Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис ўн олтинчи сессиясидаги Нутқи

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Президент Ислом Каримовнинг

Олий Мажлис ўн олтинчи сессиясидаги

НУТҚИ


(2004 йил 2 декабрь)



Рус тилидаги матнига қаранг



Ассалому алайкум, қадрли юртдошлар!

Ҳурматли депутатлар!

Авваламбор, Олий Мажлисимизнинг бугунги якунловчи сессиясида сиз, азизлар билан дийдор кўришиб турганимдан, сизларга ўзимнинг самимий тилакларимни изҳор этишдан хурсандман.

Мана, ҳаёт гардиши билан беш йиллик масофани ҳадемай сизлар билан бирга босиб ўтдик.

Аввало, мана шундай ўта мураккаб, нотинч ва таҳликали замонда эл-юртимизнинг хизматида бўлиб, аҳолимиз, халқимизни барча оғир синов ва тўфонлардан омон сақлашга муяссар бўлганимиз, иш фаолиятимизни ўтган асрда бошлаб, бугун янги, йигирма биринчи асрнинг бешинчи йилига болачақамиз билан соғ-саломат қадам қўяётганимиз учун Яратганимизга минг бор шукроналар айтишимизни ҳам қарз, ҳам фарз деб биламан.

Парламентимизнинг, сиз, азиз депутатларнинг ўтган давр мобайнида, аввало қонунчилик соҳасида олиб борган фаолиятингиз нафақат бугунги кунимизнинг муаммоларини ҳал этиш, балки, лўнда қилиб айтганда, келажагимизнинг пойдеворини, эртанги ёруғ ва фаровон ҳаётимизнинг тамал тошини қўйди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Ўтган беш йил тарих мезонлари бўйича албатта жуда қисқа фурсат, аммо бу давр бизнинг сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда, Ватанимизнинг юксалиб боришида алоҳида ўрин тутганини катта мамнуният билан қайд этамиз.

Дарҳақиқат, бу йиллар давомида Ўзбекистонимизнинг:

- сиёсий, иқтисодий мустақиллигини мустаҳкамлаш ва миллий давлатчилигимизни қуриш;

- халқаро майдондаги обрў-эътиборини ошириш;

- юртимизда тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувлик ва ҳамжиҳатликни сақлаш;

- асл маънавий-маданий қадриятларимизни, муқаддас ислом динимиз арконларини, миллий удум ва анъаналарни тиклаш;

- демократик тамойилларни қарор топтириш ва фуқаролик институтларини тузиш;

- кенг кўламли ислоҳотларни ҳаётга татбиқ этиш йўлида, ҳеч шубҳасиз, ҳақиқатан ҳам улкан, тарихий ишлар амалга оширилди.

Сизларга тақдим этилган ҳисоботда ва ҳозиргина Олий Мажлис Раиси Эркин Халиловнинг ўтган даврда парламентимиз фаолияти тўғрисида қилган маърузасида, жумладан, юзга яқин қонун ва уч юздан ортиқ қарорлар қабул қилингани, бу ҳужжатлар биринчи навбатда эл-юртимизнинг қиёфасини ҳар томонлама ижобий ўзгартириш, мамлакатимизнинг салоҳияти ва беқиёс имкониятларини очиб беришда, уларни бугунги ва келгуси авлодлар манфаати учун ишлатиш йўлида ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилиши, сиз, ҳурматли депутатларнинг бу борадаги кўпқиррали ишларингиз холисона таъкидланди.

Чиндан ҳам, бугун ҳаётимизнинг шиддат билан ўзгариб бораётган қайси жабҳа ва жараёнларини олмайлик, буларнинг барчасида парламентимизнинг ўрни ва таъсирини, аҳамиятини ҳар қадамда кўриш мумкин.

Бугун иқтисодиётимиз тез суръатлар билан ўсиб, макроиқтисодий барқарорликка эришилгани, ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларида ижобий таркибий ўзгаришлар рўй бераётгани, экспорт ҳажми кўпайиб, молия-банк тизими мустаҳкамланаётгани, юртимизнинг чиройи очилиб, кенг кўламда катта қурилишлар амалга оширилаётгани, энг муҳими, халқимизнинг реал даромадлари ва ҳаёт даражаси яхшиланиб бораётганини алоҳида қайд этиш зарур.

Қўлга киритилган мана шу ютуқларнинг барчасини Олий Мажлисимиз 2000 йилдан бошлаб қабул қилган қонун ва қарорларнинг ҳаётимизга бевосита таъсири ва амалдаги намоёни, деб баҳоласак, ўйлайманки, ҳеч қандай хато бўлмайди.

Парламентнинг шу ўтган вақт мобайнидаги фаолияти ҳақида сўз юритганда, мамлакатимизнинг тинчлиги ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида, диний экстремизм ва халқаро терроризм каби бало-қазоларга қарши курашда, халқимизнинг осойишта ҳаётини ҳимоялашда қонунларимизнинг ўрни ва аҳамияти катта бўлгани хусусида гапирмасдан бўлмайди.

Нафақат халқимиз, балки бутун халқаро жамоатчиликни огоҳлик ва сезгирликка, тинчлик учун курашишга чорлайдиган даъват ва баёнотлар Олий Мажлиснинг юксак минбаридан ҳам қайта-қайта янграганини, парламентнинг халқаро терроризм, уюшган жиноятчилик, наркотик моддалар ва оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши олиб борган фаолиятини бугун яна бир бор эслаш жоиз ва ўринли, деб биламан.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, иқтисодиёт, жумладан, мулкчилик масалалари бўйича, хусусий корхоналар, кичик бизнес ва тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, ишлаб чиқариш соҳаларини эркинлаштириш, давлатнинг назоратчилик ва бошқарувчилик вазифасини қисқартириш, унинг корхоналар хўжалик фаолиятига, биринчи навбатда хусусий бизнес фаолиятига аралашувини чеклаш, бу борада қатъий ҳуқуқий пойдевор яратиш бўйича қабул қилинган қонунлар тара??иётимиз суръатларини тезлаштиришга хизмат қилмоқда.

Мен, шу фурсатдан фойдаланиб, яна бир масалага алоҳида урғу бермоқчиман. Депутатларимизнинг фаолиятида қандай муҳим ва долзарб масалалар кўрилмасин, муҳокама қилинмасин, ана шу қонун ва қарорларнинг барчаси бугунги замон талаблари билан ҳамоҳанг эканини, улар халқаро қонунчилик андозаларига жавоб беришини, узоқ ва давомли келажагимизни кўзлаб қабул қилинганини алоҳида қайд этиш зарур.

Айниқса, биз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоялаш, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш, умуман, ҳаётимизда инсон манфаатларини устувор ўринга қўйишга, демократик қадриятлар одамларимизнинг тафаккурига чуқур сингиб боришига катта аҳамият бердик ва ўйлайманки, бундай йўналишлар бундан кейин ҳам эътиборимиз марказида туриши даркор.

Янги жамият қуриш йўлида, демократиянинг энг катта шарти ва белгиси бўлмиш ҳокимиятнинг мустақил тармоқларга бўлиниш принципи - яъни, қонун чиқарувчи, ижро этувчи ва суд ҳокимиятини ана шу андозаларга суяниб барпо этиш масалалари парламент фаолиятининг асоси ва негизини ташкил этгани эътиборга сазовор.

Шу борада сиз, ҳурматли депутатларимизнинг суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш мақсадида судлар ва прокуратура тўғрисидаги қонунларни, судларни жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ихтисослаштиришга қаратилган қатор ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилганингиз, айниқса, жиноий жазоларни либераллаштириш, инсон, унинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоялашда адолат мезонларига суяниш мақсадида қонун ва кодексларнинг қайтадан кўриб чиқилиб, уларга зарур ўзгартиришлар киритилгани, бундай ҳаракат ва қарорларимизни халқимиз ва халқаро жамоатчилик қўллаб-қувватлаганини алоҳида таъкидлаб ўтишимиз зарур.

Шунингдек, бугунги кунда ҳал қилувчи тармоқлардан бири бўлган қишлоқ хўжалиги соҳасида туб ислоҳотларни жорий этиш бўйича қабул қилинган қонун ва қарорлар аграр соҳани янги, замон талаб қиладиган босқичга кўтариш, унинг самарадорлигини ошириш, шу ҳисобидан асосий қисми қишлоқ жойларда яшайдиган аҳолимизнинг турмуш даражасини яхшилашга хизмат қилганини эслаб ўтишни ўзимнинг бурчим, деб биламан.

Лўнда қилиб айтадиган бўлсак, шу қисқа даврда парламентимизнинг, такрор айтаман, сиз, муҳтарам халқ ноибларининг юртимизни янада тара??ий топтириш, Ватанимизнинг тинчлиги ва осойишталигини ҳимоялаш, халқимизнинг орзу-умидларини рўёбга чиқариш ишига ўз фаолиятингиз орқали салмоқли ҳисса қўшганингизни бугун мамнуният билан эътироф этишга барча асослар бор.


Қадрли дўстлар!

Бугун барчамиз 26 декабрь куни мамлакатимиз тарихида биринчи бор икки палатали парламентга ва маҳаллий кенгашларга бўлиб ўтадиган сайловлар нафаси ва кайфияти билан яшамоқдамиз.

Ҳаммамиз бу муҳим сиёсий воқеани Ўзбекистонимизнинг халқаро майдонда ва жаҳон ҳамжамияти назарида обрў-эътиборини, юртимизда амалга оширилаётган демократик ислоҳотларнинг халқаро андоза ва талабларга нечоғлиқ ҳамоҳанг эканини яна бир бор синовдан ўтказадиган жараён, деб қабул қилишимиз зарур.

Такрор айтишга тўғри келади - бизларни кутаётган бўлғуси сайловлар авваламбор Конституциямиз мезонлари ва принциплари, сайлов ҳақидаги қонунлар ва нормаларга тўлиқ жавоб берадиган ҳолда, эркин, очиқ ва ошкора, четдан ҳеч қандай тазйиқ ва таъсир ўтказмасдан, холисона ва ҳалол, бир сўз билан айтганда, сайловчиларимизнинг эркин хоҳиш-иродасини намоён қиладиган тарзда ўтиши шарт. Бунга барчамиз масъулмиз.

Кейинги уч ой давомида шу масалага бағишлаб мамлакатимизда бўлиб ўтган 7 та йирик халқаро конференция ва семинарларда 29 та, авваламбор, демократик давлатлар ва халқаро ташкилотлардан, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотида, Европа Иттифоқи, шунингдек, Америка, Осиё қитъаларидаги нуфузли ташкилотлар вакиллари, кўзга кўринган олим ва сиёсатчилар, эксперт ва мутахассислар қатнашганининг ўзи бизнинг бу сайловларга очиқ, яъни транспарент бир шароитда тайёргарлик олиб борганимизнинг тасдиғидир.

Ҳеч кимга сир бўлмаслиги керак - биз сайловларимизни ҳар томонлама демократик ва халқаро андозаларга жавоб берадиган асосда ўтказиш мақсадида халқаро ҳамжамиятнинг, ривожланган, тара??ий топган давлатларнинг тажрибасини маъқул, деб ҳисоблаймиз ҳамда сайловларга тайёргарлик кўриш ва ўтказиш даврида уларнинг танқидий, шу билан бирга, холисона тавсия ва маслаҳатларини олишни ўзимиз учун мақсадга мувофиқ, деб биламиз.

Бу масалада қандайдир қоби??а ўралиб, ҳамма нарсани ўзимиз биламиз, деб тепадан келиш, бошқаларнинг тажрибасини менсимаслик, маслаҳатига беписанд қараш каби ҳолатлар бизга номақбул эканини бутун халқаро жамоатчиликка намоён этишимиз зарур.

Бир сўз билан айтганда, бизнинг орзу-ниятимиз ва интилишимиз битта мақсадга қаратилган. У ҳам бўлса, ҳеч кимдан кам бўлмаган ҳолда сайловларимизни барча халқаро кузатувчилар билан ҳамкорликда юқори даражада ўтказишдан иборат.

Барчамиз яхши биламизки, сайлов - ҳар қайси фуқаро учун нафақат ўз хоҳиш-иродасини ифода этиб, муносиб номзодни танлаш имконияти, балки бу - аввало кураш, демакдир.

Бу сиёсий жараёнда иштирок этадиган партиялар ва ташаббускор гуруҳлар вакиллари парламентдан кўпроқ ўрин эгаллаш учун ўзаро баҳс-мунозара қилиши, қизғин тортишувлар олиб бориши табиий, албатта.

Демократиянинг табиати ва моҳияти аслида шуни тақозо этади ва буни барчамиз тўғри тушунамиз. Лекин, шу билан бирга, сиёсий кураш майдонига тушган партиялар, уларнинг фаоллари ва ташаббускор гуруҳлар томонидан номзоди кўрсатилган шахсларнинг тарафдорлари ҳар қандай вазиятда ҳам халқимиз ва жамиятимизнинг ягона манфаати, миллатимиз бирлиги ва аҳиллиги ҳамма нарсадан устун эканини унутмасликларини истардим.

Шу маънода, барчамиз миллий ғоямизнинг асоси бўлмиш юрт тинчлиги, Ватан равнақи, халқ фаровонлиги деган эзгу тушунчалар сайловда қатнашадиган барча сиёсий кучлар учун муштарак мақсад бўлишини кутишга ҳақлимиз.

Табиийки, бу борада партиялар ва ташаббускор гуруҳлар вакилларининг, сайловчилар ва депутатликка номзодларнинг сиёсий маданияти ва фаоллиги, Конституциямиз, қонунларимизни ҳурмат қилиши ва уларга риоя этиши бошқаларга, айниқса, ёшларга ибрат ва намуна бўлиши керак.

Насиб этса, сайловчилар ишонч билдирса, сизларнинг орангиздан ҳам бу курашда ғолиб чиқиб, навбатдаги чақириқ депутатлари сайланади, деб ишонаман. Айни пайтда, янги парламент иш бошлагунча Олий Мажлисимиз ўз ваколати доирасида фаолиятини давом эттириб, ишчанлик кайфиятини сақлаб қолади, деган фикрдаман.

Мана шу юксак минбардан туриб, сиз, азизларга Ватанимизни улуғлаш ва ҳимоялаш, мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий тара??иёти йўлида қилган самарали меҳнатингиз учун ўз номимдан, бутун халқимиз номидан миннатдорлик билдираман. Барчангизга сиҳат-саломатлик, бахту саодат, келгуси фаолиятингизда эса ютуқ ва омадлар тилайман.