Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги Маърузаси

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

БИЗНИНГ БОШ МАҚСАДИМИЗ -

ЖАМИЯТНИ ДЕМОКРАТЛАШТИРИШ

ВА ЯНГИЛАШ, МАМЛАКАТНИ

МОДЕРНИЗАЦИЯ ВА ИСЛОҲ

ЭТИШДИР



Рус тилидаги матнига қаранг



Ўзбекистон Республикаси Президенти

Ислом Каримовнинг Олий Мажлис Қонунчилик

палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги

МАЪРУЗАСИ


(2005 йил 28 январь)



Ҳурматли депутатлар!

Қадрли дўстлар!

Авваламбор, сиз, азизларни Қонунчилик палатаси депутати ва Сенат аъзоси деган юксак номга, халқимиз ишончига сазовор бўлганингиз билан табриклаб, барчангизга ўзимнинг ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдиришга рухсат бергайсиз.

Илк бор икки палатали парламентга бўлиб ўтган сайловлар Ўзбекистоннинг янги тарихида алоҳида, ғоят муҳим ўрин эгаллади, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Конституциямиз, республикамизнинг сайлов қонунчилиги талаблари ҳамда халқаро меъёр ва қоидаларга тўлиқ амал қилган ҳолда, очиқлик ва сиёсий бағрикенглик шароитида ўтган сайловлар мамлакатимиз демократик қурилиш ва фуқаролик жамиятини шакллантириш йўлидан дадил қадамлар билан илгари бораётганининг яна бир ёрхин далили бўлди.

Бугун Ўзбекистонда бўлиб ўтган сайловларга якун ясар эканмиз, қуйидаги хулосаларни чиқаришимизга тўлиқ асос бор.

Биринчидан, ушбу сайловлар биз учун чинакам демократик тамойиллар, сайловнинг меъёр ва механизмларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда яхши мактаб вазифасини ўтади.

Иккинчидан, мамлакатимизда икки палатали парламентга сайловлар ўтказиш бўйича қабул қилинган кўп жиҳатдан ўзига хос тизим ҳамда сайловлар жараёнининг ўзи республикамизда фаолият юритаётган сиёсий партиялар, жамоат ташкилотларининг кескин жонланиши ва фаоллигини кучайтиришда, айтиш керакки, уларнинг масъулияти ортишида ғоят кучли омил бўлди.

Сайловларда қатнашган барча сиёсий партияларнинг қонунга мувофиқ равишда бугун парламентнинг қонунчилик палатасида ўз фракцияларини ташкил этиш учун етарли ўринга эга бўлганининг ўзи ҳам уларнинг сайловчилар томонидан муносиб эътироф этилганидан далолат беради.

Сайловчилар ташаббускор гуруҳлари томонидан қонунчилик палатасига кўрсатилган 54 та номзоддан 12 нафар мустақил депутат сайлангани ҳам алоҳида эътиборга лойиқ, деб ўйлайман.

Учинчидан, сайловларни ўтказиш жараёнида сайловчиларимиз ўзларининг сиёсий ва фуқаролик савияси етуклигини, ўз ҳаёти, ўз келажагини умумэътироф этилган демократик қадриятлар асосида қуришга қодир эканликларини намоён этдилар.

Тўртинчидан, бўлиб ўтган сайловлар яна бир ҳақиқатни я??ол тасдиқлади:  мамлакатимизнинг демократик янгиланиш ва эркин ижтимоий тузумга хос бўлган барча асосий қадриятларни ўзида мужассам этган фуқаролик жамияти барпо этиш йўлидаги босқичма-босқич, изчил ҳаракати ҳозирги кунда ҳеч қандай куч тўхтата олмайдиган муқаррар, қонуний жараёнга айланди. Шундай деб айтишга бугун бизнинг барча асосларимиз бор.

Ва ниҳоят, бўлиб ўтган сайловлар аввалгиларидан наинки очиқлиги ва кескин кураш олиб борилиши билан, балки, аввало, аксарият сайловчиларнинг бу жараёнлардан ҳар томонлама хабардорлиги, уларга онгли муносабати билан ҳам тубдан фарқ қилди.

Фуқароларимиз сайловларга мамлакатимиз ҳаётидаги энг муҳим, жамиятимизнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мазмун-моҳиятига, демакки, ҳар бир сайловчи тақдирига таъсир кўрсатадиган сиёсий воқеа сифатида ёндашдилар. Бу ҳам бизнинг энг катта ютуқларимиздан биридир.


Ҳурматли халқ вакиллари!

Бугун мен Қонунчилик палатаси ва Сенатнинг биринчи қўшма мажлисида сўзга чиқар эканман, асосий мақсадим - жамиятимизни демократлаштириш ва янгилашнинг концепциясини, шунингдек, мамлакатимизни 2005 йил ва келгуси даврда модернизация ва ислоҳ этиш бўйича олдимизга қўйиладиган асосий вазифаларни қисқача баён этишдир.

Бизнинг асосий узоқ муддатли ва стратегик вазифамиз аввалгича қолади - бу демократик давлат, фуқаролик жамияти қуриш жараёнлари ва бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш йўлидан оғишмай, изчил ва қатъият билан боришдир.

Мамлакатимизни ривожлантириш стратегияси ҳақида гапирганда, шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, "бошқариладиган иқтисод" ёки "бошқариладиган демократия" деб аталмиш моделлар бизга мутлақо тўғри келмайди.

Албатта, биз, аввалгидек, давлат ва жамиятни ислоҳ этиш ҳамда модернизация қилишда ўзбек моделининг муҳим таркибий қисми бўлган босқичма-босқичлик тамойилига бундан буён ҳам қатъий амал қиламиз. Аммо, мустақил тара??иётимизнинг ўтган даврида ўзини оқлаган бу тамойилнинг юқорида тилга олинган моделларга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Биз бугунги кунда минтақамизда яшаётган халқлар гўёки ҳали демократия учун тайёр эмас, бу борада "пишиб етилмаган", улар олдин камбағаллик ва қашшоқлик билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишлари зарур, шундан кейингина демократия қуриш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар учун шарт-шароит юзага келади, деган гапларни ҳам кўп эшитамиз.

Бундай баёнот ва ёндашувлар - аввало, тарихни билмаслик, халқнинг бунёдкорлик салоҳиятига, куч-қудратига ишонмаслик, айтиш мумкинки, ҳозирги дунёни жадаллик билан ўзгартириб бораётган объектив, глобал жараёнларни тушунмаслик натижасидир.

Бугун, ҳамма бўлмаса ҳам, лекин кўпчилик одамлар яхши англайдики, фақат замон билан тенг қадам ташлаётган, тез ўзгараётган дунёнинг  қатъий шарт ва талабларига жавоб беришга интилаётган мамлакатнинг келажаги ёруғ бўлиши мумкин.

Шу маънода, мустақилликни мустаҳкамлаш, жамиятни демократлаштириш ва янгилаш биз учун ҳамиша биринчи даражали устувор мақсад ва вазифа бўлиб қолаверади. Фақат мана шу асосда, мана шу негизда мамлакатдаги камбағаллик ва қолоқлик муаммоларини ҳал этиш мумкин ва зарур. Инкор этиб бўлмайдиган ушбу  ҳақиқат шу муқаддас заминимизда яшайдиган ҳар бир инсоннинг қон-қонига, вужудига сингиб кетишини истардим.


Муҳтарам депутатлар!

Биз бугун ҳаётимизни ислоқ қилиш ва янгилаш ҳақида гапирар эканмиз, ўз олдимизга қўйган қуйидаги устувор вазифа ва йўналишларга алоҳида эътибор қаратиш зарур.


I. Давлат қурилиши ва бошқаруви соҳасидаги энг муҳим вазифа - бу қонунчилик ҳокимияти бўлмиш мамлакат Парламентининг роли ва таъсирини кучайтириш, ҳокимиятнинг қонунчилик, ижро ва суд тармоқлари ўртасида янада мутаносиб ва барқарор мувозанатга эришишдан иборат.

Шу борада:

Президент ваколатларининг бир қисмини Парламентнинг юқори палатаси - Сенатга ва ҳукуматга ўтказиш, профессионал, доимий асосда ишлайдиган қуйи - Қонунчилик палатасини шакллантириш, унинг ваколат ва ҳуқуқларини кенгайтириш;

иккинчидан, Бош вазир ва умуман, мамлакат ҳукуматининг ролини ва шу билан бирга, масъулиятини кучайтириш;

учинчидан, суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва эркинлигини мустаҳкамлашга қаратилган аниқ, қонуний чора-тадбирларни амалга ошириш.

Биз олдимизга қўйган мақсадни соддагина ифодаламоқчи бўлсак - ҳар қандай ҳокимият, у қонунчилик ёки ижро ва суд ҳокимияти бўладими - буларнинг барчаси қуйидаги талабларга жавоб бериши шарт. Яъни, ҳар қайсиси ўз вазифасини англаши, ўз масъулиятини ҳис қилиши, ўз юкини кўтариши ва таъбир жоиз бўлса, ўз аравасини мустақил равишда тортиши даркор.

Икки палатали парламентни барпо этишдан мақсад:

Биринчи - парламент ўз ваколатларини самарали амалга ошириши, ҳар томонлама асосли ва пухта қарорлар қабул қилиши учун зарур бўлган ўзаро мувозанат ва чекловлар тизимини яратиш.

Иккинчи - Қонунчилик палатаси ўз фаолиятини доимий профессионал тарзда олиб боришини назарда тутган ҳолда, парламентнинг қонун ижодкорлиги борасидаги ишининг сифатини кескин ошириш.

Учинчи - Сенат асосан маҳаллий Кенгашлар, ҳудудларнинг вакилларидан иборат бўлишини ҳамда вакиллик вазифасини бажаришини инобатга олиб, умумдавлат ва ҳудудий манфаатларнинг мутаносиблигига эришиш.

Тўртинчи - аҳолининг мамлакат ижтимоий ва сиёсий ҳаётидаги иштироки кўламини янада кенгайтириш.

Айнан шу мақсад юқори палата - Сенатнинг вилоят, шаҳар ва туман вакиллик органлари депутатларидан сайланиши замирида ҳам мужассам.

Юқорида зикр этилган мақсад ва йўналишларнинг барчаси аввало мамлакатимизни модернизация қилиш борасида узоқни кўзлайдиган "Кучли давлатдан - кучли фуқаролик жамияти сари", деган тамойилни ўзида ифода этади.

Бунда нималар назарда тутилмоқда?

Авваламбор, ҳокимият ваколатларининг маълум бир қисмини марказдан маҳаллий ҳокимият органларига ўтказишга қаратилган мавжуд қонун ва ҳуқуқий ҳужжатларни бир тизимга келтириш ва уларга қўшимча тарзда янгиларини ишлаб чиқиш.

Яна бир муҳим вазифа - ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳалла, маҳалла қўмиталари ва қишлоқ фуқаролик йиғинларининг роли ҳамда ваколатларини амалда кучайтириш лозим.

Иккинчидан - сиёсий партиялар ва фуқаролик институтларининг давлат аҳамиятига молик энг муҳим қарорларни қабул қилишдаги роли ва таъсирини тубдан кучайтириш.

Шу муносабат билан партиялар аҳоли ўртасида обрў-эътибор қозониш мақсадида изчил иш олиб бориши, сиёсий тажриба орттириши, сиёсий етукликка интилиши ва энг муҳими, молиявий мустақилликка эришиш, жамиятда ўз ўрнини топиш ва ўзининг доимий сайловчиларига таяниш учун фаол ҳаракат қилиши керак. Дастури ва йўналишидан  қатъи назар, шак-шубҳасиз, барча партияларимиз мана шундай йўлни босиб ўтиши муҳим аҳамиятга эга.

Мен шу борада аҳолининг турли ижтимоий ва социал гуруҳлари манфаатларини ифодаловчи, мамлакатимизда шаклланаётган фуқаролик жамиятининг асосий институтлари бўлган ноҳукумат ва жамоат ташкилотларининг нуфузи ва таъсирини оширишга катта эътибор бераётганимизни ҳам алоҳида таъкидламоқчиман.

Одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлашда, уларнинг сиёсий ва фуқаролик фаоллигини оширишда, мамлакатда рўй бераётган демократик ўзгаришларнинг кўламини кенгайтириш ва чуқурлаштиришда бу ташкилотларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёсдир.

Ҳеч шубҳасиз, менинг назаримда, депутатлар корпуси, сиёсий партиялар ва нодавлат, ноҳукумат жамоат ташкилотларининг жамиятда обрў-эътибори ортиб бориши, мавқеи мустаҳкамланиши билан, улар давлат ва ҳокимият тузилмалари фаолияти устидан жамоатчилик назоратининг асосий воситасига айланади.

Айни вақтда, имкониятдан фойдаланиб, ноҳукумат жамоат тузилмаларини шакллантириш жараёнига хос баъзи масалалар хусусида ҳам тўхталиб ўтмоқчиман.

Шуни ҳам таъкидлашга тўғри келадики, уларнинг айримларини, аввало, турли ҳомийлик кўмагида тузилган нодавлат нотижорат ташкилотларини текшириш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, бундай ташкилотлар фаолияти улар рўйхатдан ўтиш чоғида тақдим этган низом ва дастурлари доирасидан анчагина четга чиқиб кетмоқда ва муайян буюртмага асосланган мақсадларни кўзламоқда.

Табиийки, биз бундай ҳолатлар билан муроса қила олмаймиз.

Қонунчилигимизга зид бўлган бу каби лойиҳаларнинг Ўзбекистонда келажаги йўқ эканини айтишга ҳожат бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Яна бир бор такрорлайман, биз мамлакатни модернизация ва ислоҳ этиш масалаларида турли инқилоблар ва ақидапарастликнинг ҳар қандай кўринишларига қаршимиз.

Маълумки, инқилоблар, одатда, ҳамма даврларда ҳам зўравонлик, қон тўкиш ва аждодлар яратган барча нарсани жоҳиллик билан вайрон қилиш воситаси ва қуроли бўлиб келган.

Ақидапарастлик эса, у қандай қиёфада бўлишидан қатъи назар - бу диний ақидапарастлик бўладими ёки коммунистик ақидапарастлик бўладими - ўз мафкурасига, ҳаётга қарашларига мос келмайдиган ҳамма нарсани инкор этади ва "кимки биз билан эмас экан, у бизга қарши" деган тамойил асосида ҳаракат қилади.

Ишончимиз комилки, демократияни ва турли "очиқ жамият моделлари"ни экспорт қилиб бўлмаганидек, давлат қурилишининг универсал лойиҳасини ҳам ташқаридан импорт қилиш ёки тиқиштириш мумкин эмас. Аслида, ҳаммага бирдек маъқул бўладиган бунақа моделнинг ўзи умуман йўқ.

Лўнда қилиб айтганда, биз тадрижий, яъни эволюцион изчиллик хусусиятларига эга бўлган ислоҳот ва ўзгаришлар тарафдоримиз. Фақат бу янгиланишлар ижтимоий муносабатлар ва турмуш тарзининг ўзгариши, одамлар онгида демократик қадриятларни мустаҳкамлаш билан чамбарчас боғлиқ ҳолда амалга оширилиши даркор.


II. Биз ҳокимиятнинг учинчи тармоғи - суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштиришга алоҳида аҳамият берамиз.

Ўтган йиллар мобайнида мамлакатимизда ҳуқуқий давлатни шакллантиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ тизими қурилишининг мутлақо янги Концепцияси амалда жорий этилди.

Судларнинг жиноий, фуқаролик ва хўжалик ишлари бўйича иқтисослашуви амалга оширилди. Қонунчиликка биноан суд ишларини апелляция ва кассация тарзида кўриб чиқиш институтлари жорий этилди, тергов-суриштирув ва кишиларни ҳибсда сақлаш муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди, ишларни судларда кўриб чиқишнинг қатъий муддатлари белгиланди.

Суд соҳасида кадрларни танлаш ва тасдиқлашнинг самарали ва демократик ҳуқуқий механизми яратилди, суд қарорларини ижро этиш бўйича етарлича ваколатларга эга бўлган департамент фаолият кўрсатмоқда, судларнинг ўзи эса уларга хос бўлмаган вазифалардан озод этилди.

Прокуратура органларининг суд жараёнига аралашувини жиддий чеклаш бўйича қонунчилик нормаларига зарур ўзгартишлар киритилди. Бугунги кунда суд жараёнида тортишув тамойили, яъни прокурор билан адвокат ҳуқуқларининг тенглиги таъминланмоқда. Мамлакат жиноий қонунчилигини эркинлаштириш юзасидан муҳим чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.

Жиноятларнинг таснифи тубдан қайта кўриб чиқилди ва ўзгартирилди, ўта оғир бўлмаган тоифага кирувчи ҳамда ижтимоий хавф туғдирмайдиган жиноий ҳаракатлар таркиби сезиларли даражада кенгайтирилди.

Натижада фақат сўнгги икки ярим йил ичида катта ижтимоий хавф туғдирмайдиган қонунбузарликка йўл қўйган беш мингга яқин киши озодликда сақланди ва улар томонидан 11 миллиард сўмдан ортиқ миқдордаги моддий зарар қопланди.

Жиноят-ижроия кодексига киритилган ўзгартишлар жазони ўташ шароитларини анча яхшилаш, маҳкумларга муддатидан илгари озод бўлиш ҳуқуқини берадиган моддаларни кўпайтириш, жазони ўташ жойларида яшаш тартиби ва шароитини сезиларли даражада енгиллаштириш имконини яратди.

Натижада жазони манзил-колонияларда ўтаётган шахсларнинг улуши қамоқда сақланаётганлар сонига нисбатан анча кўпайди. Яъни, 1990 йилда манзил-колонияларда жазони ўтаётган шахслар маҳбусларнинг умумий сонига нисбатан 7 фоиз бўлган бўлса, бугунги кунда бу рақам 21 фоизни ташкил этмоқда.

Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда ҳар 100 минг аҳолига нисбатан қамоқдагилар сони 158 кишини ташкил этади. Айни пайтда ушбу кўрсаткич, масалан, АҚШда - 715, Россияда - 584,  Украинада - 416, Қозоғистонда - 386, Қирғизистонда - 390,  Эстонияда - 339 кишидан иборат.

Шуни таъкидлаш лозимки, қонунчиликда одил судловни амалга ошириш шаклларидан бири - ярашув институтининг жорий этилиши қонунийликни мустаҳкамлашда ижобий омил бўлди.

Халқимизнинг табиатига мос келадиган мана шундай усулдан фойдаланиш ўтган давр мобайнида 26 мингдан ортиқ кишини жиноий жавобгарликдан озод қилиш имконини берди.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилган ижобий ишларни қайд этар эканмиз, бу соҳада ҳали ечимини кутиб турган жиддий муаммолар борлигини ҳам инкор эта олмаймиз.  Бу муаммолар, биринчи галда, судларнинг ҳақиқий мустақиллиги ва эркинлигини таъминлаш билан боғлиқдир.

Суд - одил судловнинг олий нуқтаси ва унинг ролини ошириш ҳуқуқий давлат барпо этиш йўлидаги қонуний жараён. Шу муносабат билан прокуратура ваколатларининг бир қисмини судларга ўтказиш ҳозирги замоннинг мантиқий талабидир. Ва бу, энг аввало, инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини, дахлсизлигини чеклаш билан алоқадор масалаларга тегишлидир.

Бугунги кунда жиноий ва процессуал қонунчилигимизнинг дастлабки тергов ва судгача бўлган жараён устидан суд назоратини кучайтириш билан боғлиқ айрим қоидаларини қайтадан кўриб чиқиш зарурати вужудга келди.

Бошқа демократик давлатлар каби Ўзбекистонда ҳам шахсни ушлаб туриш, ҳибсга олиш, шунингдек, бошқа процессуал мажбурий чораларини қўллаш учун санкция бериш ҳуқуқларини ҳам судларга ўтказиш керак, деб ўйлайман.

Бироқ, ушбу жараён ташкилий-ҳуқуқий масалаларни пухта ва жиддий тарзда ишлаб чиқишни ҳамда суд тизими ва у билан боғлиқ бошқа ҳуқуқ-тартибот ва прокуратура органларининг ушбу ўзгартишларни киритиш учун зарур тайёргарликка эга бўлишини тақозо этади.

Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида биз ҳал этишимиз лозим бўлган яна бир масала - бу жазолаш тизимидан ўлим жазосини чиқариб ташлашдир.

Бу ўринда гап, айрим мамлакатларда бўлганидек, ўлим жазосига мораторий қўллаш, яъни маҳкум йиллар давомида ушбу жазо чораси қачон ижро этилишини кутиб ётиши тўғрисида эмас, балки уни бутунлай бекор қилиш ҳақида бормоқда.

Биз мустақиллигимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб ушбу масалани ҳал қилиш устида иш олиб бормоқдамиз. Ўтган ўн йилдан ортиқроқ вақт мобайнида ўлим жазоси қўлланилиши мумкин бўлган жиноятлар таркиби 33 тадан 2 тагача қисқартирилди.

Эндиликда фақат террорчилик ва оғирлаштирувчи вазиятларда қасддан одам ўлдирганлик учунгина ўлим жазоси берилиши кўзда тутилган. Айни вақтда қонунчилигимиз ўлим жазосининг хотин-қизларга, вояга етмаганлар ва 60 ёшдан ошган шахсларга нисбатан қўлланилишини ман этади.

Бундан битта хулосага келиш мумкин - ушбу масала етилиб келмоқда ва уни ҳал қилиш лозим, лекин, бунинг учун, фикримизча, камида икки-уч йил вақт керак.

Биринчи навбатда аҳоли ўртасида кенг тушунтириш ишларини олиб бориш лозим, чунки бугунги кунда уларнинг кўпчилиги ўлим жазосининг бекор қилинишига қарши. Иккинчидан, ўлим жазоси ўрнига умрбод ёки узоқ муддатли жазони ўташга ҳукм қилинадиган шахслар учун тегишли жойлар қуриш керак.

Яна бир ўта муҳим масала - суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг масъулиятини кучайтириш ҳақида алоҳида тўхталишни ўринли, деб биламан.

Такрор-такрор айтишга тўғри келади, бу соҳада хизмат қиладиган одамлар ўзининг профессионал ва фуқаролик бурчини, ўз вазифасини қанчалик ҳалол ва сидқидилдан ижро этиши, ҳеч муболағасиз, бутун ҳокимиятнинг обрўси ва кишиларимизнинг адолатга ишончи қай даражада бўлишини белгилайди.

Ҳеч шубҳасиз, мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг даражаси, унинг амалий самараси кўп жиҳатдан ҳуқуқ-тартибот, прокуратура ва суд органлари тизимининг ўзида бу иллатга қарши қандай кураш олиб борилаётгани билан боғлиқдир.

Яна бир масала. Биз барчамиз, биринчи навбатда қонун ҳимоячилари,  шўро давридан қолган эски иллатлардан тўла халос бўлишимиз, тадбиркорлик, бизнес ва хусусий сектор вакилларига нисбатан муносабатимизни тубдан ўзгартиришимиз керак.  Минг афсуски, ўзимиз яхши қонунлар яратамиз-у, ўзимиз уларга қатъий риоя қилмаймиз.

Тадбиркорлар фаолиятига нохолис, тирноқ остидан кир қидириш кайфияти билан қарашдан бутунлай воз кечиш, аксинча, уларнинг манфаатлари ва қонуний ҳуқуқлари ҳимоясини тўла таъминлаш фурсати етди.

Мамлакатимиз келажагини белгилаб берадиган бу тоифа вакилларига шундай ҳуқуқий замин, имтиёз ва кафолатлар тизимини яратиш керакки, улар ўзи, ўз  оиласи, бутун мамлакат иқтисодиётининг равнақи йўлида эмин-эркин ва аниқ мақсад билан меҳнат қила олсинлар.


III. Ўзбекистонда демократик янгиланишлар жараёнини чуқурлаштириш ва фуқароларнинг эркинликларини таъминлашнинг ғоят муҳим шарти - бу оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш учун демократик андозаларни жорий этиш бўйича аниқ ва изчил чораларни амалга оширишдир.

Бу борадаги асосий вазифа - мамлакатимизда ислоҳотларни чуқурлаштириш жараёнининг муҳим таркибий қисми бўлмиш матбуот, телевидение, радио фаолиятини янада либераллаштириш, уларнинг мустақиллиги ва эркинлигини амалда таъминлашдан иборат.

Халқимиз оммавий ахборот воситаларидан мамлакатимиз ва хорижда содир бўлаётган воқеалар тўғрисида  холис ва тезкор ахборотлар олишни, шу билан бирга, биринчи навбатда, ҳокимият органлари ва бошқарув тузилмалари фаолияти ҳақидаги танқидий фикрларни, ислоҳотлар ва янгиланишлар йўлидан илгари боришимизга тўсиқ бўлиб турган нуқсонлар, ҳаётдаги долзарб муаммолар хусусида ошкора, профессионал таҳлилий материалларни кутади.

Шуни тан олиш керакки, биз мустабид тузум мероси ва ақидаларидан, унинг мафкураси, маъмурий назорати ва цензурасидан жуда катта қийинчилик билан халос бўляпмиз.

Ҳалигача журналистлар фаолиятида ўз-ўзини цензура қилиш, юқоридан буйруқ кутиш кайфиятлари сезилиб турибди.

Айни пайтда, шуни ҳам қайд этиш зарурки, ахборот эркинлигини таъминламасдан, оммавий ахборот воситаларини одамлар ўз фикри ва ғояларини, содир бўлаётган воқеаларга муносабатини эркин ифода этадиган минбарга айлантирмасдан туриб, демократияни чуқурлаштириш ва аҳолининг  сиёсий фаоллигини ошириш, фуқароларнинг мамлакат сиёсий ва ижтимоий ҳаётидаги амалий иштироки тўғрисида сўз юритиб бўлмайди, деган тушунча жамоатчилигимиз ўртасида тобора кучайиб ва мустаҳкамланиб бормоқда.

Ушбу вазифаларни амалга оширишда қуйидагилар муҳим аҳамият касб этади:

Биринчидан - аввало, оммавий ахборот воситаларининг иқтисодий эркинлигини таъминлаш керак. Бу уларнинг мустақил фаолият юритиши ва ривожланиши учун асосий омил бўлиши лозим.

Биз матбуот ва ахборот эркинлигининг кафолатини бозор муносабатлари, ахборот майдонида соғлом рақобат тамойилларининг ривожланишида кўрамиз.

Шу муносабат билан оммавий ахборот воситаларини қўллаб-қувватлаш бўйича мустақил жамоатчилик фонди тузиш фурсати етди, деб ўйлайман.

Бу фонднинг ташкил этилиши мамлакатимизда иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлай оладиган электрон, босма ва бошқа турдаги, шу жумладан, хусусий ахборот воситаларини ўз ичига олувчи давлат ва нодавлат оммавий ахборот воситаларининг яхлит тизимини шакллантириш жараёнини қўллаб-қувватлашга ёрдам берган бўлар эди. Лекин бу - оммавий ахборот воситалари  фақат ушбу фонд маблағлари ҳисобидан фаолият юритади, деган гап эмас. Барчага аёнки, улар ўз фаолиятлари ҳисобидан вужудга келадиган молиявий манбаларга ҳам эга бўлиши лозим.

Ушбу фонднинг молиявий асосини ҳам ички, ҳам ташқи, шунингдек, давлат ва нодавлат тижорат тузилмаларининг ҳомийлик маблағлари ташкил этмоғи керак.

Фонд  маблағлари нафақат нодавлат электрон ва босма оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, уларнинг моддий-техника базасини модернизация қилиш ва мустаҳкамлашга, айни пайтда журналистлар ва техник ходимларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, малакасини ошириш каби муҳим масалаларга ҳам йўналтирилиши даркор.

Бу иш, жумладан, мамлакатимиз ва хориждаги етакчи таълим муассасалари ва теле-радио журналистика марказларида малака ошириш, тренинглар ташкил этиш орқали амалга оширилиши лозим.

Иккинчидан, бугунги кунда  давлат телевидениеси негизида жамоатчилик телевидениеси каналини босқичма-босқич шакллантириш масаласи ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

Теле-радио индустрия бозорини ривожлантириш, тижорат ва ҳудудий нодавлат теле-радиостудияларнинг фаолият юритиши учун зарур шарт-шароит яратиш, бу соҳада ғоялар ва дастурларнинг ижодий рақобат муҳитини вужудга келтириш бўйича аниқ чора-тадбирлар мажмуини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш керак.

Замонавий рақамли ахборот технологияларини жорий этишни жадаллаштириш зарур. Афсуски, бугунги кунда вилоятлар телеканаллари ва студияларининг моддий-техника базаси ва уларда ишлаётган ходимларнинг касб маҳорати ҳали-бери заифлигича қолмоқда.

Ўйлайманки, ҳозирги ахборот, коммуникация ва компьютер технологиялари асрида, интернет кундан-кунга ҳаётимизнинг барча жабҳаларига тобора чуқур ва кенг кириб бораётган бир пайтда, одамларнинг онги ва тафаккури учун кураш ҳал қилувчи аҳамият касб этаётган бир вазиятда бу масалаларнинг жамиятимиз учун нақадар долзарб ва  устувор бўлиб бораётгани ҳақида гапириб ўтиришга ҳожат йўқ.


IV. Навбатдаги ўта муҳим масала - ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишлари ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтмоқчиман.

Бугун ҳеч муболағасиз, ғурур ва ифтихор билан айтиш мумкинки, мустақилликка эришганимиздан буён ўтган тарихан қисқа давр ичида мамлакатимиз дунё ҳамжамиятида ўзининг муносиб ўрнини эгаллади.

Ўзбекистоннинг жаҳондаги обрў-эътибори юксалиб бораётгани энг аввало:

- юртимизда демократик ва бозор иқтисодиёти ислоҳотларини амалга ошириш натижасида қўлга киритилаётган  улкан ижобий ўзгаришларда, уларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилишида мужассам бўлмоқда;

- бу - давлатимизнинг жаҳон аҳлига яхши маълум бўлган, минтақамизда барқарорлик ва хавфсизликни мустаҳкамлашга қаратилган ташаббусларининг амалий самарасида ўз ифодасини топмоқда;

- ва ниҳоят, бу - мамлакатимизнинг халқаро сиёсат майдонида олиб бораётган ҳар томонлама пухта ишланган, чуқур ўйланган ташқи сиёсатининг натижаси сифатида намоён бўлмоқда.

Бугун биз 2005 йил ва кейинги йиллар учун мўлжалланган ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларини белгилашда бу масалага дунёда ва минтақамизда вужудга  келаётган  мураккаб ва зиддиятли вазиятни инобатга олиб, ҳаётий аҳамиятга эга бўлган миллий манфаатларимиз ва мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлаш нуқтаи назаридан ёндашмоғимиз керак.

Бугун мана шу юксак минбардан туриб айтмоқчиман: давлатимиз ташқи сиёсатининг маъно-мазмуни ва мақсади битта - у ҳам бўлса, Ўзбекистон манфаати ва яна бир бор Ўзбекистон манфаатидир.

Биз миллий манфаатларимиз мос келадиган барча мамлакатлар билан фаол ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Айни пайтда халқаро ҳаётнинг муайян принципиал масалалари бўйича қарашларимизда тафовут бўлган давлатлар  билан ҳам очиқ мулоқот олиб боришга ҳозир эканлигимизни билдирамиз.

Биз халқаро муносабатларни мафкуралаштиришга бўлган ҳар қандай уринишга қатъиян қаршимиз.

Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни сақлаш,  бу минтақани  барқарор хавфсизлик ҳудудига айлантиришни ташқи сиёсатимизнинг муҳим устувор йўналиши этиб белгилаб олганмиз.

Биз интеграция жараёнлари ва бозор ислоҳотларини ривожлантиришга, Марказий Осиё минтақасида умумий бозорни шакллантиришга алоҳида аҳамият берамиз.

Фақат ўзининг тор миллий қобиғида қолиб кетмаган бозоргина хорижий инвестицияларнинг катта оқимини жалб қилиб, минтақа мамлакатларининг барқарор ривожланиши ва фаровонлигини таъминлай олади.

Минтақамиздаги ҳозирги мавжуд аҳволни реал ва холис баҳолар эканмиз, Афғонистондаги вазиятни барқарорлаштириш ва қайта тиклаш борасида давом этаётган ижобий жараёнлар билан бир қаторда, минтақада стратегик мавҳумлик сақланиб қолаётганини ҳам тан олишга тўғри келади.

Бу ерда жаҳондаги йирик давлатлар ва бизга қўшни мамлакатларнинг геостратегик манфаатлари мавжуд бўлиб, баъзида улар бир-бири билан келишмаслигини ҳам кузатиш мумкин.  Халқаро терроризм, экстремизм, наркоагрессия ва минтақавий хавфсизликка нисбатан бошқа трансмиллий таҳдидлар ҳамон сақланиб қолмоқда.

Бугун Афғонистонда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқариш ҳажмининг ортиб бораётгани жаҳон ҳамжамияти ва минтақа давлатларини қаттиқ ташвишга солаётир.

Бироқ, бу иллатга қарши фақат гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилаётган ҳудуд атрофида "хавфсизлик зона"сини ташкил этиш, жазолаш ва маъмурий чора-тадбирларни кучайтириш билангина курашиш кифоя қилмайди.

Бу муаммони биринчи навбатда Афғонистон иқтисодиётини чуқур таркибий ўзгартириш, аҳолини тинч ва бунёдкорлик меҳнати билан банд этиш орқали ҳал қилиш мумкин ва лозим.

Бундай таҳдидларга қарши самарали чоралар кўриш, минтақада хавфсизлик ва барқарор ривожланишни таъминлаш билан боғлиқ бошқа вазифаларни фақат шу заминда жойлашган давлатларнинг фаол иштироки билан ҳал этиш мумкин.

Айнан шу боис бу ерда яшаётган халқларнинг муҳим ҳаётий манфаатларига дахлдор бўлган иқтисодий, сув-энергетика, транспорт-коммуникация, экологик характердаги умумминтақавий масалаларни ечиш учун ўзаро ҳамжиҳатлик ва амалий ҳаракатлар механизмини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Бу борада халқимиз асрлар давомида шаклланган "Қўшнинг тинч - сен тинч" деган ҳаётий нақлга доимо амал қилиб келмоқда. Биз бундан буён ҳам шу тамойилга қатъий риоя қиламиз.

Шуни таъкидлаш лозимки, Шанхай ҳамкорлик Ташкилоти, Марказий Осиё ҳамкорлиги ташкилоти, Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлигимиз минтақада хавфсизлик, тинчлик ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг муҳим шарти ҳисобланади.

Ўзбекистон ташқи сиёсат соҳасидаги вазифаларни ҳал этишда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти доирасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратади.

Биз бу нуфузли ташкилотнинг минтақавий ва глобал хавфсизликни таъминлаш ҳамда ҳозирги замоннинг бошқа долзарб муаммоларини ҳал этиш борасидаги иштироки кенгайишидан манфаатдормиз.

Шу билан бирга, жаҳон майдонида халқаро хавфсизлик масаласи билан боғлиқ мутлақо янги тенденция ва вазиятлар, шунингдек, янги таҳдидларнинг пайдо бўлиши, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти тузилмаларини, биринчи навбатда, унинг етакчи органи - Хавфсизлик Кенгашини ислоҳ қилиш ва таркибини қайта кўриб чиқишни тезлаштиришни тақозо этмоқда.

Бирлашган Миллатлар Ташкилотини модернизация ва ислоҳ қилиш қанчалик зарур бўлмасин, биз бугунги кунда бу ташкилотнинг муқобили йўқ, деб ҳисоблаймиз.

Биз Европа қитъасидаги Европада Хавфсизлик ва ҳамкорлик Ташкилоти, Европа Иттифоқи ва НАТО каби муҳим тузилмалар билан юртимизда демократик ва бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, мамлакатимизда ва умуман минтақада хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш борасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдормиз.

Халқаро валюта фонди, Жаҳон банки, Осиё тара??иёт банки, Ислом тара??иёт банки ва бошқа йирик, нуфузли халқаро молия ва иқтисодиёт тузилмалари ҳамда ташкилотлари билан ҳамкорлик келгусида ҳам ташқи сиёсатимизнинг устувор йўналишларидан бўлиб қолаверади.

Юртимизда амалга оширилаётган  янгиланиш ва иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ушбу ташкилотларнинг роли ва ўрни бениҳоя катта.

Ўзбекистон жаҳондаги  йирик, халқаро майдонда етакчи ўрин тутадиган давлатлар - АҚШ, Россия, Япония, Хитой, Германия, Франция ва Европа Иттифоқининг бошқа мамлакатлари билан ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш ва мустаҳкамлашга алоҳида эътибор беради.

Биз Жанубий Корея Республикаси, Ҳиндистон, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиё, Яқин Шарқ ва Араб Шарқининг кўплаб мамлакатлари билан яқин муносабатлар ўрнатганмиз.

Бугунги кунда халқаро терроризм, экстремизм ва радикализмга қарши кураш дунё мамлакатларини бирлаштирадиган асосий омил бўлиб қолмоқда. ХХI аср вабоси бўлган ушбу иллатга қарши жаҳон ҳамжамиятининг муросасиз курашини Ўзбекистон тўла қўллаб-қувватлайди.

Айни пайтда, биз фақат терроризмнинг ташқи кўринишларига, бегуноҳ одамларни гаровга оладиган, портлатадиган ва ўлдирадиган кимсаларга қарши курашиш билангина бу офатни бартараф этиб бўлмаслигини бир неча бор таъкидлаганмиз. Ҳаётнинг ўзи шуни кўрсатмоқдаки, авваламбор, ушбу бало-қазонинг бирламчи манбаларига қарши курашиш даркор.

Яъни, ислом динини сиёсатга айлантираётган, ёвузлик ва террорчилик мафкурасини яратаётган кўплаб радикал ва экстремистик марказларнинг, биринчи навбатда, ёшлар онгини заҳарлаб, зомбига айлантириб, улардан  террорчилар тайёрлаш бўйича конвейер ташкил этаётган, халифалик тузишдек турли хомхаёлларни амалга оширишга уринаётган қабиҳ кучларнинг илдизини қирқиб ташлаш керак.

Бугун мана шу минбарда туриб, яна бир бор таъкидламоқчиман: биз халқаро терроризмни ота-боболаримиздан қолган муқаддас динимиз - ислом дини билан боғлашдек хавфли ният ва уринишларни кескин қоралаймиз. Бундай оқибати ўйланмаган ва иғвогарона хатти-ҳаракатлар биринчи галда "Ал-қоида" ёки "Ҳизбут-таҳрир" каби энг ашаддий экстремистик ҳаракат ва ташкилотларга қўл келади.

Барчамиз бир ҳақиқатни чуқур англаб олишимиз керак - бугун ислом динининг ичида кескин қарама-қаршилик мавжуд. Шу муносабат билан бор куч ва салоҳиятни сафарбар этган ҳолда, маърифатли, бағрикенг ислом динига мусулмонликни ниқоб қилиб олиб, унинг устидан ҳукмронлик қилишга уринаётган жангари, мутаассиб кучларга қарши курашишда ёрдам бериш даркор.

Биз наркоагрессия, халқаро терроризм, диний экстремизм ва сепаратизм учун ҳеч қандай "транзит" мамлакат йўқ ва бўлиши мумкин ҳам эмас, деб ҳисоблаймиз. Ишончим комил, бундай тажовузкор кучлар билан "ўйин" қилиш, уларга қарши курашдан ўзини четга олишга ҳар қандай уриниш катта хатодир.

"Сен менга тегма - мен сенга тегмайман" деган ақидага асосланган тактика тобора хавфли тус олиб, авваламбор, шундай позицияда турган мамлакатларнинг ўзи учун ўта хатарли бўлиб бормоқда.

Бизнинг шунга ишончимиз комилки, Марказий Осиё нафақат ядровий, балки ҳар қандай бошқа оммавий қирғин қуроллари, чунончи, биологик ва кимёвий қуроллардан ҳам холи ҳудудга айланиши лозим.

Айниқса, халқаро терроризм бундай қуролларга эга бўлишга интилаётган бугунги кунда бу масала янада долзарб аҳамият касб этмоқда.

Минтақамиз шароитида ҳар бир давлат оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик режимига сўзсиз амал қилиши, икки хил мақсадда ишлатилувчи материаллар сақланадиган ва фойдаланиладиган объектларнинг хавфсизлик тизимини такомиллаштиришни таъминлаш тўғрисидаги мажбуриятни ўз зиммасига олиши даркор.

Боз устига, шубҳали ва ҳавойи иқтисодий манфаатларни кўзлайдиган айрим раҳбарларнинг бутун бир ҳудудларни жаҳоннинг ядро чиқиндилари ва заҳарловчи моддалар ахлатхонасига айлантириш учун уринишига йўл қўйиб бўлмайди.

Агарда бундай уринишлар амалга ошгудек бўлса, минтақанинг экологик тизими, ҳозирги пайтда шу заминда яшаётган одамлар ва келажак авлодлар соғлиғи учун ҳалокатли оқибатлар юзага келиши мумкин.

Бугунги кунда минтақамизни деярли ҳамма томондан ядро қуролига эга бўлган давлатлар ўраб турибди. Марказий Осиё ядровий таҳдидлардан ҳимояланган эмас.

Айнан шунинг учун Марказий Осиёни ядро қуролидан холи ҳудуд сифатида ҳуқуқий жиҳатдан расмийлаштириш бўйича 1998 йилда бошланган ишларни охирига етказиш ва бу борадаги тегишли келишувларни кучга киритиш минтақамиз давлатлари ташқи сиёсатининг устувор вазифаларидан бири бўлмоғи лозим.

Ўзбекистоннинг 2005 ва кейинги йиллардаги ташқи сиёсатининг асосий устувор вазифалари ана шулардан иборат.


V. Иқтисодий соҳадаги муҳим устувор вазифаларга тўхталишдан олдин 2004 йилда  мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантиришнинг асосий якунларини қисқача баён қилишга ижозат бергайсизлар.

Гарчи ўтган йил биз учун осон кечмаган бўлса-да, 2004 йилда эришилган ютуқлар барчамизни қувонтиради.

Авваламбор, иқтисодиётнинг барқарор ўсиши таъминланди, макроиқтисодий ва молиявий барқарорлик мустаҳкамланди, иқтисодиёт ва унинг айрим соҳаларидаги мутаносиблик кучайди.

Ислоҳот йиллари давомида ялпи ички маҳсулот илк бор 7,7 фоиз ўсди. Иқтисодиётнинг деярли барча тармоқ ва соҳалари жадал ва изчил ривожланмоқда - саноат ишлаб чиқариш ҳажми 9,4 фоизга, истеъмол моллари ишлаб чиқариш 13,4 фоизга, жумладан, саноат товарлари ишлаб чиқариш 18,6 фоизга ўсди.

Иккинчидан, қатъий пул-кредит сиёсатини ўтказиш натижасида ислоҳот йиллари давомида биринчи марта инфляция даражаси энг паст - 3,7 фоиз бўлишига эришдик. Бу аҳолининг реал даромадлари ўсишига ҳам ўз таъсирини кўрсатди - 2004 йилда бу кўрсаткич 15 фоизга ўсди.

Учинчидан, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йили 10,1 фоизга ошди. Бошоқли дон экинларидан тахминан 5 миллион тоннага яқин ҳосил олинди. Кейинги йилларда биринчи марта пахта хом ашёси етиштиришда энг катта натижага эришилди - 3,5 миллион тонналик пахта хирмони бунёд этилди.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этиш тизими тубдан ўзгармоқда, фермерлик қишлоқда хўжалик юритишнинг энг истиқболли ва самарали шакли сифатида етакчи ўринни эгалламоқда.

Бугун республикамизда 85,5 минг фермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда ва айнан улар ҳозирги кунда муҳим қишлоқ хўжалик экинларини етиштирадиган асосий ишлаб чиқарувчиларга айланмоқда.

Тўртинчидан, маҳсулот экспорти бўйича ҳам сезиларли натижалар қўлга киритилди - унинг ҳажми 30 фоизга ошди. Шу билан бирга, экспорт таркиби сифат жиҳатидан ўзгариб бормоқда.  Тайёр маҳсулотларнинг экспортдаги улуши 52 фоизга ўсди. Ташқи савдо айланмасида жами 1 миллиард АҚШ долларидан ортиқ миқдордаги ижобий сальдога эришилди.

Бешинчидан, 2004 йилда мамлакат иқтисодиётида кичик бизнес ва хусусий тармоқ кўлами ҳамда ҳажми салмоқли даражада ўсди. Кичик бизнес корхоналари сони ўтган йилда 14 фоизга кўпайди.

Хусусий тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобига 425 мингдан зиёд янги иш ўринлари ташкил этилди. Бу 2003 йилга нисбатан 14 фоиз кўп демакдир. Кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши ортди ва 2004 йилда 35,6 фоизни ташкил этди.

Бу натижаларга эришишда тадбиркорларнинг эркин фаолият юритишларини кафолатлаш, уларни давлат рўйхатига олишнинг соддалаштирилган механизмини жорий қилиш, маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тартибини унификация қилиш, кичик бизнес субъектларининг кредит ресурсларидан фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш бўйича кўрилган чора-тадбирлар муҳим омил бўлди.

Олтинчидан, мамлакат реал иқтисодиётига йўналтирилган инвестициялар ҳажми сезиларли даражада ошди. Ўтган йили бу кўрсаткич 5,2 фоизга ўсди ва ялпи ички маҳсулотнинг 20 фоизини ташкил этди. Бунда марказлаштирилган манбалар улуши кескин камайди ва марказлаштирилмаган манбалар, аввало, корхоналарнинг ўз маблағлари улуши ошиб, жами инвестицияларнинг 43 фоиздан ортиғини ташкил этди.

Иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этиш кескин - яъни, 1,5 баробар кўпайди. Айниқса, нефть, газ, тўқимачилик саноатида уларнинг улуши янада салмоқли бўлди.

Иқтисодиётни таркибий ўзгартиришга қаратилган чора-тадбирлар босқичма-босқич амалга оширилди. Ўз маблағларимиз ва жалб қилинган сармоялар ҳисобидан йирик саноат, коммуникация, инфратузилма объектлари ва бошқа иншоотлар бунёд этилди.

Транспорт коммуникацияларини ривожлантириш тўғрисида алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз, деб биламан. Бу йўналишда кўпгина салмоқли ишлар амалга оширилди.

Амударё узра узунлиги 681 метрлик замонавий автомобиль-темирйўл кўприги барпо этилди. Янги Тошгузар-Бойсун-Қумқўрғон темир йўл магистрали қурилиши жадал суръатлар билан давом этмоқда. Бу йўлнинг 57 километрлик Тошгузар-Де??онобод участкасида ўтган йили ишчи поездлар қатнови бошланди.

Тошкент-Самарқанд ва Тошкент-Ангрен йўналиши бўйича электр поездлар қатнови йўлга қўйилди. Бугунги кунда Ўзбекистон йўллари кўплаб параметрлар бўйича халқаро андозалар ва замонавий талабларга жавоб беради.

Еттинчидан, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтиришга қаратилган маъмурий ислоҳотлар босқичма-босқич татбиқ этилмоқда ва ўзининг ижобий натижаларини бермоқда.

Давлат бошқаруви органларининг вазифалари тубдан қайта кўриб чиқилди, эски маъмурий-буйруқбозлик тизимига хос, ўз умрини яшаб бўлган ортиқча бўғин ва вазифалар, биринчи галда, тақсимлаш функциялари кескин тарзда қисқартирилди. Давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ўртасидаги ваколатлар аниқ чегаралаб қўйилди.

Маъмурий ислоҳот жараёнида 20 га яқин давлат бошқаруви органи қайта ташкил этилди ва 40 мингдан ортиқ штат бирлиги тугатилди ёки бошқарув ходимлари сони 22 фоизга қисқартирилди.

Моддий ресурсларни турли квоталар, лимитлар ва разнарядкалар асосида тақсимлашнинг эски тузумдан мерос бўлиб қолган марказлаштирилган тизимига барҳам берилди. Товар-хом ашё биржалари фаолияти тубдан ўзгартирилди.

Маҳсулотларнинг катта қисми, жумладан, юқори ликвидли ва харидоргир товарлар - пахта толаси, линт, бензин, дизель ёнилғиси, минерал ўғитлар, ўсимлик ёғи, ун каби маҳсулотлар бугунги кунда биржа савдолари орқали сотилмоқда.

Ўтган йилнинг декабрь ойида Ўзбекистонда бўлган Халқаро валюта фонди миссияси 2004 йилда мамлакатимизда иқтисодий ислоҳотларни амалга ошириш йўлидаги саъй-ҳаракатларимизга юқори баҳо берди. Хусусан, миссия ўз меморандумида 2004 йил Ўзбекистон учун туб иқтисодий ўзгаришлар жараёнининг муҳим бурилиш даври бўлганини қайд этди.

Айниқса, юқори иқтисодий натижаларга эришилгани, бюджет кўрсаткичлари муваффақиятли бажарилгани, иқтисодий ислоҳотлар жараёни жадаллаштирилгани, жумладан, кенг кўламли хусусийлаштириш ишлари амалга оширилгани, зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли қишлоқ хўжалиги ширкатлари тугатилиб, уларнинг негизида фермер хўжаликлари ташкил этилгани, маъмурий ислоҳотлар ўтказилганига алоҳида эътибор қаратилди.

Халқаро валюта фонди миссияси Ўзбекистон ҳукуматининг макроиқтисодий дастури ва 2005 йилда амалга ошириш мўлжалланган таркибий ислоҳотларни тўлиқ қўллаб-қувватлашини баён этди.

2004 йил якунларига кўра "Наследие" фонди ва "Уолл стрит жорнэл" томонидан тайёрланган ҳамда машҳур "Вашингтон таймс" газетасида чоп этилган Иқтисодий эркинлик индекси бўйича Ўзбекистоннинг жаҳондаги сезиларли тара??иётга эришган ўнта давлат қаторига киритилгани бизга катта мамнуният бағишлайди.


Муҳтарам дўстлар!

Энди, ижозатингиз билан, 2005 йилда иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишнинг энг муҳим устувор вазифалари ҳақида  қисқача тўхталиб ўтмоқчиман.

Асосий устувор вазифа аввалгидек - бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш ва иқтисодиётни янада эркинлаштиришдан иборат.

Мамлакатни модернизация қилиш ва аҳолига муносиб турмуш шароити яратиб бериш борасида ўз олдимизга қўйган мақсад ва вазифаларимиз ҳамда минтақа ва жаҳон бозорларида рўй бераётган ўзгаришлар, кучли талаб ва рақобат иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштиришни объектив шарт қилиб қўймоқда.

Бу борада ҳам жуда кўп ечилмаган муаммолар бор. Яъни, эски маъмурий-тақсимот тизими қолипларидан бутунлай воз кечиш, давлатнинг иқтисодиётга аралашувини янада чеклаш, эркин тадбиркорлик фаолияти учун амалий кафолатларни таъминлаш, иқтисодиёт ва бизнесни бар-қарор ривожлантириш, тўлақонли бозор инфратузилмасини шакллантириш йўлидаги мавжуд ғов-тўсиқларни бартараф этишимиз зарур.

Бу йўналишда кўп ишлар қилинди, аммо яқин вақт ичида ҳал қилишимиз лозим бўлган масалалар ҳам оз эмас. Ана шундай масалалардан бирига сизларнинг эътиборингизни қаратмоқчиман.

Бугун мамлакатимизда аҳолининг иш ҳақи ва даромадларини босқичма-босқич ошириб боришни таъминлаш учун зарур шарт-шароитлар яратилди.

Ишлаб чиқаришнинг жадал модернизация қилиниши, замонавий қувватларнинг ишга туширилиши истеъмол бозорини сифатли ва рақобатга бардошли маҳсулотлар билан тўлдириш имконини бермоқда.

Бу вазифани ҳал этишда инфляция даражасини пасайтиришга эришганимиз, пул массаси назорат қилинаётгани, миллий валютамиз - сўмнинг конвертацияси ва барқарор курси асосий омил бўлмоқда. Ўз навбатида, аҳоли даромадларининг ўсиши унинг харид қобилиятини ошириш, ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш ва мамлакатда барқарор иқтисодий ривожланишни таъминлашда муҳим роль ўйнайди.

Лекин, шуни унутмаслик керакки, аҳоли даромадларининг ўсиши нарх-навонинг кўтарилишига, яъни инфляцияга олиб келмаслиги лозим.  Бунинг учун эса пул маблағларини, биринчи навбатда, нақд пулни банк айланмасига жалб этиш  бўйича чора-тадбирлар комплекси ва механизмини амалга ошириш зарур. Шу билан бирга, аҳолига, айниқса, қишлоқ жойларида кўрсатилаётган хизматлар ва сервиснинг ҳажми ҳамда турларини кескин кўпайтиришга эришиш лозим.

Бу борада уй-жой қурилишини рағбатлантириш, молиявий оқимни йўналтириш мумкин бўлган, бозор иқтисодиёти талабларига жавоб берадиган самарали уй-жой бозорини шакллантириш муҳим аҳамият касб этади.

Тижорат банклари аҳолининг ўз пул маблағларини депозитларда, айниқса, узоқ муддатли депозитларда сақлашдан манфаатдорлигини кучайтириш учун жиддий ишлашларига тўғри келади.

Иккинчи устувор вазифа - хусусий тармоқнинг жадал ривожланишини, унинг мамлакат иқтисодиётидаги улуши кўпайишини таъминлаш.

Кейинги йилларда республика ҳукумати томонидан амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида хусусий бизнес фаолият кўрсатаётган макроиқтисодиёт ва тадбиркорлик муҳити анча яхшиланди. Буни мамлакатимиз тадбиркорлари ҳам, хорижий экспертлар ҳам эътироф этмоқда. Бироқ, бу борада барча муаммолар ҳал қилинди, деб айтишга ҳали эрта.

Бу соҳадаги энг муҳим вазифалар қуйидагилардан иборат:

Биринчидан, давлат тузилмаларининг хусусий тадбиркорлик фаолиятига аралашувини янада кўпроқ чеклаш.

Дунёнинг ривожланган мамлакатларида бўлгани каби, бизда ҳам текширишлар натижалари бўйича молиявий ва маъмурий жазоларни (мисол учун, хўжалик субъекти фаолиятига жиддий таъсир кўрсатадиган катта миқдорда жарима солиш, корхона фаолиятини тўхтатиб қўйиш ёки тугатиш, ҳисоб рақамидан фойдаланишни тақиқлаш ва ҳоказоларни) фақат суд томонидан тайинлаш тизимига ўтиш вақти етди.

Иккинчидан, хўжалик субъектларига нисбатан қўлланадиган жазо чоралари тизимини тўлиқ қайта кўриб чиқишнинг ҳам фурсати келди. Қасддан содир этилмаган ва катта бўлмаган қоидабузарликлар учун жазо чораларини камайтириш ва тадбиркорлар етказилган зарарни ихтиёрий равишда тўлиқ қоплаган ҳолларда жазони қўллашдан воз кечиш керак.

Шу муносабат билан Адлия, Иқтисодиёт ва Молия вазирликлари тез муддатда манфаатдор тузилмалар билан биргаликда хусусий тадбиркорлик учун ана шундай кафолатлар яратишга қаратилган таклифларни киритишлари лозим.

Учинчидан, хусусий тадбиркорларга зарур ресурсларни сотиб олиш ва ўз маҳсулотини сотиш учун бозорларга чиқиш имкониятларини кенгайтириш бўйича бошланган ишларни давом эттириш, биржа ва аукцион савдолари орқали  сотилаётган товарлар тури ва ҳажмини кенгайтиришга қаратилган қатъий чора-тадбирлар кўриш, марказлаштирилган тақсимот тизимига қайтишга бўлган ҳар қандай уринишларга барҳам бериш айниқса муҳим аҳамиятга эга.

Тўртинчидан, хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, шубҳасиз, бу соҳага молиявий кўмак, қўшимча солиқ имтиёзлари ва преференциялар беришни тақозо этади.

Бу ёрдамни замонавий ривожланган банк тизими орқали, ишлаб чиқариш  корхоналарига фоиз ставкалари унча юқори бўлмаган кредитлар ажратиш йўли билан амалга ошириш мумкин. Микрокредитлаш тизимини кенгайтириш, бу ишни Халқаро молия корпорацияси, Жаҳон банки, Осиё банки каби халқаро молия ташкилотлари ёрдамида амалга ошириш талаб этилади.

Учинчи муҳим устувор вазифа - кичик бизнес ва фермерликни ривожлантириш борасидаги ишларни чуқурлаштириш ва кўламини кенгайтиришдан иборат.

Биз 2007 йилга келиб кичик бизнеснинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини камида 45 фоизга етказиш вазифасини ўз олдимизга қўймоқдамиз.

Шу мақсадда Иқтисодиёт вазирлиги, Давлат мулкини бошқариш ва тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси, Молия ва Адлия вазирликлари Савдо-саноат палатасини, бошқа манфаатдор тузилмаларни жалб қилган ҳолда, кичик бизнес учун қўшимча кафолат, имтиёз ва преференциялар бериш бўйича ҳукумат қарорлари лойиҳасини тайёрлаши лозим. Бунда қуйидаги масалалар кўзда тутилиши зарур:

1. Соли??а тортиш тизимида қўшимча имтиёзлар ва преференциялар бериш, солиқ қонунчилигининг барқарорлигини таъминлаш, солиқларни ҳисоблаш ва тўлашнинг ошкора, соддалаштирилган усулларини ишлаб чиқиш.

2. Фаолиятнинг айрим турлари билан шуғулланиш учун рухсат бериш тартибларини қисқартириш ва соддалаштириш, кичик бизнесни ариза бериш асосида рўйхатга олиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш.

3. Йирик корхоналарнинг буюртмалари асосида майда бутловчи қисмларни ишлаб чиқариш билан шуғулланадиган янги кичик корхоналар ташкил этиш, хонадонларда майда хусусий цехлар очишни рағбатлантириш.

4. Кичик корхоналарда ишлайдиган, айниқса, қишлоқ жойларида касаначилик билан шуғулланадиган  фуқаролар учун моддий-техник таъминот бўйича хизмат кўрсатадиган ва улар томонидан тайёрланган маҳсулотларни сотишга кўмаклашадиган тузилмалар яратиш.

Шу ўринда мамлакатимиз қишлоқ хўжалик ишлаб чиқаришида фермер хўжаликларини ривожлантиришнинг аҳамияти нечоғлик катта эканини яна бир бор таъкидлаш жоиз, деб биламан.

Кейинги йиллар тажрибаси фермер хўжаликларининг ширкатларга нисбатан анча юқори рентабелли бўлиши ва зарар кўрмай фаолият юритишини я??ол тасдиқлади.

Биз зарар кўриб ишлаётган ва паст рентабелли ширкатларни фермер хўжаликларига айлантириш борасида яқинда қабул қилинган, 2005-2007 йилларда 1100 та, жумладан, бу йил 406 та ширкат хўжалигини қайта ташкил этиш вазифаси белгиланган янги дастур ижросини қатъий назоратга олишимиз даркор.

Бу масалада ер ажратиш ва фермерларни танлаш ишлари ошкора, адолатли тарзда ва қатъий танлов, тендер асосида ўтказилиши жуда муҳимдир.  Бунда маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик ва порахўрлик ҳолларига кескин барҳам бериш лозим.

Фермерларга хизмат кўрсатиш, уларни зарур моддий ресурслар ва техника билан таъминлаш бўйича бозор инфратузилмасини шакллантириш жараёнини тезлаштириш зарур.

Фермерларга бўлғуси ҳосил ҳисобидан имтиёзли ставкалар асосида кредитлар беришга ўтишни таъминлаш керак. Ва, энг муҳими - барча томонларнинг қабул қилинган шартнома мажбуриятларини бажариши юзасидан қатъий интизом ўрнатилиши даркор.

Тўртинчи устувор вазифа - банк ва молия тизимларидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш.

Гап молия ва банк тузилмаларининг қатъий пул-кредит сиёсатини ўтказиш, инфляция даражасининг барқарорлигини, миллий валютамиз ва  унинг алмашув курси мустаҳкамлигини сақлашдаги масъулиятини ошириш ҳақида бормоқда.

Гап банкларни капиталлаштириш, уларнинг низом ва айланма фондларини кўпайтириш ва маблағларини инвестиция мақсадларига, биринчи навбатда, реал иқтисодиётга йўналтиришга қаратилган аниқ чора-тадбирлар кўриш ҳақида бормоқда.

Банк айланмасидан ҳали-бери четда қолаётган салмоқли молия маблағлари ва пул оқимларини ушбу тизимга жалб қилиш учун аниқ ва қатъий чоралар кўриш лозим.

Юксак ривожланган мамлакатлардаги тижорат ва хусусий банкларнинг мижозларга хизмат кўрсатиш борасидаги тажрибаларини синчиклаб, янада кенг ўрганиш, хўжалик субъектлари ва аҳолининг банкларга нисбатан ишончини оширишга эришиш керак.

Бу вазифа кўплаб низом ва меъёрий ҳужжатларни қайта кўриб чиқишни, аввало, банк хизматчиларининг масъулияти ва маданиятини оширишни тақозо этади.

Навбатдаги устувор вазифа - уй-жой-коммунал хўжалигини ислоҳ қилишга ниҳоятда жиддий эътибор қаратишдан иборат.

Коммунал хизматлар, айниқса, иссиқлик энергияси, иссиқ ва совуқ сув истеъмолини ҳисобга оладиган асбоб-ускуналарнинг етарли даражада эмаслиги ҳамон жиддий муаммо бўлиб қолмоқда.

Бу эса ана шу ресурсларнинг кўплаб исроф бўлишига, тарифларнинг асоссиз ўсишига, аҳоли қарздорлигининг юзага келишига сабаб бўлмоқда.

Шуни тан олиш керакки, бизда коммунал тармоқлардан самарали фойдаланиш тизими, бу тармоқларни капитал тарзда алмаштириш ва модернизациялаш, умуман олганда, аҳолига коммунал-маиший хизмат кўрсатишнинг таъсирчан механизми амалда яратилмаган.

Кўп қаватли уй-жой фондини бошқариш иши мутлақо қониқарсиз аҳволда.  Ташкил этилган уй-жой мулкдорлари ширкатлари турар-жойлардан фойдаланиш ва сақлаш ишидан умуман бехабар бўлган, тасодифий кишиларга топшириб қўйилган.

Уй-жой коммунал хўжалигидан фойдаланиш ва уни сақлаш борасида ҳам бозор механизми амалда шакллантирилмаган.

Буларнинг барчаси ҳақли равишда аҳолининг жиддий эътирозларига сабаб бўлмоқда, мавжуд муаммолар эса шошма-шошарлик билан, юзаки ҳал қилинмоқда.

Бундай ҳолат учун, аввало, ҳукумат, вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, Тошкент шаҳар ҳокимлиги жавобгардир. Мавжуд аҳволни ўнглаш учун кўп ишларни бошидан бошлашга тўғри келади.

Қисқа муддатда уй-жой коммунал хўжалигини ислоҳ қилишга қаратилган кенг кўламли Дастур тайёрлаш, унинг ижроси бўйича барча қатъий чораларни кўриш даркор.

Принципиал муҳим устувор вазифалардан  бири - солиқ сиёсатини янада такомиллаштиришдир.  Айтиш жоизки, юқорида зикр этилган устувор вазифаларнинг барчаси солиқ сиёсатимизни такомиллаштириш билан бевосита боғлиқ.

Бусиз ҳеч қандай масалани ҳал этиб бўлмайди. 1997 йилда ишлаб чиқилган ва қабул қилинган Солиқ кодекси иқтисодий ислоҳотлар соҳасида бугунги куннинг янги ва устувор вазифалари талабларига жавоб бермайди.

Фақат сўнгги икки йил давомида Солиқ кодекси ва солиқ қонунчилигига юздан ортиқ ўзгартиш ва қўшимчалар киритилгани ҳам шундан далолат беради.

Соли??а тортиш масаласида амалиётда синалган принцип ва ёндашувларни ишлаб чиқиш, бу борада бошқа мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш ўта муҳим аҳамиятга эга. Солиқ тизими нафақат солиқларни ундириш, балки биринчи галда, рағбатлантириш хусусиятига эга бўлиши лозим.

Шунга эришмоғимиз керакки, ҳар бир солиқ тўловчи, у хоҳ жисмоний, хоҳ юридик шахс бўлсин, солиқ тўлашдан бўйин товламасдан, даромадларини яширишга уринмасдан, аксинча, ўз ишлаб чиқаришини ривожлантириш ва даромадини оширишга интилсин.

Бугун ҳаётнинг ўзи солиқлар адресли бўлишини тақозо этмоқда. Солиқ тўловчи нима учун ва қанча солиқ тўлаши ҳақида аниқ тасаввурга эга бўлмоғи даркор. Бу ўринда асосий юк табиий, минерал-хом ашё, ер-сув ва бошқа захиралардан тежамкорлик билан ва оқилона фойдаланишни рағбатлантирувчи ресурс солиқларига тушиши лозим.

Солиқ органларини ташкил этишнинг бутун тизимида ҳам туб ўзгаришларни амалга ошириш зарур.

Бу идораларнинг бош вазифаси солиқларнинг бюджетга ўз вақтида ва тўлиқ тушишини таъминлашгина эмас,  балки, энг муҳими, соли??а доир жиноятларнинг олдини олиш мақсадида солиқ тўловчиларга ёрдам бериш ва уларнинг бу борадаги билимларини оширишга кўмаклашиш, улар билан мунтазам иш олиб боришдан иборатдир.

Шу муносабат билан Молия ва Иқтисодиёт вазирликлари, Давлат солиқ қўмитаси, Адлия вазирлиги Савдо-саноат палатасини жалб қилган ҳолда, амалдаги солиқ қонунчилигини танқидий нуқтаи назардан таҳлил қилиб, шу асосда уни янада соддалаштириш, солиқларни унификация қилиш, солиқ юкини енгиллаштириш, солиқ бошқарувини такомиллаштириш ва эркинлаштиришни назарда тутадиган янги таҳрирдаги Солиқ кодексини тайёрлашлари ва тасдиқлаш учун киритишлари зарур.

Биз бугун мамлакатимизни ислоҳ қилиш ва янгилаш мақсадида олдимизга қўяётган ва ўз тадбиғини кутаётган энг муҳим йўналиш ва устувор вазифалар асосан мана шулардан иборат.


Қадрли дўстлар!

Мамлакатимиз сиёсий ҳаётида икки палатали парламентнинг фаолият юритиши барчамизнинг олдимизга янги талаблар қўяди, зиммамизга катта масъулият юклайди.

Депутатларнинг Қонунчилик палатасида доимий ва профессионал асосда ишлаши биз учун мутлақо янги, тажрибамизда синалмаган фаолият шаклидир. Шу маънода, қонунчилик ҳокимиятини бундай шаклда, бундай асосда ташкил қилиш барчамиздан нечоғли сафарбарликни талаб этишини ўзимизга тасаввур қилишимиз қийин эмас.

Айни пайтда бу юқори палата - Сенатда ҳам мутлақо янги бўлган ишни ҳар тарафлама ўзлаштириб олишимизни талаб қилади.

Энг муҳими, парламентимизнинг қуйи ва юқори палаталарининг бир-бирини тушуниб, баҳамжиҳат, самарали ишлашини таъминлаш учун икки томондан ҳам ўзаро ҳурмат, сабр-тоқат кўрсатиш кераклигини ҳаммамиз яхши англаймиз, деб ўйлайман.

Бу ҳақда гапирганда, бир томондан, мен барчамиз олдимизда турган вазифа нақадар мураккаб ва масъулиятли эканини чуқур ҳис қилишимиз лозимлигини, бизнинг ишимизни нафақат сайловчилар, нафақат халқимиз, балки кўп-кўп мамлакатларнинг жамоатчилиги ҳам ди??ат билан кузатиб боришини таъкидламоқчиман.

Иккинчи томондан эса,  муҳтарам депутатлар ва сенаторлар, бугун сизларнинг барчангизга мурожаат қилиб, масъулиятли фаолиятингизга бардам ва тетик кайфият билан, ўз кучингиз ва эртанги кунга ишонч билан қараган ҳолда киришишингизни тилайман.

Шуни асло унутмаслигимиз керак - биз ҳеч қачон, ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва бўлмаймиз ҳам.

Барчангизга сиҳат-саломатлик, депутатлик фаолиятингизда янги куч-ғайрат ва муваффақиятлар, оилавий ҳаётингизда бахт ва фаровонлик ёр бўлсин.