Қонунчилик
ЎзР Қонунлари

Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасининг 04.04.1991 й. 87-сон "Чакана нархлар ислоҳоти муносабати билан талабалар ва ўқувчи ёшлар учун имтиёзли умумий овқатланишни жорий этиш ҳақида"ги Қарори

Ҳужжатнинг тўлиқ матни nrm.uz сайтида пуллик тариф фойдаланувчилари учун мавжуд. Саволлар бўйича 1172 қисқа рақамига қўнғироқ қилинг.

ЎЗБЕКИСТОН ССЖ

ПРЕЗИДЕНТИ ҲУЗУРИДАГИ

ВАЗИРЛАР МАҲКАМАСИНИНГ

ҚАРОРИ

04.04.1991 й.

N 87



ЧАКАНА НАРХЛАР ИСЛОҲОТИ МУНОСАБАТИ

БИЛАН ТАЛАБАЛАР ВА ЎҚУВЧИ ЁШЛАР УЧУН

ИМТИЁЗЛИ УМУМИЙ ОВҚАТЛАНИШНИ

ЖОРИЙ ЭТИШ ҲАҚИДА


Чакана нархлар ислоҳоти натижасида умумий овқатланиш қийматининг анча ошганлиги туфайли талабалар ва ўқувчи ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси ҚАРОР ҚИЛАДИ:


1. Ўзбекистон ССЖ ҳудудида 1991 йил 8 апрелдан бошлаб олий ўқув юртлари талабаларининг, давлат таъминотида бўлмаган ўрта махсус ўқув юртлари ва ҳунар-техника билим юртлари ўқувчиларининг ошхоналарида кунлик тушки овқат қийматидан 1 сўм 50 тийин чегириш йўли билан бир марталик овқатланишнинг имтиёзли тартиби жорий этилсин.


2. Ўзбекистон ССЖ Молия вазирлиги, Ўзбекистон ССЖ Савдо вазирлиги, Ўзбекбирлашув, Ўзбекистон ССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ССЖ Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ССЖ давлат банки уч кун муддатда жумҳурият ўқув юртларининг талабалари ва ўқувчиларига имтиёзли тушки овқат бериш тартибини ва таомларнинг тўла ҳамда имтиёзли қиймати ўртасидаги тафовутни қоплаш шартларини ишлаб чиқсинлар. Тижорат савдосидан олинаётган даромадлар берилаётган имтиёзлар харажатини қоплашнинг асосий манбаи деб ҳисоблансин.


3. Қорақалпоғистон МССЖ Вазирлар Кенгаши, вилоят ижроия қўмиталари, Тошкент шаҳар ижроия қўмитаси, Ўзбекистон ССЖ Савдо вазирлиги, Ўзбекбирлашув жумҳурият ўқув юртлори талабалари ва ўқувчиларига комплекс таомлар тарзида имтиёзли овқатлар бериш учун талабалар ошхоналарига зарур маҳсулотлар ажратилишини таъминласинлар.


4. Ўзбекистон ССЖ Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон ССЖ Халқ таълими вазирлиги, Ўзбекистон ССЖ Савдо вазирлиги, Ўзбекбирлашув мазкур қарорни бажариш юзасидан мукаммал чора-тадбирлар кўрсинлар.


5. Мазкур қарорнинг бажарилиши юзасидан масъулият Ўзбекистон ССЖ Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамаси Раисининг ўринбосари - ижтимоий ривожланиш, фан ва маданият комплексининг раҳбари ўртоқ Э.С.Самандаров зиммасига юклатилсин.



Вазирлар Маҳкамасининг Раиси                                                 И. Каримов