Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг 2003 йилда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2004 йилда иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштиришнинг асосий йўналишларига бағишланган вазирлар маҳкамаси мажлисидаги Маърузаси

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЭРИШГАН МАРРАЛАРИМИЗНИ

МУСТАҲКАМЛАБ, ИСЛОҲОТЛАР

ЙЎЛИДАН ИЗЧИЛ БОРИШ

АСОСИЙ ВАЗИФАМИЗ



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг 2003 йилда

мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш

якунлари ва 2004 йилда иқтисодий ислоҳотларни

чуқурлаштиришнинг     асосий     йўналишларига

бағишланган вазирлар маҳкамаси мажлисидаги

МАЪРУЗАСИ


(2004 йил 7 февраль)



Ҳурматли мажлис қатнашчилари!

Бизнинг бугунги йиғилишимиздан кўзда тутилган мақсад - мамлакатимизнинг 2003 йилдаги иқтисодий-ижтимоий ривожланиш якунларини сарҳисоб қилишдан иборат.

Шу билан бирга, биз ўз фаолиятимизни танқидий баҳолаб, жорий, яъни 2004 йилда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва самарасини ошириш бўйича олдимизда турган асосий вазифа ва йўналишларни аниқ белгилаб олишимиз лозим.

Шу мақсадда ўтган йил якунларининг асосий кўрсаткичларини чуқур ва атрофлича таҳлил қилар эканмиз, қуйидаги мулоҳаза ва хулосаларни чиқаришимиз зарур, деб ўйлайман.

Биринчидан, мамлакатимизда макроиқтисодий барқарорлик ва иқтисодий ўсиш суръатларининг изчиллиги таъминланмоқда.

Кейинги олти йил давомида ялпи ички маҳсулотнинг ўсиш суръатлари ҳар йили мунтазам равишда 4 фоиздан кўпроқ ошмоқда.

Ўтган йили бу кўрсаткич 4,4 фоизни ташкил этди.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Ўзбекистон Мустақил Давлатлар ҳамдўстлиги давлатлари орасида 2001 йилдаёқ ислоҳотлар бошланган 1990 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулот ҳажмини оширишга эришган ягона мамлакатдир.

Бугунги кунда иқтисодиётнинг барча муҳим тармоқлари изчил ривожланмоқда. Ҳисобот даврида саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 6,2 фоиз ўсгани ҳам шундан далолат беради.

Айниқса, электротехника саноатида (10 фоиз), машинасозлик ва металлни қайта ишлаш соҳасида (30 фоиз), енгил саноат (6,2 фоиз), автомобилсозлик (29,1 фоиз) ҳамда истеъмол моллари ишлаб чиқаришда (8,4 фоиз) ўсиш суръатлари шунинг далилидир.

2003 йили республика ва маҳаллий бюджетларнинг харажатлар қисми амалда бажарилиб, давлат бюджетининг тақчиллиги ялпи ички маҳсулотга нисбатан белгиланган 2 фоиз ўрнига 0,4 фоизни ташкил этди.

Иккинчидан, мамлакатимизда амалга оширилаётган либераллаштириш сиёсати, авваламбор, бюджет ва солиқ соҳаларини эркинлаштириш жараёни иқтисодиётимизнинг барқарор ривожланишига ижобий таъсир кўрсатмоқда.

Ҳисобот даврида даромад солиғи ставкаси 24 фоиздан 20 фоизга, ижтимоий суғурта ажратмалари 37,3 фоиздан 35 фоизга камайтирилди, айрим солиқ турлари умуман бекор қилинди.

Буларнинг барчаси солиқ тизимининг янада очиқ, ошкоралигини таъминлаш ва унификация қилиш имконини бериб қолмасдан, корхоналар зиммасидаги солиқ юкини сезиларли даражада енгиллаштиришга ҳам хизмат қилди.

Белгилаб қўйилган тўловлар даражаси 2002 йилга қиёслаганда, ялпи ички маҳсулотга нисбатан 33,2 фоиздан 32,5 фоизга пасайди.

Учинчидан, 2003 йилда қатъий пул-кредит сиёсатини ўтказиш,  пулнинг банкдан ташқарида айланишини ва ялпи пул ҳажмини қисқартириш бўйича муҳим чора-тадбирлар амалга оширилди.

Касса режаларини назорат қилиш сингари эскирган усуллардан воз кечиб, ялпи пул массасини бошқаришнинг банк фоиз ставкалари каби бозор иқтисодиёти тамойилларига асосланган, замонавий, тез мосланувчан услублари жорий этилгани бу борадаги муҳим қадам бўлди.

Буларнинг барчаси ялпи ички маҳсулотга нисбатан ўртача йиллик пул массаси ҳажмини 2002 йилдаги 12,5 фоиздан 10,9 фоизгача камайтириш имконини берди.

Иқтисодий-молиявий, солиқ ва пул-кредит сиёсатини эркинлаштиришга қаратилган кенг чора-тадбирлар мажмуининг изчил амалга оширилиши туфайли инфляция даражасининг кескин пасайишини, яъни бозордаги нарх-навонинг жиловлаб олинишини объектив қонуний натижа, деб қабул қилишимиз даркор. Инфляция даражаси 2002 йилда 21,6 фоиз бўлган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 3,8 фоизни ташкил этди.

Табиийки, инфляциянинг бу қадар кескин пасайиши, аввало, иш ҳақи ва аҳоли даромадларининг амалда ўсишига, банк тижорат ставкаларининг пасайишига ва шунга мос равишда иқтисодиётнинг реал тармоқларига ажратиладиган кредитлар ҳажмининг жиддий ортишига замин яратди. Аҳолининг реал даромадлари йил давомида 12,3 фоиз, уларнинг тижорат банкларидаги омонатлари ҳажми 44 фоиз кўпайди, кредитлар бериш, биринчи навбатда, кичик бизнес ва тадбиркорлик субъектларига ажратилаётган кредитлар миқдори 2,3 баробар ортди.

Тўртинчидан, кейинги йилларда мамлакатимизда изчил амалга оширилган ишлар, хусусан, бир томондан, қатъий пул-кредит сиёсатининг ўтказилиши, иккинчи томондан эса алмашув курсларини унификация қилиш ва валюта сиёсатини эркинлаштириш бўйича кўрилган қатъий чоралар биз учун 2003 йилда миллий пулимиз - сўмнинг жорий операциялар бўйича эркин алмашувини таъминлаш ва 2003 йилнинг 15 октябрида Халқаро валюта жамғармаси Битимининг 8-моддасига қўшилиш имконини берди.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, биз бунга аввало ўз куч ва имкониятларимизга таяниб, яъни бунинг учун ташқаридан қарз олмасдан туриб, олтин-валюта захираларимизни нафақат сақлаб қолишга, балки уларни сезиларли даражада кўпайтиришга ҳам эришдик.

Бу иқтисодиётимизни жаҳон иқтисодиётига интеграция қилиш йўлидаги мураккаб ва оғир, айни пайтда зарур қадам бўлди.

Биз ташқи иқтисодий фаолият ва валюта соҳасида олиб бораётган эркинлаштириш сиёсатимизнинг натижалари ва самарасини бугуннинг ўзидаёқ кўришимиз мумкин.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмаси ҳажмининг 17 фоиздан кўпроқ ошгани ҳам бу фикрни исботлайди.

Шу билан бирга, юртимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни экспорт қилиш ҳажми 24,6 фоиз кўпайди. Мамлакатимизнинг тўлов қобилияти мустаҳкамланди, ташқи савдо айланмасида 760 миллион АҚШ доллари миқдорида ижобий сальдога эришилди.

Иқтисодиётимизга тўғридан-тўғри, яъни, ҳукумат кафолатисиз жалб этилган хорижий инвестиция ва кредитлар ҳажми 2,5 баробар ўсди.

Шуни алоҳида таъкидлашни истардимки, ташқи иқтисодий

фаолият кўламининг кенгайиши ва ҳажмининг ортиши билан бир қаторда, унинг таркибида, бу фаолиятни ташкил этиш тизимининг ўзида чуқур сифат ўзгаришлари рўй берди.

Бугунги кунда биз жаҳон бозорига фақат анъанавий хом ашёлар - пахта, рангли металлар ва бошқа маҳсулотлар чиқариш билан чекланиб қолаётганимиз йўқ. Экспорт таркибида тайёр буюмлар, чуқур қайта ишланган, яъни қўшилган қиймати анча юқори бўлган маҳсулотлар тобора катта ўрин эгалламоқда.

Агар мустақилликнинг биринчи йилларида пахта толаси умумий экспорт ҳажмининг 50 фоиздан кўпроғини ташкил этган бўлса, ҳозирги пайтда бу кўрсаткич 20 фоиздан ортмайди.

Айни пайтда пахтадан тайёрланган ип-калава ва газламалар, шунингдек, пластмасса ва кимёвий маҳсулотлар, автомобиллар, хизматлар ва бошқа маҳсулотлар экспорти кескин равишда ўсди.

Импорт таркиби ҳам сифат жиҳатидан анча ўзгарди. Биз асосий эътиборни иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан янгилашга, рақобатга бардошли маҳсулот тайёрлашга йўналтирилган янги, замонавий ишлаб чиқариш қувватларини ташкил этишга қаратганмиз. Бу ҳаммага яхши маълум.

Шу боисдан ҳам импорт қилинаётган маҳсулотлар орасида машиналар, турли дастгоҳ ва ускуналарнинг кўп экани бежиз эмас.

Ташқи савдо муносабатларини янада такомиллаштиришда маҳаллий хом ашёдан тайёр маҳсулот ва бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш бўйича қабул қилинган маҳаллийлаштириш дастурининг ижроси муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мустақиллик йилларида ташқи алоқаларнинг жуғрофий кўлами сезиларли даражада кенгайди. Иқтисодий ривожланган давлатлар билан ҳамкорлик муносабатлари анча мустаҳкамланди.

Ҳозирги кунда ташқи савдо айланмасининг ярмидан кўпи ана шундай мамлакатлар ҳиссасига тўғри келади.

Бешинчидан, ҳар томонлама пухта ўйланган, фаол олиб борилаётган инвестиция сиёсати иқтисодиётимиздаги барқарорлик, таркибий ва сифат ўзгаришларини белгиловчи муҳим омил бўлмоқда.

2003 йилда мамлакат иқтисодиётига 2 триллион сўмга яқин, яъни аввалги йилга нисбатан 4,5 фоиз кўп сармоялар киритилгани ҳам буни я??ол кўрсатади.

Бу инвестицияларнинг асосий қисми, ўтган йилларда бўлганидек, Ўзбекистонимизнинг жаҳон бозорида муносиб ўрин эгаллашида ҳал қилувчи роль ўйнайдиган иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини, шунингдек, ижтимоий соҳа, авваламбор, таълим ва тиббиёт соҳаларини ривожлантиришга йўналтирилди.

Инвестиция манбаларининг таркиби ҳам ўзгарди - иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида марказлашган сармоялар ҳажмининг камайиб бориши объектив ҳолатга айланди.

Айни вақтда корхоналарнинг ўз маблағлари, тижорат банклари кредитлари ва тўғридан-тўғри жалб этилаётган хорижий инвестицияларнинг бу борадаги улуши ортиб бормоқда.

Масалан, капитал қўйилмалар таркибидаги бундай сармояларнинг ҳиссаси 2002 йилга нисбатан 57 фоиздан 63 фоизга ошди.

Хорижий инвестициялар ва кредитларни ўзлаштиришнинг умумий миқдори 602,3 миллион Америка Қўшма Штатлари долларини ташкил этди. Тўғридан-тўғри киритилаётган чет эл сармоялари ва кредитлари қарийб 1,6 марта кўпайди.

2003 йилда иқтисодиётимизнинг стратегик аҳамиятга эга бўлган муҳим тармоқларида йирик лойиҳаларни амалга ошириш ишлари таъминланди.

Булар қаторига "Шўртан" газконденсат конида қурилган компрессор станциясини, Шимолий Ўртабулоқ конида ва Фарғонадаги "Азот" ишлаб чиқариш бирлашмасида ишга туширилган янги қувватларни киритиш мумкин.

Шунингдек, "Мурунтов" конидаги қазиш ишларини жадаллаштириш лойиҳаси, кўмир саноатини техник қайта жиҳозлаш ишларининг  биринчи босқичи муваффақиятли якунланди.

Самарқанд шаҳрида "Президент-отель" меҳмонхонаси барпо этилди, Тошкент шаҳрида 4 та меҳмонхона мажмуи тубдан таъмирланиб, фойдаланишга топширилди. "ЎзДЭУавто" қўшма корхонасида янги моделдаги автомобиллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Йил давомида "Бестекс", "Балиқчи текстиль" ва "Ойим текстиль" қўшма корхоналарида ип-калава ва газлама ишлаб чиқариш бўйича янги қувватлар ишга туширилди.

Қўқондаги суперфосфат заводини реконструкция қилиш, "Сурхон текстиль", "Ядем текстиль" қўшма корхоналарини ташкил этиш, "Ишонч" акциядорлик жамияти ва "Велай-силк" қўшма корхонасини ипак калаваси ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича техник қайта жиҳозлаш ишлари якунланди.

2003 йилда жами 100 минг ўринга эга бўлган 143 та касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейлар, кунига 15,5 минг, шу жумладан, қишлоқ жойларида 14,5 минг беморга хизмат кўрсатадиган поликлиника ва қишлоқ врачлик пунктлари барпо этилди.

Автомобиль ва темир йўл тармоқларини, телекоммуникация тизимини ривожлантириш масалалари доимий эътиборимиз марказида турганини ҳам алоҳида таъкидлаб ўтиш жоиз, деб биламан.

Ҳисобот даврида янги Навоий-Учқудуқ-Султон Увайстоғ-Нукус темир йўли қуриб битказилиб, йўловчи ва юк ташиш ишлари бошлаб юборилди.

Биз Ҳазорасп туманидаги Тошсоқ қўрғони яқинида Амударё узра бунёд этилаётган улкан темир йўл кўприги қурилишини тугаллаш арафасида турибмиз. Бу иншоотнинг лойиҳа қиймати, ён-атрофидаги йўллар билан ҳисоблаганда, 33,5 миллиард сўмни ташкил этади.

Мавжуд табиий ресурслар ва фойдали қазилмаларни ўзлаштириш, мамлакатимизнинг шимолий ҳудудларини ҳар томонлама ривожлантиришда бамисоли қон томири бўлиб хизмат қиладиган бу ноёб иншоотнинг ишга туширилиши қандай катта аҳамиятга эга эканини, ўйлайманки, ҳаммангиз яхши тушунасиз.

Жанубий йўналишдаги янги Ғузор-Бойсун-Қумқўрғон темир йўли қурилиши ҳам стратегик аҳамиятга эга. Бу йўл Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларини ривожлантириш, у ердаги йирик табиий бойликларни ўзлаштириш учун қулай имкониятлар очади.

Айни пайтда ушбу йўл халқаро аҳамиятга эга бўлган, Трансафғон деб ном олган лойиҳани амалга ошириш орқали мамлакатимизнинг жанубдаги жаҳон денгиз коммуникацияларига чиқишини таъминлайдиган янги транспорт йўлаги бўлиб хизмат қилиши кўзда тутилмоқда.

Юртимизда автомобиль йўллари тармоғини мустаҳкамлашга ҳам катта эътибор берилмоқда.

Биз Қамчиқ довонида туннеллар қурилиши, умуман янги автомобиль йўлларини барпо этиш ва реконструкция қилиш натижасида Шарқ-Ғарб, Жануб-Шимол йўналишлари бўйича мамлакатимизнинг барча ҳудудларини транспорт йўллари билан ўзаро боғлашга эришдик.

Бу эса, ўз навбатида, республикамизнинг вилоят ва туманлари иқтисодиётини комплекс ривожлантириш учун янги имкониятлар очиб беради.

Кейинги йилларда ахборот ва коммуникация технологиялари, телекоммуникация соҳаларида ҳам катта ютуқлар қўлга киритилди.

Қисқа вақт ичида мамлакатимизнинг исталган нуқтасида тез кор ва ишончли телефон алоқасини таъминлайдиган кўп тармоқли коммуникация алоқа тизими ташкил этилди.

Бугунги кунда республика шаҳарларини рақамли телекоммуникация тармоқлари билан қамраб олиш даражаси 86 фоизга етгани ҳам шундан далолат беради.

Барчамизга маълумки, аҳолига ахборот хизмати кўрсатиш даражасини янада такомиллаштириш халқаро Интернет тизимига кенг миқёсда уланиш билан бевосита боғлиқдир.

Бу борада ҳам охирги йилларда ҳавас қилса арзийдиган ўзгаришлар рўй бермоқда. Биргина 2003 йилда Интернетдан фойдаланувчилар сони қарийб икки баравар кўпайди ва бугун ахборот хизматининг ушбу туридан мамлакатимизнинг ярим миллиондан ортиқ аҳолиси фойдаланмоқда.

Интернет-клублар ва кафелар сони ҳам икки баравар ортди.


Азиз дўстлар!

Ўтган йилда иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича олиб борган фаолиятимизнинг асосий якунлари ана шулардан иборат. Хўш, 2003 йилда ва умуман ўтган йиллар мобайнида иқтисодиётимизни ривожлантириш ва ислоҳ қилиш борасида орттирган тажрибамизни таҳлил қилиб, қандай хулосалар чиқариш мумкин?

Биринчи ва асосий хулоса - эски маъмурий-буйруқбозлик, план-тақсимот тизимидан беш тамойилга асосланган эркин, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига босқичма-босқич ўтиш бўйича танлаган моделимиз тўғри эканини бугун ҳаётнинг ўзи тасдиқлади.

Иқтисодиётимизни эркинлаштиришга қаратилган сиёсат, Ўзбекистоннинг ўзига хос ва ўзига мос шароитида эркин иқтисодиёт ва тадбиркорлик фаолиятининг асосий тамойилларига изчил амал қилиш, ҳеч шубҳасиз, ўз самарасини бермоқда.

Иккинчи муҳим хулоса - иқтисодиётни фақатгина хом ашё ҳисобидан ривожлантиришга қаратилган йўналиш мутлақо хатодир.

Бундай ҳолат худдики наркотик моддага ўрганиб қолган кишининг аҳволини эслатади.

Табиий ва ер ости ресурсларининг камайиб бориши билан бир қаторда уларнинг чексиз эмаслигини ҳам ҳисобга оладиган бўлсак, бундай сиёсат охир-оқибатда иқтисодиётнинг бир томонлама ривожланишига, кўп ҳолларда унинг заиф ва мўрт бўлиб қолишига олиб келади.

Бугунги кунда кескин рақобат муҳитида фаолият кўрсата оладиган ва одамларнинг фаровонлигини таъминлашга қодир бўлган иқтисодиётни барпо этиш учун авваламбор нималарга эътибор бериш керак?

Бунинг учун иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, унинг мутаносиблиги ва кўп жиҳатдан тўлақонли бўлишини таъминлаш, уни доимий равишда модернизация қилиш ва янгилаб бориш, ўз маҳсулотлари билан жаҳон иқтисодиёти ва савдо тизимида муносиб ўрин эгаллай оладиган замонавий тармоқларни жадал ривожлантириш лозим.

Фақат мана шу тамойиллар асосида қурилган иқтисодиётгина бу талабга жавоб бера олади.

Учинчи принципиал хулоса  - иқтисодиётдаги ислоҳотлар сиёсий соҳа, давлат қурилиши ва суд-ҳуқуқ тизимидаги чуқур ислоҳотлар билан уйғун ҳолда амалга оширилмаса, уларнинг муваффақият қозониши қийин.

Мамлакатни ислоҳ қилиш ва модернизациялаш жараёни, агар ушбу ислоҳотлар юқорида айтилган соҳаларда ягона мақсад сари қаратилган муштарак вазифа ва ғоялар билан ўзаро боғлиқ бўлмаса, муайян босқичда барча ҳаракатларимиз турли мураккаб ва оғир муаммоларга муқаррар равишда тақалиб қолади. Бироқ, бу борада ҳозирнинг ўзида анчагина муаммолар ҳам мавжуд. Кредит олишда гаровга қўйиш механизми охиригача пухта ишлаб чиқилмаган. Кўп ҳолларда фермерлар мансабдор шахсларнинг лоқайдлигига, бюрократик тўсиқлар ва таъмагирлик ҳолатларига дуч келмоқда.

Айнан шунинг учун ҳам ўз олдимизга қўяётган иккита асосий принципиал мақсад - туб демократик ўзгаришлар ва эркин бозор иқтисодиётини шакллантириш масаласи бир-бири билан ўзаро боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи вазифалар бўлмоғи даркор.

Тўртинчи хулоса  ислоҳотлар ва ўзгаришлар йўлида фақатгина эришилган марралар билан чекланиб қолиш асло мумкин эмас.

Аввало, барчамиз оддий бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз лозим - яъни иқтисодиётдаги ислоҳотлар ва ўзгаришлар жараёни ҳеч қачон ниҳоя билмайди.

Албатта, бирон-бир босқич якунланиши мумкин, аммо ҳаётнинг ўзи янги-янги босқич ва вазифаларни ҳамиша олдимизга қўяверади.

АҚШ, Германия, Япония каби ривожланган давлатларда ҳам иқтисодий ислоҳотлар доимий давом этишини кузатишимиз мумкин. Ахир, ҳаёт тўхтамайди, тара??иёт суръатлари доимий изланишни, бинобарин, ислоҳотларни талаб қилади.

Агар биз юксак технологиялар, ахборот тизими ва телекоммуникацияларни олиб келиб ҳаётимизга жорий этмасак, қандай қилиб ривожланишга эришиб бўлади?

Бу масала, яъни Ўзбекистоннинг келажаги қандай бўлади, деган савол бизни доимо ўйлантириши, амалий ишларга сафарбар этиши лозим.

Бутун жамиятимиз, бутун халқимиз, эртага мамлакатимнинг иқтисодиёти қандай ривож топади, эртага Ватанимнинг тақдири нима бўлади ва мен бу ишга қандай ҳисса қўшаман, деган фикр билан яшаса, буни маънавий ҳаётимиздаги ҳақиқий уйғониш фасли, чинакам уйғониш мавсуми, деб атаган бўлардим.

Биз 2004 йилга мўлжалланган устувор йўналишларимизни ана шу принципиал қоидалардан келиб чи??ан ҳолда аниқ белгилаб олишимиз зарур. Бу, биринчи навбатда, бошланган ислоҳотларни ривожлантириш, уларни мантиқий ва изчил давом эттириш демакдир.

Бу ислоҳотларни эркинлаштириш ва чуқурлаштириш, миллий валютамизни мунтазам равишда мустаҳкамлаб бориш, хўжалик юритувчи субъектлар учун солиқ юкини камайтириш, четдан олиб кириладиган сармояларга кенг йўл очиб бериш, кичик бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш учун рағбатлантирувчи омиллар яратиш демакдир.

Маълумки, 2004 йилда ялпи ички маҳсулот ҳажмини 6 фоиз ошириш кўзда тутилмоқда.

Бу ўсиш суръатлари саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва бошха соҳаларни ривожлантириш ҳисобидан таъминланади. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал суръатлар билан ривожлантиришга асосий эътибор қаратилади.

Айниқса, таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш сиёсати изчил давом этади.

Бу, энг аввало, бюджет ва солиқ сиёсатидаги ислоҳотларни чуқурлаштириш билан боғлиқдир.

Жорий йилда даромад солиғини 18 фоизга тушириш мўлжалланмоқда. Бу йил ўтган йилда амал қилган ижтимоий ажратмалардан 4,2 фоиз кам бўлган ягона ижтимоий тўлов жорий этилади.

Маҳаллий бюджетлар ролини сезиларли даражада кучайтириш бўйича тегишли чоралар кўрилади. 2004 йилда давлат бюджети харажатларида маҳаллий бюджетлар улуши 62 фоиздан кўпроқни ташкил этади.

Бу маъмурий ислоҳотни ўтказиш ва маҳаллий ҳокимият органларининг мустақиллигини кучайтириш билан узвий боғлиқдир.


Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Шу ўринда иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг алоҳида устувор йўналишлари хусусида кенгроқ тўхталиб ўтмоқчиман.

Аввало хусусийлаштириш жараёнлари суръатини янада тезлаштириш, иқтисодиётда хусусий секторнинг кўлами ва ҳажмини ошириш масалалари бўйича ўз мулоҳазаларимни билдирмоқчиман.

Маълумки, ўтган йили хусусийлаштиришнинг ҳуқуқий асосини янада мустаҳкамлаш борасида кўпгина чора-тадбирлар амалга оширилди, айтиш мумкинки, расмий хусусийлаштиришдан реал хусусийлаштириш сари амалий қадамлар қўйилди, бу жараённинг механизмлари такомиллаштирилди.

Паст рентабелли, зарар кўриб ишлаётган ва иқтисодий ночор корхоналарни сотишнинг самарали механизмлари, шунингдек, энг яхши бизнес-режаларни таклиф этган ҳамда зиммасига инвестицион мажбурият олган сармоядорларга объектларни танлов асосида, шароитдан келиб чи??ан ҳолда, номига - рамзий нархларда сотиш механизмининг жорий этилиши ҳозирги вақтда ижобий самара бераётганини қайд этиш лозим.

2003 йилда тасдиқланган хусусийлаштириш дастури доирасида 2 минг 15 та объект ва акциялар пакети сотилди, бу эса 2002 йилга қараганда 1,6 марта кўпдир.

Давлат мулкини хусусийлаштириш негизида 980 дан зиёд хусусий корхона ва мулкчилик шакли давлатга тегишли бўлмаган 400 та бошқа турдаги корхоналар ташкил этилди.

Ҳисобот йили давомида 2002 йилга нисбатан корхоналарнинг активлари 3,5 баробар кўп сотилди. Хусусийлаштиришдан тушган маблағ ҳажми йил мобайнида 1,3 баробар, шу жумладан, мулкни Хорижий инвесторларга сотишдан олинган маблағлар миқдори 3,4 баробарга ортди.

Айни пайтда давлат активларини сотиш бўйича белгиланган топшириқлар қатор етакчи тармоқларда, жумладан, "Ўзбекнефтгаз" холдинг компанияси, "Ўзэлтехсаноат", "Ўзавтосаноат", "Ўзпахтасаноат" уюшмалари, "Ўзқишлоқхўжаликмашхолдинг" компанияси, қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги томонидан бажарилмаганини қандай баҳолаш мумкин?

Жиззах ва Тошкент вилоятларида ҳам хусусийлаштириш бўйича қабул қилинган дастур талабларининг ижроси таъминланмаганини қайд этиш лозим.

Бунга мазкур тармоқ ва ҳудудларда белгиланган вазифаларни бажариш механизми тўлиқ ишга солинмагани асосий сабаб бўлмоқда.

Акция пакетларини номига - рамзий нархларда сотишда, айтиш керакки, ортиёқча эҳтиёткорлик қилинмоқда.

Давлат мулки қўмитаси Иқтисодиёт вазирлиги билан бирга бир ой муддат ичида 2004 йилда ана шу асосда сотиладиган корхоналар ва объектларнинг қўшимча рўйхатини танқидий нуқтаи назардан яна бир бор кўриб чиқиб, тасдиқлаш учун тақдим этиши ва унинг ижроси устидан қатъий мониторинг ўрнатиши зарур.

Бугун таассуф билан айтиш керакки, мулкни ҳақиқий эгасига топшириш масаласига масъулиятсизлик билан юзаки ёндашиш ҳолатларига амалда ҳамон барҳам берилмаяпти. Бу борада эскирган қарашлар ҳали-ҳануз сақланиб қолмоқда.

Шу ўринда бир мисол келтирмоқчиман. 2002 йилни 38 та ҳиссадорлик жамияти зарар билан якунлаган бўлиб, уларнинг аксарияти аввало "Ўзбексавдо", "Ўзбекбирлашув" ва "Ўздонмаҳсулот" тизимига тегишлидир. Лекин ана шу жамиятлар ҳиссадорларининг умумий йиғлишларида уларнинг ижрочи раҳбарлари билан меҳнат шартномаларини узайтириш тўғрисида қарор қабул қилинганини қандай изоҳлаш мумкин?

Бу масалада акциядорлар ва биринчи галда Давлат мулки қўмитасининг принципиал позицияси қани, деган ҳақли савол туғилади.

Кўплаб акциядорлик компанияларида давлат акциялари пакети мутлақо эгасиз қолмоқда, улар учун амалда ҳеч ким жавоб бермаяпти. Бундай ҳолат билан асло муроса қилиб бўлмайди. Яна бир муҳим муаммо. Хусусийлаштириш жараёни қачон аниқ мазмун ва кўринишга эга бўлади?

Такрор ва такрор айтишга тўғри келади: қачонки қимматли қоғозларнинг иккиламчи бозори тўла ишга тушса, фонд биржаси том маънода фаолият кўрсатса, қачонки акциялар қиймати мунтазам эълон қилиб борилса, аҳолида акциялар сотиб олишга иштиёқ ва интилиш туғилса, акцияларнинг ўзи эса шунчаки оддий қоғоз бўлиб қолмасдан, ҳақиқий қимматли қоғозга айланиб, ўз эгалари учун муҳим даромад манбаи бўлсагина, бунга эришиш мумкин.

Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплекси Иқтисодиёт вазирлиги ва Давлат мулки қўмитаси билан биргаликда бу борадаги барча муаммоларни ҳал қилиш бўйича зарур таклифларни ишлаб чиқсин ва Вазирлар Маҳкамасига киритсин. Капитал қурилиш соҳасидаги ислоҳотларга яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман.

Қурилишда ҳали-бери пудрат ва лойиҳа ишларининг самарали бозори яратилмаяпти. Тўлиқ хусусийлаштирилиши мўлжалланган 11 та лойиҳа-қидирув ташкилотидан ҳозирга қадар фақат 4 тасининг акциялар пакети сотилган, холос.

Пудрат ишлари бозорида бажарилган жами ишлар ҳажмида нодавлат қурилиш ташкилотларининг улуши 60 фоизни ташкил этиши қониқарли ҳолат эмас, албатта.

Бу соҳада 2004 йилда бажарилиши лозим бўлган асосий вазифалар қуйидагилардан иборат.

Биринчидан, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор пудратчи қурилиш ташкилотларини хусусийлаштириш ва тугатиш жараёнини тўлиқ якунлаш, лойиҳа ташкилотларини давлат тасарруфидан чиқариш, пудрат ва лойиҳа ишларининг том маънодаги бозорини яратиш.

Иккинчидан, қурилиш ва лойиҳа ишларига доир буюртмаларни бажариш бўйича танлов, тендер савдолари ўтказиш сифатини ошириш, бу масалада турли маъмурий аралашувларга чек қўйиш.

Учинчидан, қурилишда лойиҳа, смета ва технология интизомини мустаҳкамлаш юзасидан чора-тадбирларни кўриш. Бунинг учун капитал қурилишнинг ҳисоб-китоб ва меъёрий-смета базасини бозор иқтисодиёти талаблари асосида қайта кўриб чиқиш ва янгилаш даркор.

Бунда, бир томондан, қурилиш сифатини кўтариш, иккинчи томондан эса қурилиш смета қийматининг сунъий равишда оширилишига йўл қўймаслик, жойларда ягона бюджет буюртмачиси хизматини жорий этишни тугаллаш кўзда тутилмоқда.

Тўртинчидан, Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк қурилишни бошидан охиригача бажарадиган, яъни объектни тўла қуриб, калитини топширадиган пудрат ташкилотларини кредитлаш бўйича бозор механизмларини ишлаб чиқиши ва жорий этиши зарур.

Бешинчидан, мамлакатимиз корхоналарида юқори технологик қурилиш-пардозлаш материаллари ишлаб чиқаришни ривожлантиришга қаратилган янги дастурни ишлаб чиқиш ва унинг ижроси устидан қатъий назорат ўрнатиш лозим.

Бу вазифаларнинг бажарилишини ҳукумат ўзининг қатъий назоратига олиши даркор.


Муҳтарам юртдошлар!

Бугун сизлар билан кўриб чиқишимиз лозим бўлган яна бир Муҳим масала - бу фермерлик ҳаракатини ривожлантириш масаласидир.

Нафақат қишлоқ хўжалиги, керак бўлса, бутун иқтисодиётимизнинг келажаги мана шу вазифанинг қандай ҳал этилишига боғлиқ, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Мамлакатимизда фермерликни ривожлантириш бўйича етарли даражада қонун ҳужжатлари, фармонлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинган, бошқача айтганда, зарур ҳуқуқий асослар яратилган, бу борада озми-кчўми амалий тажрибага эга бўлмоқдамиз.

Бугун республикамизда 87,5 минг фермер хўжалиги ташкил этилган бўлиб, уларда 603 мингдан зиёд киши меҳнат қилмоқда.

Сўнгги уч йилнинг ўзида зарар кўриб ишлаган 336 та ширкат хўжалиги ўрнида 20 мингдан ортиқ фермер хўжаликлари тузилди. 12 та тумандаги барча ширкат хўжаликлари тўлиқ фермер хўжаликларига айлантирилди.

Ҳозирги вақтда республикамизда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 14 фоизи фермер хўжаликлари ҳиссасига тўғри келмоқда. Етиштирилаётган жами ғалла ва пахта ҳосилининг учдан бир қисми фермерлар меҳнатининг маҳсулидир.

Фермер хўжаликларига хизмат кўрсатиш учун жойларда 257 та муқобил машина-трактор парки, 136 та минерал ўғит ва 138 та ёқилғи-мойлаш материаллари сотиш шохобчалари, 118 та мини-банк ишлаб турибди.

Фермер хўжаликлари фаолиятининг таҳлили ва 2003 йил якунлари шундан далолат берадики, бу хўжаликларда ишлаб чиқариш самарадорлиги ширкатларга қараганда анча юқори бўлмоқда. Фермер хўжаликларида барча қишлоқ хўжалик экинларининг ҳосилдорлиги баланд, пахтачилик ва ғаллачилик бўйича рентабеллик эса ошиб бормоқда. Уларда минерал ўғитлар ҳам, ёқилғи ҳам тежамкорлик билан оқилона ишлатилади, ширкат хўжаликларига қиёслаганда моддий ресурслар гектарига ўртача икки марта кам сарфланади. Мана шу омиллардан келиб чи??ан ҳолда, бизнинг фермерлик ҳаракатига устувор аҳамият бераётганимиз бежиз эмас, албатта.

Келгусида фермер қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган асосий хўжалик субъектига айланиши лозим.

Бу муҳим вазифа 2004-2006 йилларда фермер хўжаликларини ривожлантириш Концепциясида, шунингдек, зарар кўриб ишлаётган, паст рентабелли ва истиқболсиз ширкат хўжаликларини фермер хўжаликларига айлантириш бўйича қабул қилинган аниқ Дастурда ўз ифодасини топганини барчангиз яхши биласиз.

Ушбу стратегик масалани ҳал этиш юзасидан бошлаган ишларимизни танқидий баҳолаган ҳолда, мен бир қатор жиддий мулоҳазаларни билдирмоқчиман.

Биринчидан, биз жуда муҳим эътибор қаратишимиз зарур бўлган масала - бу шартнома интизомининг ўта қониқарсиз аҳволи билан боғлиқ. Бу тўғрида кўплаб мисолларни олиб келиш қийин эмас.

Адлия вазирлиги ва унинг жойлардаги органларида фермерларнинг ҳуқуқлари камситилаётгани, тайёрлов ташкилотларининг етказиб берилган маҳсулот учун фермерлар билан ҳисоб-китоб қилиш мажбуриятларини қўпол равишда бузаётгани, таъминотчилар шартномада кўрсатилган ҳажмларда фермерларга минерал ўғитлар ва ёқилғи-мойлаш материалларини ўз вақтида етказиб бермаётгани тўғрисида аниқ фактларни истаганча топиш мумкин. Қатор туманларда фермер хўжаликларига янги ҳосил ҳисобидан аванс тариқасида тўғридан-тўғри кредитлар бериш тизими йўлга қўйилмоқда.

Адлия вазирлиги бу масалани алоҳида назорат остига олиши ва айбдор шахсларга нисбатан қаттиқ чораларни кўриши даркор. Буларнинг ҳаммаси хизмат вазифасини бажаришдаги лоқайдлик деб эмас, балки фермерлик ғоясига путур етказиш ва уни обрўсизлантиришга қаратилган хатти-ҳаракатлар, деб баҳоланиши керак.

Иккинчидан - фермерлар томонидан етиштирилган маҳсулотларни тайёрлаш борасида шаклланган тизим ҳам жиддий эътирозларга сабаб бўлмоқда. Агар ёдингизда бўлса, дастлабки фермер хўжаликлари кўпроқ чорвачилик соҳасида ташкил этилган эди.

Шундай савол туғилади: хўш, бугун нима учун чорва молларининг бош сони ва етиштирилаётган чорвачилик маҳсулотларининг атиги икки фоизи фермер хўжаликлари улушига тўғри келмоқда?

Бунинг асосий сабаби шундаки, ҳалигача ишлаб чиқарилган қишлоқ хўжалик маҳсулотларини тайёрлашнинг самарали тизими яратилмаган.

Биз бунинг оқибатида қанчадан-қанча зарар кўраётганимизни биронта одам ҳисоб-китоб қилганми ўзи?

Бу муаммо фақатгина фермер хўжаликларига тегишли эмас.

Бугунги кунда сут, гўшт ва тухум, мева-сабзавот, картошка каби маҳсулотларнинг асосий қисмини етиштираётган де??он хўжаликлари ҳам бундан азият чекмоқда. Ўз маҳсулотини сотиш муаммосига хусусий мулкка айлантирилган паррандачилик ва балиқчилик хўжаликлари ҳам дуч келмоқда.

Ҳалигача қишлоқда, бир томондан, фермерлар ва де??онлар етиштирадиган маҳсулотларни шартномавий лотларни шартномавий нархларда сотиб оладиган, иккинчи томондан, қишлоқ аҳлига зарур товарлар, асбоб- ускуна ва материаллар етказиб берадиган инфратузилма тармоғи яратилмаган.

Бу масалани ҳал этишда Де??он ва фермер хўжаликлари уюшмасининг роли умуман сезилмаяпти. Айтиш керак, мазкур уюшманинг фаолияти бўйича жиддий эътирозлар бор - у асосан расмиятчилик билан банд, кимнинг қандай манфаатларини ҳимоя қилаётгани ҳам аниқ эмас.

Вазирлар Маҳкамасига, шахсан Бош вазирга барча манфаатдор идораларни жалб этган ҳолда, қисқа муддатда бу масалалар бўйича мавжуд аҳволни батафсил ўрганиб чиқиш ва уни тубдан яхшилашга доир аниқ таклифлар киритиш вазифаси топширилсин.

Учинчидан - очиқ айтиш керакки, бугун фермер бўлишни истайдиган одамлар жуда кўп. Аммо, ҳар ким ҳам ҳақиқий фермер бўлолмайди, десам, ўйлайманки, сизлар ҳам бу фикрга қўшиласиз.

Ҳозирги кунда, фермер деганда, биз қандай одамни кўз олдимизга келтирамиз?

Фермер дегани - бу аввало универсал қобилиятга эга бўлган инсон. Халқимиз ибораси билан айтганда, бугун фермерга қирқ ҳунар ҳам оз. У бир вақтнинг ўзида ҳам де??он, ҳам агроном, ҳам чорвадор, керак бўлса, механизаторлик ва механиклик ҳам қилади, табелчи ва иқтисодчи, банкир ва бухгалтер, таъминотчи вазифаларини ҳам бажаради. Шу билан бирга, у ўз маҳсулотини сотиш масалалари билан шуғулланиши лозим.

Кўриб турганимиздек, амалда фермердан зарур кўникма ва билимга эга бўлишни талаб қилмайдиган соҳанинг ўзи йўқ.

Шу сабабли фермер бўлишни истайдиган одамлар ўртасида танлов ўтказиш, уларга ер ажратишда, янги фермер хўжаликларини рўйхатга олишда бу ишнинг ҳамма томонларини ҳисобга олиб, ўта масъулият билан ёндашиш даркор.

Шу билан бир қаторда, фермерларни профессионал жиҳатдан тайёрлаш бўйича бизнес мактаблар тармоғини кенгайтириш зарур.

Мен ҳокимлар ва бу соҳага алоқадор бўлган барча раҳбарларни огоҳлантириб қўймоқчиман - фермер хўжаликларини шакллантириш масаласига жиддий қараш, масъулият ва катта меҳнат талаб қиладиган бу ишни кампаниябозликка айлантириб юбормаслик керак.

Бугун шу фурсатдан фойдаланиб, қишлоқ хўжалигига тегишли яна бир касалликка эътиборингизни жалб қилмоқчиман. Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, бу кўзбўямачилик.

Имкон қадар ҳақиқий аҳволни кўрмаслик, кўрса ҳам тан олмаслик, вазиятни юмшатиб, безатиб кўрсатиш, оғир масала  ва муаммолардан ўзини узоқ олиб юриш ҳолатлари, минг афсуски, жойлардаги кўпгина ҳоким ва амалдорларимиз фаолиятида одат бўлиб қолган.

Кўп йиллик кузатишлар шуни кўрсатадики, улар ҳар йили мавсум бошланиши билан йўл қўйилган қўпол хато ва ўзбошимчалик, бепарволик, оғир оқибатларга олиб келадиган нуқсонларни яшириб, мавсум якунланиши билан, аввало, ҳар хил табиий ва иқлим инжиқлигини, ўз вақтида кимдир маблағ, кредит, ёқилғи, ўғит ажратмагани, кўмак бермагани ва шунга ўхшаган сабабларни ниқоб қилиб оладилар.

Бундай ҳолатлар нафақат ҳосил етиштиришда, қурилиш, ижтимоий муаммолар, ободончилик масалалари, аҳолимизнинг кўпгина дарду ташвишларини ечишда ҳам я??ол сезилиб туради.

Тошкент вилояти халқ депутатлари кенгашининг охирги сессиясида бундай номаъқул ҳолатлар ҳақида батафсил гаплашиб, муҳокама қилиб олдик.     Ўйлайманки, раҳбар курсисида ўтирган ақли, инсофи бор, ор-номусли одамлар бундай гаплардан тўғри хулоса чиқариб олади.

Ўтган йили бошланган ва 2004 йилда мантиқий якунига етказишимиз лозим бўлган энг муҳим йўналишлардан яна бири  маъмурий ислоҳотни амалга оширишдан иборат.

Хабарингиз бор, бу ислоҳотнинг асосий мақсад ва маъно-мазмунини белгилаб берадиган қатор фармонлар ва ҳукумат қарорлари қабул қилинди.

Амалга оширилаётган ислоҳот доирасида бошқарув аппаратидаги ходимлар сони 40 минг штат бирлигига ёки 22 фоизга қисқартирилмоқда. Ва бу ишни албатта охирига етказишимиз даркор.

Маъмурий ислоҳот бўйича республика комиссияси (Азимов) барча манфаатдор вазирликлар, идоралар, ҳокимликлар билан биргаликда бу ишни пухта ташкил этиши ва биринчи чорак якунлари бўйича қилинган ишлар тўғрисида ахборот бериши лозим.

Шунга алоҳида эътибор бериш керакки, айрим вазирликлар, идора ва ҳудудларда маъмурий ислоҳотни, бошқарувнинг мазмун-моҳиятини ўзгартирмасдан, фақатгина ходимлар сонини шунчаки қисқартиришдан иборат, деб юзаки қабул қилмоқдалар.

Биринчи навбатда турли даражадаги бошқарув тузилмалари эски маъмурий-буйруқбозлик, тақсимлаш тизимига хос, ўз умрини ўтаб бўлган вазифалардан халос бўлиши зарур.

Ўз-ўзидан аёнки, агар бу вазифалар бўлмаса, уларни бажарадиган амалдорларга ҳам ҳожат қолмайди. Бундай амалдорларнинг ўзи ҳам эндиликда уларнинг даври ўтганини, бугун бошқарувнинг янгича ёндашувлари, услуб ва воситалари талаб этилаётганини тушуниб етади.

Бундан буён тепадан туриб дўқ-пўписа қилиш, маъмурий тазйиқ ўтказиш ва ўзбошимчалик билан қарорлар қабул қилиш, давлат ресурсларини кимга хоҳласам, шунга бераман қабилида иш олиб бориш ҳуқуқи ўрнини замонавий бозор механизмлари, иқтисодий таъсир ва рағбатлантириш омиллари эгаллаши даркор.

Маъмурий ислоҳотни амалга оширишнинг энг муҳим вазифаси бизга эски тузумдан мерос бўлиб қолган, моддий ресурсларни турли квоталар, лимит ва кўрсатмалар асосида марказлаштирилган ҳолда тақсимлаш тизимига бутунлай барҳам беришдир.

Ҳозирги кунда бу борада дастлабки қадамлар қўйилмоқда.

Тармоқлар бўйича ҳам, ҳудудлар бўйича ҳам бошқарув тизимининг кўплаб ортиқча бўғинлари тугатилди.

Хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тақдим этиладиган статистик ҳисоботлар сони кескин қисқартирилди. Бу кўрсаткич қишлоқ хўжалигида 63 фоизни, саноатда эса ўртача 33 фоизни ташкил этмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг куни кеча қабул қилинган қарорига биноан, стратегик аҳамиятга эга бўлган айрим товарларни истисно қилганда, ҳар хил квоталар, лимитлар асосида товар ва моддий-хом ашё ресурсларидан фойдаланиш тизимининг ўзи тўлиқ бекор қилинади.

Бу қоида, жумладан, пахта толаси, ёқилғи ва нефть маҳсулотлари, минерал ўғитлар, ўсимлик ёғи, ун, шакар каби ўта муҳим ва харидоргир товарларга нисбатан ҳам жорий этилади.

Буларнинг барчаси бозор тамойилларига тўлиқ мос равишда, товар-хом ашё биржалари, кимошди савдолари, ярмарка ва бошқа тузилмалар орқали амалга оширилади.

Бу эса, ўз навбатида, товар-хом ашё биржалари фаолиятини тубдан қайта кўриб чиқишни талаб этади. Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда муайян хом ашё ресурсларини биржадан кўра очиқ бозордан сотиб олиш осон ва арзонга тушади.

Одамда шундай таассурот туғиладики, на Давлат мулки қўмитаси, на товар-хом ашё биржаларининг раҳбар ва ходимлари биржалар фаолияти самарадорлигини оширишдан, бошқача айтганда, ўзларининг меҳнат натижасидан манфаатдор эмасга ўхшайди.

Шунинг оқибатида бу биржалар олди-сотди ишларини фақат расмиятчилик учун амалга оширадиган, хўжакўрсинга ишлайдиган идораларга айланиб қолмоқда.

Айнан шу сабабдан товар-хом ашё биржаларида товарларнинг айланиш даражаси пастлигича қолмоқда.

Масалан, 2003 йилда бу кўрсаткич бирмунча қисқариб, 450 миллиард сўмни ёки жами улгуржи товар айланмасининг 18 фоизини ташкил этди, холос.

Ишлаб чиқариш ва техник мақсадларда қўлланадиган маҳсулотларнинг товарлар айланмасидаги улуши 10 фоиздан ошмайди.

Биржа ходимларининг профессионал малакаси пастлиги, бу ҳол айниқса минтақаларда талаб даражасида эмаслигини афсус билан қайд этиш лозим.

Товар биржаларининг бундай қониқарсиз фаолияти турли олибсотар ча??онлар учун қўл келмоқда, товарларнинг биржадан таш-қарида хуфиёна айланиши, нархларнинг сунъий равишда қимматлашиб кетишига сабаб бўлмоқда.

Бош вазир (Мирзиёев), Умумиқтисодиёт комплекси (Азимов) барча манфаатдор тузилмалар билан биргаликда биржа савдосидаги ишларнинг аҳволини атрофлича, синчиклаб кўриб чиқсин ва товар-хом ашё биржалари фаолиятини тубдан яхшилашга қаратилган аниқ таклифлар киритсин.

Ҳурматли мажлис иштирокчилари!

Иқтисодиётдаги туб ўзгаришлар ҳақида гапирар эканмиз, бугунги кунда иқтисодиётимизнинг шаклланган тузилмаси бозор мезонларига қанчалик мос келишини танқидий баҳолаш, қайси тармоқ ва соҳалар талаб даражасида ривож топмаётганини аниқлаб олишимиз зарур.

Бу борада бизда ҳали ишга туширилмаган катта имкониятлар мавжуд. Буни айниқса хизмат кўрсатиш ва сервис соҳалари  ривожининг орқада қолаётганида кўришимиз мумкин.

Ўзингиз та??ослаб кўринг, хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши тара??ий топган мамлакатларнинг ялпи ички маҳсулоти таркибида, масалан, Америка Қўшма Штатларида 80 фоизга, Буюк Британия, Канада, Францияда 70 фоиздан зиёд, Германия, Италия, Японияда 68 фоизга тенг бўлса, Ўзбекистонда бу кўрсаткич улардан деярли икки баробар кам бўлиб, 40 фоизни ташкил этади.

Эътиборингизни ушбу масаланинг яна бир жиҳатига қаратмоқчиман. Илғор мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, хизмат кўрсатиш тармоғи иқтисодиётнинг энг тез ривожланадиган соҳаси бўлиб, айнан шу соҳа ортиқча ишчи кучларининг катта қисмини ўзига жалб этиши мумкин.

Жаҳон иқтисодиётида иш билан банд бўлганларнинг ярмидан кўпроғи хизмат кўрсатиш соҳасида меҳнат қилади. Масалан,

Швецияда бу кўрсаткич 70 фоизни ташкил этади. Бизда бу рақам ҳозирча 35-40 фоиздан ошгани йўқ. Бу масалада биз сезиларли даражада орқада қолмоқдамиз. Шу ўринда аҳолига хизмат кўрсатиш даражаси шаҳардагига нисбатан қишлоқ жойларида икки баравар паст эканини гапириб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак, деб ўйлайман.

Мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасининг оқсоқ бўлиб турганини қуйидаги мисолдан ҳам билса бўлади. Бугунги кунда аҳоли харажатларининг катта қисми истеъмол товарларига тўғри келади.

Хизматлар учун эса бу харажатларнинг бор-йўғи 12 фоизи сарфланмоқда. Ҳолбуки, Америка Қўшма Штатлари ва Япония давлатларида оила бюджетида бу кўрсаткич қарийб 60 фоизни, Франция, Буюк Британия ва Германияда эса 50 фоизни ташкил этади.

Шуни ҳам ҳисобга олиш керакки, хорижий мамлакатлар тажрибаси ҳам шундан далолат беради, хизмат кўрсатиш соҳасида хотин-қизлар, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами - ногиронлар, пенсионерлар, етарли иш тажрибасига эга бўлмаган ёшлар меҳнати кенг қўлланади.  Бу, аввало, иш жадвалининг қулайлиги, иш кунининг тўлиқ эмаслиги, мавсумийлиги, касаначилик имконияти мавжудлиги билан изоҳланади.

Бизда сартарошлик, кийим-кечак, пойабзал тикиш ва таъмирлаш, савдо, умумий овқатланиш каби анъанавий хизмат кўрсатиш турлари билан бир қаторда бу борадаги янги, истиқболли йўналишлар - мисол учун, туризм, меҳмонхона хўжалиги, уй-жой қуриш ҳамда таъмирлаш ва бошқа соҳаларни ривожлантириш учун беқиёс имкониятлар бор. Сўнгги йилларда хонадонларимизда мураккаб маиший техника, компьютер, шахсий транспорт воситалари кўпайиб бораётганига барчамиз гувоҳ бўлмоқдамиз. Бу эса ўз навбатида уларга малакали хизмат кўрсатиш доирасини кенгайтириш учун шароит яратади. Таълим ва маданият соҳасида, диагностика ва даволаш, жисмоний тарбия, дам олишни ташкил этиш борасида ҳам фаолият юритиш учун кенг имкониятлар пайдо бўлмоқда.

Айтиш керакки, банк-молия соҳаси, суғурта ва лизинг фаолиятининг маслаҳат ва ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш бўйича бозори ҳам эндигина шаклланмоқда. Энг муҳими, иқтисодиётнинг ушбу тармоғи ўзининг ривожланиши учун катта капитал маблағ талаб этмайди ҳамда хусусий тадбиркорлик фаолияти учун ниҳоятда мақбул ва қулайдир.

Вазирлар Маҳкамасининг Умумиқтисодиёт комплексига икки ой муддатда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда мамлакатимизда хизмат кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантириш бўйича дастур тайёрлаб, тасдиқлаш учун киритиш вазифаси топширилсин. Биз учун устувор бўлиб қолаётган энг муҳим вазифалардан яна бири - бу кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш масаласидир. Сўнгги пайтда бу йўналишда ўта муҳим қонун ҳужжатлари ва қарорлар қабул қилинди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ўсиш тамойиллари, шунингдек, уларга бериладиган имтиёз ва енгилликлар тизими аниқ белгилаб қўйилди. Хусусий корхона тўғрисидаги қоидалар қонун нуқтаи назарида мустаҳкамланди. Тадбиркорлик субъектларини рўйхатга олиш тартиби тубдан янгиланди ва соддалаштирилди.

Ҳозирги вақтда бу ишни битта идорада, таъбир жоиз бўлса, "битта дарича"нинг ўзида тўла амалга ошириш тартиби жорий этилди.

Бунда тадбиркорлик субъектини рўйхатга олиш билан бир вақтнинг ўзида унинг муҳандислик тармоқларига уланишига рухсат берувчи ҳужжатлар ҳам расмийлаштирилади, солиқ ва статистика органларида ҳисобдан ўтиш масаласи ҳам ҳал этилади.

Бугунги кунда рўйхатга олиш ва расмийлаштириш жараёни етти кундан бир ойгача бўлган муддат ичида бажарилиши шарт.

Айни вақтда мамлакатимизда 250 мингга яқин кичик бизнес корхонаси фаолият кўрсатмоқда, бу соҳада 5,5 миллион киши ёки  иш билан банд бўлган одамларнинг 57 фоизи меҳнат қилмоқда. Ялпи ички маҳсулотнинг 35 фоизи ана шу корхоналар ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу кўрсаткич 1999 йилда 29,1 фоизга тенг эди. Биргина 2003 йилда тадбиркорликни ривожлантириш ҳисобидан 375 мингта янги иш ўрни ташкил этилди.

Биз Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришга асосий эътиборни қаратар эканмиз, шу орқали учта муҳим масалани ечишни кўзда тутамиз.

Биринчи масала - яқин беш-ўн йил ичида ушбу соҳада ялпи ички маҳсулотнинг 50-60 фоизини ишлаб чиқаришга эришиш.

Иккинчи масала - бу  соҳани ривожлантириш аҳолини иш билан таъминлаш ва унинг даромадлари ўсишининг энг муҳим манбаларидан бирига айланиши лозим.

Доимий ди??ат марказимизда туриши керак бўлган учинчи масала - мамлакатимиздаги сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий барқарорликнинг пойдевори бўлмиш кичик ва ўрта мулкдорлар синфини шакллантиришдан иборат.


Ҳурматли дўстлар!

Шуни очиқ тан олишимиз керакки, умумтаълим мактабларининг бугунги ҳолати ва биринчи навбатда уларнинг моддий базаси бизни мутлақо қониқтирмайди.

Ҳозирги кунда мактабларда 6 миллион 200 минг нафар фарзандларимиз таълим олмоқда. Мавжуд 9 минг 700 та умумтаълим мактабининг ҳар учтадан биттаси ўқув стандартлари талабларига жавоб бермайдиган мослаштирилган биноларда жойлашгани, 88 та мактаб эса айниқса ночор ҳолатда экани барчамизни ташвишга солмаслиги мумкин эмас. Айрим мактабларда болалар икки, ҳатто уч сменада ўқимоқда.

Ҳозирги пайтда мактабларнинг ярмидан кўпи компьютерлар билан жиҳозланган ва фақат 141 та мактаб Интернет тизимига уланган. Мактабларни малакали педагог кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳам жиддий муаммо бўлиб қолмоқда. Буни ўқитувчиларнинг 30 фоиздан ортиғи олий маълумотга эга эмаслиги ҳам кўрсатиб турибди.

Қатор фанлар, айниқса, чет тили ва бошланғич таълим, химия ва физика, жисмоний тарбия фанлари бўйича ўқитувчилар етишмайди. Ўқитувчилар меҳнатини рағбатлантириш масалалари ҳам жиддий эътибор қаратишни талаб этади.

Барчамиз шуни ёдда тутишимиз керакки, мактабни битирган фарзандларимиз эртага янги турдаги ўқув масканлари бўлмиш лицей ва коллежларга ҳар тарафлама пухта билим ва тайёргарлик билан келишлари зарур.

Мен мактаблар масаласи ҳақида илгари ҳам кўп гапирганман.

Бу муаммонинг бугунги ва эртанги ҳаётимиз учун нақадар муҳимлигини инобатга олиб, бу борада кескин чоралар кўриш вақти етди, десам, ўйлайманки, барчангиз бу фикрни қўллаб-қувватлайсиз.

Вазирлар Маҳкамасининг бу йилги биринчи чорак якунлари бўйича йиғилишида умумтаълим мактаблари тизимини ривожлантириш масаласини алоҳида кўриб чиқиш керак, деб ҳисоблайман.

Бу масала бўйича 2004-2008 йилларга мўлжалланган махсус дастур тайёрлаш ва уни бажариш учун тегишли имкониятларни қидириб топиш лозим.

Ушбу дастурни амалга ошириш учун нафақат бюджет маблағларини, балки ҳомий ташкилотлар, бу муҳим вазифанинг моҳияти ва аҳамиятини чуқур англайдиган барча инсонларнинг куч ва имкониятларини жалб этишимиз даркор.


Қадрли дўстлар!

2004 йил юртимизда Меҳр ва мурувват йили деб эълон қилинганидан барчангиз яхши хабардорсиз. Бу борада ҳукуматимиз томонидан йил давомида амалга ошириладиган ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва маънавий-маърифий ишларнинг комплекс дастури қабул қилинди. Вилоятлар, шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вазирликлар, давлат ва нодавлат идоралари ва хўжалик бирлашмалари раҳбарлари ушбу дастурда белгиланган мақсад ва вазифаларнинг ижросини таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқишлари лозим.

Бу борадаги энг асосий вазифа - жамоатчилигимиз, одамларимизда, аввало, ёшларимиз қалбида меҳр ва мурувват туйғусини янада юксалтиришдан иборат. Жамиятнинг кўмагига муҳтож бўлган ҳар бир инсон ва оилага, биринчи навбатда, ногиронлар, ёлғиз қарияларга, боқувчисини йўқотган одамларга ҳар томонлама ғамхўрлик ва ёрдам кўрсатиш барчамизнинг муқаддас бурчимиз бўлмоғи керак. Бир сўз билан айтганда, ҳеч ким жамиятимизда ўзини ёлғиз сезмаслиги, ҳеч ким эътибордан четда қолмаслиги лозим. Халқимизга хос бўлган меҳрибонлик, бағрикенглик, каттага ҳурмат, кичикларга иззат каби эзгу фазилатларни асло унутмаслигимиз, уларни нафақат асраб-авайлаш, балки кундалик амалий ишларимиз билан бойитиб ва мустаҳкамлаб боришимиз зарур. Бундай олижаноб мақсад ва муддаоларимизга эришиш йўлида барчангизга куч-қувват, ғайрат-шижоат, сиҳат-саломатлик, ишларингизга омадлар тилаб қоламан.