Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 18.09.2002 й. 324-сон "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1998 йил 19 январдаги 31-сон қарорига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

18.09.2002 й.

N 324



ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

1998 ЙИЛ 19 ЯНВАРДАГИ 31-СОН

ҚАРОРИГА ЎЗГАРТИРИШЛАР

КИРИТИШ ТЎҒРИСИДА


Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси тугатилганлиги муносабати билан Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармаларнинг грантлари ҳамда илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича халқаро битимлар доирасида хориждан келтирилаётган пул маблағлари ва асбоб-ускуналар юзасидан хулосалар бериш функцияси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш кенгаши қошидаги Фан ва технологиялар маркази зиммасига юклансин.


2. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Халқаро илмий-техникавий алоқаларни ривожлантиришни, халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармалар грантлари бўйича илмий дастурлар ва лойиҳаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тўғрисида" 1998 йил 19 январдаги 31-сон қарорининг 1 ва 2-бандларида "Ўзбекистон Республикаси Фан ва техника давлат қўмитаси" сўзлари "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш кенгаши қошидаги Фан ва технологиялар маркази" сўзлари билан алмаштирилсин.


3. Илмий-техника тараққиётини Мувофиқлаштириш кенгаши қошидаги Фан ва технологиялар маркази, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси ва Адлия вазирлиги икки ҳафта муддатда Халқаро ва хорижий ташкилотлар ва жамғармаларнинг грантлари ҳамда илмий-техникавий ҳамкорлик бўйича халқаро битимлар доирасида хориждан келтирилаётган пул маблағлари ва асбоб-ускуналар юзасидан хулосалар бериш тартибига тегишли ўзгартиришлар киритсинлар.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ҳ.С. Кароматов зиммасига юклансин.



Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири             Ў. Султонов