасида тиббиёт муассасаларига қарийб 3,5 миллион АҚШ доллари қийматидаги асбоб-ускуналар етказиб берилди.

Бу муҳим йўналишда ўз куч ва имкониятларимиз билан бир қаторда хорижий мамлакатлар ва халқаро ташкилотлар билан олиб бораётган яқин ҳамкорлигимиз ижобий самара бермоқда.

Масалан, Жаҳон овқатланишни яхшилаш жамғармасининг 6 миллион долларлик маблағи ҳисобидан ун маҳсулотларини фортификация қилиш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Япония ҳукуматининг гранти асосида Республика акушерлик ва гинекология илмий-тадқиқот институти 3,5 миллион долларлик замонавий даволаш-диагностика ускуналари билан жиҳозланди.

Саудия Тара??иёт жамғармаси ва ОПЕК жамғармаси томонидан юртимиздаги 28 та янги мактаб қурилишига 21 миллион, Кувайт араб иқтисодий ривожланиш жамғармаси томонидан Республика нейрохирургия маркази қурилишига 13 миллион, Ислом тара??иёт банки томонидан 5 та касб-ҳунар коллежи қурилиши учун 10 миллион доллар, Бирлашган Араб Амирликлари томонидан янги мактабларни жиҳозлаш, компьютерлар билан таъминлаш учун 16 миллион доллар миқдорида маблағ ажратилганини қайд этиш лозим. 

Шулар қаторида Осиё тара??иёт банки, Германиянинг КФВ банки ва Хитой Халқ Республикасининг молия институтлари томонидан коммунал хизмат соҳасини янада ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини тоза ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун катта миқдорда маблағ ажратилганини алоҳида таъкидлаш ўринли бўлади.

Ёшларни соғлом турмуш тарзи асосида тарбиялаш, оммавий спортни ривожлантириш учун йил давомида 186 та спорт иншоотида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари якунига етказилиб, миллионлаб фарзандларимизнинг спорт билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратилди.

Ўтаётган йилимиз турли спорт анжуманларига, бу соҳада эришган, барчамизга ғурур ва ифтихор бағишлайдиган ғалабаларга бой бўлгани билан ҳам эсда қолиши шубҳасиз. Жумладан, Пекинда бўлиб ўтган 29-Ёзги олимпиада ўйинларида спортчи ёшларимиз фаол қатнашиб, кескин курашларда 1 та олтин, 2 та кумуш, 3 та бронза медалини қўлга киритгани мамлакатимиз спорт ҳаётидаги катта воқеа бўлди.

Ана шундай ютуқлар қаторида футбол бўйича Ўзбекистон ёшлар терма жамоасининг Осиё чемпионати мусобақаларида муносиб иштирок этиб, 2009 йили Мисрда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлгани барчамизни қувонтиради, албатта.


Азиз дўстлар!

Жамиятимиз пойдевори бўлган ёш оилаларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлаш масаласини биз ўз олдимизга қўйган эзгу ва юксак марраларга етишнинг асосий омилларидан бири деб биламиз.

Жорий йилда бу масалада ҳам бир қатор эътиборга лойиқ ишлар амалга оширилди. Жумладан, ҳудудларимизда ёш оилалар учун уй-жой қуриш ишларига 46 миллиард сўмлик кредит ажратилиб, 15 та кўп қаватли уй фойдаланишга топширилди ва 530 та ёш оила алоҳида квартирага эга бўлди.

Йил охиригача яна шундай 52 та кўп қаватли уй битказилиб, 1 минг 900 та ёш оила квартира билан таъминланади. Шунингдек, 1 минг 300 нафар ёш ўқитувчининг оиласига якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкалари ажратилганини ҳам қайд этиш лозим.

Шуни айтиш керакки, 2008 йилда Меҳрибонлик уйлари битирувчиларини оилавий турар-жой билан таъминлаш тизими яратилиб, улардан 90 нафарига янги квартиралар берилгани хайрли ишларимиздан бири бўлди.

Агарки бундай эзгу ишлар рўйхатини давом эттирадиган бўлсак, 14 миллиард сўмдан ортиқ ҳомийлар маблағи ҳисобидан 15 мингдан зиёд оилага қорамол берилгани, кам таъминланган ва ёш оилаларга шахсий чорвачилик билан шуғулланиш учун 6,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредитлар ажратилгани, ёрдам ва кўмакка муҳтож инсонларни қўллаб-қувватлаш бўйича қилинган бошқа кўп-кўп ишларни айтиб ўтишимиз лозим бўлади.

Мухтасар айтганда, "Ёшлар йили" Давлат дастури доирасида белгиланган чора ва тадбирларни амалга ошириш учун шу кунга қадар барча манбалар ҳисобидан 1 триллион 248 миллиард сўмдан ортиқ, жумладан, 1 триллион 96 миллиард сўмлик бюджет маблағи, 151 миллиард сўмдан зиёд ҳомийлар маблағи сарфланганини ўзимизга тасаввур қиладиган бўлсак, ўйлайманки, бу борада бажарган ишларимизнинг кўлами ва миқёси я??ол намоён бўлади.


Ҳурматли ватандошлар!

Эл-юрт манфаати йўлида беғараз ва савоб иш қилиш, одамларнинг дарду ташвишларини ўзига яқин олиш каби халқимизга азалдан мансуб бўлган ана шундай хусусият ва фазилатлар, албатта, барчамизга ифтихор бағишлайди ва биз қандай улуғ зотларнинг фарзандлари эканимизни ҳис қилиб, шунга муносиб бўлиб яшашга даъват этади.

Фурсатдан фойдаланиб, мана шундай олижаноб ишга ўз ҳиссасини қўшган юртимиздаги давлат ва нодавлат ташкилотларга, фермерлик ва тадбиркорлик субъектларига, хорижий давлат ва жамғармалар, халқаро тузилмаларга, мана шу залда ўтирган, Ўзбекистонга ёрдам беришда жонкуярлик кўрсатган чет элларнинг элчилари ва вакилларига, шу йўлда холис хизмат қилган барча-барча инсонларга ўз номимдан, халқимиз номидан самимий ташаккур билдираман.

Барчамизга аён бўлиши керакки, "Ёшлар йили" деб эълон қилинган 2008 йилда амалга оширган улкан, ўлчови ва аҳамиятини баҳолаш қийин бўлган ишларимиз бир йил билан чегараланмайди, албатта.

Бир нарсани чуқур англаб олишимизни истардим. Биз ўз олдимизга қўйган эзгу орзу-ниятларимизга етмоқчи, мамлакатимиз тара??иётини жадал ривожлантирмоқчи бўлсак, Ватанимизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини янада оширмоқчи, жондан азиз фарзандларимизнинг бахту камолини кўрмоқчи бўлсак, бунинг асосий шарти ва омили фақат битта - ҳаётга кириб бораётган ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, унинг олдида кенг йўл очиб бериш, бунинг учун барча имкониятларимизни сафарбар этишдан иборат, деб биламан. Ва ишонаманки, биз бу йўлда ўз мақсадларимизга албатта етамиз.


Қадрли юртдошлар!

Энди сизлар билан кириб келаётган янги - 2009 йилга қандай ном бериш, қандай муҳим ва устувор вазифаларни ўзимиз учун асосий мақсад қилиб белгилаб олиш тўғрисида фикр алмашиб олсак, айни муддао бўлади.

Ўйлайманки, ҳаммамиз бир фикрга қўшиламиз - барчамизнинг илдизимиз, томиримиз авваламбор қишлоқ заминига бориб тақалади. Она Ватан деган улуғ ва муқаддас тушунча одамзот учун гўёки қишлоқ тимсолидан бошланади.

Ҳақиқатан ҳам, халқимизнинг ризқи рўзи, насибаси аввало далаларимизда заҳматкаш де??онларимиз томонидан етиштириладиган маҳсулотлар, озиқ-овқат ва нозу неъматлар билан ўлчанади.

Лўнда қилиб айтганда, ҳар бир онгли инсон қайси жойда, юртимизнинг қайси чеккасида яшамасин, албатта ўзининг, оиласининг ҳаёти қишлоқ замини билан чамбарчас боғланганини сезиши, тушуниши табиий, деб ўйлайман.

Шу билан бирга, яна бир масалани эътиборимиздан чиқармаслик керак. Бугунги кунда халқимизнинг аксарият қисмини, яъни 50 фоизга яқинини қишлоқ аҳолиси ташкил этади.

Бундан келиб чиқадиган мантиқий хулоса шуки, юртимизнинг янада обод, халқимиз ҳаётининг янада фаровон бўлиши ва олдимизда турган юксак вазифаларнинг бажарилиши, ҳеч шубҳасиз, қишлоқларимизнинг тақдири ва келажаги билан боғлиқ эканини барчамиз яхши англаймиз.

Шунинг учун Ватанимиз тара??иётида тутган ўрни ва аҳамияти беқиёс бўлган қишлоқ аҳлининг ҳаётини замонавий мезонларга жавоб берадиган даражага кўтариш ва умуман, қишлоқ хўжалиги соҳаси ривожига ривож қўшиш, унинг самарадорлигини ошириш бугунги кунда энг долзарб, ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган муҳим бир вазифага айланмоқда.

Шу борада олиб бораётган амалий ишларимизни янги босқичга кўтариш мақсадида мен кириб келаётган янги йилга мамлакатимизда "Қишлоқ тара??иёти ва фаровонлиги йили" деб ном беришни таклиф этаман.


Ҳурматли дўстлар!

Биз қишлоқларимизни ҳар томонлама ривожлантириш ва обод этиш, мавжуд ижтимоий муаммоларни ечиш учун тегишли давлат ва жамоат ташкилотлари иштирокида "Қишлоқ тара??иёти ва фаровонлиги йили"га бағишланган махсус давлат дастурини ишлаб чиқамиз, албатта.

Бу дастурда акс эттириш лозим бўлган асосий чора ва тадбирлар ҳақида гапирганда, аввало қишлоқда турмуш даражасини ошириш, қишлоқ аҳлининг манфаатларини янада тўлиқ таъминлашга қаратилган ҳуқуқий базани мустаҳкамлаш, шу масалалар билан боғлиқ амалдаги қонун ҳужжатларини бугунги кун талаблари нуқтаи назаридан қайта кўриб чиқишимиз зарур, деб ўйлайман.

Айни вақтда, қишлоқ жойлардаги инфратузилма тармоқларини - бу уй-жой қурилиши бўладими, табиий газ, тоза ичимлик суви, электр энергияси таъминоти бўладими, йўлларнинг ҳолати, транспорт ва коммуникация хизматлари масаласи бўладими - буларнинг барчасини янада ривожлантириш, бир сўз билан айтганда, қишлоқ ҳаётининг савияси ва маданиятини янги поғонага кўтаришга устувор аҳамият беришимиз даркор.

Шу билан бирга, қишло??а саноатни, хизмат ва сервис шохобчаларини олиб кириш, ихчам ва замонавий техника ва технологиялар билан жиҳозланган қайта ишлаш корхоналарини барпо этиш ва шу тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан қишлоқ аҳолиси, авваламбор, ёшларни иш билан таъминлаш, одамларнинг даромади ва фаровонлигини оширишдек муҳим мақсадлар дастурда ўз ифодасини топиши лозим.

Шунингдек, қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш, фермерлик ҳаракатини қўллаб-қувватлаш, моддий ва молиявий базасини мустаҳкамлаш, уларга янада кенг йўл очиб бериш, бу борада янги имтиёз ва имкониятларни туғдириш, қисқача айтганда, қишлоқда пайдо бўлаётган мулкий муносабатларни, янги ўрта синф вакиллари - мулкдорлар, тадбиркор ва ишбилармонларнинг манфаатларини ҳимоялаш бугунги кунда энг катта аҳамиятга эга.

Олдимизда турган муҳим вазифалардан бири - бу еримиз, тупроғимиз унумдорлигини доимий равишда ошириш билан боғлиқ экани барчамизга яхши аён. Бу мақсадга эришиш учун ернинг мелиоратив ҳолатини яхшилашдек ўта долзарб масалаларга эътиборни янада кучайтириш талаб этилади. 

Яъни, ер де??онни боқади, де??он эса элни боқади, деган ҳикмат ҳамиша ди??атимиз марказида туриши, қишлоқ хўжалиги соҳасидаги фаолиятимиз мезонига айланиши даркор.

Бу борадаги вазифалар қаторида биз учун энг катта бойлик бўлган инсон саломатлигини асраш, аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, таълим-тарбия тизимининг моддий базаси ва сифат даражасини кучайтириш масалалари бўйича аниқ режалар белгиланиши зарур.

Бу дастурни шакллантиришда давлат ва нодавлат ташкилотлар, маҳаллий ҳокимликлар, фермерлик ва тадбиркорлик тузилмалари, кенг жамоатчиликнинг тавсия ва таклифлари ҳар томонлама инобатга олиниши мақсадга мувофиқ бўлади, албатта.


Азиз ва қадрли ватандошлар!

Юқорида билдирилган барча фикр-мулоҳазаларни мужассам этиб, қишлоқ тара??ий топса, юртимиз обод, ҳаётимиз янада фаровон бўлади, десам, ўйлайманки, барчамизга дахлдор бўлган ҳақиқатни айтган бўламан.  

Ишончим комилки, ана шундай эзгу мақсадни амалга оширишда ҳаммамиз белни маҳкам боғлаб, фаол иштирок этамиз, бу йўлдаги интилиш ва ҳаракатларимиз нафақат қишлоқларимиз, балки бутун мамлакатимизни янги, юксак марраларга олиб чиқишда улкан қадам бўлиб хизмат қилади.

Сизларни Конституциямиз байрами билан яна бир бор қутлар эканман, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад тилайман.