Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Президент Ислом Каримовнинг Олий Мажлис тўққизинчи сессиясидаги Маърузаси

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОНДА ДЕМОКРАТИК

ЎЗГАРИШЛАРНИ ЯНАДА ЧУҚУРЛАШТИРИШ

ВА ФУҚАРОЛИК ЖАМИЯТИ АСОСЛАРИНИ

ШАКЛЛАНТИРИШНИНГ АСОСИЙ

ЙЎНАЛИШЛАРИ



Рус тилидаги матнига қаранг



Президент Ислом Каримовнинг

Олий Мажлис тў??изинчи сессиясидаги

МАЪРУЗАСИ


(2002 йил 29 август)



Ассалому алайкум, азиз ватандошлар!

Муҳтарам халқ депутатлари!

Бир неча кундан сўнг мамлакатимиз, бутун халқимиз ўз мустақиллигининг ўн бир йиллигини катта тантана билан байрам қилади.

Биз 1991 йилнинг 1 сентябридан тобора узоқлашиб борганимиз сари барчамизнинг тақдиримизда ҳал қилувчи аҳамият касб этган ана шу буюк тарихий сана билан боғлиқ баъзи воқеалар, уларнинг айрим тафсилотлари хотирамиздан кўтарилиши ҳам мумкин. Албатта, бу табиий ҳол ва ҳаммамиз буни тўғри тушунамиз.

Шу билан бирга, ҳеч шубҳа йўқки, мана шу улуғ сана билан бугунги кунимиз ўртасидаги масофа қанчалик узайса, босиб ўтган йўлимизни холисона ва атрофлича таҳлил қилиш, тегишли хулоса ва сабоқлар чиқаришнинг аҳамияти тобора кучайиб боради.

Албатта, мана шу ўтган даврга, шу вақт мобайнида амалга оширган ишларимизга бериладиган баҳо турлича бўлиши мумкин. Бу, аввало, ҳаётимизда рўй бераётган ўзгаришларни ким қандай нуқтаи назардан таҳлил қилишига эришган ютуқларимизни қандай кўз билан баҳолашига боғлиқ. Табиийки, бундай ёндашув ва хулосаларга қўшилиш ҳам, қўшилмаслик ҳам мумкин.

Лекин, ишончим комилки, бир масалада, яъни биз бундан ўн бир йил муқаддам қабул қилган тарихий қарор, танлаган йўлимиз тўғрилиги бўйича аксарият кўпчиликнинг фикри бир жойдан чиқиши шубҳасиз.

Биз тарихимизнинг ўша туб бурилиш нуқтасида, ғоят хатарли ва мураккаб кунларда ҳақиқатан ҳам яккаю ягона тўғри йўлни танладик. Яъни, мустабид тузум, ўта мафкуралашган, миллий ўзлигимизни топтаган эски тизимдан воз кечиб, халқимизнинг хоҳиш-иродаси, азму қарорини бажо келтириб, очиқ демократик ва ҳуқуқий давлат қуриш, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётини шакллантириш йўлини танладик.

Халқимизнинг асрий орзу-умидлари ва интилишларига жавоб берадиган, мамлакатимизга, эртага ўрнимизга келадиган авлодларга улкан имконият ва истиқболлар эшигини очадиган ҳаётга қадам қўйдик.

Албатта, ҳаммамиз яхши тушунардикки, биз олдимизга қўйган мақсадларга эришиш осон эмас эди ва бу ҳақиқатни йиллар ўтгани сари тобора кўпроқ ва аниқ англамоқдамиз.

Энг муҳими, бугун ана шу мақсад-муддаоларга - мустақил давлат, эркин жамият ва фаровон ҳаёт қуриш, содда қилиб айтганда, дунёда ҳеч кимдан кам бўлмай яшаш учун интилиш кенг жамоатчилигимиз, халқимизнинг онгу тафаккури, амалий ҳаракатларида тобора кўпроқ ўрин эгалламоқда.

Айни пайтда, минг афсус билан шуни ҳам таъкидлашга мажбурмизки, бугун собиқ иттифоқ ҳудудида, айрим қўшни давлатларда баъзи бир ғалати ҳолатларни кузатишимиз мумкин. Яъни, ўз умрини яшаб бўлган, сиёсий жиҳатдан касодга учраган, коммунистик мафкурага асосланган тизимни соғиниб-қўмсаб гапираётган айрим сиёсат ва давлат арбоблари - эски тузум тарафдорлари яна қайтадан бош кўтараётганига гувоҳ бўлмоқдамиз.

Улар, бир қарашда, қулай келган пайтда ўзларини мустақиллик учун курашган ва эски тизимдан жабр-зиён кўрган шахслар сифатида кўрсатади, шу билан бирга, кези келганда кимгадир яхши кўриниш ва сохта обрў топиш мақсадида ўзини СССРни сақлаб қолиш учун охиригача курашганлар сафига қўшишга уринади.

Бир сўз билан айтганда, СССРнинг сояси собиқ иттифоқ минтақасидан ҳали-бери бутунлай кўтарилган эмас ва буни биз доимо инобатга олишимиз, ҳамиша сергак ва ҳушёр бўлиб яшашимиз зарур.

Шу сабабли, биз ўз мустақиллигимизни қандай қийинчиликлар билан, қандай синов ва суронли курашлар билан қўлга киритганимизни бугун яна бир бор эслашимиз ўринли, деб биламан.

Яъни, ҳали-бери хотирамиздан кўтарилмаган ўша таҳликали кунларни ёдга олар эканмиз, шу залда ўтирган одамлар, умуман кўпчилик замондошларимиз гувоҳи бўлган воқеаларни, бизга ҳасад билан қарайдиган ташқи ва ички душманларимизнинг юртимизда ҳукмронлик қилиш, ўз ёвуз мақсадларига эришиш учун қандай ўта хавфли ҳуружлар қилганини эсласак, ортиқча бўлмайди.

Шундай қабиҳ ният билан 1989 йил май-июнь ойларида Фарғона, 1990 йил феврал-март ойларида Бўка ва Паркентда содир этилган, ҳеч қачон ёдимиздан чиқмайдиган даҳшатли фожиалар; 1990 йилнинг июнь ойидаги Ўш ва Ўзган воқеалари; 1991 йилнинг 8 декабрида Намангандаги собиқ вилоят ижроқўми биносини эгаллаб олган диний экстремистларнинг конституцион тузумга қарши тажовузлари; 1991 йил октябрь ойида собиқ Марказ тарбиялаган ва тезлаган партия-совет номенклатураси томонидан ташкил қилинган, Олий Совет 7-сессиясида Президентни ағдаришга бўлган уринишлар; 1992 йилнинг 16 январида Талабалар шаҳарчасида ўзимизнинг фарзандларимизни ёлғон даъват ва чақириқлар билан йўлдан оғдириб, уюштирилган тартибсизликлар ва шунга ўхшаган хатти-ҳаракатлар, авваламбор, ўзбек халқининг, ҳамжиҳатлигини бузиш, унинг эркинлик ва озодлик учун олиб бораётган курашига зарба бериш, томирига болта уришга қаратилганини бугун барчамиз яхши англаймиз.

1999 йил февраль ойида пойтахтимиз Тошкент шаҳрида ёвуз террорчи кучлар томонидан содир этилган портлашлар натижасида қанча бегуноҳ одамлар ҳаётдан кўз юмгани ва ярадор бўлгани ҳам халқимиз хотирасидан асло ўчмайди.

1999, 2000 ва 2001 йилларнинг ёз фаслида Афғонистон ҳудудида ўзига уя қуриб олган террорчи тўдаларнинг чегараларимиздан бостириб кириб, бизни азиз фанзандларимиз - ҳаётга эндигина қадам қўяётган ҳарбий аскарлардан жудо қилиб, оналар юрагини дарду аламга тўлдирганини, Ўзбекистоннинг озодлиги ва тинчлигига қарши ташкил қилинган хуруж ва ҳаракатларни бошимиздан кечирганимизни ҳам биз ҳеч қачон унутмаслигимиз ва бундан тегишли сабоқлар чиқаришимиз зарур.

Бундай қора ниятларни амалга оширишга уринган тўдалар ва ҳаракатлар ортида қандай қабиҳ сиёсий кучлар ҳамда экстремистик марказлар тургани, улар бу мақсадлар учун катта маблағлар ажратгани, махсус қўпорувчилик ва террорчилик лагерларида жангариларни тайёрлагани бугун барчамизга аён бўлиши муқаррар.

Биз яхши тушунамиз - бугун янги ҳаёт, янги жамият барпо этиш йўлида қўлга киритаётган ютуқларимизни, амалга ошираётган ишларимизни кўра олмайдиган, юртимизга кўз олайтираётган маълум кучлар ўз қабиҳ ва нопок ниятларидан ҳали ҳам қайтган эмас.

Шунинг учун ҳам халқимизнинг орзу-интилишларини ўзида мужассам этган, бугун юртимизда шиор бўлиб қолган "Ўз уйингни ўзинг асра!" ва "Тинчлик учун курашмоқ керак" деган ҳаракатларимизни янада кучайтиришимиз, доимо огоҳ бўлишимиз керак.

Шуни катта мамнуният билан таъкидлашимиз зарурки, жаҳон ҳамжамияти халқаро терроризмга - бу жирканч бало-қазога қарши эълон қилган курашда давлатимиз ва жамиятимиз ҳам қатъий бел боғлаганини дунё майдонида бугун кўпчилик тан олмоқда ва Ўзбекистонимизга ҳурмат-эътибор билан қарамоқда.


Муҳтарам юртдошлар!

Мен Ватанимиз ўз истиқлолини қўлга киритган дастлабки йилларга хаёлан яна қайтиб, шуни айтмоқчиманки, биз янги Ўзбекистон давлатини барпо этиш учун илк қадамларни қўйган ўша даврда, аввало, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларимизнинг асоси бўлган, дунёда ўзбек модели деб ном олган бозор муносабатларига ўтишнинг беш асосий тамойилини ишлаб чиқдик. Ва мавжуд мураккаб шароитга ҳар томонлама мос келадиган, ривожланишимиз учун энг мақбул бўлган бу йўлни халқимиз, жамоатчилигимиз эътироф этди ва қўллаб-қувватлади.

Маълумки, бизга эски тузумдан бир томонлама ривожланган, ночор ва заиф иқтисодиёт мерос қолган эди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларидаги мураккаб иқтисодий ҳолат, собиқ шўро тизимида Ўзбекистонга асосан арзон хомашё минтақаси сифатида жой ажратиб, биринчи навбатда, унинг бўйнига пахта, олтин, қимматбаҳо ва стратегик материаллар етказиб бериш юклатилгани, айни вақтда, аҳоли учун зарур бўлган асосий истеъмол товарлари ва озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ғалла ва дон, гўшт ва сутнинг аксарият қисми республика ташқарисидан келтирилишининг оқибати эди.

Ўз заминимизда бой заҳиралари мавжуд бўлган ёнилғи ва нефть маҳсулотлари четдан ташиб келтирилгани ҳақида эса гапириб ўтирмаса ҳам бўлади. Мана шундай оғир вазиятда бизнинг иқтисодиёт масаласида дейсизми, сиёсий-ижтимоий барқарорликни сақлаш ёки аҳолининг таъминотини йўлга қўйиш масаласида дейсизми - олдимизда турган жуда кўп, бир-биридан чигал, бир-биридан долзарб муаммоларни зудлик билан ҳал этишимизга тўғри келар эди.

Одамларимиз учун муқаддас бўлган маънавий ва диний қадриятларни тиклаш, кўп асрлик олижаноб урф-одатларимиз ва анъаналаримизга таяниб иш кўрганимиз қаддимизни ростлаш имконини берди, мамлакатимизни парокандалик ва бошбошдоқлик, халқимиз табиатига ёт бўлган экстремизм ва ақидапарастлик ботқоғига ботиб кетиш хавфидан сақлаб қолди.

Биз истиқлолимизнинг илк кунлариданоқ эски, қотиб қолган мафкуравий ақидалардан воз кечишга, маънавий янгиланишга, одамларнинг қалби ва онгига миллий истиқлол ғояси тамойилларини сингдиришга қаратилган аниқ сиёсат олиб бордик. Бу эса, ўз навбатида, юртдошларимизнинг тафаккурини ўзгартиришда, ислоҳотларни жорий этишда янгича ёндашувларни шакллантириш, жамиятимизда диний бағрикенглик, миллатлараро тотувлик ва конфессиялар ўртасида муроса муҳитини мустаҳкамлашда сезиларли таъсир кўрсатди.

Иқтисодиёт соҳасидаги салбий ҳолатларни бартараф этиб, одамлар турмуш даражасининг кескин пасайиб кетишига йўл қўймасдан, аҳолининг ҳимояга муҳтож қатлам ва гуруҳларини ижтимоий жиҳатдан муҳофаза қилган ҳолда, Ўзбекистонда ижтимоий-сиёсий барқарорликни ва фуқаролар тотувлигини сақлаб қолишга муваффақ бўлдик.

Бугун шуни ишонч билан айта оламизки, нафақат иқтисодиёт соҳасида, балки жамиятимизни сиёсий ва маънавий жиҳатдан янгилаш борасида ҳам биз танлаган тара??иёт модели ва асосий ривожланиш тамойиллари ҳаётда ўзини тўла оқламоқда. Шундай деб айтишга бизнинг барча асосларимиз бор.

Шу билан бирга, бу устувор йўналишларнинг айримлари - хусусан, қонун устуворлиги, ислоҳотларни босқичма-босқич жорий этиш, кучли ижтимоий сиёсат каби тамойиллар мамлакатимизни ривожлантиришнинг кейинги даврларида ҳам биз олдимизга қўйган мақсадларга эришишда муҳим ҳаётий аҳамият касб этади ва ўз қимматини йўқотмайди, десак, ҳеч қандай хато бўлмайди.


Ҳурматли депутатлар!

Айни пайтда, шуни айтишимиз зарурки, юртимиздаги ўзгариш ва янгиланишлар жараёнининг кўлами кенгайиб, самарадорлиги ошиб боргани сари жамият ҳаётининг барча соҳаларини эркинлаштириш ва демократлаштириш зарурати тобора кўпроқ сезилмоқда. Шу боис ҳам, биринчи чақириқ Олий Мажлиснинг 14-сессиясида ва иккинчи чақириқ Олий Мажлиснинг 2000 йилги 1-сессиясида сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий ва маънавий соҳаларни эркинлаштиришга қаратилган стратегик дастур қабул қилинди.

Шундан буён ўтган вақт мобайнида ҳаётимизнинг барча соҳаларини эркинлаштириш жараёнларининг қонуний асосини такомиллаштириш бўйича кўпгина ишлар амалга оширилди.

Хусусан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, давлат тузилишини демократлаштириш, бозор ислоҳотларини чуқурлаштириш, хусусий мулкни, тадбиркорлик, кичик ва ўрта бизнес манфаатларини ҳимоялаш борасида зарур кафолатларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилди ва ушбу йўналишдаги ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизнинг бу муҳим соҳаларида муносабатларни тартибга солувчи бир қатор янги қонунлар қабул қилинди ва кўпгина қонун ҳужжатларига тегишли ўзгартишлар киритилди; Жиноят, Жиноят-процессуал ва бошқа кодекслар қайтадан кўриб чиқилди.

Шу жумладан, прокуратура тизими устидан ижтимоий назоратни кучайтириш, унинг айрим ҳуқуқларини чегаралаш ва қисқартириш, бу ҳуқуқларнинг кўпини суд идораларига бериш масалаларига аниқлик киритилди.

Инсон ҳуқуқларига риоя этилиши бўйича миллий мониторинг тизимини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлашга қаратилган чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда ва бу борада амалий қадамлар қўйилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш зарурки, нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди.

Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишга қаратилган чора-тадбирлар, жумладан, судлар тўғрисида, прокуратура тўғрисида, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида, судларни жиноят ва фуқаролик ишлари бўйича ихтисослаштириш муносабати билан қатор кодексларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонунларнинг қабул қилиниши одил судлов сифатини ошириш ва ишларни кўриб чиқиш муддатларини қисқартиришни таъминламоқда.

Бу чора-тадбирлар судлар томонидан жиноят ва фуқаролик ишларини кўриб чиқишда, бу жараённинг истисносиз барча босқичларида тарафларнинг ҳақиқий тенглиги ва ўзаро тортиша олиши учун шароит яратиши, айниқса, иқтисодиёт соҳасида содир этилган жиноятлар учун жазоларни сезиларли тарзда енгиллатиш имкониятини амалда таъминлаши лозим.    Ҳокимиятнинг учинчи тармоғи бўлмиш суд тизимини мустаҳкамлаш, судларнинг мустақиллигини, уларнинг фақат қонунга бўйсунишини кучайтириш борасида моҳият-эътиборига кўра мутлақо янги қадам қўйилди, десак, ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Бу ўзгаришларни амалга оширишдан асосий мақсад шуки, биз одамларнинг судларга фақат жазоловчи идора деб эмас, балки аввало инсоннинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи идора деб қарашига эришмоғимиз керак.

Бугун биз тарихимизнинг ана шу ўтган даврига якун ясар эканмиз, ташқи сиёсат соҳасида эришган ютуқларимизни қайд этмасдан, ҳозирги кунда халқаро майдонда Ўзбекистоннинг юксак эътироф ва обрў-эътибор қозонаётгани ҳақида тўхталмасдан ўтолмаймиз.

Мамлакатимиз тарихан қисқа вақт мобайнида дунё ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллади, керак бўлса, ўзининг мустақил овозига эга бўлди, десак, бу ҳам ҳеч қандай муболаға бўлмайди.

Биз шуни унутмаслигимиз керакки, бундай эътироф, Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида ортиб бораётган нуфузи - бу авваламбор мамлакатимизда истиқлолнинг дастлабки кунлариданоқ ўтказиб келинаётган, ҳар томонлама чуқур ўйланган, оғир-вазмин, қатъий ва мустақил ташқи сиёсатнинг натижасидир.  Айтиш керакки, бу Марказий Осиё минтақасида хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича давлатимиз олға сурган барча маълум ташаббуслар, қилинган катта амалий ишларнинг самарасигина бўлиб қолмасдан, айни пайтда мамлакатимизда демократик тамойиллар ва бозор ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида намоён бўлаётган жиддий ижобий ўзгаришларнинг халқаро ҳамжамият томонидан эътироф этилиши ҳамдир.     Шу маънода, жорий йилнинг январь ойида ўтказилган умумхалқ референдуми Ватанимиз сиёсий ҳаётида ғоят муҳим воқеа бўлганини таъкидлаш даркор. Референдумнинг ўтказилиши ва унинг якунлари давлатчилигимиз ривожида, жамиятни демократик янгилаш жараёнида муҳим босқич бўлди. Энг асосийси, референдум натижалари мамлакатимизда олиб борилаётган сиёсатнинг жамоатчилигимиз, аҳолимиз томонидан қанчалик қўллаб-қувватланаётганини амалда я??ол тасдиқлади.

Буларнинг барчаси демократик ва ҳуқуқий давлат, фаровон ҳаёт барпо этишдек ўз олдимизга қўйган олижаноб мақсад ва марраларга етиш йўлида юртимизда амалга оширилаётган катта ўзгаришларнинг аниқ ва ёрқин кўринишидир.

Шуни қатъий ишонч билан айтиш мумкинки, бугун Ўзбекистонда ислоҳотлар муқаррар тус олди. Энди уларни ортга қайтариб бўлмайди. Энг асосийси ва энг муҳими, юртимизда яшаётган одамлар, уларнинг тафаккури, ҳаётга, ўз атрофида юз бераётган барча воқеаларга бўлган муносабати ўзгармоқда.

Авваламбор, кишиларнинг онгини, ҳаёт тарзини шакллантирадиган ижтимоий муносабатлар бутунлай янгича маъно-мазмун касб этмоқда. Мулкдор ва тадбиркорларнинг, кичик ва ўрта бизнес эгаларининг нуфузи ва таъсири кун сайин ортиб бормоқда.

Биз ўрта синф деб атайдиган бу ижтимоий қатлам тимсолида, моҳият-эътиборига кўра, мамлакатимизда нафақат иқтисодий, балки сиёсий барқарорликни таъминлаш, юртимизнинг тара??иёти ва гуллаб-яшнаши йўлида асосий таянч бўладиган янги мулкдорлар синфи шаклланмоқда.


Қадрли ватандошлар!

Ҳаммамиз биламизки, ҳаёт бамисоли оқар дарё, у ҳеч қачон бир жойда тўхтаб турмайди. Бугун барчамиз атрофдаги вазият қандай тус олаётгани, кўпгина қадриятлар янгиланаётгани, нафақат минтақамиз, балки бутун дунё миқёсида ҳаётнинг ўзи ҳам қандай тез суръатлар билан ўзгараётганини кузатиб бормоқдамиз.

ХХI аср - шиддаткор тезликлар асри, ахборот ва ахборот технологиялари асри, интеллектуал ресурслар, юксак технология ва замонавий билимлар инсоният тара??иётининг асосий ва ҳал қилувчи омилига айланаётган давр.

Минг афсуски, айни вақтда ҳозирги замоннинг энг хатарли аломати бўлиб жаҳон майдонига чиқаётган халқаро терроризм ва экстремизм, уюшган жиноятчилик, наркобизнес каби хавфсизликка янги таҳдидлардан ҳам кўз юмиб бўлмайди.

Бугунги кунда бундай хавф-хатарларнинг қай тарзда ва қандай асосда пайдо бўлаётганини, улар нафақат бизнинг халқимиз, балки бутун инсоният учун нечоғли мудҳиш бало-қазо эканини биз аниқ тасаввур қиламиз ва уларнинг қандай машъум оқибатларга олиб келиши мумкинлигини яхши англаймиз.

Буларнинг барчаси оддий бир ҳақиқатни яна бир бор тасдиқлайди. Яъни, жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин эгаллашга, ўз халқининг тинчлиги ва фаровонлигини таъминлашга интиладиган ҳар қайси давлат бу масалада ўзининг замон талабларига тўлиқ жавоб берадиган, пухта ўйланган, аниқ-равшан фаолият дастурига эга бўлиши зарур.

Содда қилиб айтганда, муайян давлат ва жамият тара??иётининг ҳар бир босқичи ҳаётнинг ўзи ўртага қўяётган шарт ва талабларнинг ҳисобга олинишини тақозо этади.

Айтиш мумкинки, тара??иётнинг ҳар бир босқичи - бу янги муаммолар ва уларни бартараф этиш йўлидаги янги вазифалар демакдир.

Бу - ҳаёт қонунияти, биз уни инкор этолмаймиз ва инкор этишга ҳа??имиз ҳам йўқ.

Биз сизлар билан тара??ий топган демократик мамлакатлардаги каби эркин ва фаровон ҳаёт барпо этишни ўз олдимизга эзгу мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунга етиб бориш учун Америка, Европа ва Осиёдаги энг ривожланган давлатлар эришган андоза ва меъёрларга чиқишимиз зарурлигини исботлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Албатта, биз бу йўлда бирмунча салмоқли ютуқларни қўлга киритдик. Буни ҳеч ким инкор этолмайди.

Аммо барчамиз учун аён бўлиши керакки, биз эришган натижа ва марралар олдимизга қўйган буюк мақсадга етиш йўлида маълум бир бўғин ва босқични ташкил қилади, холос.

Бизнинг бугунги кундаги муҳим вазифамиз - ўтган давр мобайнида эришилган натижаларни яна бир бор танқидий ва холисона баҳолаш ва амалий хулосалар чиқариш.

Бизнинг вазифамиз мамлакатимизни, жамиятимизни демократлаштириш ҳамда янгилаш йўлидаги ҳаракатларимизни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш ва сўзсиз бу борада амалга оширган ижобий ишларимизни қатъият билан давом эттириш, уларни халқимиз орзу қилган марраларга етказишдир.

Мана шундай мақсадларни ўзида мужассам этган дастурнинг негизини нималар ташкил қилиши керак ва аввало, қандай вазифалар биз учун устувор бўлмоғи лозим?

Биз учун энг асосий, энг муҳим устувор мақсад тенгсиз олий неъмат - мустақилликни бундан буён ҳам асраб-авайлаш, ҳимоя қилиш ва мустаҳкамлаш бўлиб қолаверади.

Мустақиллик биз учун, аввало, ўз тақдиримизга ўзимиз эгалик қилиш ҳуқуқи, келажагимизни ўз қўлимиз билан барпо этиш, юртимиз бойликларидан фақат халқимиз ва Ватанимиз манфаатлари йўлида фойдаланиш демакдир.

Мустақиллик биз учун муқаддас маънавий қадриятлар ва миллий анъаналарга таянган ҳолда ва тарзда яшаш, ана шу бебаҳо меросни асраб-авайлаб, уни келгуси авлодларга янада бойитган ҳолда етказиш демакдир.

Айни вақтда мустақиллик биздан зиммамизга олган халқаро мажбуриятларга риоя этиш ва уларни бажаришни, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низоми талабларига, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган меъёрларига қатъий амал қилиб яшаш масъулиятини сўзсиз юклайди.

Бу - узоққин қўшниларимиз билан дўстлик ва ҳамкорлик асосида яшаш, дунё ҳамжамиятидан ўзимизга муносиб обрў ва ўрин эгаллаш учун доим интилиш ва курашиш демакдир.

Биз мустақил тара??иёт йўлини айнан мана шу маъно-мазмунда англаб, уни мамлакатимизни сиёсий жиҳатдан ривожлантириш, иқтисодиётни модернизация қилиш, жамиятни маънавий янгилаш борасида олиб бораётган барча ислоҳотларимизнинг мезони, деб билишимиз керак.

Иккинчи устувор йўналиш. Бу - мамлакатимиз хавфсизлик ва барқарорликни, давлатимизнинг ҳудудий яхлитлигини, сарҳадларимиз дахлсизлигини, фуқароларимизнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашдан иборат. Чунки бу мезонлар ҳар доим ривожланиш ва тара??иётнинг асосий шарти бўлиб келган. Шунинг учун ҳам экстремизм ва ашаддий ақидапарастликнинг ҳар қандай кўринишларига, халқаро террорчилик ва наркобизнесга қарши изчил курашиш йўлида барча имкониятларимизни ва куч-қудратимизни сафарбар қилиш бугунги кунда энг муҳим ва долзарб вазифамиз бўлмоғи лозим.

Мамлакатимизда ҳукм сураётган миллатлар ва динлараро тотувликни, фуқаролар ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, ягона хонадонимиз бўлмиш Ўзбекистонда истиқомат қилаётган барча инсонларнинг миллати ва дини, ирқи ва жинсига қарамасдан, уларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш - бу борадаги ишларимизнинг асосий маъно-мазмунига айланиши даркор.

Айни пайтда шуни унутмаслигимиз керакки, мамлакатимиз хавфсизлигини таъминлашда ташқи таҳдиллардан ҳимояланиш ва уларнинг олдини олиш билан бирга, ички хавфсизлик муаммоларига ҳам ғоят жиддий эътибор қаратмоғимиз шарт. Бу жараёнда ўтмишдан салбий мерос бўлиб қолган нуқсон ва иллатлардан халос бўлиш, коррупция, миллатчилик, маҳаллийчилик, уруғ-аймоқчилик кўринишларига қарши курашиш ва, албатта, жамиятни эркинлаштириш йўлидаги ислоҳотларни изчил давом эттириш ва чуқурлаштириш айниқса зарур.

Учинчи устувор йўналиш. Бу - бозор ислоҳотларини янада чуқурлаштириш, кучли бозор инфратузилмасини яратиш, барқарор ва ўзаро мутаносиб, мустаҳкам иқтисодиётнинг муҳим шарти бўлган эркин иқтисодиёт тамойилларини жорий этишдан иборат.

Бу йўналиш ялпи ички маҳсулот ишлаб чиқаришда етакчи ўринни эгаллайдиган, фуқароларнинг муҳим даромад манбаи ва мулкдорлар синфини шакллантиришнинг асоси бўлган хусусий секторнинг мавқеини янада ошириш, кичик ва ўрта бизнес ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришни тақозо этади.

Бу борада ташқи иқтисодий фаолият ҳамда валюта бозорини эркинлаштириш, миллий валютанинг жорий операциялар бўйича эркин алмашувини таъминлаш, миллий валютамиз - сўмимизнинг барқарорлиги ва харид қувватини ҳар томонлама мустаҳкамлаш тара??иётимизнинг янги босқичидаги асосий вазифаларимиздан биридир.

Иқтисодиётимизда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш ва уни модернизация қилиш, экспорт ривожи, импорт ўрнини босадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминлашнинг муҳим шарти бўлган хорижий инвестициялар, авваламбор, хусусий сармояларни жалб этиш, бунинг учун тегишли инвестицион муҳит ва инвесторлар учун кафолатлар яратиш бу борада, айниқса, катта аҳамиятга эга.

Шунингдек, ташқи ва ички инвестицияларни бутун иқтисодиётимизни янгилашга, олтин-валюта захираларимизнинг барқарор ўсишига хизмат қиладиган етакчи тармоқларга биринчи навбатда йўналтириш масаласи ҳам доимий ди??ат марказимизда туриши лозим.

Бундай вазифаларни амалга оширишда халқаро молиявий ташкилотлар билан ҳамкорлигимизни янада кучайтириш, дунё иқтисодий тизимига интеграциялашув, Жаҳон Савдо Ташкилотига аъзо бўлиш учун зарур шарт-шароитларни яратиш ҳам энг муҳим ишларимиз қаторида туради.

Жамиятимизни янада ривожлантириш ва сифат жиҳатидан янгилаш борасидаги тўртинчи ва ўйлайманки, энг муҳим устувор йўналиш - бу инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини, сўз ва матбуот эркинлигини, шунингдек, ошкораликни, жамиятда ўтказилаётган ислоҳотларнинг очиқлигини таъминлайдиган демократик тамойилларни сўзда ёки қоғозда эмас, амалий ҳаётда жорий қилишдир, десак, ҳар томонлама тўғри бўлади.

Ахборот соҳасини жадал ривожлантириш, оммавий ахборот воситалари- матбуот, радио-телевидение фаолиятини эркинлаштириш фуқаролик жамияти асосларини барпо этиш жараёнининг узвий таркибий қисмига айланиши зарур.

Қисқа қилиб айтганда, оммавий ахборот воситалари том маънода "тўртинчи ҳокимият" даражасига кўтарилмоғи лозим.

Шуни таъкидлаш керакки, бу йўналишда кўп иш қилинмоқда, лекин уларни ҳали олдимизда турган, қилиниши лозим бўлган ишлар билан мутлақо солиштириб бўлмайди.

Бу тўғрисида гапирганда, оммавий ахборот воситалари фаолиятига оид бўлган баъзи бир масалалар ҳақида тўхталиб ўтиш ўринли, деб биламан. Шуни очиқ айтишимиз керакки, мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари узоқ вақтлар давомида мафкуравий ва маъмурий назорат остида ишлагани туфайли уларнинг ҳали-бери бу ҳолатдан чиқиши, аввало, психологик жиҳатдан ўзини эркин ҳис этиши қийин кечмоқда. Шу сабабли улар ўзи учун янги бўлган ҳозирги вазиятда баъзан ҳали ҳам нима қилиш ёки нима қилмаслик ҳақида юқоридан кўрсатма кутиб ўтиргандек кўринади.

Ўйлайманки, ҳақиқий демократик матбуот кўрсатма асосида яшай олмайди ва яшаши ҳам мумкин эмас. Эркин матбуот реал вазият шароитида фаолият кўрсатиши, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий ҳаётнинг долзарб муаммоларини дадил кўтариб чиқиши, одамларни безовта қилаётган барча масалаларни жамоатчилик муҳокамасига ҳавола этиши, ҳокимият ва бошқарув тузилмаларининг қабул қилаётган қарорлари ва фаолиятига танқидий, шу билан бирга, холис баҳо бериб бориши керак.

Шуни айтиш зарурки, бугунги кунда мамлакатимизда ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлган, юртимиздаги ва чет эллардаги ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг мураккаб масалалари ва ҳақиқий ҳолатини чуқур тушуниш, таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлган малакали журналистларга катта эҳтиёж сезилмоқда.

Ҳаммамиз бир ҳақиқатни яхши англаб олишимиз лозим: матбуот эркинлигининг кафолати - ахборот соҳасида бозор муносабатлари ва рақобатни ривожлантириш билан чамбарчас боғлиқ. Бугун оммавий ахборот воситалари олдида иқтисодий шериклар топиш, иқтисодий жиҳатдан ўзини ўзи таъминлашга эришиш борасида кенг ва реал имкониятлар пайдо бўлмоқда, бу эса ўз навбатида уларнинг эркин ва мустақил фаолият кўрсатишида асосий омил бўлиб хизмат қилади.

Барча оммавий ахборот воситаларига, мулк шакли, тиражи, қамрови ҳамда мавзу йўналишидан қатъи назар, уларнинг мамлакатимиз ахборот майдонида ҳалол рақобат асосида фаолият олиб бориши учун давлат зарур шарт-шароитларни яратиб бериши лозим. Айтиш мумкинки, бу - жамиятни том маънода демократлаштириш гаровидир.

Ўйлайманки, "Оммавий ахборот воситалари соҳасида иқтисодий муносабатларнинг асослари тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш масаласини кўриб чиқиш вақти етди.

Бу қонун, бошқа кўпгина масалаларни ечиш билан бирга, мустақил нашрларни айрим эскича фикрлайдиган мансабдор ва амалдорлар, табиий монополиялар, ҳомийлар ва реклама берувчилар, матбуот тарқатувчилар, ноширлар ва бошқаларнинг таъсиридан самарали ҳимоя қилган бўлур эди.

Шунингдек, "Телерадио фаолияти тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш ҳам оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини тубдан мустаҳкамлайди, деб ўйлайман.

Сизларга маълумки, жамиятда ошкоралик ва очиқликни таъминлаш масаласи жамоатчилик фикрини ўрганиш усул-услубларининг қай даражада ривожлангани билан ҳам бевосита боғлиқдир.

Таъбир жоиз бўлса, жамоатчилик фикри - фуқаролик жамиятининг ҳолатини ўзида аниқ акс эттирадиган бамисоли бир кўзгу. Лекин бизда жамоатчилик фикрини ўрганиш ҳам, уни шакллантириш ҳам яхши йўлга қўйилмаганини, бундай ёндашув сиёсий ҳаётимизнинг доимий белгисига айланиб улгурмаганини таассуф билан қайд этишимиз лозим.

Яна бир ўта муҳим масала хусусида тўхталиб ўтмоқчиман.

Биз барчамиз шуни яхши тушуниб олишимиз зарурки, жамиятимизни янада демократлаштириш ва фуқаролик институтларини шакллантириш, аввало, аҳоли сиёсий фаоллигининг ўсиши, унинг сиёсий, ижтимоий ва давлат ҳаётида нечоғли фаол иштирок этиши билан узвий боғлиқ.

Бу масалани ечишда биринчи галда мамлакатимиздаги мавжуд сиёсий партия ва ҳаракатлар - буни тан олиб айтишимиз керак - ҳозирги заиф ва мўрт ҳолатдан чиқиб, ўз фаолиятини жонлантириши, тара??ий топган демократик давлатлар тажрибаси асосида юртимизда ҳақиқий кўппартиявийлик, демократик парламентаризм тизими, ижобий сиёсий рақобат муҳитини қарор топтиришга ва жамиятимиз сиёсий майдонида тан олинган оппозиция пайдо бўлишига ҳисса қўшиши лозим.

Ишончим комилки, Олий Мажлисимизни икки палатали қилиб ташкил этиш, қуйи палатага асосан партиялар томонидан тақдим этиладиган рўйхатлар бўйича сайлов ўтказиш жамиятимизни сиёсий жиҳатдан фаоллаштиришга кучли туртки беради. Ўйлайманки, сайловлар тўғрисидаги қонуннинг қоидаларини қайтадан кўриб чиқиш ҳам ана шу мақсадга хизмат қилади.

Бешинчи устувор йўналиш фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг муҳим шарти бўлиб, бу жамият ҳаётида нодавлат ва жамоат ташкилотларининг ўрни ва аҳамиятини кескин кучайтиришдан иборат.

Ёки бошқача қилиб айтганда, бу - "Кучли давлатдан кучли жамият сари" деган тамойилни амалда ҳаётга жорий этиш демакдир.

Ҳаммамизга аёнки, бу йўналиш ижтимоий-иқтисодий жараёнлар билан боғлиқ кўп масалаларни ҳал қилишда давлат тузилмаларининг ролини камайтириш ва бу вазифаларни босқичма-босқич жамоат ташкилотларига ўтказа боришни тақозо этади.

Бунинг учун, авваламбор, давлатнинг иқтисодий соҳага, хўжалик юритувчи тузилмалар, биринчи галда, хусусий сектор фаолиятига аралашувини чеклаш лозим. Шу ўринда савол туғилиши мумкин: бундай вазиятда давлат тизимининг роли нимадан иборат бўлади?

Бу масалада давлатнинг  роли, аввало, иқтисодиётни ривожлантириш борасидаги устувор йўналишларни аниқлашга, қабул қилинган қонунлар ва ҳуқуқий нормаларнинг барча томонидан сўзсиз бажарилишини таъминлашга, ташаббус ва тадбиркорликни рағбатлантиришга, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида рақобат муҳитини қарор топтириш учун зарур ва ҳаммага баробар бўлган шарт-шароитлар яратишга қаратилмоғи даркор.

Қонунлар ижросини таъминлаш, мамлакатда қабул қилинган ва амалда бўлган меъёрий ҳужжатларни ҳаётга жорий қилишда давлат ҳокимият органлари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш муҳим аҳамият касб этади. Биз "Адолат - қонун устуворлигида" деган ҳаётий тамойилга қатъий амал қилиб яшашимиз зарур. Биз учун бундан бошқа йўл йўқ.

Мен шу ўринда илгари ҳам айтган бир фикримни такрорламоқчиман. Шуни унутмайликки, биз давлатнинг назорат функцияларини қанча кучайтирсак, назорат билан шуғулланувчи давлат тузилмалари ва органларини қанча кўпайтирсак, амалдорларнинг зўравонлиги ва коррупция шунча авж олаверади. Шунинг учун биз жамоатчилик назоратини, давлат фаолияти, шу жумладан, унинг куч ишлатувчи тузилмалари фаолияти устидан ҳам жамият назоратини ҳар томонлама кучайтиришга алоҳида эътибор қаратишимиз лозим. Бу масалада бундан бошқа муқобил йўл йўқ.

Ҳаётимизни эркинлаштириш йўналишларининг яна бир муҳим йўли - марказий ва юқори давлат бошқарув идоралари вазифаларини давлат ҳокимиятининг қуйи тузилмаларига фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига босқичма-босқич ўтказа боришни таъминлашдир.

Аслини олганда, биз аллақачон шу йўлдан бормоқдамиз.

Ҳозирнинг ўзидаёқ мамлакат бюджети даромад қисмининг 56 фоизи ва харажат қисмининг 52 фоизини ҳудудий бюджетлар ташкил этмоқда. Шу тариқа давлат бюджетининг даромадлар ва харажатлар билан боғлиқ каттагина қисми ҳудудлар томонидан назорат қилинмоқда.

Агар барча бошқарув масалалари молиявий йўл билан ҳал қилинишини назарда тутадиган бўлсак, мана шу рақамлар ҳудудий ҳокимият тузилмалари ваколатларини кенгайтириш борасида қилинган ишлар салмоғини я??ол кўрсатиб турибди. Ҳеч шубҳасиз, бу жараёнлар янада ривожланиши ва мустаҳкамланиши, самарали усул-услублар ва шаклларга эга бўлиб бориши зарур.

Айнан мустақиллик даврида ҳар томонлама ўзини оқлаган, тобора ҳаётимизда аҳамияти кучайиб бораётган фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари - маҳалла институти, турли жамоат бирлашмалари ҳамда ташкилотларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш масаласи бизнинг доимий эътиборимизда туриши лозим.

Бу масалада фуқаролик институтлари ва ўзини ўзи бошқариш органларини ривожлантириш учун энг мақбул ташкилий-ҳуқуқий механизмларни, яъни тегишли қонунчилик асосини шакллантириш, ташкилий-техникавий, моддий шарт-шароитларни, давлат ва жамоат бирлашмалари ҳамкорлигининг самарали усул-услубларини вужудга келтириш ўта муҳим аҳамият касб этади.

Шу муносабат билан "Жамоат бирлашмалари тўғрисида" қонунга зарур ўзгартишлар киритиш, "Ижтимоий жамғармалар тўғрисида", "Нодавлат нотижорат ташкилотлари ва уюшмалари тўғрисида", "Хайрия фаолияти тўғрисида"ги қонунларни қабул қилиш ҳам муҳим аҳамиятга эга.

Олтинчи устувор йўналиш бу - суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш бўйича бошланган ишларни изчил давом эттиришдан иборат. Бу соҳадаги энг муҳим вазифа суд-ҳуқуқ идораларининг мустақиллиги ва таъсирчан фаолиятини сўзда эмас, амалда таъминлаш бўлмоғи зарур. Судлар том маънода мустақил бўлган ҳолдагина қонунларнинг қатъий ижроси, уларнинг ҳақиқий устуворлиги сўзсиз таъминланади. Қаерда суд мустақил бўлмас экан, шу ерда қонун талаблари ва адолат бузилиши муқаррар.

Қонун устуворлигини, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясини таъминламасдан туриб фуқаролик жамиятини қуриш ҳақида сўз юритишга ҳеч қандай асос қолмайди. Бу тамойиллар Конституциямизда аниқ белгилаб қўйилган, аммо, яширишнинг ҳожати йўқ, улар амалда ҳозирча ўзининг тўлиқ ижросини топмоқда, дея олмаймиз. Бунинг муҳим сабабларидан бири суд ҳокимиятининг етарли даражада самарали фаолият юрита олмаётгани билан боғлиқ.

Шунинг учун ҳам бугунги кунда юридик-ҳуқуқий нормаларни эркинлаштириш ва янгилаш, суд органлари фаоилятининг ташкилий шаклларини такомиллаштириш бўйича ривожланган демократик мамлакатлар тажрибасини ҳар томонлаа чуқур ўрганиб чиқиш долзарб вазифа бўлиб қолмоқда.

Суд ҳокимияти ва оммавий ахборот воситаларининг ўзаро муносабати масаласи ҳам алоҳида ди??ат-эътибор қаратишни талаб этади. Суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишдек кенг миқёсли ўзгаришлар, аввало, ҳар қайси фуқаронинг манфаатини ҳимоялайдиган қонун ва нормалар оммавий ахборот воситалари томонидан таништириб ва ёритиб борилиши зарурлиги ҳақида ҳам айтиб ўтиш лозим.

Чунки айнан оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик фикрига, фуқароларнинг ҳуқуқий онгига таъсир ўтказиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий маданиятини шакллантиришдаги ўрни ва аҳамияти чексиз.

Ҳеч шубҳасиз, бу вазифаларни амалда таъминлашда даъво аризалари ва шикоятларни қабул қилиш ҳамда уларни кўриб чиқиш борасидаги дастлабки жараёнларни янада соддалаштириш муҳим аҳамият касб этади.

Еттинчи устувор вазифа - бу барча ислоҳотларимизнинг бош йўналиши ва самарадорлигининг пировард натижасини белгилаб берадиган инсон омили ва мезонидир.

Бу - демографик ва бошқа миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда кучли ижтимоий сиёсат олиб бориш демакдир.

Ўйлайманки, ижтимоий инфратузилмани, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларини янада ривожлантириш, нафақа билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш, аҳолини экологик ва бошқа хавф-хатарлардан муҳофаза этиш, қисқа қилиб айтганда, одамларимизнинг социал соҳа бўйича талаб ва эътирозларини қондириш масалаларига давлатнинг доимий эътиборини ҳар томонлама кучайтириш лозимлигини исботлаб ўтиришга ҳожат бўлмаса керак.

Бу борада бир нарсани ҳеч қачон хаёлимиздан чиқармаслигимиз керак. Юртимиздаги ҳар қайси вилоят, шаҳар ва қишлоқларимизда шу соҳага атрофлича эътибор берар эканмиз - ҳеч шубҳасиз, аҳолимизнинг, халқимизнинг бунга жавобан миннатдорлигига ва сиёсатимизни қўллаб-қувватлашига эришган бўламиз.

Барчамиз яхши биламизки, фуқаролик жамияти асосларини барпо этишнинг энг муҳим таркибий қисми маънавият ва маърифат соҳасида, шахсни мунтазам камол топтириш борасида узлуксиз иш олиб боришдан иборат.

Бу ҳаётий ҳақиқат биз ҳамиша амал қиладиган тамойилга, жамият ривожининг асоси ва шартига айланмоғи ҳамда ўзида яхлит бир тизимни мужассам этмоғи лозим. Бу тизим марказида маънавият, ахлоқ-одоб, маърифат каби ўлмас қадриятлар турмоғи керак.

Мана шу уч буюк қадриятни халқимиз асрлар давомида ҳамиша эъзозлаб келган. Бизнинг муқаддас динимиз ҳам, бутун Шарқ фалсафаси ҳам бу қадриятларни улуғлаган, уларни ижтимоий тара??иётнинг энг муҳим шартлари деб билган.

Мана шундай чинакам инсоний фазилатларга эга бўлган ёки эга бўлишга интилган одам демократия неъматларининг оддий истеъмолчиси эмас, балки уларнинг фаол яратувчиси ва ҳимоячисига айланади. Ва демократия, фуқаролик жамияти асосларини амалда барпо этиш, инсон ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш мумкин бўлади. Шундагина инсон ўз мамлакатининг том маънодаги муносиб фуқароси бўла олади.

Шу боис ҳам буюк аждодимиз Абу Наср Форобийнинг "Фозил одамлар шаҳри" асаридаги билим ва фан, ахлоқ ва маърифат соҳасида юксак даражага кўтарилган жамиятгина ижтимоий тара??иётда самарали натижаларга эриша олиши мумкин, деган фикрида жуда катта маъно бор.


Азиз дўстлар!

Юқорида зикр этилган муҳим тамойил ва устувор йўналишларнинг барчаси, кўриб турганингиздек, мустақиллигимизнинг дастлабки кунлариданоқ жамият ва давлат қурилишида, уларни янгилаш ҳамда такомиллаштириш борасида босқичма-бос-қич амалга ошириб келаётган изчил сиёсатимизнинг аниқ-равшан ва мантиқий давомидир.

Бошқача айтганда, улар ўз моҳиятига кўра, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий тара??иётимизнинг, бутун дунёда эътироф этилган ўзбек моделининг амалий намоёнидир.

Шу билан бирга, бу устувор йўналишларни бугунги шиддат билан ўзгариб бораётган дунёда хавфсизликка солинаётган таҳдид ва хуружларга нисбатан бизнинг жавобимиз, деб қабул қилмоқ керак. Чунки биз ана шу устувор йўналишларни изчил амалга ошириш натижасида ўзимизнинг асосий мақсадимизга - ривожланган, маърифий,  ҳуқуқий демократик давлатларда мавжуд бўлган ҳаёт даражасига эриша оламиз, юртимиз тинчлиги, Ватанимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини таъминлаш имконига эга бўламиз.


Ҳурматли депутатлар!

Сизлар мамлакатимиз Қуролли Кучларини ислоҳ қилиш бўйича олиб борилаётган амалий ишлардан, ўйлайманки, хабардорсиз. Мен бугун, сизларнинг ижозатингиз билан, мана шу жараёнга доир  масалалар ҳақида батафсил тўхталиб ўтмоқчиман.

Мамлакатимиз сарҳадларининг дахлсизлиги ва ҳудудий яхлитлигини сақлаш, эл-юртимизнинг осуда ҳаётини ишончли ҳимоя қилишга қодир, замонавий қурол-аслаҳа ва техника билан таъминланган, яхши тайёрланган ва бугунги кун талабларига тўлиқ жавоб берадиган, сон жиҳатидан ихчам ва ҳаракатчан Қуролли Кучларни вужудга келтириш - Ўзбекистонимизнинг буюк келажагини барпо этиш йўлидаги энг муҳим вазифаларимиздан биридир.

Мана шундай тамоман янги, профессионал асосдаги армияни шакллантириш бўйича ислоҳотларни амалга ошириш вазифаси бир неча йилдан буён бизнинг ди??ат марказимизда тургани ҳеч кимга сир бўлмаса керак.

Профессионал Қуролли Кучлар деганда биз нимани тушунамиз?

Бундан мақсад шартнома-контракт асосидаги ҳарбий хизматни ўзи учун касб деб биладиган, ҳақиқатан ҳам оғир ва шарафли касб эгаси бўламан, деб интиладиган фуқаролардан ташкил топадиган армияни барпо этишдир.

Содда қилиб айтганда, халқ хўжалигида ҳар қандай мутахассис, мисол учун, қишлоқ  хўжалигида агроном бўладими ёки саноатда муҳандис-инженер, қурилиш соҳасида  қурувчи бўладими, ўз қобилияти ва салоҳиятини қандай  намоён этса, профессионал армияда хизмат қиладиган ҳарбийлар ҳам ўз касб маҳорати ва билимини амалда шундай қўллаш имконига эга бўлсин.

Ҳеч бир касбни камситмаган ҳолда, шуни очиқ айтиш керакки, ҳарбий хизмат кишидан бошқа соҳа мутахассисларига нисбатан кўпроқ мардлик, матонат ва фидойилик  фазилатларини, ўз Ватани олдидаги бурчи ва қасамёдига  содиқликни талаб этади.

Вояга етган ҳар бир йигит,  ҳар бир фуқаро учун Қуролли Кучларимиз сафида хизмат қилиш ўз конституцион бурчини шунчаки адо этишдан иборат бўлмасдан, балки ҳарбий хизмат унинг учун нуфузли ва  шарафли бир ишга айланиши зарур. Токи у ўзи англаб, ўзи танлаб олган мана шу ҳарбий касб эвазига ҳаётдан муносиб ўрин ва эътибор топа олсин.

Ҳарбий хизматнинг қанчалик қийин ва масъулиятли,  айни пайтда давлат ва жамият учун нечоғли зарур эканини ҳисобга олган ҳолда, бу хизмат учун тўланадиган ҳақ  ҳам, рағбату ҳурмат ҳам шунга яраша бўлмоғи керак. Бизнинг ҳарбий қурилиш соҳасида олиб бораётган давлат сиёсатимизнинг асосий мазмун-моҳиятини ҳам ана шунда кўришимиз зарур.

Биз, энг ривожланган мамлакатлар тажрибасига таянган ҳолда, шартнома-контракт асосидаги, яъни ҳар бир ҳарбий хизматчи ва давлат ўртасида шартнома тузиладиган армияни вужудга келтиришимиз керак. Бу шартномада, бир томондан, хизматни ўташнинг барча талаблари, меҳнатга ҳақ тўлаш, ҳарбий соҳа кишиларининг хизмат поғоналари бўйича ўсиш истиқболлари,  уларнинг оилаларини ижтимоий муҳофаза қилиш масалалари ва бошқа шартлар, иккинчи томондан эса, унвони  ёки лавозимидан қатъи назар, ҳар бир ҳарбий хизматчининг мамлакат олдида ўз зиммасига оладиган мажбуриятлари  аниқ белгиланган ва мустаҳкамлаб қўйилган бўлиши керак.


Ҳурматли депутатлар!

Маълум сабабларга кўра, мен бугун ушбу минбардан  туриб, Қуролли Кучларимизни ислоҳ этиш жараёнида қилинаётган ва бундан кейин амалга ошириладиган вазифаларнинг барча жиҳатлари хусусида батафсил гапира олмаслигим табиий.

Шунга қарамай, бизнинг Мудофаа доктринамизга мувофиқ , Мудофаа вазирлиги ва Чегара қўшинлари бўлинмаларини, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий хавфсизлик  хизматининг махсус қисмларини, шунингдек, бошқа  идораларнинг ҳарбий тузилмаларини ўз ичига олган Қуролли  Кучларимизни модернизация  қилиш бўйича сўнгги уч-тўрт  йил мобайнида кўлами ва аҳамияти нуқтаи назаридан улкан ишлар қилинганини таъкидлаб ўтиш зарур.

Қуролли Кучларимизни ислоҳ қилиш борасидаги тадбирлар мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётган хавф-хатарларни чуқур таҳлил этиш асосида, амалга оширилиши мумкин бўлган жанговар  операцияларнинг таркиби ва  йўналиши, хусусияти ва мазмунини, шунингдек, Марказий Осиё минтақасидаги ҳарбий ҳаракатлар майдонининг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга  олган ҳолда ўтказилмоқда.

Қуролли Кучларимизда ислоҳотларни олиб бориш мақсадида ривожланган демократик давлатларнинг бу соҳадаги тажрибаси синчиклаб ўрганилмоқда. Мудофаа ҳамда ҳарбий қурилиш соҳасида давлат сиёсатини амалга оширувчи Мудофаа вазирлиги, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмита, Ички ишлар вазирлиги ва умуман, Қуролли Кучларга алоқаси бўлган  давлат органлари ва ташкилотларининг мақсад-вазифалари қайтадан кўриб чиқилди.  Ўзбекистон Республикасининг  суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини қуролли ҳимоя қилиш борасидаги қарорларни ишлаб чиқадиган ва амалга оширадиган мутлақо янги тизим,  ягона қўмондонлик органи - Қуролли Кучларнинг бирлашган штаби тузилди.

Сизларга маълумки, мана, икки йилдан буён Ўзбекистон Мудофаа вазирлигини ҳарбий бўлмаган шахс бошқариб келмоқда. Бу ва шу йўналишда амалга оширилаётган бошқа тадбирлар Қуролли Кучлар ва  куч ишлатишга қодир бўлган  тузилмалар устидан фуқаролик назорати ўрнатиш мақсадида ўтказилмоқда.

Барча турдаги қўшин ва тузилмаларнинг ўзаро яқин ҳамкорлиги ва самарали бошқаруви йўлга қўйилмоқда, мамлакат хавфсизлигини ҳарбий жиҳатдан таъминлашнинг уюшган яхлит тизими такомиллаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, моддий ва молиявий ресурсларни сезиларли  миқдорда тежаган ҳолда, давлатнинг мудофаа қобилиятини зарур даражада таъминлаш имконини бермоқда.

Замонавий уруш амалиётларида эҳтимоли бор жанговар ҳаракатларни, уларнинг йўналишлари ва мазмун-моҳиятини, шу билан бирга, ҳудудларимизнинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, хавфсизлигимиз ва мамлакатимиз яхлитлигини ишончли ҳимоя қилиш мақсадида асосий ҳарбий-маъмурий бирликлар шаклидаги ҳарбий округлар тузилганини алоҳида айтиб ўтиш керак.

Бугунги кунда Қуролли Кучларни ташкил қилишнинг замон талаб қиладиган тамойилларга асосланган батамом янги тизими жорий этилмоқда. Аввало, қуйи ҳарбий бўлинмаларнинг ташкилий-штат таркиби, уларнинг қуролланиши, низом талаблари, ўзига хос хусусиятлари ҳамда вазифалари қайтадан кўриб чиқилмоқда. Юқори поғоналарда эса ривожланган мамлакатлар тажрибаси асосида бўлинмалар ва махсус операциялар ўтказувчи қисмлар шакллантирилмоқда.

Ҳарбий хизматчиларни тайёрлашнинг бутунлай янги шакллари - сержантлар мактаби, тайёрлов марказлари фаолият қўрсатмоқда. Бу марказларда ўқув жараёнлари компьютер технологияларини қўллаш, моделлаштириш ва симуляция каби турли ҳарбий машқ амалиётларини ўз ичига олган ҳолда таълимнинг замонавий услубларига асосланиб, янгича ўтказилмоқда.

Пировард натижада биз бугунги кунда Қуролли Кучларни ташкил қилишнинг ўзимизга хос моделини яратдик ва уни ҳаётга жорий этмоқдамиз, десак, тўғри бўлади. Шу асосда Қуролли Кучларимизнинг давлат қурилиши тизимидаги роли, сарҳадларимиз дахлсизлиги, мамлакатимизнинг ҳудудий яхлитлигини таъминлашдаги ўрни ва аҳамияти ортиб бормоқда.

Бу соҳада олиб борилаётган катта ишларимизнинг натижаси сифатида одамларнинг, аҳолимизнинг Қуролли Кучларимизга бўлган муносабати ҳам сезиларли даражада ўзгармоқда. Жамоатчилик тафаккурида армиямиз борган сари халқимизнинг узвий бир қисми, миллий давлатчилигимиз ва мустақиллигимизнинг энг асосий бўғинларидан бири сифатида, барчамизнинг ғурур-ифтихоримиз манбаи сифатида намоён бўлмоқда.


Азиз дўстлар!

Биз яхши тушунамиз, Қуролли Кучларимизни ислоҳ этиш ва сифат жиҳатидан янги армияни шакллантириш - бу бир кун ёки бир ойда ҳал бўладиган иш эмас, албатта. Буни исбот қилиб ўтиришга ҳожат йўқ деб ўйлайман. Мазкур масала ҳам давлат тизимини ривожлантириш ва янгилаш каби узлуксиз давом этадиган жараёндир. Бу вазифа бизнинг олдимизга янги-янги муаммоларни қўймоқда. Мен бу борада кечиктирмай ечиш керак бўлган айрим масалалар ҳақидагина тўхталиб ўтмоқчиман.

Биринчидан, шартнома асосидаги ҳарбий хизматни ташкил этиш билан боғлиқ равишда бизнинг олдимизда кескин саволлар пайдо бўлмоқда. Хусусан, шартнома-контракт асосида хизмат қилишга кимлар олинади? Жавоби аён - улар муддатли ҳарбий хизматни ўтаган, шу шароитда чини??ан, таъбир жоиз бўлса, порох ҳидини сезган йигитлар орасидан танлаб олинади.

Ҳақиқатан ҳам, контракт асосига қуриладиган ҳар қандай профессионал армияда ҳарбий тайёргарликка эга бўлган шахс, ҳарбий мутахассислар билан битим тузилади. Қисқаси, ҳар қандай профессионал армиянинг ўзагини ҳарбий тайёргарликдан ўтган кишилар ташкил этади.

Бугунги кунда милицияга, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига одатда армия мактабини ўтаган ёшлар қабул қилинишини ҳам ҳисобга олсак, ҳарбий малакага эга бўлган кишиларга эҳтиёж нечоғли катта экани маълум бўлади. Шу билан бирга, сарҳадларимиз ва минтақамизда кутилмаган вазиятлар юзага келиши ва кескинлашуви мумкинлигини инобатга олиб, бундай ҳолатларга шай туриш учун муайян заҳирага эга бўлиш асло ортиқчалик қилмайди.

Шу ўринда эътиборингизни бу борадаги иккинчи муҳим масалага қаратмоқчиман. Барчангизга яхши маълумки, фуқаролар йилига икки марта муддатли ҳарбий хизматга чақирилади. Бироқ армия ёшидаги, яъни соғлиғи ва бошқа жиҳатларига кўра муддатли ҳарбий хизматга яроқли фуқаролар сони хизматга сафарбар этилиши лозим бўлган йигитларимиз сонидан анча кўп, ҳатто айтиш мумкинки, 3-4 баробар ортиқдир.

Бу ҳол, ҳеч кимга сир эмаски, субъективизм учун қулай имконият туғдиради, аниқроғи, ўзбошимчалик, турли қонунбузарлик иллатларининг юзага чиқиши учун шароит яратади.

Лўнда қилиб айтганда, бугун шундай вазият юзага келганки, туман мудофаа ишлари бўлими раҳбарлари ва чақирув комиссиялари кимни хизматга чиқаришни, кимга эса чақирув муддатини узайтириб бериш ёки уни умуман чақирувдан четда қолдириш, баъзида эса муайян манфаатдорлик эвазига армиядан бутунлай озод қилиш масаласини ўзларича ҳал этмоқда.

Яқинда жойларда ўтказилган махсус текширув натижалари шуни кўрсатдики, амалдаги муқобил хизматни ташкил қилиш ва уни ўташ масаласида жуда кўп қонунбузарликларга йўл қўйилмоқда.

Масалан, Фарғона, Андижон, Самарқанд, Қашқадарё, Хоразм вилоятлари ва Тошкент шаҳридан 2002 йилнинг баҳорида чақирилган ёшларнинг қарийб учдан бир қисми аслида мутлақо соғлом бўлгани ҳолда, ҳарбий хизматга қисман яроқли деб топилган ва асоссиз равишда муқобил хизматга йўлланган. Ваҳоланки, уларнинг соппа-соғ экани аввалроқ чақирувчиларни дастлабки рўйхатга олиш комиссияси томонидан тасдиқланган.

Афсуски, армияга чақирилаётган айрим фуқаролар томонидан муқобил хизмат ҳуқуқини берувчи қалбаки, сохта ҳужжатларни тақдим қилиш ҳоллари ҳам кўп учрайди. Муқобил хизматни ўтаётганлар тегишли корхона ва ташкилотларда ишламасдан, шунчаки номига рўйхатда туриши, Мудофаа вазирлигининг муқобил хизмат бўлимларига сохта маълумотномалар тақдим этаётгани тўғрисида жуда кўп далиллар мавжуд.

Бундай ҳолат биздан муқобил хизмат тизимини тубдан қайта кўриб чиқишни, ҳарбий хизматга чақирув пайтида рўй бераётган бундай хунук ҳолатларга, бундай бемаза ишларга бутунлай чек қўйиш учун кескин чоралар кўришимизни талаб этади. Шу мақсадда 1992 йили қабул қилинган “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисидаҳамда “Муқобил хизмат тўғрисида”ги қонунларни мутлақо қайтадан кўриб чиқиш лозим. Армияга чақирувнинг шундай тизим ва усул-услубларини шакллантириш керакки, улар биринчи галда ҳар қандай қонунбузарликнинг олдини олишга хизмат қилсин.

Чақирув ва ҳарбий хизматни ўташ тизимини ўзгартириш заруратини тара??ий топган давлатларнинг тажрибаси ҳам кўрсатиб турибди. Ўйлайманки, бу тажрибани ди??ат билан ўрганиб чиқиш, унинг энг яхши, илғор ва ўзимизга мос жиҳатларидан фойдаланиш ҳар томонлама мақсадга мувофиқ бўлур эди.

Бугун эса мана шу юксак минбардан туриб, сизларнинг эътиборингизни Қуролли Кучларимизни ислоҳ этишнинг энг муҳим масалаларидан бирига қаратмоқчиман ва барчамизни ўйлантирадиган саволларни ўртага қўймоқчиман.

Қани, айтинг, азиз дўстлар, биродарлар, қандай қилсак, армияда хизмат қилиш том маънодаги нуфузли ишга айланади? Қандай қилсак, ёшларимиз ўртасида армия хизматидан бўйин товлаш эмас, аксинча, унинг сафидан жой олишга интилиш кучаяди? Қандай қилсак, мустақил ҳаётга қадам қўяётган ёш авлоднинг энг муносиб вакиллари армияга танлаб олинадиган бўлади?

Албатта, бу оғир саволларга жавоб топиш осон эмас ва бунинг устида барчамиз бош қотиришимиз зарур. Мен бугун фурсатдан фойдаланиб, бу муаммоларнинг ечими тариқасида бир таклифни ўртага қўймоқчиман. Яъни, болаларимиз, фарзандларимизнинг Қуролли Кучларда хизмат ўташ муддатини 18 ойдан 12 ойга, лўнда қилиб айтганда, бир йилгача қисқартиришни таклиф қиламан.

Ушбу таклиф негизида қандай муҳим далиллар мавжудлигини алоҳида айтиб ўтмоқчиман.

Биринчи далил. Илғор мамлакатлар тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, ёш йигитнинг тўлақонли билим олиши - қишки, ёзги, кузги ҳарбий тайёргарликдан ўтиши, энг замонавий қуролларни ишлатиш ва жанговар ҳаракатлар олиб бориш кўникмаларига эга бўлиши учун - 12 ой кифоя қилади. Энг муҳими, у армияда керакли ҳарбий билим олади, ҳар томонлама пишиб, чиниқади. Бир йиллик муддатнинг етарли эканини армиядаги хизмат даври 12 ойдан ошмайдиган Германия, Дания, Испания, Польша, Австрия каби мамлакатлар тажрибаси ҳам тасдиқлайди.

Иккинчи далил. Агар биз ҳарбий хизматнинг иссиқ-совуғини ҳисобга оладиган бўлсак, ҳар ҳолда, 12 ой - 18 ой дегани эмас. Айтайлик, ота-она учун ўғлининг армиядан бир ярим йилда қайтгани қандай-у, бир йилда қайтгани қандай. Ўз-ўзидан аёнки, бундай шароитда ёш йигитлар ўз хоҳиши билан, айтиш мумкин, кўпроқ катта ҳавас ва иштиёқ билан армияга интилади. Бу жуда муҳим омилдир.

Учинчи далил. Ҳарбий хизматнинг янги, анчагина қисқарган муддати ҳаётга қадам қўяётган ёш йигитларимизга шу муддат мобайнида ўз ҳаёт  йўлини белгилаб олиши учун етарли бўлади. Ва ўзининг келажагини аниқ танлаб олиш - ҳарбий касб бўладими ёки фуқаролик касби бўладими - унинг ўзига ҳавола.

Тўртинчи далил. Яна шу нарса муҳимки, хизмат муддатининг қисқариши натижасида совет замонидан қолиб келаётган “эски хизматчилар” ва “янги келганлар” деган бемаъни тушунчаларга, агар улар бугун гоҳ-гоҳ учрайдиган бўлса ҳам, бундан кейин бутунлай барҳам берилади, аскарлар жамоасида соғлом ва илиқ муносабатлар кучаяди.

Яна бир масала - муқобил хизмат ҳақида. Бундай хизматнинг шаклини ўзгартиришни ҳаётнинг ўзи тақозо этмоқда. Ҳар ҳолда, ҳозирги пайтда амалда бўлган муқобил хизмат шакли ўзини оқламаяпти. Буни рўй-рост тан олиш керак.

Шу муносабат билан ҳарбий ва граждан экспертлардан иборат махсус комиссия тузиш мақсадга мувофиқ бўлур эди. Ушбу комиссия Қуролли Кучларимизга чақирув ва муддатли ҳарбий хизматни ўташнинг янги концепциясини ишлаб чиқиши лозим.

Мазкур концепцияда биринчи галда биз намуна олишимиз мумкин бўлган мамлакатлар тажрибасида бу вазифалар қандай ҳал этилганига эътибор қаратиш зарур.

Бу масалада тарихимизнинг энг мураккаб даврларида Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган, командирлик ва аскарлик борасида бой тажрибага эга бўлган фахрийларимизнинг фикр-мулоҳазаларини ҳам инобатга олиш керак.

Шунингдек, мустақил Ўзбекистон Қуролли Кучлари сафида хизмат қилиб қайтган ёки хизматни ўтаётган йигитларимизнинг ҳам таклифларини ўрганиш фойдадан холи бўлмайди.

Шу билан бирга, мазкур комиссияга мамлакатимизда Қуролли Кучлар захираси, яъни резервчилар институтини ташкил этиш концепциясини ишлаб чиқиш вазифасини топшириш керак. Ушбу концепцияда резерв хизмати самарали фаолият кўрсатаётган тара??ий топган мамлакатларнинг тажрибасини чуқур ўрганиш асосида резервчилар тузилмаларини шакллантириш принциплари, уларнинг мақоми, вазифалари, тинчлик даврида ҳам, уруш шароитида ҳам мамлакат мудофаа қудратини мустаҳкамлашда улардан самарали фойдаланиш усул-услублари белгилаб берилиши даркор.

Бу концепциялар ҳар томонлама пухта ишлаб чиқилганидан кейин ҳарбий хизмат билан боғлиқ қонунларни қайта кўриб чиқишда, зарурат туғилганда эса, янги қонун лойиҳаларини тайёрлашда асос бўлиб хизмат қилиши керак.

Ўйлайманки, бу ишлариннг барчасини қисқа муддатда бажариш мумкин ва лозим.


Қадрли ватандошлар!

Мен юқорида билдирган фикримни яна бир бор такрорлаб айтмоқчиман. Биз Ўзбекистон мустақиллигининг нисбатан қисқа мана шу тара??иёт даври мобайнида кўп асрлик тарихимизнинг синов ва сабоқларга бениҳоя бой бўлган ғоят мураккаб, лекин шарафли босқичидан ўтдик.

Энг муҳими, энг асосийси - халқимиз ўзининг сабру матонатини, донишмандлигу бағрикенглигини, меҳнатсеварлик фазилати ва бунёдкорлик қудратини, белгиланган мақсад сари, аввало, ўз кучи ва салоҳиятига таянган ҳолда қатъият билан боришга қодир эканини бутун дунёга намоён этди.

Бугун олдимизда янада юксак марралар турибди.

Юқорида зикр этилган муҳим вазифалар, тамойил ва устувор йўналишлар, очиқ айтиш керакки, жамоатчилигимиз, халқимиз учун янгилик эмас. Бу вазифаларни амалга оширишни мустақилликнинг биринчи кунларидан бошлаб мамлакатимизда олиб борилаётган демократик ва бозор ислоҳотларини мантиқий ва изчил давом эттириш зарурати тақозо этмоқда.

Биз олдимизда турган бу йўналишларни бир-бири билан узвий боғлиқ бўлган, ягона тизим сифатида ифода этилган мақсад ва вазифалар дастури, деб қабул қилсак, асло хато бўлмайди.

Бу дастурни, маъно-моҳиятига кўра, Ўзбекистонни янгилаш ва тара??ий топтириш йўлидаги ҳаракатларимизни ўзида мужассам этган, ҳар томонлама чуқур ўйланган, пухта ишлаб чиқилган стратегик дастур, деб қабул қилишимиз керак.

Бу устувор вазифаларни амалга ошириш, аввало, ўзимизга, олижаноб мақсад-муддаоларимиз сари оғишмай, қатъият билан боришимизга, ташаббус ва тадбиркорлигимизга, ҳар биримизнинг Ватан ва халқ олдидаги фарзандлик бурчимизни нечоғли масъулият билан адо этишимизга боғлиқ.

Шу фурсатдан фойдаланиб, мен барчангизни бир нарсага даъват этмоқчиман.

Биз бугун барпо этаётган янги ҳаёт, янги жамиятни, авваламбор, ўзимиз учун, униб-ўсиб келаётган, бугун бошлаган ишларимизни эртага давом эттиришга қодир бўлган болаларимиз учун қурмоқдамиз.

Ҳеч шубҳасиз, биз бугун ҳаётга кириб келаётган янги навқирон авлодимизга, насл-насабимиз давомчиларига қандай орзу-умид билан қараётган бўлсак, келажакда улар ҳам бизга - ўз ота-оналарига худди шундай ғурур ва ифтихор билан қарашини истаймиз, шуни ҳавас қиламиз.

Менинг даъватим, азиз дўстлар, биродарлар - мана шундай юксак ҳурмат-эҳтиромга муносиб бўлайлик, шунинг учун курашайлик, бу мақсадга етишиш учун бутун борлиғимизни бахшида этайлик.

Сўзимнинг ниҳоясида барчангизни Ватанимиз истиқлолининг ўн бир йиллик қутлуғ байрами билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман. Сизларга сиҳат-саломатлик, ишларингизга омад, хонадонларингизга файзу барака тилайман.