Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Тошкент шаҳар ҳокимининг 19.03.2015 й. "Тошкент шаҳри кўчалари, бино ва иншоотларидаги реклама, эълон ва турли ахборотларни тартибга келтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ТОШКЕНТ ШАҲАР ҲОКИМИНИНГ

ҚАРОРИ

19.03.2015 й.


ТОШКЕНТ ШАҲРИ КЎЧАЛАРИ,

БИНО ВА ИНШООТЛАРИДАГИ РЕКЛАМА,

ЭЪЛОН ВА ТУРЛИ АХБОРОТЛАРНИ ТАРТИБГА

КЕЛТИРИШ БЎЙИЧА ҚЎШИМЧА ЧОРА-ТАДБИРЛАР

ТЎҒРИСИДА



Тошкент шаҳар кўчалари, хиёбонлари, бино ва иншоотлари, ёритиш устунлари, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларига жойлаштирилган айрим реклама, эълон, ёзув ва турли ахборотларни ўрганиш жараёнида орфографик хатолар билан ёзилаётганлиги, уларда иккиламчи ва маънавиятимизга зид маънолар келиб чиқаётганлиги, "Давлат тили тўғрисида"ги, "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги ва "Реклама тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунларида белгиланган талаблар бузилаётганлигини инобатга олиб, ҚАРОР ҚИЛАМАН:


1. Тошкент шаҳар Маънавият ва маърифат Кенгаши аъзоларининг пойтахт кўчаларидаги бино ва иншоотлар фасад қисми ҳамда ёритиш устунларига жойлаштирилган хусусий эълон, реклама ва турли ахборотларни тартибга келтириш, улардаги ёзувларни тўғрилаш, маънавиятга зид бўлган кўринишларни бартараф этиш юзасидан билдирилган таклифлари маъқуллансин.


2. Туман ҳокимлари:

Ички ишлар бош бошқармаси, Давлат солиқ бошқармаси, Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси, Ер ресурслари ва давлат кадастри бошқармаси, Ободонлаштириш бош бошқармаси, Савдо, хизмат кўрсатиш соҳаси ва халқ истеъмол моллари департаменти, Хусусийлаштириш, монополиядан чиқариш ва рақобатни ривожлантириш Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси ва мутасадди ташкилот вакилларидан иборат ишчи гуруҳлари беш кун муддатда тузилсин.

Мазкур ишчи гуруҳларга қуйидаги:

тумандаги бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари ташқи томони ва атрофига жойлаштирилган реклама, эълон ва ахборотлардаги матн, ташқи дизайни ва ҳажмини ўрганиб чиқиш;

орфографик хатолар билан ёзилган, "Давлат тили тўғрисида"ги, "Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, архитектура талаблари ва маънавиятимизга зид реклама, эълон ва ахборотларни тартибга келтириш;

тадбиркорлик субъектларига ўрнатиладиган реклама, эълон ва ахборотлар архитектура ва қонун талабларига жавоб бериши, матнларнинг давлат тилида тўғри ёзилиши ҳамда акс эттирилган кўринишлар маънавиятимизга мос бўлиши лозимлигини тушунтириш ҳамда мазкур тарғибот воситаларини жойлаштиришдан аввал матнлар пухта текширилиши лозимлигини тавсия этиш;

Ўзбекистон Республикасининг "Реклама тўғрисида"ги Қонунига мувофиқ, ташқи рекламани кўча ёритгичларининг таянчларида ҳамда кўча ва йўллар қатнов қисми узра жойлаштириш хавфсизлик техникаси талабларига риоя қилган ҳолда ва йўл белгилари, светофорлар, чорраҳалар, пиёдаларнинг ўтиш жойлари, умум фойдаланишдаги транспорт воситалари бекатларини тўсиб қўймаган ҳолда, шунингдек бундай реклама йўл белгилари ва тасвирини такрорламаган (ёки айнан тақлид қилмаган) тақдирда амалга оширилишини назорат қилиш;

ташқи реклама, эълон ва ахборотларни маданий мерос объектлари, ташқи ёритиш устунлари, йўл белгилари ва светофорларда, уларнинг тиргакларида ёки ҳаракатни тартибга солиб турувчи бошқа ҳар қандай қурилмаларда, шунингдек дов-дарахтларни пайҳон қилиш ва туташ ҳудуддаги ободонлаштириш воситаларини бузиш йўли билан жойлаштириш тақиқланиши ҳақида огоҳлантириш;

қонун ҳужжатларига зид бўлган, бино ва иншоотлар, савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари пештоқларидаги орфографик хато билан ёзилган ёзувлар, тарғибот воситалари, иккиламчи маъноли сўзлар ва маънавиятимизга тўғри келмайдиган суратларнинг жойлаштирилишининг олдини олиш чораларини кўриш вазифалари топширилсин.

Ишчи гуруҳлар томонидан белгиланган вазифалар амалга оширилиши бўйича йўналиш хариталари ишлаб чиқилиб, бажарилган ишлар ҳар ҳафтада муҳокама этиб борилсин ва назоратга олинсин.


3. "Реклама тўғрисида"ги Қонун ва бошқа қонун ости ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик масаласи қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли орган томонидан амалга оширилиши белгилаб қўйилсин.


4. Туман ҳокимликлари, Маънавият тарғибот маркази (Ф. Маҳмудхўжаев) билан биргаликда мутахассисларни жалб қилган ҳолда, реклама, эълон ва ахборотлардаги матнлар тўғри ёзилганлигини кўриб чиқиш бўйича махсус жамоатчилик гуруҳи тузилсин ва гуруҳ фаолияти учун зарур шарт-шароитлар яратилсин.


5. "Тошшаҳартрансхизмат" акциядорлик компанияси (О. Содиқов), Ички ишлар бош бошқармасининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси (С. Ирисбеков), махсус жамоатчилик гуруҳи билан биргаликда:

Тошкент шаҳридаги жамоат транспортларида жойлаштирилган реклама, ахборотлар, ёзувлар ва номларнинг матнлари ҳамда дизайнини ўрганиб чиқиб, камчиликларни бартараф этиш ҳамда амалдаги қонунчиликка мос бўлишини таъминлаш бўйича чора-тадбирлар белгилансин.

Юридик ва жисмоний шахсларга тегишли транспортларда жойлаштирилган реклама, ахборот воситалари, ёзувлар ва номларнинг матнларидаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг 2005 йил 12 октябрдаги 225-сон қарори талабларига мувофиқ чоралар кўрилиши инобатга олинсин.


6. Туман ҳокимликлари, Ободонлаштириш бош бошқармаси (А. Каримов), Тошкент шаҳар Табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси (Ш. Мухамеджанов), "Тошшаҳарнур" ДУК (С. Толипов) билан биргаликда шаҳар кўча ёритгичларининг таянчлари ва дарахтларни турли мавзулардаги эълонлардан тозалаш ишлари амалга оширилсин.


7. Тошкент шаҳар Архитектура ва қурилиш бош бошқармаси (А. Таджиев), Ободонлаштириш бош бошқармаси (А. Каримов): Фуқаролар шахсий эълонларини жойлаштириши учун махсус стендлар намуналари лойиҳаси ишлаб чиқилсин ҳамда улар ўрнатиладиган жамоат жойлари бўйича таклифлар киритилсин.


8. Мазкур қарор "Тошкент оқшоми" ва "Вечерний Ташкент" газеталарида расман эълон қилинсин ҳамда www.tаshkent.uz веб-сайтига жойлаштирилсин.


9. Мазкур қарор расмий эълон қилинган кундан кучга киради.


10. Ушбу қарорнинг ижросини назорат қилиш Тошкент шаҳар ҳокимининг биринчи ўринбосари Б. Рахмонов зиммасига юклансин.



Тошкент шаҳар ҳокими                                                           Р. Усманов



"Тошкент оқшоми", 2015 йил 1 апрель