Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

"1941 - 1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги" юбилей медалларини ва пул мукофотини топшириш тартиби тўғрисида Низом (ЎзР ВМ 15.04.2010 й. 71-сон қарорига илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2010 йил 15 апрелдаги

71-сон қарорига

ИЛОВА



"1941 - 1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги

Ғалабанинг 65 йиллиги" юбилей медалларини ва

пул мукофотини топшириш тартиби тўғрисида

НИЗОМ



1. Мазкур Низом Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Иккинчи жаҳон урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги нишонланиши муносабати билан 1941 - 1945 йиллардаги уруш қатнашчилари ва ногиронларини мукофотлаш тўғрисида" 2010 йил 24 мартдаги ПФ-4207-сон Фармонига (кейинги ўринларда Фармон деб аталади) мувофиқ "1941 - 1945 йиллардаги Улуғ Ватан урушидаги Ғалабанинг 65 йиллиги" юбилей медалларини (кейинги ўринларда юбилей медали деб аталади) ва пул мукофотини топшириш тартибини белгилайди.


2. Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳарбий қисмларда, штабларда ва ҳаракатдаги армия таркибига кирган муассасаларда ҳарбий хизматни ўтаган уруш қатнашчилари ва ногиронлари, шунингдек уларга тенглаштирилган:

а) 1941 йил 22 июндан 1945 йил 9 майгача (кейинги ўринларда уруш йилларида деб аталади) қирувчи батальонлар, аҳолини ҳимоя қилиш взводлари ва отрядлари таркибида собиқ СССР ҳудудида жанговар ҳаракатларда иштирок этган шахслар;

б) уруш йилларида партизан отрядлари ва қўшилмаларида ёхуд яширин ишларда бўлган шахслар;

в) уруш йилларида ҳаракатдаги армия таркибида ёки жанговар ҳаракатлар районларида хизматни ўтаган собиқ СССР Ички ишлар вазирлиги органлари ҳамда Давлат хавфсизлик қўмитаси органларининг бошлиқлар ва оддий аскарлар таркибига кирган шахслар;

г) уруш даврида ҳаракатдаги армия ҳамда флот қисмлари ва бўлинмалари таркибида балоғат ёшига етгунга қадар полк ўғли ёки юнга сифатида бўлган шахслар;

д) фронт яқинидаги темир йўл участкалари, уруш йилларида жанговар ҳаракатлар районларида мудофаа иншоотлари, ҳарбий-денгиз базалари, аэродромлар ва бошқа ҳарбий объектлар барпо этиш ишларида қатнашган ходимлар;

е) уруш йилларида ҳаракатдаги армия таркибида ёлланиб ишлаган шахслар;

ж) уруш йилларида фашистларнинг концлагерларида (гетто ва бошқа мажбурий сақлаш жойларида) бўлган шахслар (тутқунлар, шу жумладан, болалар);

з) Ленинград шаҳри қамали даврида шаҳар корхоналари, муассасалари ва ташкилотларида ишлаган ва "Ленинград мудофааси учун" медали билан тақдирланган, шунингдек "Қамалдаги Ленинградда яшаганга" нишони билан тақдирланган шахслар юбилей медали ва пул мукофоти билан тақдирланиш ҳуқуқига эга.


3. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Давлат божхона қўмитасининг ҳудудий бўлинмалари мудофаа ишлари ҳудудий бўлинмаларига мазкур Низомнинг 2-бандида санаб ўтилган шахслар рўйхатларини тақдим этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги тақдим этилган рўйхатларга мувофиқ медалларнинг зарур миқдорини ҳудудлар бўйича тақсимлайди.


4. Мукофотланувчилар рўйхатлари уларнинг фронтларда жанговар ҳаракатларда қатнашганлигини, уруш йилларида Қуролли Кучларда хизмат қилганлигини, концлагерларда бўлганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар, шунингдек мукофотлаш ҳужжатлари, уруш қатнашчиси гувоҳномалари асосида тузилади.

Ушбу Низомнинг 3-бандида санаб ўтилган идораларнинг ҳар бири ўзларининг ҳисобида турган уруш қатнашчилари ва ногиронлари бўйича рўйхатлар тузадилар.


5. Юбилей медали ва пул мукофоти билан мукофотланувчилар рўйхатига:

Фармон чиққунга қадар вафот этган;

Ўзбекистон Республикасида яшовчи, лекин бошқа мамлакатлар ҳисобига пенсия олувчи шахслар киритилмайди.

Юбилей медали ва пул мукофоти олиш ҳуқуқига Фармон чиққан кунда эга бўлган шахс вафот этган тақдирда медаль ва пул мукофоти унинг оила аъзоларига топширилади.


6. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмаларида ҳисобда турган Иккинчи жаҳон уруши ногиронлари ва қатнашчилари ҳамда уларга тенглаштирилган шахслар бўйича:

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан юбилей медаллари топшириш юзасидан икки нусхада рўйхатлар тузилади ҳамда бир нусхадан туман (шаҳар) мудофаа ишлари бўлимларига ва ҳокимликларга берилади;

пул мукофотлари билан мукофотланадиган шахслар рўйхатлари Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари томонидан 200 000 (икки юз минг) сўм суммаси кўрсатилган ҳолда икки нусхада тузилади, уларнинг бир нусхаси туман (шаҳар) алоқа узелларига берилади, иккинчи нусхаси эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимида қолади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари мукофотланадиганлар сони тўғрисидаги маълумотларни умумлаштириш ва ҳудудлар бўйича мукофотланадиганлар сони тўғрисида йиғма маълумотлар тузиш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ҳудудий бўлинмалари орқали Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппаратига тақдим этадилар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг ижро этувчи аппарати ҳудудлар бўйича мукофотланадиганлар сони тўғрисидаги маълумотларни белгиланган тартибда молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги пул мукофотларини молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига республика бюджетидан зарур маблағлар ажратади.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимлари пул мукофотларини тўлаш бўйича маблағларни "Ўзбекистон почтаси" очиқ акциядорлик жамиятининг почта алоқа узеллари ҳисоб рақамларига ўтказадилар.

Тўловлар амалга оширилгандан кейин почта алоқа узеллари амалда тўланган маблағлар суммаси ва пул мукофотлари олганлар сони тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман (шаҳар) бўлимларига ҳисобот берадилар.

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси тўловлар амалга оширилгандан кейин ўн кун мобайнида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигига пул мукофоти тўлови тўғрисида ҳисобот тақдим этади.


7. Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитаси орқали пенсия олувчи, мазкур Низомнинг 2-бандида кўрсатилган шахсларга пул мукофоти тўловлари ушбу идораларнинг таркибий бўлинмалари томонидан амалга оширилади.


8. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул мукофотларини тўлаш учун туман (шаҳар) алоқа узелларини ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати ва Давлат божхона қўмитасининг тегишли таркибий бўлинмаларини нақд пул маблағлари билан ўз вақтида таъминлаш чора-тадбирларини амалга оширади.


9. Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларига медаллар ва пул мукофотларини Ўзбекистон Республикаси Президенти номидан топшириш тантанали вазиятда, мудофаа ишлари бўлинмалари, уруш ва меҳнат фахрийлари кенгашлари вакиллари иштирокида Мудофаа вазири, Ички ишлар вазири, Миллий хавфсизлик хизмати раиси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқарғи Кенгеси Раиси, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимлари томонидан амалга оширилади.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2010 йил, 14-15-сон, 112-модда.