Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 14.11.2013 й. 770-II-сон "Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ОЛИЙ МАЖЛИСИ ҚОНУНЧИЛИК

ПАЛАТАСИНИНГ

ҚАРОРИ

14.11.2013 й.

N 770-II



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ

2014 ЙИЛГИ ДАВЛАТ БЮДЖЕТИ ТЎҒРИСИДА



Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан тақдим этилган Бюджетномани ҳамда муҳокама қилиш давомида қонунчилик палатаси депутатларининг фикр-мулоҳазалари ва таклифлари ҳисобга олинган ҳолда маромига етказилган Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети лойиҳасини кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикасининг 2014 йилги Давлат бюджети ҳамда 2014 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари Давлат бюджети тақчиллигининг энг юқори даражаси ялпи ички маҳсулот ҳажмига нисбатан 1,0 фоиз миқдорида белгиланган ҳолда қабул қилинсин.


2. Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати:

аҳолининг даромадларини ва турмуш даражасини оширишга қаратилган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳкамлаш ва иқтисодиёт ўсишининг барқарор юқори суръатларини таъминлашга доир зарур чора-тадбирларни кўрсин;

ишлаб чиқаришларни модернизация қилиш, техник ва технологик жиҳатдан янгилаш кўламларини жадаллаштириш ва кенгайтириш, йўл-транспорт ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини илдам ривожлантириш, шунингдек ижтимоий соҳанинг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш бўйича дастурлар амалга оширилишини таъминласин;

қишлоқ жойларда ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасининг жадал ривожлантирилишини, энг аввало, қишлоқ аҳоли пунктларини ичимлик суви билан таъминлашни яхшилаш учун тармоқлар ҳамда иншоотлар қурилиши ва реконструкция қилинишини таъминласин;

иқтисодиётга тушадиган солиқ юкини камайтириш ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган солиқ маъмуриятчилигини соддалаштириш бўйича ишларни давом эттирсин;

минтақаларнинг даромад базасини ошириш ва уларнинг субвенцияларга тобелигини камайтириш мақсадида бюджетлараро муносабатларни мақбуллаштирсин;

янги объектларни ишга тушириш, саноат, қурилиш, хизматлар кўрсатиш ва сервис соҳасидаги амалдаги ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилиш, қайта жиҳозлаш ҳамда улардан тўлароқ фойдаланиш, инфратузилма, коммуникация ва уй-жой қурилиши кўламларини кенгайтириш, кичик бизнес, хусусан, оилавий тадбиркорлик, касаначилик имкониятларини кенгайтириш ҳисобига 2014 йилда иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш дастури сўзсиз бажарилиши юзасидан зарур чора-тадбирларни кўрсин;

иш ҳақи, пенсиялар, стипендиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам кўрсатишнинг ўз вақтида молиялаштирилиши устидан назоратни кучайтирсин;

бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилиши ҳамда ушбу маблағларнинг асоссиз сарфланишини бартараф этиш чора-тадбирлари кўрилиши устидан қатъий назоратни таъминласин.


3. Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Давлат бюджетининг параметрлари сўзсиз бажарилишини, маҳаллий бюджетларнинг харажатлари сифатли режалаштирилиши ва ўз вақтида молиялаштирилишини, бюджет ташкилотлари томонидан бюджет маблағларининг мақсадсиз ва қонунга хилоф равишда сарфланишининг олди олинишини таъминласин.


4. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси қонунчилик палатаси қўмиталари халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларининг тегишли депутатлар гуруҳлари билан биргаликда Давлат бюджети маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланилишига алоҳида эътибор қаратсин, шунингдек ўтказилган назорат тадбирларининг якунлари юзасидан Давлат бюджетининг ижро этилишига таъсир кўрсатадиган қонун ҳужжатларини такомиллаштиришга доир таклифлар ўз вақтида киритилишини таъминласин.


5. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилсин.


6. Ушбу қарор қабул қилинган кундан эътиборан кучга киради.



Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Қонунчилик

палатасининг Спикери                                         Д. Тошмуҳамедова



"Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси", 2013 й., 11-сон, 303-модда