Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 13 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги Маърузаси

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ИНСОН, УНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ

ҲАМДА МАНФААТЛАРИ - ЭНГ ОЛИЙ ҚАДРИЯТ



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг

13 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги

МАЪРУЗАСИ


(2005 йил 7 декабрь)



Ассалому алайкум, муҳтарам ватандошлар!

Авваламбор, сиз, азизларни Конституциямизнинг ўн уч йиллик байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, сизларга, сиз орқали бутун халқимизга ўзимнинг чуқур ҳурмат ва эҳтиромимни изҳор этишга ижозат бергайсиз.


Қадрли дўстлар!

Ҳақиқатан ҳам, 8 декабрь - Конституциямиз қабул қилинган кунни катта ижтимоий-сиёсий аҳамиятга молик воқеа сифатида кенг нишонлаш ҳаётимизга тобора чуқур кириб бормоқда. Ушбу қутлуғ сана умумхалқ байрамларимиз қаторидан муносиб жой олиб, юртимизда яшаётган ҳар қайси фуқаро, ҳар қайси оила тақдирида, уларнинг бугунги ҳаёти, эртанги келажагини, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда Конституциянинг беқиёс ўрни, аҳамияти ва таъсирини яна бир бор эслаш ва тасаввур қилишга ундайди.

Мана, ўн уч йилдирки, биз эски тузум асоратларидан, миллий табиатимизга ёт ва бегона бўлган мафкуравий қарашлардан воз кечиб, ўзимиз кўзлаган янги ҳаёт, янги жамият қуриш, унинг конституциявий асослари ва тамойилларини белгилаб олишда Асосий қонунимизга таяниб ва суяниб иш олиб бормоқдамиз.

Ана шу ўтган давр мобайнида халқимиз сиёсий тафаккури, ақл-заковатининг кўзгуси бўлмиш Конституциямизнинг ҳаётий негизи нақадар мустаҳкам эканига, у бизнинг миллий қадриятларимиз ва айни пайтда  умуминсоний талабларга ҳар томонлама мос келишига такрор ва такрор ишонч ҳосил қилдик.

Биз мустақил тара??иёт йилларида босиб ўтган ғоят мураккаб ва масъулиятли, маша??атли ривожланиш йўли давомида қандай жараёнларга дуч келмайлик, қандай оғир синовларни бошимиздан кечирмайлик, Конституциямиз ҳамиша юртимизни, халқимизни турли бало-қазолардан асраш, ўта таҳликали вазиятларда яккаю ягона тўғри йўлни топиш ва келажакка ишонч билан қарашда асос бўлиб хизмат қилмоқда, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Бугун Конституция тўғрисида, унинг маъно-мазмуни ва устувор тамойиллари ҳақида гапирар эканмиз, Асосий қонунимизда биринчи навбатда шахс манфаатининг давлат манфаатидан устун этиб белгилангани, инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари энг олий қадрият сифатида муҳрлаб қўйилганини яна бир марта таъкидлаб ўтиш ўринли, деб биламан. Айнан ана шу қатъий талабни нафақат қонунларимиз ва ҳуқуқий меъёрларимизда белгилаб бериш, балки бу устувор принципни ҳаётимизга татбиқ қилиш ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Бунинг учун барча фуқароларимиз ўз ҳуқуқ ва бурчларини чуқур англаб олиши ва сиёсий савиясини ошириши лозим. Айниқса, ушбу конституцион тамойилга биринчи галда мансаб ва амалий вазифаларда ўтирганлар, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ўзининг кундалик фаолиятида оғишмай риоя қилиши зарурлигини бугунги кунда энг долзарб масала сифатида ўртага қўйсак, ўйлайманки, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Шу ўринда давлат қурилиши ва унинг тара??иёти, жамиятимизнинг демократик янгиланиши, иқтисодиётимизни ривожлантириш ва эркинлаштириш, маънавий-маърифий ишлар билан боғлиқ бўлган, қисқача айтганда, олдимизда турган барча муаммо ва вазифаларни ечишда "Ислоҳот ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун, инсон манфаатларини таъминлаш учун" деган теран маъноли фикрни асло унутмаслигимиз керак.

Содда қилиб айтганда, бугун қайси соҳани олмайлик  бу пахта ёки ғалла етиштириш бўладими, ижтимоий ҳаётимиз ёки янги-янги қурилишлар, шаҳар ва қишлоқларимизни ободонлаштириш бўладими - нимаики иш қилмасак, уларнинг ҳаммаси охир-оқибатда инсон учун, шу юртда яшаётган одамлар учун қилинаётганини кўриш қийин эмас.

Барчамиз холисона тан олишимиз керак - кўпинча кундалик ҳаёт ташвишлари билан банд бўлиб, мана шу оддий ҳақиқатни, афсуски, эсимиздан чиқариб қўямиз.

Шу борада яна бир муҳим масалага тўхталиб ўтиш жоиз, деб ўйлайман.

Бугун юртимизда демократик давлат, эркин ва фаровон ҳаёт қуриш йўлида амалга оширилаётган катта-катта ўзгаришларни нафақат ҳаётимизни четдан кузатадиган одамлар, ҳатто ғанимларимиз ҳам инкор этолмайди.

Лекин, таассуф билан таъкидлаш лозимки, ана шу тара??иётга етишиш, олдимизга қўйган марраларга эришиш йўлидаги муаммолар, қийинчилик ва етишмовчиликлар, жойларда йўл қўйилаётган хато ва нуқсонлар, учраётган тўсиқ ва ғовлар, содир бўлаётган жиноятлар ҳақида ошкора гапириш, бу тўғрида одамларга ҳа??оний ва холис ахборот етказишда биз ҳамон заиф бўлиб келмоқдамиз.

Очиғини айтганда, собиқ тузумга хос қолдиқ ва асоратлар, барчамизнинг онгимизда ҳали-бери сақланиб қолаётган эскича ёндашув ва қарашлар бунга асосий сабаб бўлмоқда.

Барака топкурлар, агар биз эришган ютуқларимизни эътироф этиш билан бирга, мавжуд камчиликлар, йўл қўяётган хатоларимизни аввало ўзимиз танқидий кўз билан баҳолаб, аччиқ ҳақиқатни биринчи галда ўзимизга айтадиган бўлсак, ҳеч қачон кам бўлмаймиз, аксинча, ҳаётимиздаги мана шундай нуқсонларни ўз вақтида бартараф этиш имконига эга бўламиз.

Бу ҳақда гапирганда, мен учта муҳим масалага алоҳида урғу бериб ўтмоқчиман.

Биринчидан, барчамиз ҳаётимизда ҳанузгача учраб келаётган лоқайдлик ва бепарволик асоратларидан бутунлай халос бўлишимиз зарур.

Иккинчидан, мамлакатимиз ва унинг атрофида содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга доимий дахлдорлик ҳисси билан яшашимиз даркор.

Токи шу юртда яшайдиган ҳар қайси инсон ана шу мураккаб ижтимоий жараёнлардан ҳар томонлама хабардор бўлиб, уларга нисбатан ўз фикри ва муносабатига эга бўлсин, нима ҳақиқату нима бўҳтон ва уйдирма эканини англаб ета олсин.

Учинчидан, ҳар бир фуқаро ўзининг, оиласининг тақдири ва эртанги куни учун ривожланиш йўлимизда ғов бўлиб турган тўсиқларга қарши қатъий кураш олиб бориши керак.

Бугун ҳаётга мана шундай ёндашувни замоннинг ўзи тақозо этмоқда ва бу кескин талаблардан бош тортиб бўлмайди.

Бу ўринда гап қандайдир тарғибот-ташвиқот ҳақида эмас, балки одамларнинг кўзини очиб бериш, уларнинг қалби ва онгида мустақил фикр уйғотиш ҳақида бормоқда.

Чунки ҳозирги даврда, халқаро майдонда турли сиёсий манфаатлар тўқнашаётган мураккаб бир шароитда фақат ўз фикри, ўз ҳаётий позициясига эга бўлган халқ ва жамият енгилмас кучга айланиб, ўз келажагини ўз қўли ва ақл-заковати билан қуришга қодир бўлади.

Бугун инсон ҳуқуқлари ва манфаатлари, уларни ҳар томонлама ҳимоялаш ва таъминлаш, жамиятни демократлаштириш ва эркинлаштириш йўллари ҳақида гапирар эканмиз, бу мавзу дунёда ҳар доим, айниқса, сўнгги пайтларда энг ўткир ва долзарб масалага айланиб бораётганини я??ол кузатиш мумкин ва буни табиий ҳол, деб қабул қилишимиз керак.

Шу фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистонимизнинг демократик янгиланиш ва янги жамият қуриш йўлида асос қилиб олинган пойдевор ва тамойиллари ҳақида мухтасар қилиб, қисқа тарзда эслатиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, бугунги замонда асосий демократик тамойилларни рад этадиган бирон-бир давлатни ер юзида учратиш ўзи қийин, деб ўйлайман. Лекин демократияга эришиш, унинг асосларини яратиш учун аксарият давлатларга ўн-юз йиллаб вақт керак бўлган бўлса, кўпгина давлатлар энди-энди бу жараёнга киришмоқда.

Иккинчидан, барча мамлакатлар учун, уларга хос хусусият ва аломатларни ҳисобга олган ҳолда, бирдек мос келадиган яккаю ягона - универсал демократия модели йўқ ва бўлиши мумкин эмас.

Демократияни экспорт қилиш ва уни четдан туриб зўравонлик билан жорий қилишнинг ўзи айнан демократия табиатига зид нарса.

Бу ҳақиқатни охирги даврда жуда кўп мисолларда кўриш мумкин.

Демократияни ташқаридан, ҳар қайси давлат ва хал??а хос бўлган замин ва хусусиятларни ҳисобга олмасдан ўрнатишга қаратилган ҳаракатлар бир вақтлар коммунизм тизимини экспорт қилиш каби аянчли, хунук оқибатларга олиб келиши муқаррар.

Учинчидан, Ўзбекистон ўзи учун демократик ривожланиш ва фуқаролик жамияти қуриш йўлини аниқ-равшан белгилаб олган ва бу мақсад Конституциямизда муҳрлаб қўйилган.

Бу йўл демократия ва эркинликнинг умумэътироф этилган ва асосий принципларига таянади. Айни пайтда мамлакатимизнинг тарихий, миллий ва диний хусусиятларига ва халқимизнинг дунёқарашига асосланади.

Биз демократик жамият барпо этиш мақсади сари қадамларимизни кимгадир яхши кўриниш, кимгадир ҳисобот бериш ва сохта обрў топиш учун эмас, аввало - халқимизнинг хоҳиш-иродаси билан танлаб олган, миллий манфаатларимизга жавоб берадиган манзилга босқичма-босқич ривожланиш йўли билан етиб бориш учун қўймоқдамиз. Ва ана шу йўлимиздан асло қайтмаймиз.

Шу билан бирга, очиқ айтиш керак, Ўзбекистонни олиб бораётган мустақил сиёсатдан қайтариш, кимгадир қарам қилиш мақсадида четдан туриб ички ишимизга аралашиш, турли ниқоблар остида бизга қарши тазйиқ ва зўравонлик ўтказиш сиёсатини мутлақо қабул қилмаймиз.

Шуни айтишим керак - бизга нисбатан бундай уринишлар чиппакка чиқиши муқаррар ва бу масала бўйича лўттибозликни йиғиштириб қўйиш лозим.


Азиз дўстлар!

Вақтнинг шиддат билан ўтишини қарангки, юртимизда "Сиҳат-саломатлик йили" деб эълон қилинган 2005 йил ҳам, мана, ўз ниҳоясига етиб бормоқда.

Асосий маъно-мазмуни ва фалсафаси "Соғлом халқ, соғлом миллатгина буюк ишларга қодир бўлади" деган шиоримизда мужассам бўлган ушбу йилда амалга оширилган кенг кўламли ишлар, эришилган катта ижобий натижаларни бугун мамнуният билан таъкидлашга барча асосларимиз бор.

Мен бугунги фурсатдан фойдаланиб, якунига етиб бораётган, "Сиҳат-саломатлик йили" деб ном олган жорий йилимизда амалга татбиқ этган дастур ва тадбирлар аввало тиббий соҳани янги босқичга кўтаришга, одамларимиз, халқимиз ҳаётига қандай ижобий таъсир кўрсатгани ҳақида қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Ўтган давр мобайнида республикамиздаги 38 та шифохона ва сиҳатгоҳ  янгитдан барпо этилгани, тўлиқ капитал таъмирлангани ва реконструкция қилингани, 93 та даволаш-профилактика муассасаси замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозлангани, ўйлайманки, бу борадаги ишлар кўламидан етарлича далолат беради.

Шунингдек, бир сменада 10 минг 500 беморни қабул қила оладиган амбулатория-поликлиника муассасалари, жумладан, 210 та қишлоқ врачлик пункти ишга туширилгани қанча-қанча одамларнинг шифо топишига, касалликларнинг олдини олишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Айниқса, қишлоқ врачлик пунктларини капитал таъмирлаш ва реконструкция қилиш натижасида 800 минг нафар юртдошимиз сифатли тиббий хизматдан фойдалангани ва қўшимча равишда 2 миллион кишига хизмат кўрсатиш имконияти яратилганини бу йўлдаги муҳим қадам сифатида баҳолаш керак.

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, бундай ибратли ишлар нафақат пойтахтда, балки барча вилоят ва туманларимизда ҳам амалга оширилмоқда. Жумладан, Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида, Хоразм вилоятининг Янгибозор туманида янги шифохона, Боғот туманида эса янги туғуруқхона мажмуи барпо этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Қораўзак тумани марказий касалхонасида катта ҳажмдаги қурилиш-таъмирлаш ишлари бажарилди, Андижон, Жиззах, Самар-қанд, Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги қатор туманларда эса марказий касалхоналар зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозланди. Бу ишларга 1,5 миллиард сўмдан зиёд маблағ сарфланди.

Шу билан бирга, Қарши шаҳрида кардиология ва иқтисослаштирилган урология марказлари, Самарқанд вилояти тез тиббий ёрдам марказининг Оқдарё филиали, Жиззах вилоятининг Ғалла-орол туманида уруш ва меҳнат фахрийлари санаторийси, Фарғона вилоятидаги "Чимён" санаторийсида янги корпус, Фарғона шаҳрида болалар аквапарки каби тиббиёт ва ижтимоий инфратузилма иншоотлари барпо этилди.

Шулар қаторида Республика шошилинч тиббий хизматининг марказий ва жойлардаги шифохоналари 127 та махсус автотранспорт ҳамда замонавий алоқа воситалари билан таъминланиши мазкур тизимнинг самарадорлигини оширишга албатта ҳисса қўшади.

Тиббий хизмат соҳасида замон талабларига жавоб берадиган малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида пойтахтимиздаги иккита медицина олий ўқув юрти негизида Тошкент тиббиёт академияси ташкил этилди.

Ҳозирги пайтда академия қошида ўқитувчилар малакасини ошириш маркази ҳам иш бошлади. Бундан ташқари, 3 та янги медицина коллежи барпо этилиб, уларда минг нафар талаба таҳсил олаётгани ҳам тиббий кадрлар тайёрлаш ишини яхшилашга  хизмат қилади.

"Сиҳат-саломатлик йили"да биз учун ўта муҳим бўлган оналик ва болалик, репродуктив саломатликни ҳимоя қилиш, тиббий маданиятни ошириш, оилани соғ-ломлаштириш борасида ҳам жиддий натижалар қўлга киритилгани барчамизга мамнуният бағишлайди.

Оналар ва болалар скрининги тизимининг такомиллашуви, никоҳдан олдин тиббий кўрикдан ўтказиш, 1 ёшгача бўлган болаларнинг патронажлик ва эмлаш ишларининг миқёси кенгайиши ва бошқа муҳим тадбирлар туфайли чақалоқлар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар ўтган йилга нисбатан 7,4 фоизга, оналар ўлими билан боғлиқ ҳолатлар эса 6,8 фоизга камайгани  айниқса эътиборга молик.

Жорий йил давомида юртимизда фаолият кўрсатаётган 9 та скрининг маркази қаторига яна иккита - Урганч ва Навоий шаҳарларида ташкил этилган ана шундай замонавий тиббиёт марказлари ҳам қўшилди.

Очиқ тан олишимиз керак, ҳозирги кунда пойтахтимиз ёки бошқа катта шаҳарларга бориб, малакали шифокорлар кўригидан ўтиш, керакли тиббий муолажа ва тавсиялар олишга ҳамманинг ҳам имконияти етарли эмас. Айниқса, олис ва чекка жойларда яшайдиган аҳоли учун бу жиддий муаммо эканини яхши тушунамиз. Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йилнинг март-сентябрь ойларида табиий шароити мураккаб бўлган Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро ва Навоий вилоятларига "Саломатлик" тиббий-санитар ёрдам поезди юборилиб, 20 мингдан ортиқ киши тиббий кўрикдан ўтказилгани кўпчиликнинг кўнглидаги иш бўлди.

Шулар қаторида ёзги таътил  мавсуми давомида Халқ таълими вазирлиги ва Республика касаба уюшмалари федерацияси томонидан 247 минг мактаб ўқувчиси оромгоҳларда соғломлаштирилганини ҳам айтиб ўтиш ўринли, албатта.

Ўтган давр мобайнида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш учун яна бир ибратли тажриба жорий этилиб, камқонликка қарши темир моддаси билан бойитилган махсус ун ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Шунингдек, йод танқислиги бўйича ҳам алоҳида дастур ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ қилинмоқда. Бугунги кунда дунёнинг турли жойларида қандай хавфли юқумли касалликлар тарқалаётганидан, ўйлайманки, ҳаммангиз хабардорсиз.

Бу масала барчамиздан, биринчи галда, медицина ходимларидан доимий сезгирлик ва ҳушёрликни талаб қилади. Ўз вақтида кўрилаётган чора-тадбирлар ва тиббиёт идораларининг саъй-ҳаракатлари натижасида бундай хавфли касалликлар бизнинг ҳудудимизга, юртимизга четдан кириб келишининг олдини олишга эришилганини катта мамнуният билан қайд этиш лозим. Мана шундай бало-қазоларни остонамизга йўлатмасликка ҳисса қўшган тиббиёт ходимларига алоҳида миннатдорлик билдиришимиз зарур, деб ўйлайман.

2005 йилда ёлғиз кексалар ва ногиронлар, ёрдамга муҳтож инсонлар саломатлигини асраш бўйича амалга ошириб келаётган ишларимизни давом эттирганимиз бу масала биз учун устувор аҳамиятга эга эканини кўрсатади.

Мисол учун, хорижлик мутахассислар билан биргаликда Қаш-қадарё, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳридаги кам таъминланган оилаларга мансуб 2500 дан зиёд бола атрофлича тиббий кўрикдан ўтказилгани, "Соғлом авлод учун" жамғармаси билан ҳамкорликда 280 нафар ногирон бола пластик операция қилинганини айтиш мумкин.

Профессионал маҳорат ва катта маблағ талаб қиладиган бундай тадбирлар туфайли юзлаб ота-оналарнинг дарду ташвиши енгиллашгани, энг муҳими, бу болаларнинг ўзи ҳаётга янгича кўз, умид ва ишонч билан қарай бошлаганини тасаввур қилиш қийин эмас, албатта.

"Нуроний" шифохонаси негизида 150 ўринли Республика геронтология маркази ташкил этилиб, унда тўрт минг нафар уруш ва меҳнат фахрийси, ногиронлар ўз саломатлигини яхшилаш имконига эга бўлгани ҳам шундай савобли ишлар жумласига киради.

Мамлакатимизнинг ихтисослашган тиббиёт марказларида эса шу тоифадаги беморлардан 15 минг 570 нафари даволангани, бу кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 2500 нафарга ортгани эътиборга сазовор.

Хусусан, республикамизнинг урология, хирургия, кўз хирургияси ва кардиология марказларида 2300 дан ортиқ беморга тиббий хизмат кўрсатилди ва бу мақсадларга давлат бюджетидан бир ярим миллиарддан зиёд маблағ сарфланди.

Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Жорий йилда мамлакатимиз соғлиқни сақлаш тизимининг қонуний-ҳуқуқий негизини мустаҳкамлаш борасида ҳам муайян ишлар қилинди.

Жумладан, "Тиббиёт фаолияти тўғрисида"ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, ҳозирги пайтда тегишли муҳокамалардан ўтказилмоқда. Шунингдек, "Фуқароларнинг саломатлигини асраш тўғрисида"ги, "Дори воситалари ва фармацевтик фаолият тўғрисида"ги қонунларга қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш масаласи ҳам кўриб чиқилмоқда.

"Сиҳат-саломатлик йили" дастурида кўзда тутилган яна бир долзарб масала - аҳолининг тиббий маданиятини ошириш, соғ-лом турмуш тарзи билан боғлиқ ҳаётий қараш ва ёндашувларни шакллантириш бўйича кенг кўламда тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилмоқда.

Бу борада республика миқёсида турли мавзу ва йўналишларда 80 мингдан зиёд тадбир ўтказилиб, уларда 2 миллиондан ортиқ киши иштирок этганини айтиб ўтиш жоиз.

Хусусан, икки жилддан иборат "Соғлом турмуш тарзи асослари" китоби чоп этилиб, марказий ва минтақавий теле-радио каналлари орқали 1200 дан зиёд кўрсатув ва эшиттиришлар, жумладан, Ўзбекистон телевидениесида "Тўрт карра йўқ!" номли телемарафон ташкил қилинди.

Бу борада "Сиҳат-саломатлик йили: мазмун ва моҳият" деган ном остида нашр этилган методик тавсиялар ва мультимедиа дастурлари ҳам аҳолининг тиббий маданиятини оширишга хизмат қилиши шубҳасиз.

Ўқувчи ва талабалар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, гиёҳвандлик ва СПИД каби иллатларнинг олдини олиш мақсадида замонавий ахборот ресурслари, хусусан, Интернет тизимидан кенг фойдаланиш йўлга қўйилди.

Айни пайтда қишлоқ жойлардаги кўплаб маҳаллаларда аёлларнинг репродуктив саломатлиги, соғлом оила тарғиботига бағишланган учрашув ва суҳбатлар ўтказилди.

Айниқса, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишни ҳаётимиз қоидасига айлантириш бўйича қилинаётган ишларга алоҳида тўхталиб ўтишни зарур, деб биламан.

Йил давомида маҳаллалар, корхона ва муассасаларда турли мусобақалар, спорт ўйинларининг ўтказилганини биринчи галда юртимизда спортни оммалаштиришга берилаётган катта эътибор самараси, деб қабул қилиш лозим.

Бу борада хотин-қизларнинг иштироки ортиб, ўтказилган кўплаб спорт тадбирларида қарийб уч ярим миллион қизларимиз қатнашгани таҳсинга лойиқ, албатта.

Ҳозирги кунда мамлакатимиз бўйича спорт секцияларига 2 миллион ўқувчи жалб қилинган бўлиб, уларнинг қарийб 40 фоизини қизлар ташкил қилади. Умуман, кейинги пайтда спорт билан шуғулланаётган ўқувчи ёшлар  сони 20 фоизга ортгани қувонарли ҳолдир.

2005 йил мобайнида ўтказилган "Баркамол авлод" спорт ўйинлари, аёллар спартакиадаси, бадиий гимнастика бўйича "Шарқ гўзали" халқаро беллашувлари яқинда бўлиб ўтган ўзбек кураши бўйича жаҳон чемпионати ва бошқа нуфузли мусобақалар ҳам республикамиз спорт ҳаётида муҳим воқеа сифатида эътироф этилди.

Мухтасар қилиб айтганда, "Сиҳат-саломатлик йили" дастурининг ижросини таъминлаш бўйича шу йилнинг 1 ноябригача жами 165 миллиард 800 миллион сўм маблағ сарфлангани бу йўналишда бажарилган ишларнинг ҳажми ва кўламини я??ол кўрсатиб турибди.

Фурсатдан фойдаланиб, ушбу дастурни амалга оширишда фаол иштирок этган давлат идоралари ва нодавлат ташкилотлар, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва унинг минтақавий бўлимларига, халқаро хайрия тузилмалари, саховатли ҳомийлар, умуман, шу олижаноб ишга ҳисса қўшган эзгу ниятли барча инсонларга ўз номимдан, бутун халқимиз номидан миннатдорлик билдиришга ижозат бергайсиз.

Бугун "Сиҳат-саломатлик йили"нинг дастлабки якунларини сарҳисоб қилар эканмиз, албатта, бу йилга шундай ном берганимиз ва шунинг ҳисобидан катта ишларни бажаришга эришганимиз ҳақида ҳар қанча мамнуният билан гапирсак, арзийди. Биргина юқорида зикр этилган рақам ва мисолларнинг ўзиёқ кўп нарсани англатади.

Имкониятдан фойдаланиб, кўнглимдаги яна бир гапни айтишни жоиз, деб биламан. Агарки "Сиҳат-саломатлик йили" бўйича қилган барча саъй-ҳаракатларимиз лоақал битта боланинг ҳаётини асраб қолишга, лоақал битта беморнинг шифо топишига хизмат қилган тақдирда ҳам, биз 2005 йилга шундай ном беришимиз зарур, шарт эди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.


Қадрли юртдошлар!

Шу ўринда бир савол туғилади: кириб келаётган ҳар қайси янги йилга эзгу ният билан маълум бир ном беришда биз қандай асосий мақсадларни кўзда тутамиз?

Аввало, шуни айтиш керакки, бошқа кўп ишларимиз қатори, ҳар қайси йилга ном беришда ҳам биз инсон ва унинг манфаатларини таъминлашни, жамиятимизда тинчлик ва осойишталик, меҳр-оқибат, инсонпарварлик муҳитини мустаҳкамлашни, кўпчиликни ўйлантираётган долзарб муаммоларни ҳал қилишни ўзимиз учун устувор вазифа деб белгилаб оламиз.

Шунинг учун ҳам ҳар сафар халқимизнинг бу масалага муносабатини атрофлича ўрганиб, кенг таҳлиллар ўтказамиз, шу тўғрида жиддий бош қотирамиз. Нега деганда, янги йилга ном бериш ва шу асосда махсус дастур қабул қилиб, уни амалга ошириш шу юртда яшайдиган барча инсонлар учун ҳам ижтимоий, ҳам иқтисодий, ҳам маънавий, қолаверса, сиёсий аҳамиятга эга бўлган муҳим масаладир.

Албатта, ана шу йўналишдаги вазифа ва муаммоларни бир йилда тўла ҳал қилиб бўлмаслигини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Лекин, бутун эътиборимиз, моддий куч ва имкониятларимизни бирлаштириб, дастурда белгиланган мақсад сари сафарбар этиш ўз олдимизга қўйган юксак марраларга етиб боришда муҳим омил бўлиши шубҳасиз.

Айни вақтда биз ана шу устувор вазифаларни амалга оширишнинг молиявий манбаларини аввал-бошдан аниқ белгилаб олишимиз даркор.

Бу ҳақда гапирганда, марказий бюджет маблағлари билан бирга, жойлардаги ҳокимият идоралари, нодавлат ташкилотлар, биринчи галда, фуқаролик институтлари, ўзини ўзи бошқариш органлари, жумладан, маҳаллалар, қўлидан амалий иш, амалий кўмак бериш келадиган инсонларни ҳам шу эзгу ишга жалб этиш муҳим аҳамиятга эга.

Шу борада тегишли чора-тадбирларни режалаштириш, жамоатчилик фикрини шакллантириш, тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини кенг йўлга қўйиш ҳам алоҳида ўрин тутади.

Муайян ижтимоий йўналишга қаратилган дастурни амалга оширишда, энг аввало, унинг қонуний-ҳуқуқий асосини атрофлича ўрганиш, яна қандай янги қонун ва меъёрий ҳужжатлар қабул қилиш зарурлигини аниқлаш, бу йўлда ғов бўлиб турган тўсиқларни олиб ташлаш, керак бўлса, давлат томонидан тегишли имтиёз ва қўшимча имкониятлар яратиб бериш биринчи даражали аҳамият касб этади.

Албатта, бизнинг эзгу ниятларимиз, орзу-ҳавасларимиз катта бўлиши ва шунга мос равишда янги йилга қандайдир чиройли номлар ҳам бериш мумкин.

Лекин, ишқ - бошқа, ҳавас - бошқа деганларидек, биз ҳавойи гаплардан узоқ бўлиб, орзу-ҳавасларимизнинг амалий томонлари, уларни рўёбга чиқариш йўллари ҳақида кўпроқ ўйлашимиз лозим.

Бинобарин, ўз олдимизга қўйган мақсадларимиз одамларнинг эътиборини жалб қилган, уларнинг кўнглидан чуқур жой олиб, шу ишга муносиб ҳисса қўшишга даъват этган тақдирдагина кутилган натижани бериши муқаррар.


Муҳтарам ватандошлар!

Юқорида зикр этилган эзгу мақсад ва интилишларимиз қай тариқа амалга оширилаётганини яна бир бор ўзимизга аниқ тасаввур қилиш учун ўтган йилларга қандай ном берганимизни эслаб ўтиш жоиз, деб биламан.

Барчангизга маълумки, 1997 йил юртимизда "Инсон манфаатлари йили", 1998 йил - "Оила йили", 1999 йил - "Аёллар йили", 2000 йил - "Соғлом авлод йили" деб эълон қилинган эди.

Шунингдек, 2001 йил - "Оналар ва болалар йили", 2002 йил - "Қарияларни қадрлаш йили", 2003 йил - "Обод маҳалла йили", 2004 йил "Меҳр ва мурувват йили", жорий йил эса "Сиҳат-саломатлик йили" сифатида истиқлолимиз тарихидан муносиб ўрин эгаллади.

Кўриниб турибдики, бу йилларнинг барчаси ўзининг чуқур инсоний маъно ва фалсафаси, ижтимоий йўналиши билан ўзаро узвий боғлиқ.

Ана шу ишларимизни изчил давом эттириш ва янги босқичга кўтариш мақсадида мен кириб келаётган янги - 2006 йилни юртимизда "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" деб эълон қилишни таклиф этмоқчиман.

Балки, шу муҳташам залда ўтирган сиз, азизлар ҳомийлик ва шифокорлик тушунчалари бир-бири билан қандай боғлиқ, деб савол қўйишингиз мумкин.

Шу ҳақда гапирганда, авваламбор, бир фикрга эътиборингизни жалб қилмоқчиман. Ҳомийликни шифокорлик билан қиёслаш, одамга шифо бериш билан тенг қўйиш табиий ҳол.

Ҳомий, ҳомийлик деганда биз нимани тушунамиз? Ҳомий дегани - бу авваламбор саховатли бўлиш, беғараз ёрдам бериш дегани.

Менинг фикримча, ҳомийлик ва саховат деган тушунчаларни бир-биридан ажратиб бўлмайди. Шу муносабат билан муборак ҳадисларда айтилган "Оллоҳ таоло сахийдир, сахийликни севади. Яхшилик қилувчидир, яхшиликни яхши кўради" деган ҳикматни яна бир бор эслаб ўтмоқчиман.

Ҳомийлик фақат ўз бойлигидан бир қисмини хайр-эҳсон учун ажратиш эмас. Бу закот ҳам эмас, садақа бериш ҳам эмас. Шунга эътиборингизни яна ва яна бир бор қаратмоқчиман.

Ҳомийликни биз инсон қалби ва юрагидаги энг эзгу туйғуларнинг амалий ифодаси деб биламиз. Яъни, ҳомий деганда, ён-атрофдаги бева-бечораларга, етим-есир, муҳтож кишиларга кўмак ва ёрдам беришга, одамларнинг дардига ҳамдард бўлишга, қадрдон қишлоғи ёки шаҳрини обод қилишга интиладиган, бир сўз билан айтганда, савоб иш қилиб яшайдиган инсонларни ўзимизга тасаввур этамиз.

Муқаддас Қуръони каримда зикр этилган "Хайрли, савобли ишларда бир-бирингиздан ўзишга шошилинг" деган ҳикматли сўзларда қандай чуқур маъно борлигини, ўйлайманки, барчамиз яхши англаймиз.

Мен баъзан кўп жойларда саховатли, олиҳиммат юртдошларимиз, ҳеч кимга овоза ва ошкор қилмасдан, болалар уйларига, муҳтож оилаларга ёрдам бериб, ногиронлар ва ёлғиз кексаларга мурувват кўрсатиб юрганини эшитганда, беихтиёр қойил қоламан.

Бундай савобли ишлар, очиғи, ҳамманинг ҳам қўлидан келавермайди. Бунинг учун одам қандай юксак фазилатлар соҳиби бўлиши керак.

Шундан келиб чиқадиган бўлсак, саховатли ва беғараз ҳомийларнинг қиладиган олижаноб ишлари инсон дардига малҳам бўлиб, унинг ғаму ташвишларига шерик бўлиб яшайдиган фидойи шифокорлар фаолияти билан ҳар томонлама ҳамоҳанг ва узвий боғланиб кетганини тасаввур қилиш қийин эмас, деб ўйлайман. Энг катта бойлиги жондан азиз боласи, жигарбанди бўлган бечора бир аёл, муштипар онани кўз олдимизга келтирайлик. У кўзининг оқу қораси бўлмиш фарзандига шифо тилаб, керак бўлса, нажот сўраб шифокорнинг олдига келади.

Шифокор эса ўз бурчини бажариб, шу болани даволар экан, ўзининг беғараз ва самимий хизмати, фидойилиги билан нафақат ўша мурғак гўдакка, балки онанинг безовта қалбига ҳам шифо беради. Ва шу тариқа дунёда ҳеч нарса билан ўлчаб, баҳолаб бўлмайдиган олижаноблик ва инсонийлик фазилатларини намоён этади.

Ҳеч шубҳасиз, юраги ва қалби тоза, ўзгалар учун фидо бўлиб яшашни ўзининг ҳаётий эътиқодига айлантирган одамгина бундай савобли ишларга қодир бўлади.

Бугунги кунда орамизда ана шундай эътиқод билан яшаётган минг-минглаб жонкуяр шифокорлар - етук жарроҳлар, моҳир кардиологлар, терапевт ва педиатрлар, заҳматкаш ҳамширалар меҳнат қилмоқда.

Кундалик ҳаётимизда, барчамизнинг соғ-саломат бўлиб юришимизда айнан шундай ўз касбига садоқатли, профессионал тиббиёт ходимларининг ўрни ва аҳамияти беқиёс эканини ҳаммамиз яхши тушунамиз.

Лекин, ўзингиз айтинг, азиз дўстлар, биродарлар, шундай фидойи одамларни қадрлаш, уларнинг маша??атли, оғир ва масъулиятли меҳнатини ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан муносиб баҳолаш ва рағбатлантиришга биз етарли эътибор беряпмизми?

Мана, биз уста пахтакор, ғаллакор, ишчи ёки қурувчиларимиз меҳнатини улуғлаб, уларга қаҳрамонлик унвонларини берамиз, керак бўлса, ҳайкаллар ўрнатамиз. Бу инсонлар шундай юксак иззат-ҳурматга арзийди, албатта.

Аммо маша??атли меҳнати бошқа соҳа вакиллариникидан асло кам бўлмаган шифокорларга - Ибн Сино бобомизни ҳисобга олмаганда - бирорта ҳайкал қўйилганини эслай оламизми? Бинобарин, нафақат давлатимиз ва жамиятимиз, балки барчамиз тиббиёт ходимлари олдида ҳали қарздор эканимизни унутмаслигимизни истардим.


Азиз дўстлар!

Кириб келаётган йилни "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" деб эълон қилар  эканмиз, биз биринчи галда ҳомийлик ҳаракати, ҳомийларнинг мавқеи ва мақомини кучайтириш, бу масаланинг қонуний базасини яратишни, бундай беғараз ва олижаноб интилишлар жамиятимизда муносиб ўрин олиши учун кенг жамоатчилик фикрини шакллантиришни кўзда тутамиз.

Шу мақсадда ҳомийлар бундай хайрли ишларни ўз ҳаётининг узвий бир қисми деб ҳис қилиши учун уларга давлатимиз томонидан ҳуқуқий кафолат ва имтиёзлар яратиб бериш билан бирга, уларни ҳар томонлама рағбатлантириш учун ҳомийлик фаолияти тўғрисидаги низомни қабул қилишимиз зарур, деб ўйлайман.

Айни пайтда бутун халқимиз, авваламбор, ёшларимиз онги ва тафаккурида меҳр-мурувват, саховат фазилатларини мустаҳкамлаш, миллий қадриятимиз бўлмиш бу ҳаракатни янада кучайтириш масаласи ҳам эътиборимиз марказида бўлиши даркор.

Сир эмас - бугунги бозор муносабатлари шароитида кимдир ўзининг худо берган ақл-заковати, куч-қувватини ишга солиб, астойдил меҳнат қилиб яхши яшаяпти, кимдир эса ҳали мана шундай мураккаб шароитга тўла мослашиб ололгани йўқ.

Шунингдек, табиатан ёки қандайдир сабабларга кўра кўмак ва мададга муҳтож бўлган, ҳаётда омади юришмай турган инсонлар борлигини ҳам унутмаслигимиз, давлат ва жамият эътиборини ана шундай одамларга қаратиб, уларга ёрдам бериш учун барчамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилишимиз зарур.

Шифокорлар ҳақида гапирар эканмиз, биз бу борада бошлаган ишларимизни изчил давом эттириб, соғлиқни сақлаш тизимининг моддий-техник базасини янада мустаҳкамлаш, тиббиёт ходимлари учун муносиб меҳнат ва турмуш шароитини яратиш, уларнинг меҳнатини рағбатлантириш масалаларига алоҳида аҳамият беришимиз даркор.

Куни кеча шу борада телевидение ва матбуотимизда "Тиббиёт ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида" қабул қилинган қарор эълон қилинди.

Бу қарорга биноан 2006 йилнинг январь ойидан бошлаб тиббиёт ходимларининг ойлик тариф сеткасини такомиллаштириш, уларга малакаси, бажарадиган ишининг мураккаблиги, билими ва тажрибаси ҳамда ўз касбини адо этишда, одамларни даволашда қўшаётган ҳиссасини инобатга олган ҳолда маош белгилаш ва рағбатлантириш тизимини жорий этиш, шундай мезон асосида уларнинг иш ҳақи миқдорини 30 фоизгача ошириш кўзда тутилмоқда.

Энди барчамизнинг энг муҳим вазифамиз - қабул қилинган ана шу қарор олдимизга қўйган мақсадларни жойларда ҳаётга тўлиқ татбиқ этишдан иборат. Токи тиббиёт соҳасида меҳнат қилаётган барча инсонлар  юқори малакали шифокорлардан бошлаб, оддий ҳамшира ва медицина хизматчиларигача бу қарорнинг амалий таъсирини ўз ҳаётида кўрсин.


Ҳурматли дўстлар, азизлар!

Кириб келаётган янги йилга "Ҳомийлар ва шифокорлар йили" деб ном беришимиз халқимизнинг эзгу фазилатларига уйғун бўлиб, айни вақтда "Сиҳат-саломатлик йили"нинг мантиқий ва узвий давоми бўлади, деб айтишга барча асосларимиз бор. Албатта, ҳар йилги тажрибамиздан келиб чи??ан ҳолда, биз янги йил бўйича ҳам алоҳида дастур ишлаб чиқиб, уни амалга ошириш юзасидан зарур чора-тадбирларни белгилаб оламиз.

Мен бу борада ҳокимият идоралари, вазирликлар, нодавлат, ноҳукумат ташкилотлар билан бирга, жамоатчилик вакиллари, умуман, шу эзгу ишга ҳисса қўшишни истайдиган ҳар бир киши ўзининг амалий таклиф ва фикр-мулоҳазалари билан фаол иштирок этади, деб умид билдираман.

Агарки, шу муқаддас заминда яшаётган барча инсонлар - миллати, тили ва динидан қатъи назар, Ўзбекистон - менинг ягона Ватаним, деб яшайдиган, белини маҳкам боғлаб астойдил меҳнат қиладиган бўлса, билиб қўйинглар, бизни ҳеч қандай куч енга олмайди, юртимиз ва халқимиз ҳеч қачон ҳеч кимга қарам бўлмайди.

Ишончим комилки, ўзининг ўн беш йиллик мустақил тара??иёт йўли давомида улкан довонларни босиб ўтган, ҳар қандай синов ва маша??атларни енгишга қодир бўлган халқимизнинг буюк иродаси, азму шижоатига таяниб, биз ўз олдимизга қўйган янги ва юксак марраларга албатта етамиз. Сизларни Конституциямиз байрами билан яна бир бор қутлаб, барчангизга сиҳат-саломатлик, бахт ва омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.