Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 10.09.2004 й. 424-сон "БМТ Хавфсизлик Кенгаши 1540-сон (2004) резолюциясининг бажарилишини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

10.09.2004 й.

N 424



БМТ ХАВФСИЗЛИК КЕНГАШИ

1540-СОН (2004) РЕЗОЛЮЦИЯСИНИНГ

БАЖАРИЛИШИНИ ТАШКИЛ ЭТИШ

ЧОРА-ТАДБИРЛАРИ ТЎҒРИСИДА


БМТ Хавфсизлик Кенгашининг давлатга қарашли бўлмаган субъектларнинг оммавий қирғин қуроллари ва уларни етказиб бериш воситаларини олишининг олдини олиш, шунингдек уларнинг ноқонуний айланишига барҳам бериш тўғрисидаги 1540-сон (2004) резолюциясини (кейинги ўринларда Резолюция деб аталади) бажариш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратураси Ташқи ишлар вазирлиги, Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Миллий хавфсизлик хизмати, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда:

оммавий қирғин қуроллари тарқалишининг олдини олиш масалаларига тааллуқли барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни пухта хатловдан ўтказсинлар;

зарурат бўлганда миллий қонун ҳужжатларига Резолюциядан келиб чиқувчи ўзгартиришлар ва қўшимчалар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсинлар.


2. Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Миллий хавфсизлик хизмати, Адлия вазирлиги, Бош прокуратура:

давлатга қарашли бўлмаган субъектларнинг оммавий кирғин қуроллари ва уларнинг компонентларини, шунингдек уларни етказиб бериш воситаларини олиши имкониятининг ҳар қандай йўлларини истисно этиш мақсадида Ўзбекистон Республикасида оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик режимини таъминлашга доир ишларнинг аҳволини чуқур таҳлил қилсинлар. Зарурат бўлганда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига оммавий қирғин қуролларини тарқатмаслик режимини кучайтириш юзасидан тегишли таклифлар киритсинлар;

ядро қуроли, кимёвий қуроллар ва биологик қуроллар ҳамда уларни етказиб бериш воситалари ишлаб чиқариш учун фойдаланилиши мумкин бўлган моддалар, материаллар ва буюмларнинг сақланиши, ташилиши устидан назоратни кучайтириш юзасидан қўшма чора-тадбирлар комплексини халқаро қоидалар ва талабларни ҳисобга олган ҳолда икки ой муддатда ишлаб чиқсинлар ва амалга оширилишини таъминласинлар.


3. Ўзбекистон Республикаси Саноат хавфсизлиги давлат қўмитасига:

Ўзбекистон Республикаси тегишли вазирликлари ва идораларининг Резолюцияни бажариш, шу жумладан оммавий қирғин қуроллари компонентлари ва уларни етказиб бериш воситалари мавжуд бўлган объектларни табиий муҳофаза қилиш режимини ҳамда хавфсизлик тизимини кучайтиришни ташкил этиш, шунингдек оммавий қирғин қуролларининг ҳар қандай турлари ноқонуний айланишининг олдини олиш масалалари бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш;

тегишли вазирликлар ва идоралар билан биргаликда Резолюция қоидаларининг бажарилиши бўйича Ўзбекистои Республикаси миллий маърузаларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Хавфсизлик Кенгашига тақдим этиш учун ўз вақтида тайёрлаш юклансин.


4. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Ў.Т. Султонов зиммасига юклансин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                И. Каримов