Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 04.12.2008 й. 570-I-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги давлат бюджети тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ СЕНАТИНИНГ

ҚАРОРИ

04.12.2008 й.

N 570-I




ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

2009 ЙИЛГИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан 2008 йил 13 ноябрда тақдим этилган Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилги Давлат бюджетини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикасининг 2009 йилга мўлжалланаётган макроиқтисодий кўрсаткичлари, солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари ҳамда Давлат бюджети параметрлари маъқуллансин, шунингдек Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгилансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:

макроиқтисодий ва молиявий барқарорликни, иқтисодиётнинг изчил ва мутаносиб ўсиш суръатларини таъминлашга, аҳолининг даромадлар даражаси ва турмуш фаровонлигини оширишга ҳамда инфляция суръатларини мақсадли прогноз кўрсаткичлар доирасида сақлашга қаратилган иқтисодий ислоҳотларни амалга оширишни давом эттирсин;

мамлакатда ишлаб чиқарилаётган товарлар ва кўрсатилаётган хизматларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида инвестиция жараёнларини рағбатлантириш орқали иқтисодиётда унинг етакчи тармоқлари ишлаб чиқаришини модернизациялаш, техника ва технология жиҳатидан янгилаш дастурлари бажарилаверишини қамраб олувчи тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни давом эттирсин;

инвестиция муҳитини яхшилашга ҳамда иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини оширишга, янги иш ўринлари яратишни рағбатлантиришга кўмаклашувчи иқтисодиётга тушаётган солиқ юкини камайтириш ва солиқ бошқаруви тизимини янада соддалаштириш, солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг барқарорлигини таъминлаш юзасидан чора-тадбирлар кўрсин;

Суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастурини амалга оширишни, шунингдек унумдорлиги паст ерларда ва ноқулай табиий-иқлим шароитларида пахта етиштираётган фермер хўжаликларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашни давом эттирсин;

маҳаллий бюджетларнинг дотацияга боғлиқлик даражасини камайтириш, бюджетлараро муносабатларни янада такомиллаштириш чора-тадбирларини кўрсин;

бюджет маблағлари мақсадли ва манзилли ишлатилиши устидан қаттиқ назорат қилиб борилишини таъминлаш мақсадида Давлат бюджетининг ғазна ижроси тизимини такомиллаштириш, молиялаштиришнинг бюджетдан ажратилган маблағлардан фойдаланиш самарадорлигини ошириш имконини берувчи норматив усулларини жорий этишни кенгайтириш ҳисобига харажатларни мақбуллаштириш ишларини давом эттирсин;

Давлат бюджети тақчиллигини 2009 йил 1 январь ҳолатига кўра республика бюджети айланма касса маблағларининг зарур ҳажмидан ортиқча эркин қолдиқлари ва бошқа ноинфляцион манбалар ҳисобидан молиялаштирсин.


3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Давлат бюджети даромадлари ва харажатларининг тасдиқланган кўрсаткичлари бажарилишини таъминласин, минтақаларнинг солиқ базасини кенгайтириш ва иқтисодий салоҳиятини ошириш юзасидан зарур чоралар кўрсин, бюджет маблағларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан қаттиқ ва таъсирчан назорат ўрнатсин.


4. Ушбу Қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикаси Олий

Мажлиси Сенатининг Раиси                                                  И. Собиров

"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2008 йил, 12-сон, 660-модда