Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича ҳудудий комиссиялар тўғрисида Намунавий низом (ЎзР ВМ 16.10.2012 й. 295-сон қарорига 3-илова)

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

Вазирлар Маҳкамасининг

2012 йил 16 октябрдаги

295-сон қарорига

3-ИЛОВА



Географик объектларни номлаш

ва қайта номлаш масалалари бўйича

ҳудудий комиссиялар тўғрисида

НАМУНАВИЙ НИЗОМ


I. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР


1. Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, туманлар ва шаҳарлар комиссиялари (кейинги ўринларда ҳудудий комиссиялар деб аталади) географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалаларини кўриб чиқувчи, шунингдек "Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талабларининг бажарилишини назорат қилувчи махсус органлар ҳисобланади.


2. Ҳудудий комиссиялар ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ва қонунларига, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қарорларига, Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари, қарорлари ва фармойишларига, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарорлари ва фармойишларига, шунингдек ушбу Намунавий низомга амал қиладилар.

Ҳудудий комиссияларнинг таркиби манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарлари ҳамда ходимларидан, фуқаролик жамияти институтлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакилларидан, шунингдек, фан ва маданият арбобларидан, экспертлардан, ҳудуд тарихини биладиган тажрибали мутахассислардан (ўлкашунослардан) ҳамда тегишли фаолият соҳаларида махсус билимларга эга бўлган бошқа шахслардан шакллантирилади.

Ҳудудий комиссиялар аъзоларининг шахсий таркиби ва улар тўғрисидаги низомлар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимлари томонидан тасдиқланади.



II. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

ВАЗИФАЛАРИ ВА ФУНКЦИЯЛАРИ


3. Қуйидагилар ҳудудий комиссияларнинг асосий вазифалари ҳисобланади:

географик объектларнинг Ўзбекистон халқининг тарихий-маданий қадриятлари ва мероси билан боғлиқ номлари асралишини таъминлаш, уларнинг асоссиз қайта номланишининг олдини олиш;

географик объектларни Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ҳамда менталитетига ёт бўлган номлар билан қайта номлашга ва уларга ном беришга йўл қўймаслик;

географик объектларни номлаш ва қайта номлашда маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларини истисно қилиш.


4. Ҳудудий комиссиялар ўзларига юкланган вазифаларга мувофиқ қуйидаги функцияларни бажарадилар:

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганишни ташкил этадилар ҳамда тегишли хулосалар берадилар, уларни ушбу таклифларни киритган туманлар, шаҳарлар ҳокимларига жўнатадилар;

қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан тизимли мониторинг олиб борадилар;

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнида топонимик тадқиқотлар натижаларидан, картографик ва архив материалларидан фойдаланган ҳолда комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқадилар;

географик объектларни асоссиз қайта номланишининг, уларга Ўзбекистон халқининг миллий анъаналари ва менталитетига ёт бўлган номлар берилишининг олдини олиш, ушбу соҳада маҳаллийчилик, ошна-оғайнигарчилик, хизмат мартабасини суиистеъмол қилиш ҳолларига йўл қўймаслик мақсадида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнининг холисона ҳамда ошкора бўлишини таъминлаш бўйича комплекс тадбирларни ишлаб чиқадилар ва тасдиқлайдилар;

ўз ваколатлари доирасида географик объектларнинг номларидан фойдаланиш ва уларни асраш юзасидан назоратни амалга оширадилар;

"Географик объектларнинг номлари тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қоидаларини самарали бажаришга қаратилган бошқа функцияларни амалга оширадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар комиссиялари ўз ваколатлари доирасида туманлар, шаҳарлар, шаҳарчалар, қишлоқлар, овуллар, аҳоли пунктлари ва уларнинг таркибий қисмларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайдилар.

Тошкент шаҳар комиссияси аҳоли пунктларининг таркибий қисмларини номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларнинг давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминлайди.


III. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

ҲУҚУҚЛАРИ ВА ЖАВОБГАРЛИГИ


5. Ҳудудий комиссиялар уларга юкланган вазифаларнинг ижро этилишини таъминлаш учун қуйидаги ҳуқуқларга эга:

давлат ва хўжалик бошқаруви органларидан, маҳаллий давлат ҳокимияти органларидан, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлардан географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун зарур бўлган маълумотларни белгиланган тартибда сўраш ва олиш;

илмий ёндашув ва холисликни таъминлаш мақсадида географик объектларни номлаш ва қайта номлаш тўғрисидаги таклифларни атрофлича ўрганиш учун вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, корхоналар, муассасалар ҳамда ташкилотлар мутахассисларини, етакчи олимларни, фан ва маданият арбобларини, шунингдек, тажрибали тарихчи, этнограф, географ, тилшунос-топонимист, ўлкашуносларни фаол жалб этиш;

ўз ваколатига кирувчи масалалар бўйича давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари раҳбарларининг ҳисоботларини эшитиш.


6. Ҳудудий комиссиялар ўзларига юкланган вазифалар ва функцияларнинг самарали бажарилиши учун жавоб берадилар.

Ҳудудий комиссиялар ўз фаолияти тўғрисида ҳар йили тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига ҳисобот берадилар.

Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссиялари ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида Географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича республика комиссиясига ахборот тақдим этадилар.

Туманлар ва шаҳарлар комиссиялари ҳар чоракда ўз фаолияти тўғрисида тегишли равишда географик объектларни номлаш ва қайта номлаш масалалари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар комиссияларига ахборот тақдим этадилар.



IV. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯЛАРНИНГ

ФАОЛИЯТИНИ ТАШКИЛ ҚИЛИШ


7. Ҳудудий комиссияга унинг раиси ҳисобланадиган Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Раиси, вилоят, туман, шаҳар ҳокими бошчилик қилади.


8. Ҳудудий комиссия раиси:

ҳудудий комиссия фаолиятига умумий раҳбарлик қилади ва унга юкланган вазифаларнинг бажарилиши учун шахсан жавоб беради;

ҳудудий комиссия аъзоларининг вазифаларини белгилайди ва уларга юкланган вазифаларни бажариш ишларини мувофиқлаштиради;

ҳудудий комиссиянинг иш режаларини, тушган ҳужжатларни кўриб чиқиш жадвалларини тасдиқлайди;

ҳудудий комиссия мажлисларининг кун тартибини ва чақирилишини белгилайди;

ҳудудий комиссия томонидан қабул қилинган қарорларнинг бажарилиши юзасидан назоратни ташкил этади;

ҳудудий комиссиянинг самарали ишлашини таъминлаш бўйича бошқа ишларни амалга оширади.


9. Ҳудудий комиссиянинг аъзолари:

ҳудудий комиссия мажлисларида кўриб чиқиладиган масалаларни муҳокама қилишда, тегишли қарорлар қабул қилишда ва ижросини таъминлашда иштирок этадилар;

ҳудудий комиссияга географик объектларни номлаш ва қайта номлашнинг долзарб масалалари бўйича таклифлар киритадилар;

ҳудудий комиссия томонидан муҳокама қилинадиган масалалар бўйича хулосалар тақдим этадилар.

Ҳудудий комиссия аъзолари комиссиядаги ўз фаолиятини жамоатчилик асосида амалга оширадилар.


10. Ҳудудий комиссия котиби:

ҳудудий комиссиянинг навбатдаги мажлисига барча зарур ҳужжатларнинг ўз вақтида тайёрланишини таъминлайди;

кун тартибидаги масалалар бўйича ҳудудий комиссиянинг мажлислари ўтказилишини ташкил этади;

мажлисларнинг ўтказиладиган вақти ва жойини, шунингдек таклиф этиладиганлар таркибини ҳудудий комиссия раиси билан келишади;

ҳудудий комиссия аъзоларини ва таклиф этилган шахсларни мажлиснинг ўтказиладиган санаси, вақти, жойи тўғрисида хабардор қилади;

ҳудудий комиссия қарорларининг бажарилиши мониторингини юритади ва унинг натижаларини комиссия мажлисида кўриб чиқиш учун тақдим қилади;

ҳудудий комиссиянинг баёнларини расмийлаштиради ва тасдиқланган баёнларни ҳудудий комиссиянинг аъзоларига ҳамда бошқа манфаатдор ташкилотларга жўнатади.

10-1. Кадастр агентлиги ҳузуридаги Давлат кадастрлари палатасининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бошқармалари ҳамда туман (шаҳар) филиаллари ҳудудий комиссияларнинг ишчи органи (кейинги ўринларда - Ишчи орган) ҳисобланади.

10-2. Ишчи орган:

ҳудудий комиссияларнинг мажлислари учун мавжуд географик объектлар ҳақида ҳамда кун тартибидаги масалалар бўйича зарур маълумотларни ўз вақтида тақдим этади;

географик объектларни номлаш ва қайта номлаш жараёнида тегишли картография материалларини ҳудудий комиссияларга киритади;

географик объектларнинг номларини хатловдан ўтказишда иштирок этади;

ҳудудий комиссияга географик объектларни номлаш ва қайта номлаш бўйича таклифлар киритади.

Ишчи орган қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ бошқа вазифаларни ҳам амалга ошириши мумкин.

11. Ҳудудий комиссия ўз фаолиятини тасдиқланган режа асосида амалга оширади ва мажлисларни заруратга қараб ўтказади. Ҳудудий комиссия раиси томонидан навбатдан ташқари мажлислар чақирилиши мумкин.

12. Ҳудудий комиссиянинг мажлисини унинг раиси олиб боради. Ҳудудий комиссия раиси бўлмаган тақдирда мажлисни комиссия аъзоларидан бири бошқаради.

Ҳудудий комиссиянинг мажлиси унинг аъзоларининг камида учдан икки қисми қатнашганда қонуний ҳисобланади.

Мажлисни ўтказиш учун кворум йиғилмаган тақдирда, ҳудудий комиссиянинг янги мажлиси ўтказиладиган сана эълон қилинади. Янги мажлисни ўтказишда кун тартибини ўзгартиришга йўл қўйилмайди.


13. Ҳудудий комиссиянинг мажлисига кўриб чиқиладиган масалаларнинг хусусиятига қараб давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, бошқа ташкилотларнинг раҳбарлари ҳамда мутахассислари таклиф этилиши мумкин.



V. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯ ТОМОНИДАН ҚАРОРЛАР

ҚАБУЛ ҚИЛИШ ВА УЛАРНИНГ БАЖАРИЛИШИНИ

ТАШКИЛ ЭТИШ


14. Ҳудудий комиссиянинг қарори мажлисда қатнашаётган ҳудудий комиссия аъзоларининг оддий кўпчилик овози билан қабул қилинади. Овозлар тенг бўлган тақдирда, ҳудудий комиссия раисининг овози ҳал қилувчи ҳисобланади.

Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар ҳудудий комиссияларининг узил-кесил қарорни қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси "Ергеодезкадастр" давлат қўмитаси томонидан ўтказиладиган экспертиза хулосаси инобатга олинади.

Ҳудудий комиссиянинг ҳар бир аъзоси қабул қилинадиган қарорлар бўйича ўз фикрини ёзма равишда билдиришга ҳақлидир.


15. Ҳудудий комиссиянинг раиси тегишли масала юзасидан тезкор қарор қабул қилиш зарурати туғилганда, комиссия аъзолари фикрини сўров ўтказиш йўли билан билиши мумкин.

16. Ҳудудий комиссия қарорлари мажлис баёни шаклида расмийлаштирилади ва комиссия раиси томонидан тасдиқланади.

17. Ҳудудий комиссия протоколининг асл нусхаси ва унга тегишли материаллар тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликларининг ижро этувчи аппаратида сақланади.


18. Ҳудудий комиссия котиби комиссия аъзолари ёрдамида комиссия қарорларининг бажарилишини мунтазам ўрганиб боради, зарурат бўлганда, ҳудудий комиссия раисига тегишли таклифлар киритади.


19. Ҳудудий комиссия қабул қилинган қарорларнинг бажарилишини мунтазам равишда ўз мажлисларида кўриб чиқади.


20. Ҳудудий комиссиянинг иш тартиби Регламент билан белгиланади. Регламент ҳудудий комиссия томонидан қабул қилинади.


21. Ҳудудий комиссияга тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқиш муддати уч ойдан ошмаслиги керак.



VI. ҲУДУДИЙ КОМИССИЯНИНГ АТРИБУТЛАРИ


22. Ҳудудий комиссиялар белгиланган намунадаги, ўз номи ёзилган бланкларга эга бўладилар ва тегишли равишда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар ҳокимликларининг муҳридан фойдаланадилар.



"Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами", 2012 йил, 41-42-сон, 483-модда